Мўътабар Тожибоева ва Муҳаммад Бекжон «Матбуотнинг 100 қаҳрамони» рўйхатида

«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти жамоатчиликни хабардор қилиш ишига энг кўп ҳисса қўшган энг фаол юз нафар журналист, блогер ва ҳуқуқ ҳимоячиси рўйхатини илк бор эълон қилди. 

Қароргоҳи Парижда жойлашган «Чегара билмас мухбирлар» матбуотни ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти дунё бўйлаб 3 май куни нишонланадиган Жаҳон матбуот эркинлиги куни арафасида «Матбуотнинг 100 қаҳрамони» номи билан рўйхат эълон қилди.

Бу рўйхатда дунёдаги 65 та мамлакатнинг 25 ёшдан 75 ёшгача бўлган вакиллари номи келтирилган бўлиб, улар орасида Ўзбекистондан икки вакил – «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ҳамда мухолифатдаги «Эрк» газетасининг маҳкум бош муҳаррири Муҳаммад Бекжон ҳам бор.

Мўътабар Тожибоева: Олти йил муқаддам Мўътабар Тожибоева ўзбек қамоқхонасида ҳаёт-мамот мужодаласини берган. У 2005 йил октябридан 2008 йил июнигача ҳибсда сақланган. Бу мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли 100 кундан кўпроқ бир кишилик камерада сақланган ва ўз айбига иқрор бўлиш ҳақидаги ҳужжатни имзолашдан бош тортгани учун даҳшатли қийноқларга дучор қилинган.

Унинг жинояти нимадан иборат эди? Бир неча йил мобайнида ўзбек расмийлари томонидан инсон ҳуқуқлари бузилишини ҳужжатлаштириш, қурбонларни расмийлар бошбошдоқлигидан ҳимоя қилиш ва энг аввало, юзлаб бегуноҳ одамлар нобуд бўлган 2005 йилги Андижон воқеаларини ўрганишдан иборат эди. 2008 йили қамоқдан озод бўлган Тожибоева Мартин Энналс мукофотига сазовор бўлди ва шу кунда у Францияда истиқомат қилмоқда.

Қайта авжланган бўҳтон кампаниясига қарамай, бу аёлни жасорат тарк этмади, у Jarayon янгиликлар сайтини ишга туширган «Ўтюраклар клуби» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотига раҳбарлик қилишда давом этмоқда. Журналистлар ва маҳаллий фаолларнинг кенг тармоғидан фойдаланаётган бу сайт ўз материалларини уч тилда ёйинлабкелади ҳамда Ўзбекистон ва унинг қўшнилари ҳақида мустақил ахборот тарқатадиган кам сонли манбалардан бири бўлиб ҳисобланади.

Муҳаммад Бекжон. Муҳаммад Бекжон дунё бўйлаб судланган журналистлар ичида энг узоқ муддат қамоқда қолаётган журналистлардан бири бўлиб ҳисобланади. У мухолифатдаги «Эрк» партияси лидери Муҳаммад Солиҳнинг укасидир. Муҳаммад Бекжон президент Ислом Каримовнинг асосий танқидчиси бўлган «Эрк» газетасига раҳбарлик қилган. 1999 йили Тошкентда содир бўлган портлашлардан сўнг у бошқа кўплаб мухолифатчилар сингари Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.

Бироқ Украина расмийлари уни Ўзбекистонга қайта топширганлар. Ўзбекистонда Бекжонни «иқрорнома»га қўл қўйдириш мақсадида қийноққа солганлар. Муҳаммад Бекжон 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган. М. Бекжон қийноққа тутилгани жамоатчиликка ошкор бўлганидан сўнг расмийлар унинг муддатини 13 йилга туширишга мажбур бўлганлар.

Бироқ 2012 йилнинг январь ойида қамоқдан чиқишига бир неча кун қолганда қамоқхона маъмуриятига бўйсунмаганлик айблови билан унга яна тўрт йилу саккиз ойлик муддат қўшиб берганлар. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозир Муҳаммад Бекжон Косон шаҳридаги қамоқхонада бўлиб, аёвсиз муомала туфайли унинг аҳволи оғирлигича қолаётир, у сил касалидан азият чекмоқда. Ўтган йилнинг 27 ноябрида «Чегара билмас мухбирлар» уни «Матбуот эркинлиги» бўйича мукофотга лойиқ, деб топганлар.

«Бу одамлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масалаларида жасорат ва фаолликлари билан ажралиб турувчи кишилардир. Улар вазифаларини бажариш учун доим ўз хавфсизликлари, баъзан эса ҳаётларини хатар остига қўйиб келганлар», – дейилади ташкилот хабарномасида.

Эслатиб ўтамиз, «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг бу йилги Жаҳондаги сўз эркинлиги кўрсаткичида Ўзбекистон ташкилот рейтингига дохил 180 мамлакат ичида 166-ўринни эгаллаган.

 

Гўзал АҲМЕДОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.