Бишкекдаги суд Асқаров иши бўйича Бош прокуратура қарорини ноқонуний деб топди
Қирғизистон пойтахтининг Октябрь тумани суди Бош прокуратуранинг маҳкум ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқишга асос йўқлиги ҳақида чиқарган қарорини ноқонуний, деб топди.
Азимжон Асқаровнинг адвокати Валериан Вахитовга кўра, Октябрь туман суди судьяси Жамиля Сабитова бу қарорни 30 апрель куни эълон қилган.
«Аммо Бош прокуратура биринчи инстанция суди қароридан норози бўладиган бўлса, иккинчи инстанция судига шикоят қилиши мумкин, – деди Валериан Вахитов. – Агар улар (яъни Бош прокуратура вакиллари – Жараён) Октябрь туман суди қароридан рози бўлсалар, текширувни бошқатдан бошлашлари лозим бўлади».
Қирғизистон жанубида 2010 йили рўй берган қонли воқеалар чоғида маҳаллий миршабни ўлдирганликда айбланиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров деярли тўрт йилдан буён ўзига юкланган айбловлар уйдирма эканини урғулаб келади. Асқаров касбий фаолияти туфайли қамалганига ишонадиган Қирғизистондаги ва хориждаги ҳуқуқ фаоллари ҳам ўз ҳамкасбларининг айбсизлиги исботлашга уриниб келмоқда.
Қароргоҳи Бишкекда бўлган “Бир дунё – Қирғизистон” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ҳаракати ҳам бу борада жонбозлик кўрсатаётган ташкилотлардан биридир. Бу ташкилот саъй-ҳаракатлари билан ўтган йилнинг май ойида Қирғизистон Бош прокуратураси Азимжон Асқаров иши бўйича янги очилган ҳолатлар юзасидан қайта тергов ўтказишга асос бор-йўқлигини текшира бошлаган. Тўққиз ойлик текширувдан кейин Бош прокурор ўринбосари Л. Усманова А. Асқаров билан боғлиқ ишни қайта тергов қилишга асос йўқ, дея қарор чиқарган.
Адвокат Вахитов шу йилнинг февраль ойида чиқарилган мазкур қарор юзасидан судга шикоят киритган ва суд Бош прокуратуранинг қарорини ноқонуний, деб топган.
«Бир дунё – Қирғизистон» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ҳаракати раҳбари Тўлайқан Исмоилова Азимжон Асқаров иши қайта текширилиб, адолат қарор топиб, ҳамкасбининг оқланиб чиқишига ишонади.
– Қирғизистон учун одил суд жуда керак. Чунки бу ерда 80 дан ортиқ миллат истиқомат қилади. Қирғизистонда суд ислоҳоти ўтказилаётган бир пайтда Октябрь туман суди томонидан қўйилган бу биринчи қадам адолат учун йўл очади, деб ўйлайман.
Биз Бош прокурор ўринбосари томонидан 5 февралда имзоланган қарор конституциявий ҳақ-ҳуқуқларга қарши, деган фикрга келганмиз. Азимжон Асқаровнинг конституциявий ҳақлари поймол қилинган, унга адолатли судлов имконияти берилган эмас. Эндиликда Бош прокуратура бу ишни қайта текшириб, ишни судга ўтказиб, суд адолатли қарор чиқарса, Азимжон Асқаров албатта озод қилинади, – деди Тўлайқан Исмоилова.
Бу орада қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (ЖҲҚҚ) 30 апрель куни баёнот тарқатиб, унда Азимжон Асқаров иши бўйича қайта текширув бошланиши ҳақида Бишкекдаги суд томонидан қабул қилинган қарорни олқишлади.
«Биз суднинг Азимжон Асқаров ишини қайта текшириш бўйича қарорини олқишлаймиз. Асқаровга нисбатан дастлабки текширув кўплаб қонунбузарликлар билан ўтганди. Манфаатлар зиддияти, ҳимоя томонига қилинган ҳужумлар, далил-исботларнинг йўқлиги ва нохолис суд шулар жумласидандир.
Биз Қирғизистон расмийларини ушбу шов-шувли иш юзасидан диққат билан, мустақил ва адолатли текширув ўтказиш ҳамда текширувни назорат қилиш ишига дастлабки терговга алоқаси бўлмаган мустақил шахсларни жалб қилиш орқали адолатли судловни кафолатлашга чақирамиз», – деди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё дастури мувофиқлаштирувчиси Нина Огнянова.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси 2012 йили «Матбуот эркинлиги учун» халқаро мукофотини Азимжон Асқаровга беришга қарор қилган. Қўмита вакиллари Асқаров озод бўлганидан кейин шахсан келиб олмагунича бу мукофот ЖҲҚҚ идорасида сақланажагини билдирганлар.
Асад БОЙМУРОДОВ
Fikr bildirish