Ўшда диндорларга босим кучаймоқда
Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида сўнгги бир ой ичида ўн чоғли одам Сурияга жиҳодга борганлик ҳамда террорчи гуруҳларга алоқадорликда гумонланиб,хавфсизлик хизматлари ходимлари томонидан қўлга олинган.
Қирғизистон Давлат Миллий хавфсизлик қўмитаси тарқатган маълумотларга кўра, қўлга олинганларнинг аксарияти Сурияда ҳукуматга қарши кучлар сафида жангларда иштирок этганлик, Ўшга қайтиб келганларидан кейин эса юртдошларини жиҳодга даъват этганликда гумонланмоқда.
“Жиҳодчи эмас, намозхонмиз”
Айрим ўшликларнинг гувоҳлик беришича, расмийлар шу кунда турли террористик ташкилотлар аъзоларини қўлга олиш баҳонасидаоддий намозхонларга ҳам босимни кучайтириб юборганлар.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан исми очиқланмаслигини сўраганўшлик суҳбатдошимизга кўра, сўнгги пайтларда хавфсизлик хизматлари тарафидан маҳалла фаолларига ҳудудда ким қайси дин ёки диний оқимга мансублиги, қандай диний ўқиш жойлари борлиги ҳақида маълумот тўплаш ҳақида оғзаки буйруқ берилган.
– Бунинг оқибатида маҳалладаги кўплаб намозхон ёш йигитлар соқолларини олиб ташлаб, ҳатто кийимларини ҳам ўзгартириб юришибди. Уйларда диний сабоқ олаётган аёллар ҳам дарсларни вақтинча тўхтатиб қўйишган, – дейди суҳбатдошимиз.
Бошқа бир суҳбатдошимиз эса акаси соқоли ва намозхонлиги туфайли маҳаллий тартиб посбонлари назарига тушганини айтади.
– Акам намоз ўқиб, соқол қўйиб юрар эди. Машина устаси бўлиб ишлайди. Яқинда фуқаролик кийимидаги милиция ходимлари уйимизга келиб, акамни чақиртириб, ушлаб олиб кетишди. У ерда акамга ҳеч нарсани тушунтирмасдан, роса уришибди. Аввалига пул талаб қилишибди. Акам:“Ҳозир пул йўқ” деганидан кейин, қўл телефони билан ҳужжатларини олиб қолиб, ўзини қўйиб юборибди. Қўл телефонида диний маъруза ва видеолар бор эди. Лекин у маъруза ва видеолар бизда таъқиқланган эмас.
Орадан икки-уч кун ўтганидан кейин акамни Миллий хавфсизлик хизматига олиб кетишди. Милиция акамнинг ҳужжатларини хавфсизлик хизматига ўтказиб юборибди. Ўша куни уйимизда тинтув ўтказишди. Уйимизда масжидлар олдида сотиладиган исломий китоблар, диний маърузаларнинг дисклари бор эди.Ўшаларнинг ҳаммасини олиб, уйимизнинг бир четига қўйишди ва видеога олишди.
Кейин билсак, бизнинг уйдан олган китоб ва дискларнинг орасига турли хил бизда таъқиқланган диний китоб ва дискларни ўзлари қўшиб қўйишибди ва оммавий ахборот воситаларига акамни қоралаб маълумот тарқатиб юборишибди. Ундай нарсалар уйимизда бўлмаган. Ҳозир акам Миллий хавфсизлик хизматининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида, – дейди ўшлик суҳбатдошимиз.
Учинчи суҳбатдошимиз эса террористик ва экстремистик ташкилотларга алоқадор экани исботланмаган ўшлик диндор йигитлардан хавфсизлик кучлари 500 доллардан ўлпон ундираётганини айтади.
– Соқол қўйиб, намоз ўқиб юрган болаларни СНБ ушлаб кетиб, текшираяпти. Агар қандайдир бир ташкилотга алоқаси бўлмаса, қўл телефонидан турли хил видеолар чиқмаса, умуман айтганда, тоза бўлса, 500 доллар эвазига қўйиб юборишаяпти. Очиқчасига: “Биз сени ушлаб келиш учун харажат қилганмиз, ўша харажатларимизни қоплашимиз керак, 500 долларни тўлаб, кетавер», дейишаяпти, – дейди бу суҳбатдошимиз.
Давлат хавфсизлиги – аҳамиятли масала
Бу каби текширувлар жорий йилнинг 3 февралида президент Алмазбек Атамбаев Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши йиғинида мамлакатдаги диний вазият юзасидан билдирган муносабати ортидан авж олган.
– «Чала мулла – дин бузар» дегандек, айрим инсонлар Ислом дини билан Араб, Бангладеш, Покистон маданиятини аралаштириб, халқимиз маданияти, миллий кийими, қирғиз элимизга ўзгача урф-одат, ярашмаган турмуш тарзини ўргатмоқдалар. Кўчаларда соқолларини осилтириб юрган муллаваччалар кўпайиб кетди, – деган эди ўшанда Алмазбек Атамбаев.
Президент ўз сўзида Қирғизистон диний бошқармаси фаолиятини ҳам танқид қилган.
Атамбаевнинг бу сўзи ортидан маҳаллий масжидларда имомлар намозхонларга, асосан Жумъа намозларида тушунтириш ишларини олиб бораётганлиги кузатилмоқда.Имомларнинг ўзлари ҳам хавфсизлик хизматлари томонидан текширилиб, улардан қавмни Ҳанафий мазҳаби йўналишидагиИсломга даъват этиш тўғрисида тилхат олаётганлиги ҳақида маълумотлар бор.
– Давлатимизда кўплаб хорижий ташкилотлар бор. Улар бизга ёрдам бермоқчи бўлсалар, биз рози бўламиз. Бироқ уларнинг ўз сиёсати ва динларини ёйишига йўл қўймаймиз. Биз фақат Имоми Аъзам Абу Ҳанифа йўналишини ёямиз. Бу нарсани президент ҳам, олимлар ҳам қўллаб-қувватлайдилар. Одамлар билимни Арабистонда, Покистонда, Туркия ёки Мисрда оладими – бундан қатъий назар, диний фаолиятини фақат Ҳанафий мазҳабида олиб боришлари шарт, – дейди Қирғизистон муфтийси Мақсат ҳожи Тўқтўмушев.
Қирғизистонлик таҳлилчилар фикрича, давлат диний турмушда кузатилаётган муаммоларга жиддий эътибор қаратиши керак, акс ҳолда, бу давлат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин.
Жиҳодий ҳаракат локомотиви ижтимоий муаммоларми?
Сўнгги пайтларда Ўрта Осиё давлатларидан Сурияга жиҳод мақсади билан кетаётганлар сони тобора ортиб бораётганлиги ҳақида бот-бот ёзиб турилибди.
Уч давлат чегаралари кесишадиган Фарғона водийси аҳолиси азалдан диний йўналишда фаол эканлиги маълум.
Қўшни Ўзбекистон ва Тожикистондаги диндорларга нисбатан доимий босимдан безган, Суриядаги жангларда аксилҳукумат кучлар сафида иштирок этиш мақсадида кетаётган инсонлар учун Қирғизистоннинг Қизилқия шаҳри транзит марказига айланган.
Қирғизистон жанубидаги Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларидан эса,таҳлилчилар фикрича, кундалик турмуш қийинчиликларидан чарчаган, давлатдаги адолатсизликлардан безор бўлган, моддий ёрдамга муҳтож ёшлар ўзларини турмушмашаққатларидан халос этиш мақсадида Сурияга отланаётганларини кузатиш мумкин.
Бу инсонларни ким ва қандай йўллар билан “жиҳод”га даъват этаётгани номаълумлигича қолмоқда.
Айни пайтда Сурияга кетаётган диндорлар сонини аниқлаш иши ҳам Қирғизистон билан Туркия ўртасида визасиз тартиб жорий этилгани сабабли ҳозирча имконсиз бўлиб қолаётир.
Убайдулло СОҲИБ
Fikr bildirish