Отаси ўзбек қамоғида ўлдирилган қиз ҳибсхонасида сақланмоқда
Жорий йилнинг 31 мартида Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг Ўш вилоят бошқармасига чақиртирилган ўшлик Зулфия Омонова шу кунда мазкур қўмитанинг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида тутиб турилибди.
Бу ҳақда «Жараён»га маълумқилган Зулфия Омонованинг онаси Муҳаббат опанинг айтишича, қизининг қамоққа олиниши ўтган йил май ойида очилган жиноий иш билан боғлиқ экан.
– 28 март куни СНБдан бир бола маҳалла фаоли билан бирга уйимизга қизимни излаб келди. Сабабини сўрасам, “очилган жиноий иш бўйича ёрдам бериб қўйсин, тезроқ ишни ёпиб тугатайлик”, деди. Расмий чақирув қоғозини сўрасам, “машинамда эди” деб, бироздан кейин чақирув қоғозини кўтариб келибди. Қоғозни ўқисам, “Зулфия Омонова терговдан қочиб юрибди”, деб ёзилибди. Мен:“Қизим ҳеч қачон қочмаган, ҳар вақт уйда бўлган” деб айтдим ва қизим билан бирга СНБга тушдим, – дейди Муҳаббат Омонова.
Расмий маълумотларга кўра, Зулфия Омоновага қарши жиноий иш 2013 йилнинг май ойида ДМХҚси тарафидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 299-моддаси 1- «б» банди (Миллий, ирқий, диний ва ҳудудлараро низони қўзғаш)бўйича қўзғатилган.
Жиноий иш 2013 йил апрелида Зулфия Омонова қазо қилган отаси Ҳамидулло Омонов жанозаси пайтида “кофирларга қарши шаҳид қазо бўлди” дея, давлат ҳавфсизлигига таҳдид солувчи гапларни айтиб, таъқиқланган эктремистик ташкилот видеосига олиниб, 2013 йил 27 майида namba.kg сайти орқали оммага намойиш этилиши ортидан очилган.
Суд-теология экспертизасидан ўтказилган видеолавҳа2013 йилнинг 28 май куни Қирғизистон ҳудудида таъқиқланган «Ҳизбут-Таҳрир» ташкилотига тааллуқли экани аниқланган ва Зулфия Омонова видеодаги гаплари билан давлат хавфсизлигига тажовуз қилган, деб топилган.
1999 йил октябрь ойидаЎшдаги шахсий устахонасидан нари ғойиб бўлган Ҳамидулло Омоновнинг кейинчалик Ўзбекистон қамоқхонасидан дараги чиққан. Ўша йили Ҳ. Омонов Ўзбекистон суди томонидан “Ҳизбут-Таҳрир” оқимига алоқадорлик ва Ўзбекистонда конституциявий тузумга тажовузда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Жазо муддати бир неча марта узайтирилган Ҳамидулло Омонов 2013 йил 4 апрелида Қашқадарёнинг Косон қамоқхонасида жон таслим қилган.
Муҳаббат Омонова эри оламдан ўтгани ҳақида 2013 йилнинг 11 апрель куни телеграмма олганини айтади. Унга кўра, телеграммада эрининг юрак хуружи туфайли оламдан ўтгани ва яқинлари вақтида келмагани боис марҳумнинг жасади Косон шаҳридаги қабристонга дафн этилгани ёзилган.
– Телеграммани олганимиздан кейин Ўзбекистонга бордик. Руслар қабристонидаги бир қабрни кўрсатди:“Шу ерга кўмилган” деб. “Эримнинг жасадини Ўшга олиб кетаман” десам, унашмади. Ноилож Ўшга қайтиб келиб, уйда ғойибона жаноза намозини ўқитдик, – дейди Муҳаббат Омонова.
Марҳумнинг ғойибона жанозасига йиғилган одамлар орасида журналистлар ҳам бўлганини, уларга оиланинг бошидан кечирганларини қизи Зулфия билан сўзлаб берганини айтар экан, Муҳаббат Омонова улар мутлақо давлатга қарши гапирмаганларини қўшимча қилди.
– Бизга қуруқ туҳмат қилишаяпти. Ундай сўзлар бўлмаган. Ўтган йили видео интернетда пайдо бўлганидан кейин уйимизга, қизимнинг номига повестка келди. Ёш қиз ўзи бормасин деб, адвокат ёллаб, СНБга бордик. Терговчи ишда йўқ экан. Эртаси куни ҳам бордик, топа олмадик. 3-4 марта боргандан кейин адвокатимиз айтди:“Ўзи чақиртиради, ўшанда келасизлар” деб. Шу бўйича “тинчиб кетди” деб ўйлаган эдим. Ўтганда “қочиб юрибди” деб, излаб келиб, олиб кетди, – дея кўзига ёш олади Муҳаббат Омонова.
М. Омонованинг айтишича,28 март куни бўлиб ўтган терговга уни киргизмаганлар, Зулфия Омонова ўз адвокати билан ДМХҚда кечгача сўроқ қилинган. Сўроқдан сўнг бино олдида ўтирган онасининг олдига келиб, уни юпатган.
– “Терговчи ака айтди, 48 соат шу ерда бўлиб турсам, кейин мени қўйиб юборишар экан,сиз хавотир олманг”, деб айтди менга қизим. Уни яхши гапириб, алдашибди. Қўйиб юбориш у ёқда турсин, қайтанга 31 март куни қизимни шаҳар судига олиб бориб, мени судга қатнаштирмай, тергов якунлангунича яна бир ой вақтинча сақлаш ҳибсхонасида қолдириш ҳукмини чиқаришибди, – дейди Муҳаббат Омонова.
Маълумотларга кўра, Ўш шаҳар суди қароридан норози бўлган Зулфия Омонованинг адвокати Ўш вилоят судига аппеляция тартибидашикоят аризасини топширган. 16 апрель куни вилоят суди Зулфия Омоновани 2014 йилнинг 30 апрелигача ДМХҚ вақтинча сақлаш ҳибсхонасида қолдириш бўйича шаҳар суди қарорини ўз кучида қолдирган.
Ўш шаҳар суди қарорида Зулфия Омонованинг ҳибсхонада қолдирилишига “озодликка чиқарилса, жавобгарликдан қутилиш мақсадида яшириниш эҳтимоли бор”лиги сабаб ўлароқкелтирилган.
Бироқ Зулфиянинг адвокати ва яқинлари “қиз қочиб кетади” деб хавфсирашга мутлақо асос йўқлигини айтмоқдалар.
Убайдулло СОҲИБ
Fikr bildirish