Санкт-Петербургда тожикистонлик муҳожирларнинг вояга етмаган фарзандлари икки кун қамоқ шароитида сақланди
Шу йилнинг 22 март куни Санкт-Петербургда Тожикистон фуқаролари бўлмиш мактаб ёшидаги уч бола ҳибсга олиниб, икки кун давомида қамоқ шароитида сақлаб турилди.
Санкт-Петербург ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олиниши вояга етмаган болалар учун руҳий зарба бўлди.
Оила бошлиғи Россия Федерациясида вақтинча яшаш рухсатномасига (Россия фуқаролигини олиш учун биринчи босқич ҳисобланган ва уч йиллик муддатга бериладиган ҳужжат – муаллиф) эга, болаларнинг онаси эса фарзандлари каби рўйхатга олиш муддатидаги хатолик туфалий полиция бўлимида тутиб қолинган.
Мусаевлар оиласининг уч фарзанди 2014 йилнинг 22 март куни кўчадан тутиб кетилган. Бу пайтда болаларнинг ёнида уларнинг катта ёшдаги талаба акаси ҳам бўлган, бироқ полициячилар уни дарҳол қўйиб юборишган, чунки йигитнинг ёнида талабалик чиптаси бўлган.
Тутиб кетилган болалар ота-оналарининг таъкидлашларича, бу тасодифий янглишлик бўлиб, фарзандларини қайд муддати босилишида хатога йўл қўйилган. Энг кичиги 9 ёшда бўлган уччала бола Седов кўчасидаги 54-уйда жойлашган вояга етмаган қонунбузарларни вақтинча изоляция қилиш марказига олиб келинган.
У ерда Мусаевлар оиласининг фарзандлари вояга етмаган ҳақиқий қонунбузарлар орасида роппа-роса икки тун ва икки кунни ўтказишган. Полиция инспекторининг бу болаларни вақтинча изоляция қилиш марказига жойлаштириши ноқонуний ва жуда шафқатсиз хатти-ҳаракат бўлган. Бироқ мазкур марказнинг ҳеч қандай айби бўлмаган ҳамда катталар хатоси ва инсоний омил туфайли 9,11 ва 13 ёшдаги болаларни деярли қамоқ шароитига қабул қилиб олгани бундан-да кўпроқ таажжуб уйғотади.
16 ёшгача бўлган болаларни маъмурий жавобгарликка тортиб бўлмайди, боз устига, уч соатдан кўп қамоқ шароитида сақлаш орқали уларнинг руҳиятини шикастлаш мумкин эмас. Бундан ташқари, Россия Федерацияси конституциясида катталар ва болалар – ҳуқуқнинг фарқли субъектлари экани аниқ-тиниқ қайд этилган, шунинг учун меҳнат муҳожирларининг фарзандларини Россия Федерациясида ноқонуний равишда яшаб келган, деб ҳисоблаб бўлмайди. Бундай шароитда болалар қонунбузар бўлиб ҳисобланмайди.
Бу вазиятда Мусаевлар оиласининг фарзандлари адолатсизликнинг, жиноятчига бўлган муносабатнинг тутқунлари бўлиб қолганлар. Воқеанинг хайрли якун топгани кишини қувонтиради – адвокат ва Санкт-Петербургдаги ҳуқуқ ҳимоячиларининг саъй-ҳаракатлари туфайли улар қўйиб юборилган. Мазкур вазият болалар руҳиятида бир умрлик доғ қолдиради ва Россиядаги ҳуқуқ-тартибот тизимига ишончсизлик уйғотади.
Екатерина НАЗАРШОЕВА
Fikr bildirish