Солижон Абдураҳмонов ўғли билан сўзлаштирилмади

Қаршидаги колонияда сақланаётган журналист Солижон Абдураҳмоновга қисқа муддатли учрашув учун қамоқхонага келган ўғли Даврон билан суҳбатлашиш имконияти берилмади. Бу ҳақда “Жараён”га журналистнинг рафиқаси Шукуржон опа маълум қилди.

Унинг айтишича, отаси билан учрашиш истагида Қаршига борган Даврон учун учрашув расмийлаштирганлар ва ота-болани учрашув хонасига киритганлар.

Даврон ойнанинг нариги томонидан отасини олиб киришганини кўрган, Солижон Абдураҳмонов ҳам ўғлини кўрган. Бироқ ота-бола ойнанинг икки томонига қўйилган телефон ёнидаги стулга ўтирмасларидан туриб Солижон Абдураҳмоновни хонадан олиб чиқиб кетишган ва қайтиб олиб киришмаган.

Шундан сўнг қамоқхона ходимлари Даврондан ҳам ташқарига чиқиб туришни сўраганлар. Бунинг сабабини сўраган Давронга улар сўзлашиши керак бўлган телефон бузилиб қолганини баҳона қилганлар.

– Бу кўнгилсизликдан кейин ўтган 3 кун ичида ўғлим отаси билан учрашув беришларини талаб қилиб, қамоқхонада бош урмаган амалдори қолмабди, лекин унга отасини бошқа кўрсатишмабди, – дейди Шукуржон опа.

 Унинг айтишича, Қарши колонияси масъулларидан ҳеч ким ўғлига телефоннинг “тўсатдан бузилиб қолиши” сабабини тушунтириб бермаган. Айни пайтда улар Давронга унинг қонунда белгиланган қисқа муддатли учрашув ҳуқуқидан фойдаланиб бўлгани, отаси билан учрашиш учун бошқа сафар келиши лозимлигини айтишган.

– Ўғлим: “Биз ахир гаплашганимиз йўқ-ку” деса, “Гаплашмаган бўлсанглар ҳам, учрашув учун барча ҳужжатлар расмийлаштирилган ва сизлар қонунда белгиланган учрашувдан фойдаланиб бўлдинглар”, дейишибди, – дейди Шукуржон опа.

Эслатиб ўтамиз, мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов 2008 йили Нукус шаҳрида йирик миқдорда гиёҳванд модда сақлаганлик ва тарқатганликда айбланиб, ҳибсга олинган. Маҳкама чоғида Абдураҳмоновнинг айби исботланмаганига қарамай, у 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Солижон Абдураҳмоновнинг ўзи ҳам, Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятининг бошқа фаоллари ҳам журналистга нисбатан қўзғатилган ишни сохталаштирилган, деб ҳисоблайдилар.

Қарийб олти йилдан буён қамоқда қолаётган Солижон Абдураҳмонов ошқозон хасталигидан азият чекиб келади. Хасталик туфайли унга Қаршининг суви ёқмаётгани учун яқинлари ҳар сафар учрашувга борганларида Солижон акага катта идишда сув олиб борадилар.

Ўтган йил кузида Солижон ака бу хасталик туфайли Тошкентдаги  64/51-сонли қамоқ касалхонасида (бу жой халқ тилида “Сангород” деб юритилади – “Жараён”) бир муддат даволанганидан кейин яна Қаршидаги колонияга қайтарилганди.

Шу йил январь ойи охирида Қарши колониясида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари  “Эзгулик” жамияти вакиллари Васила Иноятова ва Абдураҳмон Ташанов билан учрашган Солижон Абдураҳмонов ўз шикоятлари раҳбариятга етиб бормаётганини, агар унинг иши Олий судда кўрилса, адолат қарор топишига ишонишини айтган.

Солижон Абдураҳмонов 2013 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мактуб йўлламиш америкалик 12 сенатор ҳимоя қилиб чиққан уч нафар сиёсий маҳбуснинг биридир.

Сенаторлар мактубида исмлари зикр этилган Солижон Абдураҳмонов, Ағзам Турғунов ва Дилмурод Саййид каби сиёсий маҳбусларнинг ҳаммаси ҳалигача қамоқда сақланаётир.

Асад БОЙМУРОДОВ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.