Қочқин Ҳамидқориевнинг рафиқаси Ўзбекистонга олиб кетилган

9 июнь куни Москвада бедарак йўқолган ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориевнинг турмуш ўртоғи Элеонора Исаева яширинча Россиядан Ўзбекистонга олиб кетилгани маълум бўлди.

Бу ҳақда Элеонора Исаева “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоевага маълум қилган.

– Жума куни мен Элладан (Элеонора Исаева – “Жараён”) қисқагина СМС олдим, кейин унга қўнғироқ қилдим. У йиғлаб, уни мажбуран самолётда Москвадан Тошкентга олиб кетишгани, паспортини олиб қўйиб, қандайдир квартирага қамаб қўйишганини айтди. У Россия номерли қандайдир бир телефонини яшириб қўйишга улгурган экан, ўша орқали менга СМС жўнатган, мен ҳам унинг ўша номерига қўнғироқ қилдим.

Аммо у билан узоқ гаплашолмадим. Озгина вақт ўтгач, алоқа узилди ва унга бошқа қўнғироқ қилиб тушолмадим. Ҳозир турмуш ўртоғи Мирсобир Ҳамидқориевнинг ўғирлангани ҳақида Россия телеканалларига бетўхтов интервью бериб келган Элеонора Исаеванинг ҳаёти ҳам хавф остида. Уни мажбуран Ўзбекистонга олиб чиқиб кетишган, – деди ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева.

Унинг айтишича, шанба куни, Париж вақти билан соат 21.06 да ҳуқуқ фаолининг мобил телефонига Интернет орқали гўё Элеонора Исаева томонидан жўнатилган СМС келган.

– Ушбу СМСда қуйидагилар ёзилган эди: “Ассаламу алейкум опа! Меня отпустили, только паспорт не отдали, чтоб я не уехала. Сказали, чтоб во вторник пришла”. Бу СМСни гўё Элла ёзган, аммо менинг бунга ишонишим жуда қийин.

Чунки Эллани қўйиб юборишган бўлганида, у менга Тошкентдаги мобил телефони номерини маълум қилган ва электрон почтамга хат ёзган бўларди. Аммо бундай бўлгани йўқ. Бу эса Элеонора Исаева Россия ҳудудидан ўзбек махсус хизматлари томонидан Россия махсус хизматларининг иштирокида олиб чиқиб кетилганини яна бир бор исботлайди. Ҳозир у ўзбек махсус хизматлари томонидан мажбуран ушлаб турилибди, – дейди Мўътабар Тожибоева.

Шунингдек, Тожибоева яқин кунлардан бери журналист ва ҳуқуқ фаолларига ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориев иши бўйича маълумот бериб келган Ҳамидқориевнинг яқин дўсти Илья билан ҳам алоқа узилганини айтади.

13 июнь куни “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева Россия ҳудудида бедарак йўқолган ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориев, унинг рафиқаси Элеонора Исаева ва дўсти Ильяларнинг ишини алоҳида назоратга олишни сўраб, БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси ва БМТ қочқинлар иши бўйича Олий комиссарининг Москва ваколатхонасига мактуб йўллаган.

“Жараён” Мирсобир Ҳамидқориевнинг турмуш ўртоғи Россия ҳудудидан Ўзбекистонга мажбуран олиб кетилгани борасида изоҳ сўраб, Ҳамидқориевнинг адвокатига Илларион Васильевга мурожаат қилди. Бироқ адвокат сайтимиз журналистларига бундан ҳозирча хабари йўқлигини маълум қилди.

Эслатиб ўтсак, 37 ёшли ўзбекистонлик тадбиркор Мирсобир Ҳамидқориев Россия ҳудудида бошпана олиш мақсадида яшаб келган. Жорий йилнинг май ойи ўрталарида Ҳамидқориев Россияда қочқинлик мақомини олган эди.

9 июнь куни Мирсобир Ҳамидқориев Москва марказидан ўғирлаб кетилган. Ўша куни у рафиқаси Элеонора Исаева билан касал фарзандини касалхонага олиб кетаётган бўлган. Элеонора йўлдаги дорихонадан боласига дори сотиб олиш учун таксини тўхтатишга мажбур бўлган. Аёл дорихонада беш дақиқа атрофида бўлган, аммо қайтиб чиққач, кўчада на машина, на турмуш ўртоғини топа олган. Ҳамидқориевнинг мобил телефонии ҳали-ҳамон ўчиқлигича қолмоқда.

Гувоҳларга кўра, ўзбек қочқинининг рафиқаси дорихонага кириб кетган пайтда Ҳамидқориев ўтирган машинага икки йигит ўқдай учиб кирган ва машина Чистопрудний хиёбони томон учириб кетган.

Айни пайтда ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориевнинг ишини ҳуқуқ фаоли Светлана Ганнушкина раҳбарлигидаги “Фуқаровий кўмак”(“Гражданское содействие”) инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси олиб бормоқда.

Мирсобир Ҳамидқориев Москвада бедарак йўқолганидан сўнг Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари суди ўзбек қочқини иши бўйича 39-қоидани қўллади ва Россияга ўзбек қочқини Ҳамидқориевни Ўзбекистонга бериб юборишни маън қилди. Шунингдек, Страсбург суди Россия ҳукуматига Ҳамидқориевни топиб, унинг қаерда экани, унинг иши бўйича қандай чоралар кўрилгани ва уни қўлга олишда Россия махсус хизматлари иштирок этган-этмагани бўйича маълумот бериш мажбуриятини юклади.

Россия ҳукумати жорий йилнинг 1 июлигача мазкур иш бўйича Страсбург судига расмий жавоб қайтариши керак.

Мирсобир Ҳамидқориев 2011 йили фаолияти Ўзбекистон ҳудудида таъқиқланган “Ислом жиҳодчилари” ва “Ваҳҳобийлик” диний-экстремистик ташкилотларини ташкил қилганлик ва улар фаолиятида иштирок этганлик каби уйдирилган айбловлар билан ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан халқаро қидирувга берилган эди.

Ўзбек терговчиларига кўра, 2009 йили Мирсобир Ҳамидқориев Тошкентда “Ислом жиҳодчилари” террористик ташкилотига асос солган ва унинг таркибига таниқли спортчилар, ижодкор зиёлилар ва тадбиркорлар кирган.

Мирсобир Ҳамидқориевнинг ўзи эса бу айбловларни тамоман рад қилган. Унга кўра, мазкур айбловлар унинг Ўзбекистон ҳукумати учун номақбул одамга айланиб қолганлиги туфайли пайдо бўлган. 2010 йили қора ниқоб таққан ва автомат тутган бир гуруҳ шахслар Мирсобир Ҳамидқориевнинг Тошкентдаги “Мир электроники” дўконига бостириб кириб, ундаги молларни олиб чиқиб кетишган. Бир неча кундан сўнг Ҳамидқориевнинг шахсий автомашинаси номаълум кишилар томонидан ўққа тутилган.

Мирсобир Ҳамидқориевнинг укаси Миразиз Ҳамидқориев ва тадбиркорнинг бир қанча дўстлари Тошкентда ўзбек махсус хизматлари томонидан қўлга олинган. Бир ой аввал Мирсобир Ҳамидқориев “Жараён” журналистларига укаси ўзбек қамоқхонасида қаттиқ қийноқларга тутилаётгани ва унинг аҳволи ўта оғирлигини маълум қилганди.

“Жараён” ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориевнинг тақдири билан боғлиқ вазиятни кузатишда давом этади.

Гўзал АҲМЕДОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.