Адвокат Васильев: Менда Элла билан ҳаммаси жойида экани ҳақида маълумот бор

9 июнь куни Москвада ўғирлаб кетилган Мирсобир Ҳамидқориевнинг адвокати Илларион Васильев «Жараён»га ўзбек қочқинининг турмуш ўртоғи Элеонора Исаева билан ҳаммаси жойидалигини маълум қилди.

18 июнь куни ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориевнинг Москвадаги адвокати Илларион Васильев “Жараён”га Мирсобир Ҳамидқориев ва унинг турмуш ўртоғи Элеонора Исаева Ўзбекистонда эканлиги тўғрисидаги маълумот йўқлигини айтди.

– Аммо Элла (Элеонора Исаева – “Жараён”) билан ҳаммаси жойида экани ҳақида маълумот бор. Мирсобир қаерда экани менга номаълум. Ўтган ҳафтада қидирув олиб бораётган Москва шаҳар ички ишлар бошқармаси Марказий маъмурий округи жиноят қидирув бўлими ходимлари менга 17-18 июнгача маълумот беришни ваъда қилишганди. Улар менга видеоёзув борлиги ва уларга ҳаммаси аён эканини айтишди.

Мен 17 июнь куни зобитлардан бирига қўнғироқ қилдим. У менга улгуришмаётгани, чунки байрамлар бўлгани, 4 кун дам олиш куни бўлгани ва бошқа ишлари ҳам борлигини айтди. Шунингдек, у ўзларида саволлар кўплиги, яна видеони кўриш кераклигини айтди (демак, улар видеони ҳали кўришмаган!?). Зобит менга вазиятни аниқлашгач, қайта қўнғироқ қилишини ваъда қилганди, аммо ҳали қўнғироқ қилганича қилмади. Эслатиб ўтсам, Инсон ҳуқуқлари Европа суди Россия Федерациясига жавоб бериш учун 1 июлгача муддат берган,- деди адвокат Илларион Васильев.

Айни пайтда адвокат Васильев Элеонора Исаева қаерда эканига аниқлик киритгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 июнь куни сайтимиз ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориевнинг рафиқаси Элеонора Исаеванинг муҳтамалан Россиядан Ўзбекистонга олиб чиқиб кетилгани ҳақида ёзган эди. Бунга сабаб эса Исаеванинг бир неча кун аввал “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоевага ёзган СМС-хабар сабаб бўлганди.

“Жума куни мен Элладан (Элеонора Исаева – “Жараён”) қисқагина СМС олдим, кейин унга қўнғироқ қилдим. У йиғлаб, уни мажбуран самолётда Москвадан Тошкентга олиб кетишгани, паспортини олиб қўйиб, қандайдир квартирага қамаб қўйишганини айтди. У Россия номерли қандайдир бир телефонини яшириб қўйишга улгурган экан, ўша орқали менга СМС жўнатган, мен ҳам унинг ўша номерига қўнғироқ қилдим.

Аммо у билан узоқ гаплашолмадим. Озгина вақт ўтгач, алоқа узилди ва унга бошқа қўнғироқ қилиб тушолмадим. Ҳозир турмуш ўртоғи Мирсобир Ҳамидқориевнинг ўғирлангани ҳақида Россия телеканалларига бетўхтов интервью бериб келган Элеонора Исаеванинг ҳаёти ҳам хавф остида. Уни мажбуран Ўзбекистонга олиб чиқиб кетишган”, – деган эди ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева.

Шундан сўнг Элеонора Исаевадан ҳеч қандай хабар бўлмаган, у ҳуқуқ фаоли билан қайтиб боғланмаган.

37 ёшли ўзбекистонлик тадбиркор Мирсобир Ҳамидқориев рафиқаси Элеонора Исаева ва саккиз ойлик фарзанди билан Россия ҳудудида бошпана олиш мақсадида яшаб келишган. Ҳамидқориев 2011 йилдан буён Ўзбекистонда халқаро қидирувда, Ўзбекистон томони уни “Ислом жиҳодчилари” ва “Ваҳҳобийлик” каби таъқиқланган диний-экстремистик ташкилотларни тузишга алоқадорликда айбламоқда.

Аммо ўзбек қочқинининг ўзи бу айбловларни тамоман рад қилиб келган. Ҳамидқориевга кўра, ўзбек махсус хизматлари уни Ўзбекистонда тортиб олинган 1,5 миллион долларли бизнеси туфайли овлашга тушган. Тошкентда Ҳамидқориевнинг “Мир электроники” дўкони бўлиб, бир неча йил аввал қора ниқоб таққан ва қўлида автомати бўлган шахслар бу дўконни тадбиркордан тортиб олишган. Шунингдек, Мирсобир Ҳамидқориев Ўзбекистонда намойиши таъқиқланган “Нафс” фильмига продюсерлик қилгани ва мамлакатдаги ҳукмрон элита билан зиддияти туфайли ўзбек расмийлари кўзига ёмон кўриниб қолган.

Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг май ойи ўрталарида Россия ҳукумати Мирсобир Ҳамидқориевга қочқинлик мақомини берганди.

Аммо кўп ўтмай, аниқроғи, 9 июнь куни Мирсобир Ҳамидқориев Москва марказида номаълум кишилар томонидан ўғирлаб кетилган. Унинг рафиқаси Элеонора Исаева фарзанди билан дорихонага кириб чиққунича Ҳамидқориев ўтирган машинага икки йигит ўқдай учиб кирган ва машина Чистопрудний хиёбони томон учириб кетган. Шундан бери Мирсобир Ҳамидқориевнинг қаерда экани номаълумлигича қолмоқда.

Ҳуқуқ фаоллари Ҳамидқориев ўзбек махсус хизматлари томонидан уларнинг Россиядаги ҳамкасблари кўмагида ўғирлаб кетилгани ва Ўзбекистонга олиб кетилганини тахмин қилишмоқда.

Мирсобир Ҳамидқориев Ўзбекистонни тарк этганидан сўнг Тошкентда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари унинг укаси Миразизни қўлга олишиб, уни қамоқ жазосига ҳукм қилганлар. Бир ой аввал Мирсобир Ҳамидқориев “Жараён” журналистларига укаси ўзбек қамоқхонасида қаттиқ қийноқларга тутилаётгани ва аҳволи ўта оғирлигини маълум қилганди.

Россияда Мирсобир Ҳамидқориевнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан адвокат Илларион Васильев ва “Фуқаровий кўмак” (“Гражданское содействие”) ҳуқуқни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда қароргоҳи Парижда бўлган “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева шуғулланмоқда.

Мирсобир Ҳамидқориев Москвада йўқолганидан сўнг адвокат Илларион Васильев ва “Фуқаровий кўмак” ташкилоти 9 июнь оқшомида ўғирланган ўзбек қочқини Россия Федерацияси чегарасини кесиб ўтиши мумкинлиги ҳақида Россия Федерал хавфсизлик хизмати, Чегара хизмати, Федерал миграция хизмати ва Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилни хабардор қилган.

Шу билан бирга, Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича суди ўзбек қочқини иши бўйича 39-қоидани қўллади ва Россияга ўзбек қочқини Ҳамидқориевни Ўзбекистонга бериб юборишни маън қилди. Страсбург суди Россия ҳукуматига 1 июлгача Ҳамидқориевни топиб, унинг қаерда экани, унинг иши бўйича қандай чоралар кўрилгани ва уни қўлга олишда Россия махсус хизматлари иштирок этган-этмагани бўйича ҳам маълумот бериш мажбуриятини юклади.

Гўзал АҲМЕДОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.