Яна бир ўзбек қочқини Россиядан экстрадиция қилиниш хавфи остида қолмоқда
Самарада ҳибсда ушлаб турилган ўзбек қочқини Баҳодир Каримов очлик эълон қилди ва ЕХҲТга аъзо мамлакатлардан уни Россиядан Ўзбекистонга бадарға қилинишининг олди олинишида кўмак беришни сўради.
Жорий йилнинг 10 июнь куни Самара шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳибсга олинган асли Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидан бўлган 31 ёшли Баҳодир Каримов 3 июль куни Вена шаҳрида бўлиб ўтаётган фикр эркинлиги мавзусига бағишланган ЕХҲТ анжумани иштирокчиларига мурожаат қилиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинишининг олдини олишда кўмак кўрсатишларини илтимос қилди.
“ЕХҲТга аъзо мамлакатларни “Сўз ва фикр эркинлиги” мавзусига бағишланган анжуман кунида менга ёрдам беришлари мақсадида очлик бошлашимни эълон қиламан”, – дейилади ўзбек қочқини Баҳодир Каримовнинг мурожаатида.
Баҳодир Каримов 1999 йили Тошкентда содир бўлган портлашлардан сўнг ўзбек махсус хизматлари унинг уч акасини диний экстремизм ва террорчиликка алоқадорлик каби сохта айбловлар билан қамоққа олгач, 2005 йили онасининг қистови билан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.
“1999 йили биратўла уч акам: Каримов Ҳасанбой, Каримов Ҳусанбой, Каримов Тоҳир қамоққа олинди. Мен Ўзбекистонни ўзбек расмийлари Ҳусанбой исмли акамни қамоқдан озод қилишганидан кейин тарк этдим. Акаларимнинг қолган иккитаси ҳалигача Ўзбекистон қамоқхонасида қолмоқда. Милиция ва махсус хизмат ходимлари уларни суддан аввалги тергов пайтида қийноққа тутганлар. Кейинроқ улар узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар”, – дейилади Баҳодир Каримовнинг мурожаатида.
Ўзбек қочқинига кўра, ўзбек куч ишлатар тузилмалари унинг уч акасини қамоққа олганида, у 15 ёшда бўлган. Сўнгра улар Баҳодирни ўз акаларига қарши сохта кўрсатма беришга мажбур қилганлар.
“Сўроқ пайтида менга нисбатан жисмоний куч қўллаган ҳолда, бир хонадан иккинчи хонага ўтказишарди. Хоналарнинг бирида устимга шкаф ағдариб юборишди. Умуртқа поғонамнинг кўкрак қисми шикастланиши оқибатида мен белимдан жароҳатландим. Бу жароҳат мени шу кунгача безовта қилиб келади.
Бироқ, энг даҳшатлиси, мени бир нечта киши ўраб олиб, бошимга ўқланган тўппончани тираб: “Агар сен бизга керакли маълумотни бермасанг, биз шундай қиламизки, гўё сен қочишга уринган пайтинг отиб юборилгандек бўласан”, – дея эслайди Баҳодир Каримов Ўзбекистонда ҳибсга олинган кунларини хотирларкан.
Ўзбек расмийлари қочқин Баҳодир Каримовга мамлакат Жиноят кодексининг 159-1 (“Конституциявий тузумга тажовуз қилганлик”) ва 244-1 (“Диний экстремизм, айирмачилик ва фундаментализм ғоялари акс этган ҳар қандай шаклдаги маълумот ва материалларни тарқатганлик”) каби моддалари бўйича айблов эълон қилганлар.
Ўзбекистонни тарк этганидан буён Баҳодир Каримов Россиянинг Екатеринбург шаҳрида яшаб келган. Ўша ерда у рус тилини ўрганган, ишга кирган. 2010 йилнинг апрелида Баҳодир Самара шаҳрига келган ва у ерда Россия фуқароси бўлган бўлажак турмуш ўртоғи Татьянани учратган. 2013 йилнинг октябрь ойида улар турмуш қуришган, айни пайтда Баҳодир ва Татьяна Каримовалар тўнғич фарзандларининг туғилишини кутмоқдалар.
“Жараён” Баҳодир Каримовнинг рафиқаси Татьяна билан телефон орқали боғланди. Ўз навбатида, аёл ўзбек расмийларининг эрига нисбатан билдираётган барча айбловлари ёлғонлиги, унинг эри ҳеч қачон диндор бўлмагани, намоз ўқимагани ва масжидга бормаганини айтди.
Татьяна Каримованинг айтишича, жорий йилнинг июнь ойида Самара шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари улар яшаб турган уйда икки маротаба тинтув ўтказганлар.
– Тинтувни уйда қурол, портловчи мосламалар ва ўқ-дори бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида ўтказишди, шунингдек, улар уйимиздаги китоб ва дискларга ҳам эътибор қаратишди. Полиция ходимасининг эски ва қалин орфографик луғатга кўзи тушди, у бу китоб Қуръон бўлса керак, дея тахмин қилди, аммо онам шу заҳотиёқ ўша китобни токчадан олиб, очиб кўрсатди. Тинтув пайтида уйимиздан бирорта таъқиқланган нарса топилгани ва мусодара қилингани йўқ, – дейди ўзбек қочқинининг рафиқаси.
Татьяна Каримовага кўра, 2013 йилнинг декабрь ойида Баҳодир Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида яшайдиган онасига қўнғироқ қилган. Ўша пайтда онаси Баҳодирга унинг уйига милиция ва махсус хизмат ходимлари кўп маротаба келганларини айтган.
– Улар қайнонамга Баҳодир зудлик билан Ўзбекистонга қайтиши кераклигини, акс ҳолда, унга нисбатан қидирув эълон қилинишини айтишган. Бундан хавотирга тушган Баҳодир қочқинлар ва меҳнат муҳожирларига ҳуқуқий кўмак кўрсатиб келадиган Россиядаги “Фуқаровий кўмак” (“Гражданское содействие”) нодавлат ташкилотига мурожаат қилди. У ерда эримга мамлакат ҳудудида қочқинлик ва ҳимоя беришларини сўраб, Россия Федерал миграция хизматига мурожаат қилишни маслаҳат беришди.
Эрим 2014 йилнинг февралида Россия ҳудудидан бошпана ва ҳимоя беришни сўраб, мазкур органга расмий илтимоснома билан мурожаат қилди. Март ойида миграция хизмати унинг петициясига жавоб қайтарди ва ўз илтимосномасини миграция хизматининг Самара шаҳридаги бўлимига жўнатишни таклиф қилди. Эрим 2014 йилнинг 11 июнида қўлга олинмагунича миграция хизматининг Самара шаҳар бўлимига мурожаат қилмаган, – дейди Татьяна Каримова.
Самара шаҳар суди Баҳодир Каримовни жорий йилнинг 9 июль кунигача, яъни унинг Ўзбекистонга экстрадицияси бўйича қарор қабул қилингунига қадар ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарган.
Ҳозирда ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари Баҳодир Каримов Ўзбекистонга экстрадиция қилинган тақдирда унга нисбатан қийноқ қўлланиши, сохта жиноий иш очилиши ва узоқ муддатга қамалиши юзасидан хавотир билдирмоқдалар.
Қайд этиш жоизки, 1999 йили Тошкентда бўлиб ўтган портлашлардан сўнг ўзбек расмийлари бу воқеаларни содир этганликда “Ҳизбут-Таҳрир” партияси, “Ўзбекистон исломий ҳаракати” ва республикадаги дастлабки президентлик сайловларида Ислом Каримовнинг асосий рақиби бўлган “Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳни айблашганди.
Ўша йилдан мамлакатда кўплаб диндорлар, мухолифатчилар ва фуқаролик жамияти фаоллари ҳамда уларнинг қариндошлари оммавий равишда ҳисбга олиш бошланган.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари ва мухолифатчилар маълумотига кўра, сўнгги йиллар давомида Тошкентдаги портлашлардан кейин диний экстремизм ва террорчиликка алоқадорлик айблови билан минглаб одам қамоққа олинган, уларнинг аксариятини бегуноҳ мусулмонлар ташкил қилади.
Гўзал АҲМЕДОВА
Fikr bildirish