Тадбир ташкилотчиси Париждаги “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ҳамда мазкур ташкилот таркибига кирувчи “Ўтюракли қалблар” талабалик ҳаракати, “Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳи, Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси каби гуруҳ ва дастурлардир. “1000 нафар аёл тинчлик учун” халқаро коалицияси ҳам ушбу тадбир ташкилотчилари қаторидан ўрин олган.
Ташкилотчиларга кўра, мазкур норозилик намойиши узоқ йиллик қамоқ жазосидан озод бўлганидан 25 кун ўтиб вафот этган ҳуқуқ фаоли ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Ангрен шаҳар бўлими раиси бўлиб ишлаган Абдурасул Худойназаров хотирасига бағишланади.
– Ҳамкасбимиз Абдурасул Худойназаров сохта айбловлар бўйича қамоқда умумий ҳисобда 8 йилу 10 ой ўтириб чиқди. У 26 июнь куни қамоқдаги қийноқлар, ғайриинсоний, аёвсиз ва инсонни камситувчи муомала туфайли орттирган оғир дардлар натижасида ҳаётдан кўз юмди. Шунингдек, бу акциямиз ўзбек қамоқхоналаридаги минглаб диний ва сиёсий маҳбуслар, ўзбек махсус хизматлари томонидан қўлланилаётган қийноқ, ўғирлаб кетишлар, ноқонуний экстрадиция ва қотилликлар қурбонларига ҳам бағишланади, – деди “Жараён”га Мўътабар Тожибоева.
Эслатиб ўтсак, 58 ёшли ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Абдурасул Худойназаров 26 июнь – Халқаро қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш куни жон таслим қилди. У қамоқдан жорий йилнинг 30 май куни озод қилинганди.
Қамоқдан озод этилиши биланоқ Абдурасул Худойназаров Тошкентдаги онкология касалхонасига ётқизилган. Шифокорлар унда саратон, сил, аденома, простатит ва ўткир геморрой хасталиклари борлигини аниқлагандилар.
Ҳуқуқ фаоли ҳаётининг сўнгги кунлари ўта оғир бўлганди. Жазони ўтаётган пайтда Худойназаров қамоқхона маъмуриятига мурожаат қилиб, унга тиббий ёрдам кўрсатишларини сўраган, аммо қамоқхона маъмурияти унинг барча илтимосларини эътиборсиз қолдирган.
– Абдурасул Худойназаровнинг яқинлари у жон таслим қилган пайтида кўзи очиқ кетганини айтиб беришди. Биз Худойназаровни у билан тақдирдош бўлган Ўзбекистондаги юзлаб, балки минглаб кишилар истиқболи борасидаги хавотирлар тинч қўймагани ва шунинг учун унинг ўлимидан сўнг ҳам кўзи очиқ қолганига ишонамиз. Бугун биз эгнимизга ўзбек миллий либосларидан кийиб олдик – бу эркакларнинг миллий белбоғи ва дўпписи.
Ҳозир Ўзбекистонда буларни мотам кунлари кийиш одат тусига кирган. Биз бу кийимларни ҳамкасбимиз Абдурасул Худойназаров ва Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилиши қурбонлари хотирасига кийиб олдик. Шунингдек, ўзбек эркакларининг миллий белбоғи ҳаёт синовлари ва қийинчиликлари олдидаги тиришқоқлик ва мардликни ифодалайди.
Мазкур акция давомида биз лоқайд бўлмаган барчани Ўзбекистонда давом этиб келаётган инсон ҳуқуқлари бузилишларига “Йўқ!” дейишга чақирмоқчимиз, – деди ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева.
Бундан ташқари, мазкур акцияда қозоғистонлик фуқаролик жамияти фаоли ва рассом Қанат Ибрагимовнинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов ҳамда Ўзбекистонда асоссиз қатағонлар қурбонлари бўлган бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари ва фуқаролик жамияти фаоллари тасвирланган картиналари ҳам намойиш этилади.
София ДАВРОНОВА
Fikr bildirish