Мирсобир Ҳамидқориев Тоштурмага ўтказилди

Жорий йилнинг 9 июнь куни Москва шаҳри марказида ўғирлаб кетилган ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориев, яқинларининг “Жараён”га маълум қилишларича, ҳозирда Тоштурмада сақланмоқда.

Куни кеча “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева билан телефон орқали боғланган ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориевнинг рафиқаси Элеонора Исаева ҳозирда эрининг Тоштурма тергов изоляторида сақланаётганини маълум қилди.

– Элеонора менга Мирсобир Ҳамидқориев 26 июнь куни Ички ишлар тергов изоляторидан Тоштурмага ўтказилганини маълум қилди. Унинг қариндошлари 10 кунларча Мирсобир билан учрашув берилмаслигини, аммо 10 кундан кейин учрашув беришга ва кийим-кечак, озиқ-овқат қабул қилишга ваъда беришганини айтишмоқда, – деди “Жараён”га Мўътабар Тожибоева.

37 ёшли ўзбекистонлик тадбиркор Мирсобир Ҳамидқориев рафиқаси Элеонора Исаева ва саккиз ойлик фарзанди билан Россия ҳудудида бошпана олиш мақсадида яшаб келишган. Ҳамидқориев 2011 йилдан буён Ўзбекистонда халқаро қидирувда бўлиб, Ўзбекистон томони уни “Ислом жиҳодчилари” ва “Ваҳҳобийлик” каби таъқиқланган диний-экстремистик ташкилотларни тузишга алоқадорликда айблаб келади.

Аммо ўзбек қочқинининг ўзи бу айбловларни тамоман рад қилиб келган. Ҳамидқориевга кўра, ўзбек махсус хизматлари уни Ўзбекистонда тортиб олинган 1,5 миллион долларли бизнеси туфайли овлашга тушган. Тошкентда Ҳамидқориевнинг “Мир электроники” дўкони бўлиб, бир неча йил аввал қора ниқоб таққан ва қўлида автомати бўлган шахслар бу дўконни тадбиркордан тортиб олишган. Шунингдек, Мирсобир Ҳамидқориев Ўзбекистонда намойиши таъқиқланган “Нафс” фильмига продюсерлик қилгани ва мамлакатдаги ҳукмрон элита билан зиддияти туфайли ўзбек расмийлари кўзига ёмон кўриниб қолган.

Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг май ойи ўрталарида Россия ҳукумати Мирсобир Ҳамидқориевга қочқинлик мақомини берганди.

Аммо кўп ўтмай, аниқроғи, 9 июнь куни Мирсобир Ҳамидқориев Москва марказида номаълум кишилар томонидан ўғирлаб кетилган. Унинг рафиқаси Элеонора Исаева фарзанди билан дорихонага кириб чиққунича Ҳамидқориев ўтирган машинага икки йигит ўқдай учиб кирган ва машина Чистопрудний хиёбони томон учириб кетган. Шундан бери Мирсобир Ҳамидқориевнинг қаерда экани номаълумлигича қолаётган эди.

Ўзбек ҳуқуқ фаоллари энг бошдан Ҳамидқориев ўзбек махсус хизматлари томонидан уларнинг Россиядаги ҳамкасблари кўмагида ўғирлаб кетилгани ва Ўзбекистонга олиб кетилганини тахмин қилишганди.

Мирсобир Ҳамидқориев Москвада ўғирлаб кетилган заҳотиёқ унинг адвокати Илларион Васильев 9 июнь оқшомида ўғирланган ўзбек қочқини Россия Федерацияси чегарасини кесиб ўтиши мумкинлиги ҳақида Россия Федерал хавфсизлик хизмати, Чегара хизмати, Федерал миграция хизмати ва Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилни хабардор қилганди.

30 июнь куни “Жараён” мухбирлари билан сўзлашган адвокат Илларион Васильев Ҳамидқориев ўғирлаб кетилган заҳоти у дарҳол чегара хизмати ва аэропортларни огоҳлантириб қўйгани сабабли ўзбек қочқини Россиядан Ўзбекистонга самолётда олиб кетилмаганини айтади.

Адвокатнинг айтишича, Мирсобир Ҳамидқориев Россия ҳудудидан аввал Қозоғистонга, сўнгра эса Ўзбекистонга олиб кетилган.

– Тезкор гуруҳ ходимлари Мирсобир ўғирлаб кетилган куниёқ у тунда машинада Қозоғистон орқали олиб кетилиши мумкинлиги ҳақида ўз тахминларини билдиришганди. У Тошкентда пайдо бўлган пайтга қарасак, худди шундай бўлганга ўхшайди. Бу Россия махсус хизматларининг хабардорлиги ва ҳаракатсизлигига оид гап.

Улар Мирсобир қандай олиб кетилишидан хабарлари бўлган, аммо буни бартараф этиш учун ҳеч нима қилмаганлар. 1 июль куни Россия ҳукумати Страсбург судига Ҳамидқориевни топиб, унинг қаерда экани, унинг иши бўйича қандай чоралар кўрилгани ва уни қўлга олишда Россия махсус хизматлари иштирок этган-этмагани бўйича маълумот беради. Бу маълумотни Суд менга ҳам жўнатиши керак, – деди адвокат Илларион Васильев.

Эслатиб ўтсак, жорий йилнинг 15 июнь куни сайтимиз, ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева сўзларига таянган ҳолда, Мирсобир Ҳамидқориевнинг турмуш ўртоғи Элеонора Исаева ҳам ўзбек махсус хизматлари томонидан Москвадан Тошкентга мажбуран олиб кетилгани ҳақида хабар қилганди.

Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, айни пайтда ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари Элеонора Исаевани Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбламоқдалар. Тожибоевага кўра, буни ўзбек куч ишлатар тузилмалари ходимлари тергов остида қолаётган Мирсобир Ҳамидқориевга босим ўтказиш ёки эрининг ҳуқуқлари учун курашаётган аёлнинг овозини ўчириб қўйиш мақсадида қилмоқдалар.

– Мирсобир Москвада йўқолганидан кейин унинг рафиқаси Элеонора, қайнонаси ва саккиз ойлик боласи Қозондаги қариндошлариникига кетишга аҳд қилганлар. Улар 13 июнь куни эрталабки соат 4 да Татаристонга учиб кетишлари керак бўлган. Тунги соат бирда Элеонора, унинг онаси ва гўдак фарзанди аэропортга келишган. Қозонга регистрация бошланганида улар паспортларини қайддан ўтказишга улгурмаганлар.

Уларнинг олдига икки номаълум шахс келиб, “Сиз Исаевамисиз?” деб сўрашган. Ундан тасдиқ жавобини олишганидан кейин эркаклар Элеонорага Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги гувоҳномасини кўрсатиб, ҳозирда индамасдан, тўполон қилмасдан уларнинг кетидан юришни, агар уларга бўйсунмаса, олдин аёлни депортация марказига олиб боришлари ва пировардида барибир Россиядан Ўзбекистонга депорт қилдиришларини айтишган.

Тошкентга келганидан сўнг Элеонора бир сутка давомида уй қамоғида ушлаб турилган, унинг паспорти ва мобил телефони олиб қўйилган, сўнг ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Элеоноранинг қўлига паспорти олиб қўйилгани бўйича расмий далолатнома беришган. Сўнг Исаевага нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 289- ва 290-моддалари бўйича маъмурий иш расмийлаштирилган, уни давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айблашмоқда.

Ўзбек томонига кўра, Элеоноранинг паспортида у Ўзбекистон республикасидан чиқиб кетгани ҳақидаги қайд йўқ. Бироқ бундай ҳужжат Элеоноранинг онасига нисбатан расмийлаштирилмаган, улар онасини аэропортдан чиқаверишда қўйиб юборишган. Элеонорага эса уни жаримага ёки шартли жазога тортишларини айтишган. Ҳозир Элеоноранинг ишини олиб бораётган Абдулла исмли инспектор ва Элеоноранинг ўзи судни кутмоқда, – деди ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева.

“Жараён” ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориев ва унинг рафиқаси Элеонора Исаева тақдирини диққат билан кузатишда давом этади.

Гўзал АҲМЕДОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.