Қирғиз расмийлари Васила Иноятовани миллий низони қўзғашда айблаб, унга мамлакатдан чиқиб кетишига тўсқинлик қилдилар

Бу ҳақда “Жараён”га Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятованинг ўзи маълум қилди.

Эслатиб ўтсак,Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова Қирғизистондаги ҳамкасблари билан учрашиб, сўнг Европа мамлакатларидан бирига учиб кетиш учун Бишкекка 29 июнь куни тунда учиб келганди.

Бироқ “Манас” аэропортининг чегара хизмати ходимлари унга мамлакат ҳудудига киришга рухсат бермаганлар ва ўзбек ҳуқуқ фаолининг Қирғизистонга кириши ман қилинганини айтишган.

Васила Иноятова аэропорт транзит ҳудудида етти соат вақт давомида қолиб кетган.

30 июньга ўтар кечаси халқаро ташкилот вакиллари Васила Иноятовага Стамбул орқали Парижга учиши учун самолётга чипта сотиб олганлар.

Аммо ҳуқуқ фаолининг айтишича, қирғиз чегара хизмати ходимлари унга халқаро ташкилот вакиллари томонидан сотиб олиб берилган чиптасини бекор қилишган ва унга нисбатан Қирғизистонда жиноий иш очилганини маълум қилишган.

– Мен “Манас” аэропортининг транзит ҳудудида ўтирган пайтим ёнимга чегара хизмати ходимлари келиб, менга нисбатан Қирғизистонда жиноий иш очилгани, мен мамлакатда миллий низони қўзғашга қаратилган материаллар тарқатганим ва шунинг учун қамоққа олинишимни айтишди. Аммо бироз вақт ўтгач ёнимга ёки аэропорт бошлиғи, ёки чегара хизмати бошлиғи келиб, мени Тошкентга депортация қилишларини айтди. Мен Тошкентга учишдан бош тортдим ва менинг Истанбулга учишимга рухсат беришларини сўрадим.

Бундан аввал халқаро ташкилот вакиллари менга Бишкек-Стамбул-Париж йўналиши бўйича самолётга чипта сотиб олиб бергандилар, аммо аэропорт ходимлари бу чиптамни бекор қилиб, пулини ўша чиптани сотиб олиб берган халқаро ташкилот вакилига қайтариб беришди.

Шундан сўнг ўзимни ёнимдан пул сарфлаб Истанбулгача чипта сотиб олдим. Ҳозир Стамбулдаги қаҳвахоналарнинг бирида ўтирибман, на бу ерда қолишимга пулим бор, на бошқа мамлакатга учиб кетишимга пулим бор, – деди “Жараён”га душанба куни Васила Иноятова.

Мазкур мақолани тайёрлаш пайтида Васила Иноятова 2 июньга қадар Туркияда қолиши, сўнг эса Венага ЕХҲТнинг тадбирига учириб кетиши маълум бўлди.

2010 йил июнь ойида Қирғизистон жанубидаги Ўш ва Жалолобод шаҳарларида содир бўлган қонли воқеалар пайтида Васила Иноятова Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонаси олдида норозилик акциясини ўтказиб, қирғиз расмийларидан оммавий тартибсизликлар ва Қирғизистон фуқаролари ҳисобланмиш этник ўзбекларга нисбатан ўтказилаётган зўравонликлар олдини олишларини талаб қилганди.

Васила Иноятованинг ҳамкасблари ўзбек ҳуқуқ фаоли Қирғизистонга айнан тўрт йил аввал Қирғизистоннинг Ўзбекистон элчихонаси олдида ўтказган акцияси сабабли Бишкекка киритилмаганини айтишмоқда.

София ДАВРОНОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.