Қирғиз расмийлари ўзбек ҳуқуқ фаоли Васила Иноятовани Бишкекка киритмадилар

Бу ҳақда “Жараён”га “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева хабар қилди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раисаси Васила Иноятова Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрига 30 июнга ўтар кечаси учиб келган, бироқ “Манас” аэропортининг чегара хизмати ходимлари унга мамлакат ҳудудига киришга рухсат бермаганлар.

Мўътабар Тожибоевага кўра, Василя Иноятова Бишкекка Европа сафаридан олдин Қирғизистондаги ҳамкасблари билан учрашиш учун учиб келган.

Василя Иноятова Бишкек аэропортининг транзит ҳудудида қарийб етти соат давомида қолиб кетган.

– Унга сув ва бошқа нарсалар сотиб олишига руҳсат беришган, аммо чегарадан ўтишига йўл қўйишмаган, ҳамкасбим қарийб 7 соат вақт давомида транзит ҳудудида қолиб кетган, – дейди Мўътабар Тожибоева.

30 июнь, душанба, Бишкек вақти билан эрталабки соат 6:40да Васила Иноятова халқаро ташкилотлар в сайи-ҳаракатлари туфайли “Манас” аэропортидан Стамбул орқали Парижга учиб кетишга муваффақ бўлган.

– Васила опа бугун эрталаб Стамбул орқали Парижга учиб кетди. Халқаро ташкилот вакилларидан бири қирғиз аэропортига бориб, Васила опани кўрган, у билан гаплашган ҳам. Унга кўра, Васила опани расман тутиб қолишмаган. Қирғиз чегарачилари халқаро ташкилот вакилига Васила Иноятовага мамлакатга кириш ман қилинганини айтишган, – дейди Мўътабар Тожибоева.

Қайд этиш жоизки, 2010 йил июнь ойида Қирғизистон жанубидаги Ўш ва Жалолобод шаҳарларида содир бўлган қонли воқеалар пайтида Васила Иноятова Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонаси олдида норозилик акциясини ўтказиб, қирғиз расмийларидан оммавий тартибсизликлар ва Қирғизистон фуқаролари ҳисобланмиш этник ўзбекларга нисбатан ўтказилаётган зўравонликлар олдини олишларини талаб қилганди.

Васила Иноятованинг ҳамкасблари ўзбек ҳуқуқ фаоли Қирғизистонга айнан тўрт йил аввал Қирғизистоннинг Ўзбекистон элчихонаси олдида ўтказган акцияси сабабли Бишкекка киритилмаганини айтишмоқда.

Эслатиш жоизки, бу қирғиз расмийларининг мамлакатдаги режимни танқид остига олган фуқаролик жамияти, ҳуқуқ фаоллари ва журналистларни мамлакат ҳудудига киритмаслик бўйича содир бўлаётган биринчи ҳолати эмас.

2009 йили қирғиз расмийлари Россиядаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари марказининг Марказий Осиё бўйича эксперти Виталий Пономарёвни икки маротаба мамлакатга киритишмаганди.

Ўша йилнинг 26 февраль куни қирғиз расмийлари Пономарёвни мамлакатда исталмаган шахс сифатида Бишкекдаги “Манас” аэропортидан қайтиб Россияга депортация қилгандилар. Россиялик ҳуқуқ фаолининг бадарғаси унинг 2008 йилнинг 1 октябрь куни Новқатда содир бўлган воқеаларга бағишлаб чоп қилган ҳисоботи билан боғлиқ бўлган.

Иккинчи маротаба қирғиз чегарачилари Виталий Пономарёвни Чалдовар қишлоғи орқали қирғиз-қозоқ чегарасидан ўтаётган “Москва-Бишкек” поездидан тушириб қолдиришганди.

Аввалроқ Қирғизистон ҳукумати Норвегиядаги Хельсинки Қўмитасининг Марказий Осиё бўйича вакили Ивар Даленинг мамлакатга ўн йил давомида киришига таъқиқ қўйишганди.

Бироқ юқорида айтиб кетилган барча ҳолатлар мамлакатни қочоқ президент Қурманбек Бакиев бошқарган йиллари содир бўлганди.

Сўнгги уч йил давомида эса Қирғизистонга кўп йиллар давомида мухолифатнинг биринчи қаторларида Қурманбек Бакиевнинг ҳадсизлигига қарши курашиб келган президент Алмазбек Атамбаев раҳбарлик қилиб келмоқда.

Мубина САФАРОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.