Абдурасул Худойназаровнинг турмуш ўртоғи Гулчеҳра Тўроновага кўра, ҳуқуқ фаоли 26 июнь куни тушдан сўнг тупроққа берилади.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси (“Товламачилик”), 168-моддаси (“Фирибгарлик”) ва 227-моддасида (“Ҳужжатларни сохталаштириш”) кўзда тутилган айбловлар бўйича 2005 йилнинг июн ойида ҳибсга олиниб, 2006 йил январида Тошкент вилоят суди томонидан 9,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
Ҳуқуқ фаоли қамоқдан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 75-моддасига мувофиқ равишда, яъни касаллик туфайли жазодан озод қилинганди.
Озодлик пайтида Абдурасул Худойназаров асосан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан содир этилган жиноятларни фош қилиш билан шуғулланиб келган.
Унинг ҳамкасблари ҳозиргача Худойназаровга нисбатан очилган жиноий иш ҳуқуқ фаолининг касбий фаолияти туфайли сохталаштирилганини айтиб келадилар.
Ҳуқуқ фаолига нисбатан бирор марта амнистия акти қўлланилмаган. Қамоқда ҳуқуқ фаоли сил хасталиги билан оғриганига қарамай, у бир неча маротаба жазо изоляторига ташланган, унга нисбатан қийноқлар қўллаб келинган.
Абдурасул Худойназаров қамоқ жазосини ўтаб келган Бекобод шаҳридаги колониясида таҳқир ва қийноқлар туфайли 2008 йил сентябрида ўз жонига қасд қилишга урингани ва бахтли тасодиф туфайли ўлмай қолгани маълум бўлганди.
Жорий йилнинг апрель ойида Абдурасул Худойназаров Навоийдаги қамоқхонадан оғир аҳволда пойтахтдаги махсуслаштирилган 64/18-сонли муассасага (Сангород) келтирилганди.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ва “Жараён” веб-сайти Абдурасул Худойназаровнинг оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор қилади.
“Жараён” таҳририяти
Fikr bildirish