Би-Би-Си журналистлари “Ҳизб-ут-Таҳрир” фаолларидан бири Ислом Абу Халил билан боғланишга муваффақ бўлдилар, у ўз навбатида Абдураҳим Тўхтасиновнинг жасадида аёвсиз қийноқ излари бўлганини айтди. Бу ҳақда унга Тўхтасиновнинг қариндошлари маълум қилишган.
“Улар Абдураҳимнинг қариндошларига унинг жасадини эрта тонгда, кенг жамоатчиликка ошкор қилмасдан яқинлари иштирокида кўмишни буюрганлар”, – дейилади “Ҳизб-ут-Таҳрир” партиясининг минтақавий веб-сайтида эълон қилинган хабарда.
Асли андижонлик 43 яшар Абдураҳим Тўхтасинов саккиз йил аввал, 2006 йилнинг февралида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Андижондан Тошкентга кетаётган пайти қўлга олинганди. Расмийлар уни конституциявий тузимга тажоввуз қилганликда айблаб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилишганди.
“Ҳизб-ут-Таҳрир” фаолларига кўра, Абдураҳим Тўхтасинов ушбу партиянинг Ўзбекистон бўйича амири сифатида фаолият юргизган.
“Абдураҳим бир неча йил давомида “Ҳизб-ут-Таҳрир”нинг Ўзбекистон бўйича фаолиятига раҳбарлик қилган. У қонхўр Каримовнинг Ўзбекистондаги мусулмонларга нисбатан олиб борган жиноятларини фош қилиб борган”, – дейилади партия веб-сайтида.
Партия вакилларига кўра, қамоқда Абдураҳим Тўхтасиновга нисбатан аёвсиз қийноқлар қўлланиб келинган.
Қайд этиш жоизки, Марказий Осиё мамлакатлари ва Россияда “Ҳизб-ут-Таҳрир” партиясининг фаолияти қонун билан таъқиқланган, шунинг учун ушбу мамлакатларнинг махсус хизматлари партия аъзоларини доимий равишда таъқиб қилиб келадилар.
Халқаро миқёсда ўтадиган инсон ҳуқуқлари мавзусига бағишланган ҳар қандай тадбирда иштирок этиб келадиган расмий Тошкент вакиллари мамлакатдаги қамоқхоналарда қийноқ ва ёмон муомала мавжудлиги тўғрисидаги халқаро экспертлар баёнотларни инкор қилиб келадилар.
Бироқ сўнгги бир йил ичида ўзбек ҳуқуқ фаоллари мамлакатда қийноқ қўлланиши оқибатида уч киши жон таслим қилгани бўйича ҳолатларни қайд этдилар.
2013 йилнинг 18 ноябр куни Навоийдаги 64/47 сонли колонияда Андижон воқеаларида иштирок этганлик айблови бўйича қамалган 36 яшар Таваккалбек Ҳожиев вафот этди. Қамоқхона маъмурияти Ҳожиевнинг қариндошларига у 15 ноябрь куни юрак ҳуружидан жон таслим қилганини маълум қилишган. Бироқ Таваккалбек Ҳожиевни унинг ота-онаси уйига келтирган махсус хизмат ходимлари маҳбуснинг қариндошларига унинг танасини кўришга рухсат беришмаган, улар ҳатто марҳумни ювиш ишини ҳам назорат қилиб туришган, у ерга ҳеч кимни киритишмаган.
Ўтган йилнинг октябрь ойида Зарафшондаги колониядан диний сабаблар билан қамалган яна бир маҳбус, 35 яшар Самариддин Салоҳиддиновнинг ўлиги чиқди. Самариддиннинг қариндошлари маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларига йигит қийноқ туфайли жон берганини тасдиқлашди. Уларга кўра, жасади уйга келтирилган ёш йигитнинг қўл-оёқлари синдирилган, боши шишиб кетган, танасининг эса моматалоғи чиқиб ётган экан.
Қашқадарё вилоятида яшаб келган 32 яшар Ҳусниддин Оққўзиев Чироқчи туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан қўлланилган аёвсиз қийноқ оқибатида жон таслим қилди. Ўтган йилнинг 17 май куни Ҳусниддин Оққўзиевни милиция ходимлари Дилфуза Ботирова исмли аёлга нисбатан безориликда айблаб, сўроқ учун ИИБга олиб келган. Бироқ ёш йигит у ердан озодликка қайтиб чиққани йўқ.
Оққўзиевнинг жасади унинг қариндошларига олиб келиб берилганда, улар Оққўзиевнинг танасида кўплаб қийноқ излари борлиги кўришган. Ҳусниддин Оққўзиевнинг акаси Фаҳриддинга кўра, укасининг ўнг оëғи бош бармоғи, тирноқлари синган, қорин қисмида ҳамма томони кўкарган, чап оëғининг тўрт панжаси нима биландир тикилган, бўйин ва чап қўли қисми кўкарган, кесиб ташланган бўлган.
Октябрь ойи охирларида Женевадаги БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасида Қийноқларни таъқиқловчи конвенция бажарилиши бўйича Ўзбекистон делегациясининг ҳисоботи кўриб чиқилганда, халқаро экспертлар бу мамлакатда қийноқлар мунтазам ва кенг тарқалган ҳолат эканини таъкидлашган эди. Бунга жавобан эса ўзбек делегациясига раҳбарлик қилган Акмал Саидов “мамлакат қонунчилиги қийноқ қўллашни таъқиқлаши, шунинг учун ҳеч бир ўзбек расмийси қонунга қарши иш тута олмаслигини” таъкидлаганди.
Айни пайтда “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Ўзбекистон куч ишлатар тузилмалари ходимлари томонидан тутиб туриш жойлари, тергов изоляторлари ва қамоқхоналарда қийноқ қўлланиши оқибатида ўлган кишиларнинг рўйхатини тайёрламоқда. Бу рўйхат яқин кунларда “Жараён” веб–сайтида эълон қилинади.
Мубина САФАРОВА
Fikr bildirish