Ҳуқуқ фаоллари 29 ўзбек қочқини қамоқда ноҳақ сақланмоқда, деган фикрда
Ҳуқуқни ҳимоя қилиш халқаро ташкилотлари уч йил муқаддам Олмаотадан Тошкентга экстрадиция қилинган 29 нафар ўзбек қочқини қийноқ қурбони бўлиб, ўзбек қамоқхоналарида ноҳақ сақланаётгани юзасидан хавотир билдирмоқда.
Ўтган ҳафтада Франциядаги АСАТ-France (Ўлим жазоси ва қийноқларга қарши насронийлар ассоциацияси) уч йил муқаддам Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 нафар ўзбек қочқини иши бўйича баёнот эълон қилди.
Ўз баёнотида АСАТ-France Қозоғистон ҳукуматига мурожаат қилиб, 29 кишини зудлик билан Қозоғистонга қайтарилишини таъминлаш ҳамда улар ва уларнинг қариндошларига керакли товон пулларини тўлаб беришни талаб қилди.
“Қозоғистон бу шахслар мамлакатдан экстрадиция қилинганидан кейин қийноққа тутилганига оид баёнотларнинг текшириши керак. Қозоғистон расмийлари сўнгги йил мобайнида бу шахсларни ҳимоя қилиш учун чора кўришга уриниш у ёқда турсин, экстрадиция қилинган шахсларга қамоқда қийноққа дучор қилинмагани тўғрисида аввалдан тайёрлаб қўйилган баёнотларни мажбуран имзолатиш учун Ўзбекистонга ўз дипломатини ҳам юборганлар”, – дейилади АСАТ-France баёнотида.
Шунингдек, АСАТ-France Ўзбекистон расмийларини Қозоғистондан экстрадиция қилинган қочқинларни зудлик билан озод қилиш ва ҳар қанақа шароитда ҳам уларнинг жисмоний ва руҳий дахлсизлигини кафолатлашга қатъий йўсинда даъват этган.
Эслатиб ўтсак, 29 нафар ўзбек мусулмон қочқини 2010 йилнинг июнь ойида Олмаота шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинганди. Бу қочқинлар турли йилларда маҳаллий махсус хизматларнинг диний сабаблар туфайли олиб борган таъқиблари туфайли Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганлар. Улар Қозоғистон ҳудудида бошпана топиш мақсадида яшаб келганлар.
Бир йил давомида қозоқ расмийлари уларни ҳибсда сақлаб турдилар, Қозоғистон судларида улар устидан маҳкамалар олиб борилди, бу орада БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарининг Қозоғистон ваколатхонаси уларни аввал олганлари қочқинлик мақомидан маҳрум қилди.
Қозоғистон томони 29 ўзбек қочқини Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигининг мамлакатда оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлик айблови асосида қўлга олинганларини билдирганди.
Бироқ 29 ўзбекистонлик ўзларига нисбатан билдирилган айбловларни тамоман рад қилиб, ўзбек махсус хизматлари уларни анъанавий ислом қадриятларидан фарқ қилувчи диний қарашлари сабабли таъқиб қилганини айтгандилар.
29 нафар ўзбек қочқини Олмаотада ҳибсга олинганидан сўнг Ғарбда истиқомат қиладиган ўзбек ҳуқуқ фаоллари ва мухолифатчилари Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев номига мактуб йўллаб, бу кишиларни расмий Тошкентга топширмасликни, чунки улар ўз тажрибаларидан ўзбек қамоқхоналаридаги мусулмонларга нисбатан қўлланиладиган ғайриинсоний муносабатдан хабардор эканларини билдиргандилар.
АСАТ-France ҳам 29 нафар ўзбек қочқини номидан БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига индивидуал шикоят йўллаган, ўз навбатида, БМТ қўмитаси Қозоғистон ҳукуматига бу қочқинлар иши кўриб чиқилмагунича уларни мамлакатдан экстрадиция қилмасликни сўраганди.
Бу илтимосларнинг барчасига қарамай, қозоқ ҳукумати 2011 йилнинг июнида 29 қочқинни Тошкентга бериб юборди, бу билан ўзи аъзо бўлганБМТнинг Қийноқ ва муомала ва жазонинг аёвсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситадиган бошқа турларига қарши конвенциясини қўпол равишда бузди.
Ўзбекистонда экстрадиция қилинган қочқинларнинг кўпи узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиндилар, улар устидан бўлиб ўтган суд маҳкамалари эса маҳаллий ва халқаро қонунларга мутлақо зид равишда бўлиб ўтди. “Жараён”нинг Ўзбекистон ичкарисидаги манбасига кўра, айни пайтда қамалган қочқинлар доимий қийноқ ва жуда оғир шароитда сақланмоқдалар.
2012 йилнинг ёзида Қозоғистон ҳукумати Ўзбекистонга ўз вакилини йўллаб, экстрадиция қилинганидан сўнг қамалган ўзбек қочқинларининг вазиятини, жумладан, уларга нисбатан қийноқ қўлланилаётган-қўлланилмаётганини ўрганиб келишни топширган. Қозоқ вакилининг мазкур сафари БМТ Қийноқларга қарши қўмитасининг Қозоғистонни экстрадиция қилинган қочқинлар тақдирини ўрганиш тўғрисидаги қарори билан боғлиқ эди.
Ўзбекистонга қилган сафари натижалари бўйича қозоқ вакили БМТ Қийноқларга қарши қўмитасига экстрадиция қилинган 29 нафар қочқиннинг 18 нафари билан ўзбек қамоқхоналарида учрашганини маълум қилган.
Қозоғистон вакили Ўзбекистон қамоқхоналарида учрашган ўзбек қочқинларининг исмлари: Сулайманов Турсунбой, Шодиев Акмалжон, Абдусаматов Тоиржон, Ғуломов Муҳитдин, Нуриллаев Бахтиёр, Нуриллаев Баҳриддин, Толипов Сирожиддин, Қўлдошев Ойбек, Хуррамов Сарвар, Шарипов Отабек, Ботиров Шуҳрат, Қурбонов Қобилжон, Бозоров Суҳроб, Ёқубов Абдуазимхўжа, Ҳошимов Алишер, Тўраев Равшан, Пардаев Исобек ва Умаров Файзиддин.
Қозоқ вакили маълумотларига кўра, юқорида исмлари келтирилган қамоқдаги 18 нафар киши дастлабки тергов ва суд пайтида гўё уларга нисбатан қийноқ, қонунга хилоф равишда жисмоний ва руҳий босим ёки бошқа таъқиқланган чоралар қўлланилмаганини маълум қилганлар.
“Бу шахсларнинг баданларида тан жароҳати асоратлари аниқланмаган. Шунингдек, учрашув пайтида судланганлар қамоқхона ички тартибига кўра қариндошлари билан доимий учрашиш, посилкалар ва озиқ-овқатларни олиш ҳуқуқига ҳам эгалар”, – дея маълум қилганди Қозоғистон томони БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бош бошқармасига йўллаган маълумотномасида.
Бироқ кўплаб ҳуқуқ фаоллари Қозоғистон томонининг бу маълумотномасини шубҳа остига олгандилар, чунки қамоқдаги қочқинларнинг қариндошлари уларга ҳибсдаги яқинларининг вазияти ҳақида мутлақо бошқача маълумот етказгандилар.
Қароргоҳи Парижда бўлган “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева “Жараён” билан суҳбатда Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган қочқинларнинг ҳозирги вазияти юзасидан хавотирда эканини айтади. Ҳуқуқ фаоли Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари БМТ Қийноқларга қарши қўмитасининг экстрадиция қилинган қочқинлар иши юзасидан чиқарган қарорини яқин орада амалга оширишларига шубҳа билдиради.
– Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ҳеч қачон БМТ қарорларини амалга оширмайдилар, аксинча улар БМТга шикоят қилганларга нисбатан босим ўтказадилар, маҳкумларни изоляторларга, карцерга қамайдилар, туҳмат кампанияларини уюштирадилар. Масалан, Ўзбекистон расмийлари халқаро ташкилотларга фаолиятига кирмайдиган Конрад Аденаур жамғармаси вакиллари Ўзбекистон қамоқхоналарига кириб чиққани ҳақида маълумот йўллади.
Ўз навбатида, Қозоғистон ҳукумати ҳам мамлакатдан ғайриқонуний бериб юборилган 29 нафар қочқиннинг қамоқдаги шароитини қозоқ дипломатлари бориб ўрганганлари ва қочқинлар гўёки ўз вазиятларидан мамнун эканлари ҳақида БМТга маълумот тақдим этди.
Халқаро органлар билан ҳамкорлик қилиш, уларнинг қарорлари ва тавсияларини амалга ошириш ўрнига бу икки мамлакат ҳукуматлари халқаро ташкилотларга умуман ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотни йўллашдан уялаётгани йўқ, – деди Мўътабар Тожибоева ва экстрадиция қилинган қочқинларни қочқинлик мақомидан маҳрум қилиб, уларнинг Ўзбекистонга бериб юборилишига қаршилик кўрсатмаган БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарининг Женевадаги офиси ҳам бу 29 нафар киши тақдири учун жавобгар эканини қўшимча қилди.
София ДАВРОНОВА
Fikr bildirish