Мирсобир Ҳамидқориевнинг онаси Париждаги “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоева билан телефон орқали боғланиб, ҳуқуқ фаолига ўғли билан учрашиш ниятида ўзи ва келини Элеонора Исаева эрталабдан бери ИИВ биноси ёнида ўтиршгани айтган.
Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, 24 июнь куни ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Мирсобир Ҳамидқориевнинг ота-онаси яшаб келаётган Тошкентдаги уйда тинтув ўтказишган ва натижада уйдан ҳеч нарса топа олишмаган.
– Тинтув пайтида ИИВ терговчиси Қамбаров Дониёр Мирсобирнинг ота-онасига ўғилларини Москвадан олиб келишганини маълум қилган. Мирсобирнинг онаси менга у ўғлига ҳеч нарса бера олмаётгани, терговчилар ундан кийим кечак ҳам, озиқ-овқат ҳам олишмаётганини айтди. Терговчи на Мирсобирнинг онаси, на унинг турмуш ўртоғи Элеонора Исаева билан гаплашмаётган экан, – дея маълум қилди “Жараён”га Мўътабар Тожибоева.
37 ёшли ўзбекистонлик тадбиркор Мирсобир Ҳамидқориев рафиқаси Элеонора Исаева ва саккиз ойлик фарзанди билан Россия ҳудудида бошпана олиш мақсадида яшаб келишган. Ҳамидқориев 2011 йилдан буён Ўзбекистонда халқаро қидирувда, Ўзбекистон томони уни “Ислом жиҳодчилари” ва “Ваҳҳобийлик” каби таъқиқланган диний-экстремистик ташкилотларни тузишга алоқадорликда айбламоқда.
Аммо ўзбек қочқинининг ўзи бу айбловларни тамоман рад қилиб келган. Ҳамидқориевга кўра, ўзбек махсус хизматлари уни Ўзбекистонда тортиб олинган 1,5 миллион долларли бизнеси туфайли овлашга тушган. Тошкентда Ҳамидқориевнинг “Мир электроники” дўкони бўлиб, бир неча йил аввал қора ниқоб таққан ва қўлида автомати бўлган шахслар бу дўконни тадбиркордан тортиб олишган.
Шунингдек, Мирсобир Ҳамидқориев Ўзбекистонда намойиши таъқиқланган “Нафс” фильмига продюсерлик қилгани ва мамлакатдаги ҳукмрон элита билан зиддияти туфайли ўзбек расмийлари кўзига ёмон кўриниб қолган.
Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг май ойи ўрталарида Россия ҳукумати Мирсобир Ҳамидқориевга қочқинлик мақомини берганди.
Аммо кўп ўтмай, аниқроғи, 9 июнь куни Мирсобир Ҳамидқориев Москва марказида номаълум кишилар томонидан ўғирлаб кетилган. Унинг рафиқаси Элеонора Исаева фарзанди билан дорихонага кириб чиққунича Ҳамидқориев ўтирган машинага икки йигит ўқдай учиб кирган ва машина Чистопрудний хиёбони томон учириб кетган. Шундан бери Мирсобир Ҳамидқориевнинг қаерда экани номаълумлигича қолаётган эди.
Ўзбек ҳуқуқ фаоллари энг бошдан Ҳамидқориев ўзбек махсус хизматлари томонидан уларнинг Россиядаги ҳамкасблари кўмагида ўғирлаб кетилгани ва Ўзбекистонга олиб кетилганини тахмин қилишганди.
Эслатиб ўтсак, жорий йилнинг 15 июнь куни “Жараён” веб-сайти Мирсобир Ҳамидқориевнинг турмуш ўртоғи Элеонора Исаева ҳам муҳтамалан Россиядан Ўзбекистонга олиб чиқиб кетилгани ҳақида ёзган эди. Бунга Исаеванинг ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоевага қилган телефон қўнғироғи ва ёзган СМС-хабарлари сабаб бўлганди.
Ўшанда Тожибоевага қўнғироқ қилган Элеонора Исаева йиғлаб, уни мажбуран самолётда Москвадан Тошкентга олиб кетишгани, паспортини олиб қўйиб, қандайдир квартирага қамаб қўйишганини айтганди.
София ДАВРОНОВА
Fikr bildirish