Маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари Марказий Осиё давлатларини қийноқлар ва қийнаганлик учун жазосиз қолишга чек қўйишга чақирмоқда
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари коалицияси 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро кунида Марказий Осиёнинг беш давлати ҳукуматларини оммавий ва сўзсиз равишда қийноқларни қоралашга ва бунга содиқлигини ўз хатти-ҳаракатлари орқали намойиш қилишга чақирди.
1997 йилнинг декабрь ойида БМТ Бош ассамблеяси қийноқ каби жиноятга қарши курашиш учун бутун дунё бўйлаб қийноқ қурбонлари ва жабрланганларга ўз эҳтиромини билдириш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 26 июнни Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни, деб эълон қилган.
27 йил аввал 1987 йилнинг 26 июнь куни кучга кирган БМТнинг Қийноқ ва муомала ва жазонинг аёвсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситадиган бошқа турларига қарши конвенциясига (Қийноқларга қарши конвенция) кўра, қийноқлар халқаро қонунлар билан бутунлай таъқиқланган ва уларнинг қўлланишини ҳеч қандай шароитда оқлаб бўлмайди.
Марказий Осиёнинг барча давлатлари Қийноқларга қарши конвенциянинг иштирокчиси ҳисобланади ва шу тариқа, ўз юрисдикцияси остидаги ҳар бир кишини қийноқларданҳимоя қилиш бўйича мажбуриятни ўз зиммасига олган. Шунингдек, улар, масалан, қийноқлардан ҳимоя қилиш чораларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаларига ўзгартишлар киритиш орқали кейинги ижобий қадамларни ҳам қабул қилганлар. Аммо қийноқлар Марказий Осиёда авж олишда давом этаяпти.
Қийноқ минтақанинг ҳар бир мамлакатида кенг қўлланилмоқда, қийноқ қўллаганлик учун жазосизлик эса кенг тарқалган кўринишдир. Ҳар йили ҳуқуқ фаоллари бутун минтақа бўйлаб қийноқ ва аёвсиз муносабатнинг бошқа кўринишларининг қўлланиши билан боғлиқ юзлаб ҳолатларни қайд этадилар.
Масалан, 2013 йилнинг октябрь ойида Қозоғистон шимолидаги Қўстанай вилоятидаги Узункўл туман полицияси Руслан Баймағамбетовни 120,000 минг тенге (тақрибан 480 евро) ва бир қути пивони ўғирлаганликда гумонлаб, қўлга олган. Баймағамбетовни судда ҳимоя қилиш учун уни адвокат билан таъминлаган Қозоғистондаги Инсон ҳуқуқлари ва инсон ҳуқуқларига риоя қилиш халқаро бюросининг Қўстанай шаҳар бюроси маълумотларига кўра, уч нафар полиция ходими йигитдан иқрорлик кўрсатмаси олиш учун унинг юзи ва кўкрагига қарата урганлар. Улар йигитнинг қўлини орқага қайириб, эгилишга мажбур қилганлар.
Улар Русланни ечинишга мажбур қилишган, резина таёқ билан зўрлашларини айтиб қўрқитишган ва унинг бошига, кўкрагига ва қўлларига уришда давом этганлар. Йигит дўппослашлар натижасида ерга қўлаганида эса полициячилар уни тепкилашда давом этганлар. 2014 йилнинг 17 март куни уч нафар полиция ходими икки йилдан икки ярим йилгача қамоқ муддатларига ҳукм қилинганлар.
Қийноқ ва аёвсиз муносабат Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида маҳбусларга нисбатан асосан улар кўпинча адвокатсиз ва тиббиёт ходимлари хизматларидан фойдалана олмайдиган ҳамда бутунлай изоляцияда сақланган пайтда, яъни ҳибсга олинганларининг илк соатларида қўлланади. Бироқ изолятор ва қамоқхоналардаги одамлар ҳам кейинги босқичларда қийноқ ва аёвсиз муносабатнинг бошқа турлари ҳақида хабар қилган пайтлари ҳам бўлган.
Мазкур баёнот орқали нодавлат ташкилотлар Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларининг қийноқ ва шафқатсиз муносабатнинг ҳар қандай турлари бўйича мурожаатлар юзасидан тезкорлик билан пухта ва тарафсиз текширув ўтказа олмасликлари, натижада аксар ҳолларда қийноқ қўллаганлик бўйича айбдорлар жазосиз қолиб кетаётганлари юзасидан ўз хавотирларини билдирадилар.
2010 йилнинг июнь ойида Қирғизистон жанубидаги Ўш ва Жалолобод шаҳарларида қирғизлар ва этник ўзбеклар ўртасида бўлиб ўтган зўравонликлар натижасида юзлаб киши ҳалок бўлди, минглаб киши жароҳат олди, юз минглар кишилар эса ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар. Этник зўравонликлар пайтида ва ундан сўнг ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик хизмати идоралари ходимлари томонидан қийноқ қўллаш ва шафқатсиз муносабатнинг ҳар қандай турлари қўлланилгани юзасидан кўплаб хабарлар келиб тушди.
Бироқ шунга қарамай, бугунги кунда расмийлар фуқаролар, ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик хизмати ходимларидан ташкил топган гумонланувчиларни жавобгарликка тортиш учун самарали текширув ўтказиш бўйича деярли ҳеч қандай ҳаракат қилмаяптилар. Қатағонлардан ҳадиксираган қўлга олинган этник ўзбекларнинг қариндошлари ҳозиргача қийноқ ва шафқатсиз муносабат қўлланиш юзасидан милиция ва прокуратурага шикоят аризаси билан мурожаат қилишни исташмаяпти.
Нодавлат ташкилотларига одамлар ҳибсда жон таслим қилганлари, уларнинг қариндошлари эса узоқ йиллар давомида адолат излаб юрганларига оид кўплаб ҳолатлар маълум.
Масалан, 2014 йилнинг 27 июнь куни Хуршед Бобокалоновнинг жон таслим қилганига беш йил бўлади. Беш йил аввал Тожикистондаги катта онколог ўзининг таваллуд айёмини дўстлари билан бирга нишонлаш учун Душанбедаги уйидан чиққан. Исмоил Сомоний туман полицияси ходимлари уйларига кетаётган Хуршед Бобокалонов ва унинг дўстларини тўхтатиб, милиция машинасида ўзлари билан олиб кетганлар.
Ўша оқшом Хуршед Бобокалоновнинг оила аъзолари унинг ўлганидан хабар топганлар. 2009 йилнинг 28 июнь куни мурдани ёриш амалиёти ўтказилганида йигит қусиш ортидан нафас йўллари тўсилиб қолгани туфайли бўғилишдан жон таслим қилгани аниқланган. Тиббий экспертлар унинг танасида ўлимидан бир муддат олдин қаттиқ ўтмас жисм билан уриш оқибатида юзага келиши мумкин бўлган қонталаш ва лат еган жойларни қайд этганлар.
Йигитнинг онаси ва юристларнинг воқеа аслида қандай бўлгани ва бунинг учун ким жавобгар эканини билишга астойдил уринишлари ҳеч қандай натижа бермаган. Иш бир неча бор ёпилиб, яна бир неча марта қайта очилган. Бобокалоновнинг онаси расмийлар айбдорни/айбдорларни аниқлашда сусткашлик қилаётганлари, кўмаклашни истамаётганлари, тергов ҳаракатлари бўйича унга маълумот беришни хоҳламаётганлари ва унинг адвокати хатларига жавоб бермаётганларига амин бўлган. Хуршед Бобокалонов ўлими юзасидан шу кунгача ҳали ҳеч ким жавобгарликка тортилгани йўқ.
Қийноқ қурбонларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган ҳуқуқ фаоллари ва адвокатлар Марказий Осиё мамлакатларининг барчасида касбий таҳдидга дуч келадилар. Мазкур муаммо ҳақида сўз очган қийноқ қурбонлари ва уларнинг яқинлари ҳам қатағонга учраш хавфи остида яшайдилар.
Кўп ҳолларда фаоллар расмийлар томонидан қаттиқ назорат қилинади; улар ҳаддан зиёд кўп текширувларга дучор қилинади ва баъзи пайтларда нодавлат-нотижорат ташкилотлари инсон ҳуқуқлари соҳасида иш олиб боргани туфайли ёпилиш хавфи остида қолади. Туркманистонда бирорта ҳам мустақил ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти очиқ ҳаракат қилолмайди, инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини мониторинг қилиб, улар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб бораётган фуқаролар ҳам қийноққа, аёвсиз муносабатга дучор қилиниш ёки қамоққа олиниш хавфи остида яшайди.
2012 йилнинг июнь ойида Мансур Мингелов ва унинг укаси Туркманистон жануби-шарқидаги Мари вилоятида гиёҳванд модда билан боғлиқ айблов бўйича ҳибсга олинган. Сўроқ пайтида уларни дўппослашган. Орадан 15 кун ўтиб Мансур озодликка чиққач, аёвсиз муносабат юзасидан расмийларга арз қилган ва Мари вилоятида яшайдиган аксари этник балужларга нисбатан қўлланилмиш қийноқ ва аёвсиз муносабат, шу жумладан, милиция ходимлари ҳибсга олинганларнинг моягини омбир билан қисгани ва электр токи билан қийнагани бўйича далил йиға бошлаган.
У йиққан маълумотларини чет эллик дипломатлар ва Бош прокуратурага йўллаган. Кўп ўтмай уни ҳибсга олганлар ва тамоман адолатсизлик билан ўтган суддан сўнг у 2012 йилнинг сентябрь ойида 22 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Мингеловнинг таъкидлашича, унга нисбатан “вояга етмаганларни ижтимоий жиҳатдан номуносиб ҳаракатларга жалб қилганлик” ҳамда порнография ва гиёҳванд моддаларни тайёрлаш ва тарқатиш каби сохта айбловлар уйдирилган.
Ушбу баёнот билан чиқаётган нодавлат ташкилотлари МДҲнинг баъзи мамлакатлари, хусусан, Қозоғистон, Россия ва Украина миллий хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш баҳонаси билан таъқиқланган исломий гуруҳ ва партияларга аъзоликда гумонланаётган кўплаб кишиларни Тожикистон ва Ўзбекистонга мажбуран топшираётгани юзасидан ҳам ўз хавотирларини билдирадилар.
Бу одамларнинг кўпи ватанига қайтарилганидан кейин қийноқларга дучор қилинмоқда. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро қонунлар, хусусан, Қийноқларга қарши қонвенцияга мувофиқ, давлатларнинг бирор-бир кишини ўз ихтиёрига қарши равишда қийноқ ёки аёвсиз муносабатнинг бошқа турлари қўлланиши бўйича реал хавф мавжуд бўлган мамлакатга бериб юбориши таъқиқланган.
2014 йилнинг июнь ойи бошида содир бўлган иккита алоҳида ҳодиса чоғида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Мирсобир Ҳамидқориев ва унинг фуқаровий рафиқаси Элеонора Исаевани Москвадан ўғирлаб кетиб, уларни Ўзбекистонга мажбуран қайтаргани тахмин қилинади. Ўзбекистонлик продюсер ва тадбиркор Мирсобир Ҳамидқориев Россия Федерациясидан бошпана сўраган ва 2014 йилнинг 12 май куни Москва шаҳар Замоскворецкий туман суди Федерал миграция хизмати уни қочқин, дея тан олиши кераклиги ҳақида қарор чиқарган.
У Ўзбекистон расмийлари томонидан 2009 йили диний-экстремистик ташкилот тузганлик айблови асосида қидирувга берилган. Ўзбекистон фуқароси бўлган Элеонора Исаева ҳам Мирсобир Ҳамидқориевдан иқрорнома ва маълумот олиш мақсадида унга босим ўтказиш нишонига айлангани тахмин этилади. Уларнинг иккаласи ҳам Ўзбекистонда қийноққа дучор қилиниш хавфи остида қолмоқда.
Бизда Россия расмийлари аввалда ҳам бўлгани каби ўзбек куч ишлатар тузилмалари ходимларига одам ўғирлашда кўмак кўрсатиш бўйича тил бириктирганлари юзасидан ишончли маълумотлар бор.
Қўшимча маълумот олиш учун, марҳамат қилиб, қуйидаги манзилга мурожаат қилинг:
Ленур Керимов (Lenur Kerymov), Инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки жамғармаси (Польша), лойиҳа мувофиқлаштирувчиси, мобиль телефон: +48504080257, электрон почта: L.Kerymov@hfhrpol.waw.pl
Fikr bildirish