Қирғизистонда яна бир мусулмон қочқин Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш хавфи остида қолмоқда
“Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказининг маълум қилишича, Ўзбекистонда “исломий экстремизм”да айбланиб, қидирувга берилган қочқин Аблахат Итохунов 7 ойдан буён Бишкекдаги тергов изоляторида тақдири ҳал бўлишини кутиб яшамоқда.
Москвада жойлашган “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази вакилларига кўра, Россия фуқароси бўлган 42 ёшли Аблахат Итохунов Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан 2013 йилнинг 28 ноябрь куни Қораболта шаҳрида қидирувга берилган шахс сифатида қўлга олинган. Шундан бери ҳибсда сақланаётган Итохуновнинг ҳибс муддати бир неча бор узайтирилган.
– Қирғизистон Бош прокуратураси ҳозирча унинг экстрадицияси бўйича бирор қарор чиқаргани йўқ. Аммо миграция идораси Аблахат Итохуновда Россия фуқаролиги борлиги сабаб, унинг бошпана бериш тўғрисида сўраб ёзган аризасига рад жавоби қайтарди. Жорий йилнинг март ойида Итохунов махсус хизмат тергов изоляторидан Бишкек шаҳридаги 1-сонли тергов изоляторига кўчирилди. Бу ерда унинг соғлиғи ёмонлашди, бироқ, адвокатнинг айтишича, Итохуновга ҳозиргача зарур тиббий ёрдам кўрсатилмаган, – дейди “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказининг Марказий Осиё дастурлари бўйича директори Виталий Пономарёв.
Унинг айтишича, ўтган йилнинг 30 ноябрь куни Бишкек шаҳар Биринчи май туман суди Аблахат Итохуновнинг ҳибсга олиниши ҳақида қарор чиқарган, бир ой ўтгач эса Бишкек шаҳар суди ушбу қарорни ўз кучида қолдирган. Ҳуқуқ фаолига кўра, ҳозиргача Итохуновга чиқарилган суд қарорларини ўзгартириш бўйича уринишлар натижа бермаган.
Уйғур миллатига мансуб Аблахат Итохунов Қирғизистоннинг Чуй вилоятида туғилиб ўсган, аммо 1993 йили отаси вафот этгач, у онасининг ватанига, Ўзбекистонга кўчиб ўтишга аҳд қилган. Ўзбекистонда Аблахат Итохунов Самарқанд вилоятидаги қишлоқларнинг бирида яшаб келган, аммо кейинчалик иш излаб, Тошкент вилоятига кўчиб ўтган. 1994 йили Аблахат Итохунов Ўзбекистонда фуқаролиги йўқ шахс сифатида вақтинча яшаш рухсатномасини олган ва қурилиш объектларида ишлаб келган. 2001-2004 йиллари Итохунов ўз хоҳишига кўра Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги марказий масжид қурилишида қатнашган.
– Аблахат ёшлигидан намоз ўқиган, Марказий Осиё мамлакатлари учун анъанавий ҳисобланмиш Ҳанафий мазҳаби бўйича ислом қоидаларига амал қилган. Аммо у Чирчиқ шаҳридаги масжиднинг қурилиш ишларида иштирок этганидан сўнг, ўзбек махсус хизматлари унинг шахси билан қизиқиб қолишган, уларни нима учун қирғизистонлик мусулмон Ўзбекистонга кўчиб ўтгани қизиқтирган. Шундай бўлса-да, унга ҳеч қанақа эътироз билдирилмаган, – дейди Виталий Пономарёв.
Унинг сўзларига кўра, 2006 йил август ойида Аблахат Итохунов Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси орқали Россия фуқаролигини олган. Бир йил ўтгач эса Аблахатнинг уйига милиция нозири келиб, уни Миллий хавфсизлик хизматининг маҳаллий бўлимига олиб кетган.
– У ерда Аблахатга таъқиқланган диний гуруҳга аъзолиги ҳақида “ҳужжатлар келиб тушгани”ни айтишган. Қаттиқ дўппослаш ва таҳдидлардан сўнг “иқрорнома”га қўл қўйдириб олишган. Итохуновнинг ҳеч қандай гуноҳ қилмагани ҳақидаги сўзларига махсус хизмати ходимларидан бири мана бундай жавоб қайтарган: “Агар бирор иш қилганингда, бу ердан ҳеч қачон қутилиб чиқмасдинг”.
Бу “суҳбат”дан бир ёки икки кун ўтиб, Итохунов Олмаотага кўчиб кетган, 2007 йил июлида эса у Қозоғистондан Қирғизистондаги қариндошлариникига кўчиб ўтган. Ўша йилнинг август ойида у Ўзбекистонга бориб, оиласини Қирғизистонга кўчириб келган ва ўшандан буён Қораболта шаҳрида Ўзбекистон фуқароси бўлмиш турмуш ўртоғи ва балоғатга етмаган икки қизи билан бирга яшаб келган. 2008 йили Аблахат ҳажга бориб келган ва ҳар йили бир маротаба Ўзбекистонга оиласи билан бирга бориб турган, – дейди Виталий Пономарёв.
Бироқ 2010 йили Чирчиқда Аблахат Итохуновнинг икки дўсти – Алишер Бўронов ва Ғайрат Смановлар қўлга олинганлар ва ҳуқуқ фаолларига кўра, тергов давомида улар Итохунов 2005 йили тузилган ноқонуний диний гуруҳнинг раҳбари экани ҳақида Аблахатга ҳам қарши кўрсатма беришга мажбур қилинганлар.
2010 йилнинг 22 октябрь куни Чирчиқ шаҳар Ички ишлар бўлими терговчиси М.Ёдгоров Аблахат Итохуновга қарши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисми (“Конституциявий тузумга тажовуз қилиш”) ва 244-2 моддасининг 1-қисми (“Таъқиқланган диний-экстремистик ташкилотга аъзолик”) каби моддалари бўйича жиноий иш очган.
– 2011 йилнинг охирида Итохунов паспортининг амал қилиш муддати тугаётгани сабабли Россиянинг Қирғизистондаги элчихонасига мурожаат қилган, бироқ 9 ой давомида элчихона ходимлари унга “паспорт ҳозирча тайёр эмас” дея жавоб бериб келишган. 2012 йилнинг 27 сентябрь куни Россия элчихонасига қилинган қўнғироқдан бир кун ўтиб, Аблахатнинг уйига ўзини маҳаллий Интерпол ходимлари дея таништирган икки нафар милиция ходими кириб келган. Улар Итохунов қидирувга берилгани ҳақидаги ҳужжатни кўрсатишган ва гўё Россия уни ҳибсга олишга розилик берганини маълум қилишган.
Шундан сўнг бу икки киши Аблахатни Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг Бишкекдаги бир бўлимига олиб кетишган. У ерда милиция ходимлари Аблахатга 4,5 минг АҚШ доллари эвазига уни озод қилишлари мумкинлигини айтишган. Кечга яқин Итохуновнинг яқинлари айтилган пулни йиғиб, олиб келишган, шундан сўнг қирғиз миршаблари Аблахатни озод қилишган. Айни пайтда милиция ходимлари унга турар-жойини алмаштиришни, чунки унинг ҳозирги яшаш манзили Тошкентга маълумлигини айтишган, – дейди Виталий Пономарёв.
Орадан маълум вақт ўтгач, Аблахат Итохунов Қирғизистондаги ҳуқуқ фаоллари Ақин Тўқталиев ва Шерик Молдобековлар билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлган. Уларнинг ёрдамида мусулмон қочқин Қирғизистоннинг Меҳнат, миграция ва ёшлар вазирлигига мурожаат қилган ва 2013 йилнинг 25 июль куни бошпана изловчи шахс руҳсатномасини қўлга киритган.
Бироқ, Виталий Пономарёвнинг айтишича, Аблахат Итохуновнинг ишида қатор жиддий қонунбузарликлар рўй берган.
– Жумладан, Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик хизмати ҳам, судлар ҳам Аблахат Итохуновнинг ҳибсга олиниши 2002 йили МДҲ давлатлари ўртасида имзоланган “Ҳуқуқий кўмак ва фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатлар” тўғрисидаги Кишинёв конвенцияси билан боғлиқлигини айтишмоқда. Аммо Ўзбекистон бу конвенцияга қўшилмаган, шунинг учун бу икки давлат расмийлари жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳамкорликларини бу конвенцияга асосан бажара олишмайди.
Бундан ташқари, айблов версиясига кўра, Итохунов Ўзбекистонда республика конституцияси бўйича таъқиқланган “Ислом ҳалифалигини тузиш” ғояларини тарғиб қилган ва бу бўйича ўзи тузган гуруҳ аъзоларига топшириқ бериб борган ҳамда ўзбек терговчиларининг билдиришича, Аблахат Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, ҳокимиятни куч билан босиб олиш ва Ўзбекистон республикаси ҳудудий яхлитлигига рахна солишга ҳаракат қилган. Бу айбловларнинг айримлари жуда шубҳали кўринади.
Шу билан бир қаторда, Ўзбекистондан келиб тушган материалларда Итохуновга нисбатан билдирилган айбловларнинг аниқ эпизодлари мавжуд эмас. Шунингдек, у ҳужжатларда Ўзбекистондаги қайси идора ва қачон Итохунов гўёки раҳбарлик қилган ташкилотни таъқиқлангани ҳақида қарор чиқаргани ҳам айтилмаган, бундай қарорнинг ўзи борлигига ҳам ишониш жуда қийин, – дейди Виталий Пономарёв.
Аблахат Итохуновнинг ўзи Ўзбекистон томони билдираётган барча айбловларни инкор қилиб, иш сохталаштирилганини айтаяпти.
Ўтган йилнинг 17 декабрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Қирғизистонга Россия фуқароси бўлмиш Аблахат Итохуновни экстрадиция қилиш бўйича расмий сўровнома жўнатган. Бир йил ўтгач, Қирғизистон миграция хизмати Итохунов Россия фуқаролиги борлиги сабабли мамлакатда қочқин мақомини ололмаслигини маълум қилди. Миграция хизматининг бу қарорини Бишкек суди ҳам қўллади.
Виталий Пономарёвнинг айтишича, ҳуқуқ фаолларининг Аблахат Итохунов иши бўйича Россия расмийларига қилган мурожаатлари ҳеч қандай натижа бермаган.
– Жорий йилнинг февраль ойи охирида Россия элчихонасининг Қирғизистондаги консуллиги вакили бир маротаба Аблахат билан учрашган ва унга ҳеч қандай ёрдам кўрсата олмаслигини билдирган. Элчихона вакили, ўз тахминича, Итохунов яқин орада бериб юбориладиган Ўзбекистондаги Россия элчихонаси билан вақтлироқ боғланишни маслаҳат берган, – деди Виталий Пономарёв.
Айни пайтда мусулмон қочқинининг иши билан шуғулланаётган ҳуқуқ фаоллари фақат халқаро ташкилотларга қилинган мурожаатларгина Аблахат Итохунов экстрадициясини ортга суриб турганини айтишмоқда.
Уларга кўра, Аблахат Итохунов Ўзбекистонга экстрадиция қилинган тақдирда, уни у ерда қийноқ ва “экстремизм” ҳақидаги шубҳали иш бўйича узоқ муддатли қамоқ жазоси кутмоқда.
Гўзал АҲМЕДОВА
Fikr bildirish