Ташкилот баёнотида келтирилишича, Мурод Жўраевнинг турмуш ўртоғи Холбика Жўраева 14-15 июль кунлари эрини Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 64/6-сонли колонияга бориб кўрган ва шундан сўнг ҳуқуқ фаолларига эрининг соғлиғи ўта аянчли аҳволда эканини маълум қилган.
“Қамоқда Мурод Жўраевнинг соғлиғи жиддий ёмонлашган. У барча тишларидан маҳрум бўлган. Аниқланишича, 2013 йили тиш шифокори унинг жағини келиб ўлчаб кетган, аммо бундан унинг оила аъзоларининг хабари бўлмаган. Қамоқхона маъмурияти Жўраевга бошқа тиш шифокорининг хизматидан фойдаланишига изн бермаган. Мурод Жўраев қуюқ овқат еёлмайди, овқат ҳазм қилишда муаммога дуч келган, жуда кўп вазн йўқотган.
Унинг оёқлари доимо оғриб тураркан, қаттиқ бош оғриғидан азият чекаркан. Мурод Жўраевга 1994 йили қўлга олинганидан буён тиббий ёрдам кўрсатилмаган. Қамоқхона ходимлари уни доимо руҳий босим остида ушлашаркан ва бошқа маҳбуслардан ажратиб, яккалаб қўйишган экан. Қамоқхона маъмурлари бошқа маҳбусларга, агар улар Жўраев билан алоқа қилишса, уларнинг қамоқ муддати ҳам узайтирилиши билан таҳдид қилишар экан”, дейилади Amnesty International баёнотида.
Amnesty International ўзбек расмийларини сиёсий маҳбус Мурод Жўраевни қамоқда соғлиғи ёмонлашгани сабабли зудлик билан озод қилиш ҳамда халқаро меъёрларига амал қилган ҳолда, унинг иши бўйича текширув ўтказишга даъват қилди.
“Жумладан, ўзбек расмийлари зудлик билан Мурод Жўраевга нисбатан сўнгги 19 йил ичида қўлланилаётгани айтилаётган қийноқлар юзасидан холисона текширув ўтказиши керак”, – дейилади AI баёнотида.
“Жараён” журналистлари Мурод Жўраевнинг рафиқаси Холбика опа билан боғланишга муваффақ бўлди ва у веб-сайтимизга турмуш ўртоғининг қамоқхонада чекаётган бошқа дард-изтироблари ҳақида ҳам айтиб берди.
– У кишининг гайморити бор эди, ҳозир у сурункали кўринишга ўтиб кетибди. Натижада эримнинг бурнидан доимо йиринг оқиб турибди, дамма-дам бурунларини артиш учун дастрўмол алмаштиришга мажбур бўлаяптилар. Бунинг оқибатида миясининг орқа томони қаттиқ оғрияпти, бошини кўтаролмайдиган аҳволга тушиб қолган. Турмуш ўртоғим кундузи кўзи ёмон кўриши, кечаси эса умуман кўрмай қолаётгани туфайли фонарь билан ҳаракатланишга мажбур бўлиб қолган.
Мен буларнинг барчаси гайморит сабабли бўлаяпти, деб ўйлаяпман. Бундан ташқари, Мурод аканинг доимо давленияси кўтарилиб турибди. Доимо кекираяпти, оғзидан ёмон ҳид келаяпти. Мен унга “Мезим” дорисини бериб, кейин овқатлантиришга мажбур бўлдим. Врачлар на унинг ва на бизнинг Мурод акага тиббий ёрдам кўрсатиш кераклиги ҳақидаги илтимосларимизга умуман эътибор қилишмаяпти. Қамоқхонадан жуда тушкун кайфиятда чиқдим, – дейди кўзига ёш олиб Холбика опа.
Унинг айтишича, Мурод Жўраевнинг навбатдаги қамоқ муддати 2015 йилнинг 12 ноябрь куни тугаши керак. Унинг яқинлари Жўраевнинг жазо муддати яна узайтирилмаслигида халқаро жамоатчиликнинг ўзбек расмийларига босим ўтказишига умид қилмоқда.
– Ҳозир барча умидимиз халқаро ҳамжамиятдан. Турмуш ўртоғим билан сўнгги бор кўришганимизда улар менга: “Ташқаридаги ҳаракатлар сабабли мени оғир ишлардан озод қилишди, байрам арафасида изоляторга ташлашмади, фақат бир маротаба виговор беришди”, деди. Агар ўша виговор бўлмаганида, Мурод акани амнистия бўйича озод қилишлари керак эди.
Ҳозир улардан қуруқ суяк қолган, мен у кишига доимо қамоққа кийим олиб келаман-да, ўзим кийинаётганини кўрмаслик учун ташқарига чиқиб, йиғлаб оламан. Чунки ҳозир турмуш ўртоғим қари чолдек бўлиб қолган. Агар ўзбек расмийлари уни келаси йили ҳам озод қилишмаса, Мурод аканинг бундан буён озод бўлишига бўлган барча умидларим сўнади, – дейди “Жараён”га Холбика Жўраева.
Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Мурод Жўраев 1994 йилнинг 18 сентябрь куни ҳибсга олинган. Ўзбек расмийлари уни ҳокимиятни куч билан босиб олишга урунганликда айблашган. 1995 йилнинг март ойида ўзбек суди Мурод Жўраевни 12 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.
Бироқ мустақил кузатувчилар Мурод Жўраев ўзининг ўзгача фикрлагани ва республикадаги вазиятни яхши томонга ўзгартиришга ҳаракат қилгани боис қамоққа олинганини айтиб келишади.
Ўзбек расмийлари Мурод Жўраев озодликка чиқишига оз муддат қолганида унинг жазо муддатини уч марта турли баҳоналар билан узайтириб қўйганлар. Хусусан, 2003, 2006, 2009 ва 2012 йиллари Мурод Жўраев “қамоқхона ички тартибини бузганлик”да айбланиб, унинг жазо муддати узайтирилган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи нуфузли халқаро ташкилотлар Мурод Жўраевни бир неча йиллардан буён Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган ҳамда руҳий ва жисмоний қийноқларга солинаётган сиёсий маҳбуслар рўйхатига киритиб келадилар.
Асад БОЙМУРОДОВ
Fikr bildirish