Россия миграция органлари икки яшар гўдакни онасидан айириб қўйди
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг маълум қилишича, Россия миграция идоралари мамлакатдан 38 яшар андижонлик Хилола Камаловани депортация қилишган, мамлакатда эса ёш онанинг икки яшар гўдаги қолиб кетган.
Жорий йилнинг 22 июль куни эълон қилинган “Эзгулик” жамияти матбуот варақчасида келтирилишича, 38 яшар андижонлик Хилола Камалова шу йилнинг 25 июнь куни Россиядан Ўзбекистонга депортация қилинган.
“Хилолахон Камалова Россия Федерацияси қонун ҳужжатларига мувофиқ, тегишли патент тўғирлаш учун шу йилнинг 24 июнь куни бу мамлакат ҳудудидан чиқиб, Қозоғистонга келади. Аммо Россияга қайтаётганида уни чегарачилар давлат сарҳадларини кесиб ўтишда қонунбузарликка йўл қўйганликда айблаб, Ўзбекистонга депортация қилишади. 2 йилга қадар Россия ҳудудига киришга таъқиқ қўйилган Хилолахоннинг фарзанди Москва вилояти Егоровск шаҳарчасидада истиқомат қилувчи қўшниси қўлида қолиб кетган”, – дейилади “Эзгулик” матбуот варақчасида.
Хилола Камалованинг қизи Анастасия Россия фуқароси, у 2012 йили ўзбек аёлининг Россия фуқароси бўлмиш Владимир Ивкиннинг никоҳидан дунёга келган.
“Аммо суд болага ўзга бир одамни васий сифатида тайинламаган экан, Россия қонунларида ҳам, Ўзбекистон қонунларида ҳам гўдакнинг парвариш мажбурияти онанинг зиммасида қолаверади”, – дейилади “Эзгулик” матбуот варақчасида.
Хилола Камалованинг ўзи эса ҳуқуқ фаолларига ёрдам сўраб Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига мурожаат қилгани, аммо дипломатик корпус ходимлари унинг сўзларини тингламаганликларини маълум қилган.
“Ўзбекистондаги Россия элчихонаси ҳатто гапимни тинглаётгани ҳам йўқ. Менга нима сабабдандир “запрет” қўйилганмиш. Шунинг учун 2 йилга қадар бу ҳудудга кира олмас эканман. Унда 2 йил давомида боламнинг тақдири нима бўлади? Эрим Владимир бўлса бошқа бир шахсга Анастасияни олиб юришга ишонч қоғози бермаётир”, – дея айтиб берган “Эзгулик” вакилларига Хилола Камалова.
Қуйида “Жараён” таҳририяти Хилола Камалованинг Ўзбекистондаги телефон рақамини келтиради +998 91 352 50 31 ҳамда Россия ва ўзбек ҳуқуқ фаолларининг икки яшар Анастасиянинг яна онаси билан бирга бўлишида ёрдам беришларига умид билдиради.
Бизнинг веб-сайтимиз Хилола Камалова ва унинг қизалоғи тақдирини яқиндан кузатиб, бу ҳақда ўз ўқувчиларини хабардор қилиб боради.
“Жараён” таҳририяти
Fikr bildirish