Тожикистоннинг Россиядаги дипломатик идораси ҳамюртларга яхши муносабатда бўлмаяпти
Жорий йилнинг июль ойида мен илк бор Тожикистон Республикасининг Россиядаги консуллигига – хорижий паспортимни уч йилга чўздириш учун бориш “бахтига” муяссар бўлдим.
Аммо бошдан кечирганим воқеани бошлашдан аввал муштарийларга айрим атамаларни тушунтириб ўтишни лозим топдим. Консулликнинг элчихонадан қандай фарқи бор? “
Элчихона бу фавқулодда ва мухтор элчи томонидан бошқариладиган олий даражадаги дипломатик ваколатхонадир (турилган давлат ҳудудида икки давлат ўртасида дипломатик алоқа юритиш учун аккредитациядан ўтадиган давлат томонидан таъсис этилган идорадир).
“Консуллик бир давлатнинг бошқа давлат ҳудудида (кейингисининг розилиги билан) муайян вазифаларни бажариш учун таъсис этилган ташқи алоқалар юритувчи идорасидир”. Консулликнинг элчихонадан фарқи: “…элчихона, биринчи навбатда, сиёсий масалаларни ҳал қилиш (музокаралар олиб бориш, ўзи жойлашган мамлакат ҳақида маълумот йиғиш) билан шуғулланади, консуллик маҳаллий расмийлар билан мулоқот қилади, фуқароларга хизмат кўрсатиш, қонунчилик доирасида уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш (визалар, паспортлар, нотариал ҳужжатлар, маълумотномалар ва б.) билан шуғулланади. Элчихоналар ичида, одатда, ҳужжатларни расмийлаштирадиган ва визалар берадиган консуллик бўлимлари фаолият кўрсатади (http://ru.wikipedia.org сайтидан олинди).
Бу мақолани ёзишга Россия ҳудудида Тожикистон Республикасининг кўплаб ваколатхоналари (Элчихона, Консуллик, Тожикистон Республикаси ҳукумати қошидаги Федерал миграция хизмати, фахрий консулликлар) иш юритаётганига қарамай, мамлакатимиз фуқаролари бу ерда ўзларини хавфсиз, давлат ҳимоясида ҳис қилмасликлари борасидаги аччиқланганим ва бундан норозилигим сабаб бўлди.
Бу тизим билан ўзим юзма-юз келгач, ўз таассуротларим билан ўртоқлашишни, ватандошларимга Россиядаги энг асосий идора — Тожикистон Республикаси элчихонаси ва консуллигининг муносабатини баён қилиб беришни истадим. Балки консуллигимизга яна анча вақтгача кирмай юришим мумкин эди, бироқ хорижий паспортим муддатини узайтиришга тўғри келиб қолди, бу масала билан эса боражагим Москвада жойлашган Тожикистоннинг Россиядаги консуллигигина шуғулланади. Шу туфайли мен у ерда содир бўлаётган воқеаларни ўз кўзим билан кўришга муваффақ бўлдим.
Мен Москвага келиб, метронинг керакли станциясида тушганимда консулликка элтувчи йўлни дарров топа олмадим, шунинг учун йўловчилардан у ерга қандай бориш кераклигини сўрай бошладим. Йўловчилар менга “илтифот” билан йўлни кўрсатишди: “Ташвиш чекманг, йўлни тўсиб қўйган қоралар тўдасини кўрганингизда Тожикистон элчихонаси қаерда эканини ўша заҳоти англайсиз”. Мени бунақа муносабат ва “қоралар”ни одатий сўз каби ишлатилиши ҳайрон қолдирмай қўйганига анча бўлган, нега деганда, таассуфки, Россияда бу анча кенг тарқалган бўлиб, ҳатто ксенофобия сифатида ҳам қабул қилинмай қўйган.
Бироқ, маълумки, тил одамларнинг ўй-хаёллари ва бошқаларга муносабатини акс эттиради, шунинг учун “қоралар тўдаси” каби бирикмалар оғиздан осонгина сирғалиб чиқадиган жойда юқори даражадаги чидамлилик ва бошқа миллатга мансуб одамларга нисбатан ҳурматни кутиш амримаҳол. Тожикистон элчихонаси ва консуллиги ходимлари ҳам ҳар куни иложсизликдан соатлаб консуллик эшиги олдида қабул кутиб турган ўз ҳамюртларига бундан яхшироқ муомала қилаётгани йўқ. Улар тожикистонликлар учун кутишга нормал шароит яратиш бўйича ҳеч қанақа чора кўрмаяптилар.
Консуллик ичи безовталик ва одам кўплиги сабаб чумоли инини эслатарди: кираверишда чипта сотадиган авиакассалар дарчалари жойлашган, холл марказида эса ҳужжатларидан нусха кўчиришни истаганлар томонидан ўраб олинган каттакон ксерокопия аппарати турарди. Ўрни келганда айтиш жоизки, битта варақдан нусха кўчириш бу ерда йигирма рубль туради, бу эса одатдагидан кўра икки-икки ярим баробар қимматроқ. Мен консуллик яқинида бирорта ҳам ксерокопия марказини кўрмадим, шунинг учун ҳам бу ерга келувчилар ксерокопияни консулликнинг ўзида қилишга мажбур бўладилар.
Ариза топшириш учун тор зинапоя орқали ертўласимон қоронғи жойга тушиш керак бўлди, бу ерда ҳам аризасига жавоб кутиб турган одамлар тўпига дуч келдим. Кўплар ёш боласи билан турганди, у ерда димиқиб туришга мажбур бўлган қариялар ҳам бор эди. Англашимча, у ерда кондиционер у ёқда турсин, вентиляция ҳам йўқ эди, шунинг учун у ердаги ҳаво маҳбуслар билан тўлиб-тошган қамоқхона камерасидаги ҳавони эслатарди. Шифтга яқин ердан жой олган кичкинагина туйнук бу ўхшашликни кучайтирарди, холос.
Тожикистон элчихонаси сайтида (http://www.tajembassy.ru) қайд этилган алоқа телефонларининг бирортаси ишламаслиги, мабодо ишлаган тақдирда иш вақтида гўшакни ҳеч ким кўтармаслиги ҳам у ерга келувчиларга бўлган муносабатнинг нечоғлиқ ёмонлигини кўрсатиши мумкин. Тушунмадим, бу рақамларга қўнғироқ қилиб, савол бериш ёки бирор масалага ойдинлик киритишнинг имкони бўлмаса, уларни сайтга ёзиб қўйишнинг нима кераги бор? Ахир одамлар Россиянинг узоқ ҳудудларидан мурожаат қилишлари мумкин – улар ҳужжат топшириш ёки олиш учун Москвага келишга мажбур, уларда бирор маълумот олиш учун элчихона ёки консуллик ходимлари билан телефон орқали боғланиш имкони йўқ.
Қайд этиш жоизки, 2015 йилнинг 1 январидан эътиборан Тожикистон фуқаролари Россия Федерацияси ҳудудига кириб келишда ёнларида хорижий паспортлари бўлишини шарт қилиб қўйган қонун кучга киради. Хорижий паспортларни расмийлаштириш билан Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси ва консуллиги шуғулланади, шунинг учун бу бино олдида қанча одам тўпланиб туриши мумкинлигини тасаввур қилишдан ҳам қўрқаман.
Умид қиламанки, ҳукуматимиз ва дипломатларимиз бу муаммони ҳал қилиш ҳақида, айнан эса қўшимча ваколатхоналар очиш ва ҳужжат расмийлаштиришда фуқароларга ёрдам бериш учун ходим олиш ҳақида ҳамда Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси ва консуллигига мурожаат қилаётганлар учун муносиб шарт-шароит яратиш ҳақида ўйланиб кўрадилар. Ахир бу муносабатдан давлатнинг ўз фуқароларига нисбатан муносабатини билиб олиш мумкин – афсуски, ҳозирда Тожикистон элчихонасининг ўз фуқароларига нисбатан муносабатида кўпроқ менсимаслик ва бепарволиккина акс этаяпти. бошқа нарсани кўриш мумкин эмас.
Баён қилиб ўтилган муаммоларнинг барчаси Тожикистондаги оиласини боқиш учун бегона юртларда ишлашга мажбур бўлаётган, ҳар қадамда алдов, таъна-дашном, миллатчилар тажовузи ва сурбетлик билан қаршилашиши мумкин бўлган тожикистонликларнинг ўзга мамлакатда дуч келаётган муаммолардан бир қисми, холос. Ҳозир Тожикистон иқтисодиёти меҳнат муҳожирлари жўнатган пул туфайли қад ростлаб турибди ва қулоққа қанчалик ғалати эшитилмасин, юзага келган вазиятда давлат ўз фуқароларини ишлаш учун чет элга юборишдан манфаатдор.
Агар вазият бунақа бўлиши учун объектив сабаблар бўлса ва давлат ўз фуқароларига бошқа йўл таклиф қилолмаётган бўлса, нима учун у ўз фуқароларининг юртига соғлом, руҳан синмаган ҳолда қайтиб, оилалари билан фаровон ҳаёт кечириши учун Россияда уларни хавфсизлик ва нормал шароит билан таъминламаслиги керак? Мен иложсизликдан Россияга ишлаш учун келаётган ҳамюртларим ўз мамлакати ҳомийлигини ҳис қилишини, Тожикистон Республикаси ваколатхоналари қўшимча қийинчиликлар туғдиришини эмас, балки улар билан бирор кор-ҳол содир бўлса, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилса, ҳамюртлар ҳимоясига туришига ишонишини истардим.
Яна бир ўзига хос хусусият: Тожикистон ҳаво йўллари 200-юкни, яъни тожикистонлик фуқаролар мурдаларини, вазият қанақа бўлишидан қатъий назар, Россиядан юртларига бепул етказиб бериши лозим. Афсуски, фуқароларимиз бундай имкониятлар борлиги ҳақида билишмайди ҳам, бундан эса авиаширкатлар фойдаланиб қолишади ва кўпинча тожикистонлик фуқаро мурдасини юртига олиб бориш учун унинг қариндошлари ва дўстларини каттагина пул йиғиб беришга мажбур қилишади.
Ачинарли жойи шундаки, мурдани Россиядан Тожикистонга етказиш учун ўртача 100-120 минг рубл тўлаш керак (қарийб 3 333 минг АҚШ доллари) (морг учун тўлов, мурдани мумиёлаш ва аэропортгача етказиш) – бу Россияда вафот этган тожикистонлик фуқаронинг юртига қайтиш “чиптаси” нархи. Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси эса ўз фуқароларига ҳатто шундай фожиали вазиятларда ҳам ҳеч қанақа ёрдам кўрсатмайди.
Екатерина НАЗАРШОЕВА
(Екатерина Назаршоева – мустақил журналист ва юрист. У ўз мақолаларида Россиядаги меҳнат муҳожирларига оид воқеаларга муносабат билдириб келади. Муаллифнинг фикри “Жараён” таҳририяти қараши билан тўғри келмаслиги мумкин).
Fikr bildirish