Қирғизистон ДМХҚ ўзбек журналистини туҳматда айбламоқда
Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг Ўш шаҳар бўлими ўзбек журналисти Шоҳруҳ Соиповни туҳмат қилганликда айблаб, судга берди.
Бугун, 28 август куни Ўш шаҳар судида Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг Ўш шаҳар бўлими томонидан туҳмат қилганликда айбланаётган мустақил журналист, Fergana.ru ахборот агентлигининг штатсиз ходими Шоҳруҳ Соипов устидан суд маҳкамаси бўлиб ўтади.
Журналистнинг айтишича, унга қарши судга берилган даъво аризаси жорий йилнинг 31 май куни Fergana.ru сайтида чоп қилинган мақоласи билан боғлиқ. Ўз мақоласида журналист Қирғизистон ДМХҚнинг Ўш шаҳар бўлим ходимлари террористик ва экстремистик ташкилотларга алоқадор экани исботланмаган ўшлик диндор йигитлардан 500 доллардан ўлпон ундираётганларини ёзганди.
Ўз номуси ва обрў-эътиборини ҳимоя қилиш тўғрисида судга киритган даъво аризасида Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг Ўш шаҳар бўлими журналистдан “маънавий зарар” учун 20 минг АҚШ доллари миқдорида пул ундиришни талаб қилган.
Оммавий ахборот воситаларига яқинда берган интервьюсида Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг матбуот котиби Роҳат Сулаймонов ҳамкасблари журналистни ўз идораларига таклиф қилишгани ва “агар журналист нотўғри маълумотни тарқатганини тан олиб, узр сўраса, бу иш якунланиши”ни айтганини маълум қилди.
“Жараён” журналист Шоҳруҳ Соипов устидан бўлиб ўтадиган суд маҳкамасини диққат билан кузатиб, ўз муштарийларини янги маълумотлар билан таништириб боради.
Эслатиб ўтсак, Қирғизистон жанубидан бўлган 29 ёшли мустақил журналист Шоҳруҳ Соипов “Сиёсат” газетасининг асосчиси ва бош муҳаррири, 2007 йили Ўш марказида отиб ўлдирилган таниқли журналист Алишер Соиповнинг укасидир.
Алишер Соиповнинг асл қотиллари ҳанузгача топилгани йўқ. Унинг ҳамкасблари ва мустақил кузатувчилар Алишер Соипов ўлими Ислом Каримовнинг “буюртмаси” бўлганини ва қирғиз махсус хизматлари жасур журналистнинг бу каби шафқатсизларча жазоланиши ортида турганларнинг асл исмларини билишларини таъкидлаб келадилар.
Бир неча йил давомида Алишернинг укаси Шоҳруҳ Соипов ҳам Fergana.ru, “Би-Би-Си” ва бошқа мустақил ахборот агентликлари билан ҳамкорлик қилиб келади. Бундан аввал у “Дайджест” ва “Студент Life” номли газеталарни чоп қилиб келган.
Ўз материалларида Шоҳруҳ Соипов Қирғизистон жанубида яшайдиган кишилар, хусусан, этник ўзбекларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида объектив маълумотларни муштарийларга етказишга ҳаракат қилиб келган.
Асад БОЙМУРОДОВ
Fikr bildirish