Солижон Абдураҳмонов Германиядаги нуфузли мукофот билан тақдирланди
2008 йилдан буён қамоқда сақланаётган ўзбекистонлик мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов Йоханн-Филипп Палм мукофотига сазовор бўлди.
26 август куни Uznews.net нашри узоқ йиллардан буён қамоқда сақланаётган ўзбекистонлик 64 яшар журналист Солижон Абдураҳмонов Германиядаги Йоханн-Филипп Палм номидаги жамғарма томонидан таъсис этилган сўз ва матбуот эркинлигига бағишланган юксак мукофотининг лауреати бўлгани ҳақида хабар қилди.
Шунингдек, ушбу мукофот билан баҳрейнлик журналист Назиха Сайид (Nazeeha Saeed) ҳам тақдирлангани маълум бўлди.
“Солижон Абдураҳмонов – жасур танқидчи журналист, у ўн йилга адолатсиз ҳукм қилинган, – дейилади Палм жамғармаси хабарида. – Унинг репортажларида қуритилган Орол денгизи оқибатлари ҳақида билдирилган”.
Йоханн-Филипп Палм мукофоти лауреатларни тақдирлаш маросими 30 ноябр куни Германиянинг Шорндорф шаҳрида бўлиб ўтади. Ушбу мукофот 10 минг евро миқдоридаги пулни ҳам ўз ичига олган.
Палм мукофоти германиялик нашриётчи Йоханн-Филипп Палм номига қўйилган. У Бонапарт Напалеон француз қўшинлари томонидан Германиянинг ишғол қилиниши танқидчиси бўлган ва 1806 йили “Германия ва унинг таҳқирланиши” памфлетини чоп қилгани.
Маълум вақт ўтгач, Палм ҳибсга олинган ва суд томонидан ўлимга ҳукм қилинган. Ягона Германия асосчиси ва қаҳрамони бўлган Йоханн-Филипп Палм немислар юрагида яшамоқда. Унинг қатл қилинган куни, Палм жамғармаси бутун дунё бўйлам матбуот ва сўз эркинлиги учун курашаётган ва жабрланаётган жасур журналистлар, муаллифларни тақдирлайди.
Солижон Абдураҳмонов Uznews.net ахборот хизмати журналисти бўлиб ишлаган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти билан шуғулланган. У 2008 йили Қорақалпоғистон мухтор республикаси пойтахти Нукус шаҳрида йирик миқдорда гиёҳванд модда сақлаганлик ва тарқатганликда айбланиб, қўлга олинганди.
Маҳкама чоғида Солижон Абдураҳмоновнинг айби исбот этилмаганига қарамай, ўзбек суди уни 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Инсон ҳуқуқлари муҳофазаси билан шуғулланувчи обрўли халқаро ташкилотлар журналистга қарши ишни уйдирилган, деб ҳисоблайдилар.
Бугунги кунгача Солижон Абдураҳмонов сақланган Қарши колонияси раҳбарияти журналистни у қилмаган турли тартиббузарликлар учун бир неча бор жазо изоляторига ташлаган. Шу тариқа, ўзбек расмийлари бир неча йил мобайнида унинг амнистия орқали озодликка чиқишига тўсқинлик қилиб келмоқдалар.
“Жараён” таҳририяти Солижон Абдураҳмоновни ушбу юксак мукофотга сазовор бўлгани билан табриклайди ва унинг тез кунларда озодликка чиқишини тилаб қолади.
“Жараён” таҳририяти
Fikr bildirish