Ҳурматли Мўътабар опа, Яратгандан Сизга узоқ ва саодатли ҳаёт ато этишини сўраймиз!
Бугунги кунда кўп хасталаниб турибсиз, Ўзбекистон қамоқхоналарида қўлланилган қийноқлар асорати тез-тез юз кўрсатиб турибди. Ҳар куни қандай жисмоний ва руҳий оғриқларга дош бериб келаётганингиз фақат ўзингизга ва Оллоҳгагина аён. Ғанимлар собит руҳингизни синдириш мақсадида Сизга кун сайин устма-уст зарбаларни бераяптилар. Бундан кўп ўксинаяпсиз, хафа бўлиб, йиғлаяпсиз. “Йиғлаш аёлларга хос хусусият” дейишади, аммо бу Сизнинг ожизлигингиз белгиси эмас. Демак, юрагингиз ҳамон йиғлашга қодир, қалбингиз тирик, у мудом ҳис-туйғулар ва камида инсофийлик билан лиммо-лим.
Сиз бир ўзингиз ақлли, хушрўй ва муносиб қизни – Маҳлиёни тарбия қилдингиз. Бу ҳар бир аёл ва она учун энг катта ютуқ.
Бу йил тўртинчи маротаба буви бўлдингиз. Набираларингиз Зебо, Юсуфбек, Мадина ва Юнусбеклар соғлом ва хушчақчақ болажонлар бўлиб улғайишаяпти – Оллоҳ умрларини зиёда қилсин! Биз уларнинг ҳақиқий демократик жамиятнинг муносиб аъзолари бўлиб улғайишларига, Сиз билан доимо фахрланиб юришларига аминмиз. Чунки Сиз улар учун нафақат меҳрибон ва ғамхўр буви, балки мазлумларга ёрдам кўрсатиш ва марҳаматли бўлиш ҳаётининг энг асосий мақсадларидан бирига айланган инсонсиз.
Сизни Ислом Каримовнинг ғайриинсоний режими, Ўзбекистон қамоқхоналарида қўлланилган шафқатсиз қийноқ ва камситишлар синдира олмади, Сиз ҳаётингиздаги зарбаларни матонат билан бартараф этиб келаяпсиз ва ҳозиргача Оллоҳ олдида, виждонингиз ва хўрланаётган ўзбек халқи олдида ўзингизнинг инсоний бурчингизни адо этиб келмоқдасиз. Буларнинг барчаси Сизни чинакамига иродаси зўр аёл, деб аташимизга ҳуқуқ беради!
Шундоқ экан, қани, жилмайинг, ахир бугун Сиз 52 ёшни қаршиладингиз. Жилмайинг, чунки ҳали ҳеч нарса тугагани йўқ, ҳаммаси – самарали ҳаётингизнинг авж палласи, эзгуликлар самарасини кўрадиган палласи эндигина бошланаяпти!
Ҳурмат ва энг самимий тилаклар билан, дўстларингиз
Fikr bildirish