Мирсобир Ҳамидқориев “ихтиёрий равишда” ўз адвокатидан воз кечди

Жорий йилнинг июнь ойида Москва марказидан ўғирлаб кетилган ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориевнинг қариндошлари айтишларича, ўзбек терговчилари уни ўз адвокатидан воз кечишга мажбур қилишган.

Август ойи ўрталарида ўзбек тадбиркори Мирсобир Ҳамидқориевнинг онаси Марғуба опа “Жараён”га айни пайтда Тошкентда тергов қилинаётган ўғли оиласи томонидан ёлланган адвокат хизматларидан воз кечганини айтиб берди.

– Молиявий қийинчиликларга қарамай, биз ўғлимизга адвокат ёлладик, у Мирсобирни олдига кириб чиқди. Аммо терговчилар адвокатга Мирсобир билан ёлғиз қолишига рухсат беришмабди. Учрашув терговчининг иштирокида ўтибди. Ўшанда Мирсобир “адвокатдан воз кечаман”, деганмиш. Мен ўғлимни адвокатидан воз кечишига мажбур қилишганига аминман, – деди “Жараён”га Марғуба Ҳамидқориева.

Парижда жойлашган “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева тергов органи Мирсобир Ҳамидқориев оиласидагилар томонидан ёлланган адвокатни жиноят ишида қатнашишга жалб қилиши шарт эди, деган фикрда.

– Ҳибсда ўтирган ва яқинлари билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган, ташқи дунёдан узилган инсон оиласидагилар ёллаган адвокатдан воз кечишида биргина сабаб бор холос – Мирсобирга нисбатан ваҳшиёна қийноқлар қўлланаётгани, уни қилмаган жиноятларни зиммасига олишга ва бошқа инсонларга қарши ҳам кўргазма беришга мажбур қилишаётган бўлишлари керак. Шулар фош бўлишидан чўчиган маъмурий органлар Мирсобирни судгача ҳеч ким билан учраштирмоқчи эмас, – дейди Мўътабар Тожибоева.

Эслатиб ўтсак, 37 ёшли ўзбекистонлик тадбиркор Мирсобир Ҳамидқориев рафиқаси Элеонора Исаева ва саккиз ойлик фарзанди билан Россия ҳудудида бошпана олиш мақсадида яшаб келишган. Ҳамидқориев 2011 йилдан буён Ўзбекистонда халқаро қидирувда, Ўзбекистон томони уни “Ислом жиҳодчилари” ва “Ваҳҳобийлик” каби таъқиқланган диний-экстремистик ташкилотларни тузишга алоқадорликда айбламоқда.

Аммо ўзбек қочқинининг ўзи бу айбловларни тамоман рад қилиб келган. Ҳамидқориевга кўра, ўзбек махсус хизматлари уни Ўзбекистонда тортиб олинган 1,5 миллион долларли бизнеси туфайли овлашга тушган. Тошкентда Ҳамидқориевнинг “Мир электроники” дўкони бўлиб, бир неча йил аввал қора ниқоб таққан ва қўлида автомати бўлган шахслар бу дўконни тадбиркордан тортиб олишган. Шунингдек, Мирсобир Ҳамидқориев Ўзбекистонда намойиши таъқиқланган “Нафс” фильмига продюсерлик қилгани ва мамлакатдаги ҳукмрон элита билан зиддияти туфайли ўзбек расмийлари кўзига ёмон кўриниб қолган.

Жорий йилнинг май ойи ўрталарида Россия ҳукумати Мирсобир Ҳамидқориевга қочқинлик мақомини берганди.

Аммо жорий йилнинг 9 июнь куни Мирсобир Ҳамидқориев Москва марказида номаълум кишилар томонидан ўғирлаб кетилган. Сўнг унинг Москвадаги адвокати Илларион Васильев Ҳамидқориев ўзбек махсус хизматлари томонидан ўғирланиб, аввал Қозоғистонга, сўнг эса Ўзбекистонга мажбурий равишда олиб кетилганини айтганди.

Ҳуқуқ фаоллари энг бошдан Ҳамидқориев ўзбек махсус хизматлари томонидан уларнинг Россиядаги ҳамкасблари кўмагида ўғирлаб кетилгани ва Ўзбекистонга олиб кетилганини тахмин қилишганди.

30 июль куни Қозоғистоннинг “16/12” ахборот каналига берган интервьюсида адвокат Илларион Васильев ўзбек махсус хизматлари бошқа мамлакатлар, ҳусусан, Россиядан мухолифат фаоллари, тадбиркорлар ва ислом арбобларини қандай қилиб ўғирлашлари ҳақида айтиб берди. Васильевнинг сўзларига кўра, сўнгги саккиз ой ичида Россиядан маҳаллий органлар кўмагида етти нафар киши ўғирланиб, Ўзбекистонга мажбурий равишда олиб келинган.

“Каримовнинг узун қўллари Россиягача етмоқда” дея номланган интервьюда адвокат Илларион Васильев, жумладан, Мирсобир Ҳамидқориевнинг воқеаси борасида ҳам тўхталиб ўтди.

“Менинг ҳимоям остида бўлган Ҳамидқориев Мирсобирни 9 июнь куни ўғирлаб кетишди. У хотини билан Москва шаҳридаги “Чистие пруди” мавзесида такси ёллаган, хотини касал боласига, дори сотиб олиш учун ҳайдовчидан машинани дорихона олдида тўхтатиб туришини сўраган, ўша пайт унинг қўлида касал боласи бўлган, машина тўхтаган пайт унинг ичига штат кийимида бўлган икки йигит чиққан ва машина зудлик билан номаълум томонга қараб кетган. Икки ҳафтадан унинг дараги Ўзбекистондан, Тошкентда, Тоштурмадан чиққан. Айтганча, такси ҳайдовчиси ҳам ўзини жуда ғалати тутган.

Таксига эса интернет орқали буюртма беришган. Ўша пайт одамлар (Мирсобир Ҳамидқориев ва унинг хотини Элеонора Исаевани назарда тутмоқда – “Жараён”) яшириниб юришган, қуриб битказилмаган уйда яшириниб ўтиришган, уларни аниқлашнинг деярли имкон йўқ эди. Яъни, максимал махфийлик бўлган, максимал конспирация бўлган. Уларни мобил телефоннинг IP-рақами ёки биллинг орқали аниқлаган бўлишлари тўғрисида тахминларимиз бор”, – деди қозоқ телеканалига берган интервьюсида адвокат Илларион Васильев.   

Айни пайтда Мирсобир Ҳамидқориев Тоштурмада сақланмоқда, ўзбек терговчилари унинг қариндошларига у билан учрашишга рухсат беришмаяпти.

Мубина САФАРОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.