Жараён: Мўътабар опа, сентябрь ойида Варшавада бўлиб ўтган ЕХҲТ тадбирида иштирок этиб қайтдингиз. Шу билан бир қаторда, у ерда “Ким айбдор?! Навбатдаги ким?!” дея номланган норозилик акциянгизни ўтказишга ҳам муваффақ бўлдингиз. Бу акциянгиз қандай ўтди, унда кимлар иштирок этди?
Мўътабар Тожибоева: Энг аввало шуни айтишни истардимки, биринчи марта ўзбекистонлик фуқаролик жамияти фаолларидан 10 нафарга яқини ЕХҲТнинг навбатдаги анжуманида иштирок этишга муваффақ бўлдилар. Ушбу фаолларнинг ЕХҲТ анжуманида иштирок этишларини Варшавадаги Хельсинки жамғармаси молиялаштирди. Бундан олдинги ЕХҲТ анжуманларида қўшни мамлакатлар фуқаролик жамияти фаолларидан бир неча ўнлаб вакиллари иштирок этган бир пайтда ўзбекистонлик фаоллардан атига 2-3 нафаригина иштирок эта олардилар. Бу сафар нафақат Ўзбекистондан, балки Франция, Голландия, Бельгия, Швеция ва Украинадан келган ўзбекистонлик фуқаролик жамияти фаоллари анжуман ва норозилик акциямизда фаол иштирок этдилар.
23-24 сентябрь кунлари ЕХҲТнинг тадбирлари ўтаётган кунлари “Ким айбдор?! Навбатдаги ким?!” номли норозилик акциясини ўтказдик. Ушбу норозилик намойишимизда нафақат ўзбекистонлик фуқаролик жамияти фаоллари, балки бир қанча халқаро ташкилотлар вакиллари ва бошқа мамлакатларда фаолият юритувчи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари вакиллари ҳам фаол иштирок этдилар.
Булар жумласига “Хьюман Райтс Вотч” вакили Стив Свердлов, АСАТ вакили Кристина Ларок, Брюсселдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро Ҳамкорлик ташкилоти раҳбари Бриджит Дюфор, Қозоғистондаги қонунчиликка риоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро Бюроси раҳбари Евгений Жовтис ва ушбу ташкилотнинг бошқа вакиллари, Варшавадаги Хельсинки Жамғармаси вакиллари Ленур Каримов, Юлия Черномухина, Қозоғистон мухолифоти вакилларидан Балли Мажец, белорусиялик, украиналик ҳуқуқ фаоллари, сиёсий маҳкум Муҳаммад Бекжоннинг қизи – отасининг озодлиги учун фаол кураш олиб бораётган Ойгул Бекжон ҳам фаол иштирок этдилар.
Жараён: Жорий йилнинг июль ойида Сиз ҳудди ана шундай номланган норозилик акциянгизни Вена шаҳридаги ЕХҲТ анжумани доирасида ҳам ўтказган эдингиз. Варшавада бўлиб ўтган ннамойиш Венадаги норозилик акциянгиздан нимаси билан фарқ қилди?
Мўътабар Тожибоева: Куни кеча Варшавада ўтказган норозилик акциямиз шу йилнинг июль ойида Венада бўлиб ўтган акциямизнинг давоми десак бўлади. Венада ўтказилган тадбирда Ўзбекистондаги сиёсий қатағон қурбонлари, сиёсий маҳкумлар, қийноқ қурбонлари ва ваҳшийларча ўлдирилган инсонларнинг портретлари, ҳуқуқлари топталган турли инсонлар тақдирига алоқадор баёнотлар тарқатган бўлсак, Варшавадаги анжуманда ҳам портретлар, баёнотлардан ташқари “Ал-Жазира” телеканали бурютмасига асосан Майкл Андерсен томонидан суратга олинган “Диктаторнинг узун қўли” номли фильмнинг дискини ҳам тарқатдик.
Ушбу норозилик намойишининг яна бир эътиборли томони шунда бўлдики, Ўзбекистондан ташриф буюрган “ҳуқуқ фаоли” Исмоил Одилов анжуманда сўзга чиқиб, олдинлари Ўзбекистонда қийноқлар бўлгани ҳеч кимга сир эмаслиги, лекин бугунги кунда мамлакатдаги ҳуқуқ-тартибот органлари қийноққа қарши қатъий кураш олиб бораётгани, қийноқ қўлловчи мансабдорларга нисбатан кескин чоралар кўрилаётгани, қийноққа қарши қонунлар ишлаётгани ҳақида олдиндан тайёрлаб қўлига берилган баёнотни ўқиб, шикоятбозлик қилиш билан шуғулланиш ўрнига фаоллик кўрсатиб, Ўзбекистон ҳукуматининг қийноққа қарши олиб бораётган курашига ҳисса қўшишга чақираёган бир пайтида акциямиз иштирокчилари ўнлаб қийноқ қурбонларининг, ўлдирилган инсонларнинг портретларини кўтаририб тургандилар.
Исмоил Одиловдан кейин сўзга чиққан Васила Иноятова эса “Мен ўз сўзимни шикоятбозлик қилиш билан бошлайман” деди ва шу бугунги кунгача қамоқхоналарда давом этаётган қийноқлар, сиёсий маҳкумларнинг аянчи вазиятлари ҳақида тўхталиб ўтди. “Мана шу акция иштирокчилари сизларга намойиш қилаётган фотоҳужжатларга эътибор қаратишингизни сўрайман, бу фотоҳужжатлардаги инсонлар демократия ва инсон ҳуқуқлари ғоялари учун курашгани учун зиндонбон қилинган фуқаролик жамияти фаоллари ва қийноқ қурбонларининг суратларидир. Мана шу қурбонларнинг ҳимояси учун курашда бизни қўллашингизни сўраймиз”, деди сўзга чиққан Васила Иноятова.
Варшавадаги норозилик акциямизда қозоғистонлик таниқли рассом Қанат Ибрагимов томонидан ишланган 30дан ортиқ қийноқ қурбонлари, сиёсий маҳкумлар, журналистларнинг портретлари ва ҳукумат амалдорларининг карикатуралари кенг намойиш қилинди.
Бундан ташқари, бизнинг акциямизга ҳамоҳанг “Хьюман Райтс Вотч” ташкилотининг “Энг сўнгги лаҳзагача: Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар” деб номланган 121 саҳифалик таҳлилномасининг муҳокамаси ҳам бўлиб ўтди. http://uz.ca-news.org/news:29902/
“Хьюман Райтс Вотч” вакили Стив Свердлов Жаслиқ қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган сиёсий маҳкум Азам Фармоновнинг турмуш ўртоғи Озода Ёқубова билан учрашган пайтида Фармоновнинг “энг сўнгги лаҳзагача бардош бераман” деган сўзидан келиб чиқиб обрўли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳам ўз ҳисоботини “Энг сўнгги лахзагача” деб номлаганини йиғилганларга айтиб берди.
34 нафар сиёсий маҳкумнинг тақдирига бағишланган ушбу таҳлилноманинг муҳокамасида иштирок этган анжуман иштирокчиларига яна бир бора Ўзбекистондаги сиёсий вазият, сиёсий маҳкумларнинг аянчли тақдири ҳақида ҳикоялар қилинди ва “Хьюман Райтс Вотч” томонидан суратга олинган “Ўзбекистон: режим танқидчилари учун – қийноқ ва қамоқ” (“Uzbekistan’s Critics Get Torture, Jail Time”) номли махсус фильм ҳам намойиш қилинди. https://www.youtube.com/watch?v=a35m9EfE_Us
Мен эса ўз навбатида анжуман иштирокчиларига Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиёсий ва диний эътиқоди учун қамалган маҳкумаларга нисбатан қўлланиладиган қийноқлар, хусусан шахсан ўзимнинг бошимдан кечирган қийноқлар, хақоратлар ва камситишлар ҳақида ҳикоя қилиб бердим.
Мамлакат президенти Ислом Каримов номига ёзиб тайёрланган иқрорлик аризаси, мен ташкил этган ва бошқарганим “Ўтюраклар клуби”ни экстремистик ташкилот дея тан олиш ва “барча жиноятларим” учун Ислом Каримовдан ва ўзбек ҳалқидан кечирим сўрашга розилик бермаганлигим учун қўлланилган узлуксиз қийноқлар натижасида ногиронга айланганим, лекин қамоқларда қолаётган фикрдошларим, қийноқ қурбонларининг тақдирларига бефарқ қарай олмаганим учун курашимни давом эттираётганимни гапириб бердим.
Тадбир якунида давом этган суҳбат пайтида эса “Қийноқлар ороли асираси” дея номланган асарим ҳақида гаплашдик. Амнести Интернэшнл вакиласи Жулия Холл менинг аёллар қамоқхонасидаги қийноқлар ҳақидаги ҳикоямни эшитаркан, йиғидан ўзини тийиш мақсадида залда ҳозир бўлган инсонларга қараб ўзини чалғитмоқчи бўлгани, лекин менинг ҳикоямни эшитаётган бирорта инсоннинг бефарқ бўлмаганини, кўпчилиги кўз ёшларини яширмаганликларини айтиб берди.
Жараён: Мўътабар опа, Варшада бўлиб ўтган “Ким айбдор?! Навбатдаги ким?!” норозилик акциянгиздан қандай натижалар кутаяпсиз?
Мўътабар Тожибоева: Биз ушбу норозилик акциямизни узлуксиз равишда давом эттириш ниятидамиз. Чунки Ўзбекистонда сиёсий муҳит ўзгармас экан қатағон машинаси ўз ишини давом эттираверади ва қурбонлар сони борган сари ортаверади. Мустақиллик эълон қилингандан буён бутун бошли оилалари билан босимга учраган инсонлар борки, уларни унутишга ҳақли эмасмиз.
Одатда бирор-бир диктатор режими қулаганидан кейингина қатағон қурбонлари ҳақида гапириб, ёзиб келинган. Биз ҳозирдан қатағон қурбонларининг рўйхатларини қилмоқдамиз ва яқин муддатларда биринчи рўйхатни эълон қиламиз. Биз бугунги ўзбек ҳукумати олиб бораётган сиёсати курбонларини дунё жамоатчилига таништиришимиз бугунги ҳукумат билан ҳамкорлик қилишдан ор қилмайдиган баъзи ғарб сиёсатчиларини ҳам ҳушёрликка чақиришидан умидвормиз. Биринчи марта қатағон қурбонларининг портретлари билан ўтказилган бу акцияга қизиқиш катта бўлгани ҳам бизни тўғри йўлдан кетаётганимизни исботлайди.
Бизнинг “Ким айбдор?! Навбатдаги ким?!” дея номланган норозилик акциямиздан ўрнак олган қозоғистонлик фақаролик жамияти фаоллари ҳам 2 октябрь куни Қозоғистонга бағишлаб ўтказиладиган анжуманда Қозоғистоннинг сиёсий қатағони қурбонлари портретлари билан анжуманда иштирок этишга ва биз сингари қатағон қурбонлари рўйхатини тузишни бошлашларини баён қилишди. Улар бундан кейинги анжуманларда биз билан бир сафда туриб, қозоқ миллий кийимларини кийиб, қозоғистонлик сиёсий қатағон қурбонларини хотирлашга қарор қилишди.
Жараён: Мўътабар опа, интервью учун катта раҳмат.
Интервьюни Гўзал АҲМЕДОВА тайёрлади
Fikr bildirish