Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Виртуал номзод Шуҳрат Рустамов

Ш.РустамовШуҳрат Рустамовнинг аризаси, таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури

АРИЗА

Мен Рустамов Шуҳрат Маҳмудович (01.02.1952 й.т., маълумотим — Олий) Виртуал Сайлов Комиссияси томонидан ўтказилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига ўз номзодим билан иштирок этишни истайман.

Бу билан биринчи ўринда, Ўзбекистонда илдиз отган коррупция ва порахўрликка қарши давлат дастурлари асосида курашишни, мамлакатда ҳақиқий эркин демократик, ҳуқуқий давлат қурилишини жадаллаштиришни ўз олдимга асосий мақсад қилиб қўйганман.

Ўзбекистон фуқароларининг инсоний ҳуқуқлари кафолатланишини, виждон эркинлигига тўла амал қилинишини, маориф, соғлиқни сақлаш, суд, ва барча куч ишлатар тизимларини, бизнес, армия, қишлоқ хўжалиги, ишсизлик, иқтисодиёт каби бир қатор ўта муҳим жабҳаларни тубдан ислоҳ қилиш ва адолатли, эркин сайловлар бўлиши учун курашиш энг устувор тамойилларим жумласидандир.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, виртуал сайловда мени Президентликка номзод сифатида рўйхатга олишингизни сўрайман.

Ҳурмат билан,

Шуҳрат Рустамов

09.02.2015 йил

*****

Т А Р Ж И М А И   Ҳ О Л

Мен, Рустамов Шуҳрат Маҳмудович, 1952 йил 1 февралда Тошкент шаҳрида, ўқитувчи оиласида туғилганман. Миллатим ўзбек, маълумотим олий. Тошкент шаҳар, Шайҳонтоҳур тумани, Каттабағ кўча 31 уйда яшайман.

1967 йилда 45 сонли ўрта мактабнинг 8 синфини битирдим.

1971 йилда Тошкент Авиация техникумини битирдим.

1971 йилдан 1973 йилгача мажбурий ҳарбий хизматда бўлдим.

1973 йилда КПССга қабул қилиниб, 1989 йилгача аъзо бўлдим.

1974 йилдан 1998 йилгача Совет Армиясида ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлдим.

1983 йилда Низомий номли Давлат педагогика институтининг математика факультетининг кечки бўлимини битирдим.

Ҳарбий хизматдан ноҳақ бўшатилганимдан кейин хусусий тартибда қурилиш соҳасида устачилик билан шуғулландим. Оилалиман, 3 нафар фарзандларим бор.

1991 йилда ХДПга аъзо бўлиб, маҳалламизда бошланғич партия ташкилотини тузиб, 2005 йилгача ташкилот котиби бўлиб фаолият кўрсатиб, Андижон қирғинидан сўнг партия ташкилотини тарқатиб, умуман ХДПдан чиқиб кетдим.

Президент девонига тинимсиз шикоятлар (72та) ёзганим учун менга тазйиқ уюштирилиб, ноқонуний суд қилиб, 1993 йил 17 март куни суд шартли ҳукм чиқарди ва 29.08.93й.да айнан шу шартли ҳукм билан мени қамоққа олишиб, у/я 64/61 муассасасига жўнатишиб, у ерда 1 йилу 3 ой ноҳақ жазони ўтаб келдим.

1994 йилда озодликка чиқиб, қонунларни ўқиб ўзлаштириб, шу йилдан бошлаб менинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятим бошланган.

Ҳозирги кунда нафақадаман, асосий иш фаолиятим инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир.

*****

САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ

Мен, Рустамов Шухрат Махмудович баландпарвоз сафсатага тоқатим йўқлиги, ўз хизматини амалда кўрсата оладиган, келажакка ишонадиган шахс бўлганим учун ўз дастуримни қисқа ва лўнда қилиб тақдим этаман:

1. Амалдаги диктаторлик режимини қулатиш;

2. Коррупция ва порахўрликни батамом тугатиш;

3. Конституциянинг устунлигини ва халқаро умум эътироф этилган қоидаларни тан оладиган, инсонларни муносиб хаёт кечиришини, қонунийликни, хуқуқ тартиботни ва адолатни таъминлай оладиган инсонпарвар демократик хуқуқий давлат барпо этиш;

4. Биринчи навбатда инсон ҳуқуқларини мустахкам ҳимоясини таъминлаш;

5. Мамлакатнинг вайрон қилинган иқтисодиётини тиклаш, тўғри йўлга қўйиш, ривожлантириш ва ахолини иш билан таъминлаш;

6. Фуқароларга тинчлик, миллий тотувликни таъминлаш, халқлар дўстлигини тиклаш, янги билимли ақлли авлодни тарбиялаш ва мустақилликни ҳимоя қилиш;

Албатта, бу дастурни амалга ошириш бир шахснинг қўлидан келмайди, менга ушбу дастурни амалга оширишда соғлом фикрловчи фуқароларнинг ёрдами зарур.

Хуқуқни химоя қилиш борасида 26 йил давомида коррупция, порахўрлик ва амалдорларнинг жиноий харакатларига қарши шафқатсиз кураш олиб бордим.

Хозирги кунда Президент девонида 1000 яқин шикоятларим тахланиб ётибди. Бу шикоятлар 2000 га яқин жабрланган фуқароларнинг муаммолари юзасидан бўлиб, уларни кўриб чиқиш ваколатига И.Каримовдан бошқа хеч ким эга эмас. Улар И.Каримовдан яширилган холда ётибди.

Бу шикоятлар Бош Вазирни, Сенат раисини, Бош прокурорни, МХХ раисини, ИИ Вазирини, Олий суд раисини, қонунчилик палатаси раисини, омбудсманни ва Президент девони ходимларини жиноий жавобгарликка тортиш хақидаги шикоятлардир.

Ушбу юқорида ўтирган амалдорларнинг жиноий харакатсизлигидан фойдаланиб, қуйи амалдорлар Конституция ва қонунларни оёқ ости қилиб, ўзларининг қабих мақсадларига эришиш йўлида аризачиларга нисбатан сон саноқсиз тазйиқлар уюштиришган.

Юқори турувчи амалдорлар қуйи турувчи амалдорларга босим ўтказиб, қонунларни бузишга, жамиятда адолатсизлик ўрнатишга ва шу йўл билан юқори идораларни тозалашга киришган И.Каримовни лавозимидан четлатиш мақсадида харакат қилишган.

Яқинда бўлиб ўтган воқеаларни тахлил қилиб, шундай хулосага келдимки, бизнинг мамлакатимизни И.Каримов эмас, В.Путин билан А.Усмонов бошқараётганга ўхшайди. Ш.Мирзиёевнинг лавозимидан олишга барча асосларни тахт қилиб қўйган И.Каримовнинг ўз раъйига қарши юриб, Ш.Мирзиёевни яна ўз лавозимида қолдирилиши буларнинг исботидир.

Демак, хозирги кунда И.Каримовнинг хаёти хавф остида, унинг атрофидаги амалдорлар унинг хаётига нуқта қўйиши муқаррар. Чунки И.Каримов амалдорларнинг содир этган жиноий харакатларининг асосий гувохидир.

Шунинг учун амалдорларнинг содир этган жиноий харакатларини фош қилиш учун И. Каримов бизга тириклайин керак.

Хурмат билан: Шуҳрат Рустамов

08. 02.2015 йил

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.