Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Виртуал номзод Ҳазратқул Худойберди

hazratqul-akaҲазратқул Худойбердининг аризаси, таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури

А Р И З А

Ўзбекистон демократик мухолифати вакилларига Ўзбекистон Президентлиги сайловларида қонуний равишда қатнашишга Ўзбекистон ҳукумати томонидан тўсқинлик қилинаётгани ва диктатура вакиллари бу сайловни ҳам яна бир бор ғирромлик билан ўтказишга уринишларини ҳисобга олиб мен Виртуал Сайлов Комиссиясидан менинг номзодимни рўйхатга олишларини сўрайман.

Она Ватан Ўзбекистонга қайтиб бориш ва халқ учун, мамлакатда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларни ривожлантириш ишларида, у ерда ўтказиладиган умумхалқ сайловларида қатнашишга имкон бўлмагани учун мен Ўзбекистонлик биродарлар чет элларда тузган Виртуал Сайлов Комиссиясидан мени 2015 йил 29 мартда ўтказиладиган Ўзбекистон Президентлигига сайловларда номзод сифатида рўйхатга олишларини сўрайман.

Ҳурмат билан Ҳазратқул Худойберди

2015 йил 10 февраль

*****

ТАРЖИМАИ ҲОЛИМ:

Мен 1953 й.16 октябрда Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани, Пайшанба қишлоғида туғилганман.

1977 йилда Тошкент Ирригация институтини, 1985 йилда эса САНИИРИда аспирантурани тугатганман.

1978-1992йилларда САНИИРИда инженер ва тадқиқотчи сифатида фаолият олиб борганман.

Менинг уч фарзандим ва икки неварам бор.

Мен ўз сиёсий фаолиятимни 1988 йилда Ўзбекистон “Бирлик” Халқ ҳаракати сафларида бошлаганман. 1990 йилда Ҳаракатнинг Марказий Кенгаши аьзоси этиб ва Тошкент вилояти кенгаши раиси этиб сайланганман. Ўша йил охирида ўтказилган Ўзбекистон “Озод деҳқонлар” партияси Қурултойида партия котиблигига сайланганман.

1992й. Февраль ойида тузилган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Жамиятининг аьзосиман. 2011 йилда 15-июлда Франциянинг Ангерс шаҳрида ўтказилган қурултойда ушбу Жамиятнинг президенти этиб сайланганман. (http://ihrsu.org/Jamiyat/QURULTOY_Protokol.htm ) .

1992йил 9 декабрда Бишкекда ўтказилган Инсон Ҳуқуқлари бўйича халқаро конференциядан қайтиб келишим билан Тошкент ш. милицияси томонидан қамоққа олинганман. Ўшанда мен ва яна бир гуруҳ мухолифатчиларга ноқонуний равишда “Миллий Мажлис” Жамоатчилик Парламентини тузиш ва шу йўл билан “Давлат тўнтаришига уриниш” деган ўйдирма айблар қўйилган.

1993йил 6 августда Ўзбекистон Олий Суди мени ва яна 5 мухолифат вакилини(Бобур Шокиров, Олим Каримов, Отаназар Орифов, Салават Умрзоқов ва Абдулазиз Махмудов) турли муддатларга(жумладан мени 5 йилга) озодликдан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарган. Аммо халқаро ташкилотлар ва бир неча давлатларнинг босими остида биз устимиздан чиқарилган ҳукмлар шартли жазоларга айлантириб биз ўша куни суд залида озод қилинганмиз (http://www.uzbek-people.narod.ru/delo_1.html ).

1994й. март ойида мен турли туман провокациялар орқали қайта қамоққа тушиш хавфи остида Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганман.

1994 й. апрель ойида бир гуруҳ бирликчилар Москвада Ўзбекистон “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг Мухожиротдаги Ишчи Қўмитасини тузганмиз ва мен бу Қўмитанинг раиси этиб сайланганман.

1995йилда Москвада “Бирлик” Конференциясини ўтказиш ташкилий ишларида фаол қатнашганман. Конференцияда Ҳаракатнинг фаолияти ва унинг раҳбарияти олиб бораётган ишлар муҳокама қилинган. Ҳаракат раисининг фаолияти қисман қониқарли деб баҳоланган ва уни раҳбариятдан бўшатиш масаласи ўша конференцияда илк бора кўтарилган. Аммо бу уринишлар ва кескин танқидлар Ҳаракат раҳбариятини яхшилашга ёрдам бермагани, янгича  фаолият олиб боришга айрим биродарлар қаршилик қилишгани сабабли мен бу Ҳаракат фаолиятида ижобий ўзгаришлар қилиб бўлмаслигини тушунганман ва 1996йилда ўз ихтиёрим билан бу ташкилотдан чиқиб кетганман.

1995й. Январь ойидан бери Швецияда яшаб келаяпман.

2007 йилда бир гуруҳ мухолифатчилар иштирокида Сётер шаҳрида Ўзбекистон республикасининг ички ва ташқи сиёсати, мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт, диний, сиёсий, маданий ва халқнинг тақдирига тегишли бўлган бошқа барча масалалар билан шуғулланувчи Доимий Комиссияси тузилди мен ушбу Комиссиягаа раис этиб сайландим. (http://isyonkor.ucoz.ru/news/2007-01-12-928).

2011 йил март ойларидан эътиборан мен янги тузилган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ишларида фаол қатнаша бошладим. Ўша йили июль ойида Берлинда ўтказилган Қурултойда Ҳаракатнинг Низом ва Дастур лойиҳалари қайта ишлаб қурултой муҳокамасига тақдим этдим (http://forumuzbekistan.forum2x2.ru/t294-topic#520 ).

2012 й. Февраль ойида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ҳам “Бирлик” Халқ Ҳаракати хатоларини такрорлай бошлагач ва мен таклиф қилган Ҳаракатни Коллегиал Бошқарув фикри қабул қилинмагач мен бу Ҳаракатдаги фаолиятимни тўхтатишга мажбур бўлдим.

2014й. 28 январда мен Фейсбок ижтимоий тармоғида Ўзбекистон ОЗОДЛИК Ҳаракати тузишга қарор қилдим. (https://www.facebook.com/groups/ozodlik/).

Ўтган бир йил давомида ушбу Гуруҳга ўз ихтиёри билан қўшилганлар сони 439 кишига етди. (Ҳаракатга кириш истаги билан мурожаат қилганлар сони икки баробар кўп аммо ҳар бир янги аъзо аввал текширилиб кейин қабул қилинишлари мумкин).

Менинг шиорим илк бора Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Стокгольм Намойишида янграган қуйидаги сўзларимдир:

Ватан учун, халқ учун!

Адолат ва эрк учун!

Ҳар бир инсон бахти чун!

Кураш шараф биз учун!

Ҳурмат билан Ҳазратқул Худойберди

2015 йил 10 феврал

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳазратқул Худойбердининг дастури

Дастур 3 Қисмдан иборат.

Сиёсий масалалар; Иқтисодий масалалар; Ижтимоий масалалар

1. Сиёсий масалалар

Агар мен Ўзбекистон Президентлигига сайланадиган бўлсам ишни энг аввало сиёсий ислоҳотлардан бошлар эдим. Бу ислоҳотлар ўз ичига Ўзбекистоннинг Асосий Қонуни бўлмиш Конституцияда ва бошқа қонунларда белгиланган моддаларни қандай қилиб амалда бажариш механизмларини, мамлакатда демократик ва эркин жамият тузилиши ва ривожланиши учун лозим бўлган қонунлар қай даражада мавжудлигини кенг ва атрофлича таҳлил қилишдан бошланади.

Таҳлил ниҳоясида Қонунларни амалда бажарилишини таьминлайдиган Механизм Лойиҳаси Олий Мажлисга кўриб чиқиш, уни муҳокама қилиш, лозим бўлса керакли ўзгартиришлар киритиб кейин қабул қилиш учун топширилади.

Жамиятни демократик асосларда ривожлантириш менинг барча сиёсий фикрларимнинг асосий ўзанини ташкил қилади.

Жаҳон ва инсоният тараққиётининг сўнгги 200 йиллик тарихи шуни кўрсатиб турибдики, барча давлатлар ва халқларнинг ривожланиш, инсонларнинг баахтли ва фаровон ҳаёт кечиришлари учун энг маьқул жамият бу демократик қонунлар ва қадриятларга асосланган жамият экан.

Шу нарсаларни чуқур таҳлил қилган Буюк Британиянинг собиқ бош вазири, мамлакатни Гитлер фашизмига қарши курашда ғалабага олиб чиқишда улкан ҳисса қўшган кучли сиёсатчи инсон бўлган Уинстон Черчилль “Демократияни юксак даражада ривожланган сиёсий тузум деб айтиб бўлмайди аммо ҳозирча ундан яхшироқ жамиятни ўйлаб топишмаган” деган эди.

Агар демократик жамиятларни бошқа сиёсий тузумларга солиштирадиган бўлсак улар бир инсоннинг якка ҳумдорлигига асосланган диктатура тузумлари (Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Озарбайжон, Шим. Корея ва ҳоказолар), бир оиланинг ҳукмдорлигига асосланган монархия/қироллик/амирлик тузумлари (Саудия Арабистони, Араб амирликлари ва бошқалар), халифат, яьни исломий қонунларга асосланган тузумлар(Толибон тузуми, ИШИД (Ироқ ва Сурия Халифати ва бошқалар) ва социалистик тузумлар, яьни иқтисодий ва сиёсий эркинликлар кескин чегараланган жамиятлар (Куба, Хитой ва бошқалар).

Ана шу тузумларнинг барчаси эртами кечми аммо охир оқибатда емирилишга маҳкумдир. Буни тарих кўрсатиб турибди. Чунки уларнинг барчаси халқнинг хоҳиш ва истакларига қараб эмас балки бир инсоннинг, биир оиланинг ёки бир ақиданинг тартиблари асосида бошқариладиган тузумлардир.

Кўпчиликка аёнки, бу дунёда умуман хато қилмайдиган одам йўқ. Ҳатто энг донишманд, ўткир фикрли инсонлар ҳам барибир хатоларга йўл қўйишади. “Беайб парвардигор!” деб бежизга айтишмаган.

Демак, бутун бошли бир давлатни ва улкан халқ оммасини бир кишига, бир оила ёки бир ақида тарафдорлари бўлмиш кишиларга топшириб бўлмайди.

Ана шунинг учун ҳам демократик тузумлар бошқа тузумлардан кўп масалаларда устун эканлигини амалда исбот қилган тузумдир.

Ўзбекистонда демократик жамият қурилиши учун биринчи навбатда қилинадиган иш бу Президентнинг салоҳиятларини кескин чегаралаш ва мамлакатни бири биридан мустақил равишда фаолият юритадиган уч ҳокимиятда топшириш керак.

Улар қуйидагилардан иборат:

Қонун ишлаб чиқариш ҳокимияти /Парламент

Қонунларни амалда бажарилишини назорат қилиш, яьни Суд ҳокимияти

Ижроия ҳокимияти

Қонун ишлаб чиқариш ҳокимияти мамлакатни бошқариш учун керак бўлган ва халқнинг талаб ва истакларини доимий равишда ўрганиб бориб қабул қилинадиган барча қонунларни эркин сайловларда сайланган депутатлар ёрдамида ишлаб чиқади.

Суд ҳокимияти эса барча Ўзбекистон қонунларини амалда бажарилишини назорат қилиб боради ва ҳар қандай қонун бузилиши ҳолатлари бўйича қонунбузарларга қарши чора тадбирлар белгилаб боради, қонунларда кўрсатилмаган муамммолар бўйича ўз таклифларини Парламентга таклиф ва лойиҳалар кўринишида тақдим этиб боради.

Ижроия ҳокимияти эса юқоридаги икки ҳокимият белгилаган барча қарорларни амалга ошириш билан шуғулланади.

Бу уч ҳокимият фаолиятини назорат қилиб бориш эса айланиб келиб яна халқнинг ўз қўлига топширилади. Халқ тилида буни Тўртинчи ҳокимият дейишади. Бу Матбуот Эркинлигидир.

Матбуот эркинлиги ҳақидаги қонунга асосан журналистлар Президентдан тортиб ҳар бир депутат, вазир ёки ҳокимиятнинг бошқа вакилининг фаолиятини эркин ва ҳеч бир тўсиқларсиз назорат қилиш ва кузатиш имкониятига эга бўлиши керак.

Ҳокимият органларида ишлайдиган барча амалдорларниинг фаолияти шаффоф, яьни транспарент кўринишида бўлиши керак. Улаарнинг маошларидан тортиб бошқа ҳар қандай даромадлари кенг жамоатчиликка очиқ ойдин кўрсатиб борилиши лозим.

Матбуот эркинлиги билан бир қаторда Сўз эркинлиги, Фикр ва Эьтиқод эркинлиги, Сайлов эркинлиги, Намойишлар ўтказиш эркинлиги, мустақил жамоат ташкилотлари тузиш ва фаолият юритиш эркинлиги, ҳар бир жаамоа, қишлоқ, шаҳар ва вилоятлар бошқарувини маҳаллий халқнинг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда, маҳаллий кадрларни эркин сайловларда сайлаш орқали бошқарилиш эркинлииги, фуқароларнинг бир жойдан бошқа жойга эркин кўчиш ва қайтиб келиш эркинлиги ва яна бир қатор эркинликлар мукаммал равишда ишлаб чиқилиши ва улар амалда аниқ , қаршиликларсиз бажарилишлари таьминланиши лозим.

Жамиятда сиёсий ислоҳотларни таьминламай туриб иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни ўтказиб бўлмайди.

2. Иқтисодий масалалар

Иқтисодий масалалар энг аввало аграр давлат бўлмиш Ўзбекистонда Ер ислоҳотини ўтказишдан бошланиши керак деб ҳисоблайман. Ўзбек халқи узоқ замонлардан бери, чор Россияси зулми остида ҳам, Совет тузуми босими остида ҳам ва ҳозирги диктатура ҳукмронлиги остида ҳам ўзини асосан ерни парвариш қилиш билан боқиб келган. Мавжуд тузумнинг турли туман босимлари ва қонунларнинг фуқароларнинг талаб ва истакларига тўлиқ жавоб бермаслигига қарамай меҳнатга лаёқатли аҳолининг 60%дан ошиғи асосан ер ишлари билан боғлиқ соҳаларда ишлашади, ўзларини ва шаҳар аҳолисини аграр саноатда ишлаб чиқарилган озиқ овқат маҳсулотлари билан таьминлашади.

Агар меҳнаткаш халққа ер тақсимлаб бериш, унинг сотиб олиш ва ерда ўзи истаган маҳсулотларни етишитиршга кенг ҳуқуқлар ва имкониятлаар берилса Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёда балки жаҳонда ўзининг сифатли, ўта таьмли, хушбуй ва витаминларга бой қишлоқ хўжалик маҳсуотлари билан донг тарата олади. Ўзбекистон анжирлари, қовунлари, узуму анорларидек ширин мева чевалар дунёдаги бошқа давлатларда камдан кам учрайди.

Иккинчи иқтисодий масала бу оғир ва енгил саноатда хусусийлаштиришга кенг йўл бериш ва шу йўл билан янги иш жойлари очилишига катта имкониятлар яратиш ва бу янги иш жойларига чет элларда иш излаб юрган миллионлаб фуқароларни юртга қайтиб келиб ўз оила, бола чақалари ёнида туриб яшаб ва ишлашларига имкон беради.

Учинчи иқтисодий масала, бу хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда банк ва кредит системасини ривожлантириш, ўз касби ва ҳунари бўйича шахсий ёки жамоа корхоналарини очишга жазм қилган фуқароларга процентсиз, имтиёзли кредитлар беришни жорий қилиш мўҳим роль ўйнайди. Хусусий таадбиркорлар ишсизликни тугатиш ва чет элларда иш излааб юрганларни мамлакатга қайтаршга имкон яратадиган яна бир янги ислоҳотдир.

3. Ижтимоий масалалар

Бу масалаларнинг энг мўҳими бу 16 ёшгача бўлган болалар, ёш (боғча ёшига етмаган) болали оналар, қариялар ва ногиронларни инсон қадр қимматини ерга урмайдиган, уларнинг кундалик ҳаётини таьминлашга етадиган дааражада нафақа билан таьминлаш масалаларидир. Бу масала ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг давлат томонидан таьминланадиган кафолати бўлиши керак.

Иккинчи ижтимоий масала бу фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатишнинг юқори савияда бўлишини таьминлашдир. Бу соҳанинг ҳам ривожланиши учун давлат томонидан юритиладиган касалхоналар ва поликлиникалардан ташқари хусусий тадбиркорлик масалаларига ҳам эьтибор берилиши керак, хусусий тиббиёт марказлари, хусусий дорихоналар, хусусий давланиш ва дам олиш жойлари қонунлар билан аниқ белгиланган холда йўлга қўйилишига кенг имконлар берилиши лозим.

Учинчи ижтимоий масала бу ҳар бир соҳа бўйича касаба уюшмалари борлигини таьминлаш, изсизларни рўйхатга олиш, уларни иш билан таьминлаш масалалари ҳал бўлганча уларга давлат томонидан ижтимоий нафақа(ишсизлик нафақаси) бериб турилишини таьминлаш.

Тўртинчи ижтимоий масала бу болаларни ўқитиш, уларга таьлим бериш масалаларидир. Токи болаларга ютук муттахасислар ёрдамида озода, тартибли ва кўримли мактабларда яхши таьлим бериш йўлга қўйилмас экан Ватан ва миллат келажаги хавф остида қолаверади.

Бу масалалар менинг энг асосий фикрларимдан бир қисми холос. Дастурнинг асосий мазмуни аслида Ўзбекистон халқи, яьни сайловчилар билан учрашувлар, улар билан савол жавоблар, уларнинг таалаб ва истакларини ўрганиш ва халқ билан мулоқот қилиш орқали тўлдириб борилиши керак.

Умид қиламанки бир куни биз, номзодларга ва сайловчиларга шундай имкониятлар етиб келаади ва ана ўшаанда биз эрккин муловвотлар ташкиллаштириб халқниинг истак ва талабларига мос равишда ўз дастурларимизни янада кучлироқ, халқ , замон ва даврга мослаштириб тузиш имконига эга бўламиз.

Мен юқорида келтирилган барча масалаларни ҳаётда қандай бажарилишини Швеция шаҳарлари ва қишлоқлари мисолида 20 йил давомида ўргандим. Кўпчиликка маьлумки, дунё давлатларидаги инсонлар яшаш шарт шароитлари ва ҳаётлари текшириб чиқилганда Скандинавия давлатлари биринчи уч ўринни эгаллашган, жумладан Швеция халқи ана шу давлатлар ичида энг бахтли халқлардан бири деб топилган.

Бунга сабаб Швецияда юқоридаги 3 масала юксак даражада ечилганлигидир. Мен ана шу масалалар билан доимо қизиқиб келдим, имкон бўлганда улар билан шахсан шуғулландим, ҳусусан, чет элликлар учун Тадбиркорлик ишлари бўйича махсус проектлар тузиб, уларни бошқардим, кейинчалик эса уларни ривожлантириб ўзимнинг Маслаҳат Консультация Бюромни очдим, тадбиркорлар ва ихтирочиларга ўз корхоналарини очишда қўлимдан келганича ёрдам бердим.

Ана шу тажрибаларим келажакда Ўзбекистонда ҳам сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар қилишда катта ёрдам беради деб аниқ ишонаман.

Ҳазратқул Худойберди

2015 йил 10-феврал

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.