Сиз сиёсатга қизиқмасангиз, сиёсат сизга қизиқади

hazratqul-aka

“Мен сиёсатга қизиқмайман” дейсизми?

Аммо сиёсат сизга қизиқса нима қиласиз?

“Мен сиёсатга тупурганман” дейсизми? У ҳолда сизнинг бу ҳаракатингиз юзингизга қараб эсаётган шамолга қарши тупуриш билан баробар. Сиз сиёсатга тупурсангиз, сиёсат ҳам сизга тупуриши мумкин.

“Сиёсат ифлос ўйин, сиёсат бу фоҳишабозлик” дейдиганлар ҳам бор. Аслида сиёсат эмас балки сиёсатчи ифлос бўлиши мумкин, сиёсат эмас балки сиёсатчи сиёсий фоҳиша бўлиши мумкин.

Сиёсат худди кулолнинг қўлидаги лойдек, боланинг қўлидаги пластилин ёки ҳайкалтарошнинг қўлидаги гипсдек. Кулол лойга қандай шакл берса у ўша тусни олади, сиёсатчи ўзининг гапи ва ҳатти ҳаракатлари билан маълум бир кўринишдаги сиёсат олиб боради. Гапи билан иши бошқа-бошқа бўлган, мансаб ва бойлик орттириш учун баландпарвоз сўзларни гапирадиган, амалда эса ўзининг сиёсий ҳаракатлари ва хизматини пулга сотадиган одамларни “сиёсий фоҳиша” дейишади.

Сиз сиёсат билан қизиқмаслигингиз мумкин аммо сиёсат сиз билан қизиқади! Ҳар доим, ҳар жойда! Ва сиз минг қўл силтаганингиз билан ундан қочиб қутула олмайсиз!

Агар бирор жойда бир гуруҳ одамлар Россиянинг Украинага қарши урушини ёки мамлакатдаги сайловларни муҳокама қила бошласалар, айримлар бу масалага қўл силташга уринадилар ва «Биз кичкина одаммиз. Сиёсат бизнинг ишимиз эмас» деб ўзларини оқлашга ҳаракат қиладилар.

Сиёсат балки сизнинг ишингиз эмасдир, аммо сиз Сиёсатнинг ва сиёсатчиларнинг ишисиз.

Шу учун бир гуруҳ сиёсатдан йироқ бўлган аммо мансаб ва бойлик орттириш йўлида сиёсатга кирган ва сизнинг лоқайдлигингиз, бепарво эканлигиздан фойдаланиб, турли туман қаллобликлар билан сайловларда қатнашиб, Парламент депутати ёки ҳатто Президент бўлган одамлар ўша сониядан бошлаб сизнинг пассив сиёсий позициянгиздан айёрлик билан фойдалана бошлайдилар.

Улар сайлов кампанияларида одамлар билан учрашиб баландпарвоз гапириши, улкан ваъдалар бериши ва шундай йўллар билан овоз тўплаши мумкин. Уни қўллаб турган ва уни ўзига ўхшаган бир гуруҳ қаллоб хизматкорлар эса сизни ва ҳатто сайловга келмаганларни ҳам овозларини тўплаб ўша сиёсатчини сайланишларини таьминлашлари мумкин.

Бу гапдан хулоса шуки, бир гуруҳ қаллоблар инсонлар сиёсатга қизиқмаган фуқароларни ўз қўлларида худди қўғирчоқдек ўйнатиб, уларнинг овозларини фирибгарлик йўллари билан ўзларини фойдаларига ҳал қилишлари мумкин.

Шу учун бир тўда фирибгар сиёсатчини қўлида қўғирчоқ, унинг ҳокимиятга келишида бир восита бўлгандан кўра сиз уни ўз қўлингизда ўйнатинг, сиз унинг олдига эмас балки у сизнинг олдингизга ялиниб келсин, овозингизни унга беришни сиздан илтимос қилсин. Агар у сизнинг овозингизни олмоқчи бўлса, у ҳолда у сайланганидан кейин, амалда қандай ишларни қила олишини сизга биттама битта тушунтириб берсин.

Ана шундан кейин сиз бошқа сиёсатчиларни ҳам тинглаб кўринг ва ниҳоят овоз бериш пайти келганда ўйлаб кўриб, қайси сиёсатчининг фикрлари, гаплари, ўзини тутиши, билими, савияси, қудрати ва инсонийлиги сизга кўпроқ маъқул келса, ана ўша номзодга овоз беринг.

Сиёсатчи сизни эмас балки сиз сиёсатчини ўз қўлингизда ўйнатинг!

Сиёсат билан қизиқиш учун унинг ўзини ифлос этиклари билан сизнинг уйингизга, сизнинг шахсий ҳаётингизга, сизнинг қишлоғингиз, шаҳрингиз ёки юртингизга бостириб киришини ва сизнинг ҳақ- ҳуқуқларингизни топташини кутиб ўтириш шарт эмас.

Сиёсат билан қизиқиш учун инсонлар узоқ йиллар мобайнида азоблар чекиши, турли туман порахўр амалдорлар, милисалар, ҳокимлар, махфий хизмат ходимларидан йиллаб давомида азият чекишлари шарт эмас.

Агар Сиёсат бир аскар ёки милиса кўринишида қўшнингизни уйига ёки қўшни давлатга бостириб кирса, у ҳолда бу нарса виждони бор ҳар бир инсонни, бошқани дарди бегона эмаслигини тушунган ҳар бир одамни ташвишга солиши керак.

Инсоннинг ўз атрофидаги воқеаларга ва дунёга муносабати унинг инсоний позициясини, яьни унинг аслан қандай инсон эканлигини кўрсатади.

Буюк файласуф Суқрот “Ҳар ким ҳам сиёсатчи бўла олмайди аммо ҳамма ҳам сиёсат ҳақида фикр юрита олади” деган эди.

Сизнинг бир фуқаро сифатида сиёсат билан ҳамиша қизиқишингиз шарт эмас аммо сиз мамлакат ва халқ ҳаётида энг мўҳим бўлган саналарда, хусусан сайлов пайтларида ва мамлакат, халқ учун мўҳим бўлган қонунлар қабул қилинаётганда, бу қонунлар ҳаётда бузилаётгаанда, уларни амалдорларни ўзлари оёқ ости қилаётганда фаол бўлишингиз керак.

Мамлакат ва халқнинг тақдири, унинг бугуни ва эртаси, болаларнинг келажаги ҳар бир фуқаронинг сиёсатга ва сиёсий жараёнларга қизиқиши қай даражада эканлиги билан чамбарчас боғлиқдир.
Фуқароларнинг сиёсий билимлари ва сиёсатга қизиқишлари қанчалик юқори бўлса ўша жамиятда яшаётган фуқароларнинг ҳаётлари ҳам шу қадар фаровон ва бахтлироқдир. Бу сиёсий математиканинг аксиомаси, яьни рад этиб бўлмас, тарихий фактларга асосланган қонунидир.

Шу учун келаётган Президент сайловларида фаол қатнашинг. Агар бу сайловларда сиз истаган номзодлар бўлмаса у ҳолда сайловга бориб барча номзодлар устидан қора чизиқ тортинг. Аммо сайловга қўл силтаманг. Акс ҳолда сизнинг номингиз ёзилган бюллетенни сиёсий қаллоблар ўз фойдаларига ишлатадилар. Сизнинг номингиздан кимдир кимнидир сайлашига асло йўл қўйманг!

Чунки сайлаш ва сайланиш сизнинг бир фуқаро сифатида энг асосий конституцион ва муқаддас ҳуқуқингиздир! Буни ҳеч қачон унутманг ва ҳамиша ана шу ҳуқуқингизни ҳурмат қилишларини барчадан бирдек талаб қилинг!

Ҳазратқул Худойберди

2015 йил 21-феврал

http://saylov2015.org/2015/02/1842

http://forumuzbekistan.forum2x2.ru/t430-topic#1004

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.