Қонунларни вируслардан тозалаш керак
Қонунфурушлар томонидан мавжуд қонунларимизга сурункали равишда хилма хил ўзгартиришлар киритавериб, киритавериб, қонун нормаларини фуқароларнинг манфаатларига зид холга келтириб, ўзларига мослаштириб олишган. Бу ўзгартиришларни бир сўз билан “вируслар” деб аташ мумкин.
Қонунларни ана шу вируслардан тозаламай туриб, адолатсизликка қарши курашиб, ижобий натижага эришиб бўлмайди.
Аввалги бахс майдонида нохақ қамалганларни озод қилиш хақида гапирилди, лекин уларни харакатдаги хаста қонунларга биноан оқлай олмайсиз. Шунинг учун аввало қонунларни вируслардан тозалаб олсак, улар ўз ўзидан озодликка чиқиши мумкин.
Мен ўз фаолиятимда жуда кўп адолатсиз, яъни вирусли қонун нормалари билан тўқнашганман, лекин қўлим калталиги учун мен хеч нарса қила олмаганман.
Мана сизга бир неча мисоллар:
Оддийгина “Махалла расиларини сайлаш тўғрисида”ги Қонун. Биринчидан сайловни амалга оширувчи органни “Сайлов комиссияси” деб аташ ўрнига қандайдир “Сайловга кўмаклашувчи комиссия” деб аталиши. Бу комиссиянинг номини ўзгартирилишида қандай мақсадлар кўзланганлигини юристлардан бошқа хеч ким англай олмайди. Чунки кўмаклашувчи комиссия ваколатларида: “Кўмаклашувчи комиссиялар фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқади” деб ёзилган, лекин қарор қабул қилиши хақидаги сўзлар ёзилмай тушириб қолдирилган.
Натижада бу комиссиялар яккахокимлик тузимига айлантирилган. Ушбу фирибгарликни ўзи демократизмга қарши уюштирилган фитна бўлиб, сайлов жараёнидаги қонунбузарликларни яширишга қаратилгандир. Натижада барча раислар ноқонуний сайланган.
Амалдорларнинг фуқаролар мурожаатлари юзасидан Қарор қабул қилиш ўрнига оддий хат жавоби бериши, бу холатнинг ўзи демократик принципларга зид. Ушбу қонунбузарлик жуда кенг тарқалган бўлиб, фуқаролар асосан ана шундан жабр чекиб, идорама идора сарсон саргардон бўлиб юришибди. Ушбу қонунбузарликни айнан хуқуқни мухофаза қилувчи идоралар амалдорлари томонидан содир этилиши жуда аянчли холатдир. Шунинг учун хам жиноятчилар четда қолиб, айбсиз фуқаролар қамалиб кетяпти. Бу вирусни хам йўқотиш жуда осон, фақат амалдорлар буни хохламайди.
Қонунларимизнинг ишламаслиги бу энг оғир вируслардан биридир. Бундай жамиятда жиноятлар гуркираб, рақсга тушиб, болалаб, кўпайиб, тез орада бир бири билан бирлашиб, оммавий тус олгач, коррупцияга айланади. Коррупция эса, диктаторлик тузимини яратади ва унга хизмат қилади. Натижада бутун жамият адолатсизликдан қақшайди. Қонунларни ишлатиш йўли хам жуда осон, фақат буни амалдорлар хохламайди.
Яна бир мисол: ЖК нинг 118, 119 моддалари билан айбланган ёш йигитларнинг суд жараёни ёпиқ тарзда ўтказилади. Бундай имтиёз асосан жабрланган аёлнинг ор номусини парда ортига олиш мақсадида қўлланилади, лекин айни пайтда ёш йигитга нисбатан уюштирилган фитнада манфаатдор аёл учун жуда катта қулайликлар яратилган. А ёш йигитнинг тақдири хеч кимни қизиқтирмайди. Ёш йигитнинг тақдири биринчи навбатда унинг ота онасини қизиқтириши лозим, лекин қонундаги бу вирус бечора ота онанинг хатто суд мажлисида иштирок этиш хуқуқидан махрум қилган. Аслида бундай судларда иккала ёшларнинг ота оналари судда иштирок этишлари шарт бўлиши лозим. Улар боқиб вояга етказган фарзандлари қандай ишлар билан шуғулланиб юришганини ўз кўзлари билан кўришлари шарт.
Ундан ташқари очиқ судларда хам биринчи навбатда хуқуқ химоячиларига йўл ёпиқ, фақат томонларнинг яқин қариндошлари киритилади. Бундай холат Конституция талабларига зиддир. Ишни адолатли кўраман деган судья судга келган хамма фуқароларни ва биринчи навбатда хуқуқ химоячиларини залга киритиши лозим. Хуқуқ химоячиларининг ёрдамидан фойдаланиши лозим, хатто хақиқатни аниқлаш учун залда ўтирган шахсларнинг саволларига хам жавоб бериши лозим. Қолаверса суд мажлислари ва тергов харакатлари видеозапись остида ўтказилиши тарафдориман.
Яна бир мисол: ИИВ, Прокуратура, Суд идораларига келишингиз билан биринчи навбатда телефон, диктофон ва фотоаппаратларни постдаги милиция ходими олиб қолади. Нега олиб қолади, деган саволга ёш бола хам жавоб бера олади, чунки ичкаридаги сухбатда содир этиладиган алдовлар, фирибгарлик ва нихоят қонунбузарликлар ёзиб олинмаслиги учундир. Аслида демократик жамиятда, айниқса Ўзбекистонда хар бир амалдорнинг қабулига кирганда фуқароларга сухбат жараёнини ёзиб олиш хуқуқи берилиши шарт деб ўйлайман.
Яна бир мисол: Идораларда мурожаатлар юзасидан қабул қилинган Қарорни сўрасангиз, “Сизга бериш мумкин эмас, адвокат олиб келинг” деган ноқонуний жавобни оласиз. Бу харакат хам тўғридан тўғри Конституциянинг 30 моддаси талабларига зиддир.
Кўпчилик холларда бирон бир амалдорнинг қабулига кириш муаммо бўлиб қолган. Амалдорлар ўз хонасида ўтирган бўлса хам, постдаги милиционерлар “Хўжайин йўқлар” деган жавобни бериб, ичкарига киритишмайди. Бу холат хам тўғридан тўғри Конституциянинг 35 моддаси талабларига зиддир.
Хуллас мана шунга ўхшаш кўзга кўринмас вируслар жуда кўп хар қадамда учрайди. Мен сизга келтирган мисоллар бу майда вируслар. Қонунларимизда буларданда йирикроқ ва жуда катта вируслар кўплаб топилади. Шунинг учун аввало қонунларимизни вируслардан тозалашимиз керак, шундагина адолатга эришишимиз мумкин.
Йирикроқ вируслардан бири бу хужжатларнинг сохталаштирилиши. Бу вирусни йўқотиш бир оз қийинроқ, лекин йўқотса бўлади. Кўпчилик фуқаролар ана шу вирусдан жабрланиб, режим қурбонига айланишади.
Янада каттароқ, лекин кўзга кўринмайдиган вирус бу фуқароларнинг суд жараёнида содир этилаётган қонунбузарликлар юзасидан берган шикоятлари кўриб чиқилмай, тегишли Қарорлар қабул қилинмай туриб суд жараёнини якунлаш ва Хукм, Қарорлар чиқаришдир. Бу вирус режимнинг асосий қуролидир, чунки бу вирус фақат терговчи, прокурор, судья ва нихоят диктаторга хизмат қилади, Бу вирусни йўқотиш йўллари хам жуда осон, лекин амалдорлар буни истамайдилар.
Хулоса қилиб айтганда ушбу вирусларни қонунларимизга киритилишига тўғридан тўғри Президентнинг процессуал қонун нормаларини билмаслиги сабабчидир. Бундан қонунфурушлар мохирона фойдаланишган.
Яна бир антиқа мисол: Хукм ва Қарорларни апелляция тартибида кўриб чиқилиши нормаси қонунга, недурки фуқароларга яна бир хуқуқий имкон бериш ниқоби остида киритилиши янада порахўрликка кенг йўл очиб берган. Аслида суд қарорларидан норози бўлган фуқароларни бошини гангитиб, уни қоғозга кўмиб ташлаш учун яна бир имкон яратилган. Натижада фуқаролар шикоятларини қаерга тақдим этишини хам билолмай гангиб қолишган.
Яна бир йирик вируслардан бири, суд хукмини судланган шахснинг қариндошларига берилмаслигидир. Аслида Хукм нусхаси судланган шахсни боқиб вояга етказган ота онасига берилиши шарт деб ўйлайман. Ундан ташқари Хукм устидан шикоят келтириш хуқуқини фақат судланганга берилиши хам одил судловга қарши уюштирилган фитнадир. Чиқрган Хукмингни адолатли деб хисоблаган судья айбланувчининг қариндошларига хеч бир тўсиқсиз бериши ва шикоятларини қабул қилиш лозим. Ана шунда суд жараёнини ошкоралиги таъминланади.
Кўзга кўринмас энг катта супер вирусдан бири суд тизимини фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судларига ажратилишидир. Мана шу вируснинг ўзи жиноят аломатлари яққол кўриниб турган жиноят ишларини фуқаролак судларида кўрилишга олиб келади. Бу вирусдан барча хуқуқ тартибот идоралари жуда усталик билан фойдаланишади. Шу ерда, нима учун телефонларни милиция постларида олиб қолинишига жавоб топасиз.
Қонунларимизни ушбу вируслардан аввало пок виждонли, халқни ғамини ейдиган ва процессуал қонун нормаларини пухта ўзлаштирган шахс тозалаши мумкин ! Хамма нарсага ақли етадиган ақлли, лекин проқессуал қонун нормаларини билмайдиган шахс яна 25 йил уринганда хам адолатни ўрната олмайди. Адолат бўлмаган жойда демократизм хам бўлмайди, унга ўрин йўқ.
Кўпчилик сиёсатчилар “демократизм бу халқ хокимиятчилиги” деган тушунчани билиб олишган. Биргина шу тушунча билан демократизмни барпо қила олмайсиз. Демократизмнинг 5 та принциплари мавжуд бўлиб, ана шу принципларга тўлиқ амал қилинадиган жамиятда демократизм мавжуд дея оламиз. Улар қуйидагилардан иборат:
1.Қуйи органлардан юқори органгача барча рахбарлик органларининг сайланиши.
2. Органларнинг вақт бавақт хисоб бериши.
3. Озчиликнинг кўпчиликка бўйсиниши.
4. Юқори орган чиқарган қарорлар қуйи органлар учун мутлақо мажбурийлиги.
5. Ўз ўзини танқид қилиш принципларидир.
Ана шу принциплардан бири бу мухолифатнинг мавжудлигидир. Бунинг учун аввало Президент шахсан ўзи бош қош бўлиб мухолиф партияни ташкил қилиб, рўйхатдан ўтказиб, унинг фаолиятини ва аъзоларини ўз назоратига олиши шарт. Уларга эркинлик бериб, уларнинг илгари сураётган фикрларидан фойдаланиш лозим. Ана шунда бирдан бир тўғри йўналишни топиш осон бўлади. Яна бир томони айнан шу мухолиф партия келгусида қонунларни вируслардан химоя қила олади. Бизда эса мухолиф партиянинг йўқлиги, уларни ватандан қувғин қилинганлиги учун ахолимиз 26 йилдан бери шу бугунги аянчли холатга келиб қолган. Уларнинг кўпчилиги ўз она юртини тарк этиб, ўзга бегона юртларда бамисоли қул бўлиб яшаб юрибди.
Асоссиз равишда жиноят ишларини қўзғатиш терговчиларга ўйинчоқ бўлиб қолган. Бундай холларда жиноят иши қўзғатиш хақидаги Қарор нусхаси икки дунёда хам айбланувчига берилмайди. Натижада улар ушбу Қарор устидан шикоят келтириш хуқуқидан махрум қилинади, бир томонлама тергов олиб борилиб, бир томонлама судланиб, охир оқибат қамоққа тиқилади.
Мени 1993 йидан бошлаб 6 маротаба суд қилишган. Биринчи судда мени шартли Хукмга асосан қамоққа тиқишга эришишди. Қамоқдан озод бўлиб чиққач қонунларни ўқиб ўзлаштириб, қолган 5 та суд жараёнида ўзимни химоя қила олдим. Охирги суд 2014 йил октябрь ноябрь ойларида мени ЖК нинг 159 моддаси билан суд қилишди, лекин қамай олишмади.
Бу холатлар барчаси бир сўз билан тазийқ деб аталади. Мана шу тазийқ балосига ўз хуқуқларини талаб қилган барча фуқаролар дучор бўлади ва кўпчилик холларда тазийқ қурбонига айланишади. Чунки улар ўзларининг Конституциявий хуқуқларини билишмайди, барон маротаба Конституцияни қўлга олиб бафуржа ўқиб кўрмаган. Шунинг учун халқ қаттиқ қўрқувга тушиб қолган. Хозирги кунда суд идораларида “буюртма” ишлар хаддан ташқари кўпайиб кетган. Бу холат судьяларнинг мустақил эмаслигининг исботидир. Бу вирусни хам йўқотиш жуда осон, фақат амалдорлар бунга қарши, чунки бу вирус уларнинг даромад манбайидир.
Хуқуқ химоячилари билан терроризмга қарши кураш бўлимлари шуғулланадилар. Шундан хулоса қилиб, амалдаги хукумат назарида биз террористлармиз.
Яна бир жуда катта оламшумул супер вируслардан бири бу “Милиция туғрисида” ги Қонуннинг йўқлигидир. Милиция идоралари хозирги кунда хам қонун доирасидан ташқарида бўлиб, уларнинг харакатлари Конституцион тузимга қарши олиб борилиб, жиноий уюшмага айланиб қолган. Уларга ахолига нисбатан қонунбузарлик содир этишга эркинлик яратиб берилган. Улар хеч қандай жавобгарликни хис қилишмайди.
Кўпчилик холларда давлат идоралари амалдорлари фуқароларнинг ариза ва шикоятларини қабул қилишдан бош тортишади. Бу холат хам тўғридан тўғри Конституциянинг 35 моддаси талабига зиддир.
Хозирги кунда Президент девонида менинг 1000 дан ортиқ юқори лавозимларда ўтирган амалдорларни жиноий жавобгарликка тортиш хақида шикоятларим тахланиб ётибди. Уларнинг бирортаси хам кўриб чиқилмаган. Чунки менинг ёзган шикоятларимни кўриб чиқиш ваколати фақат Президентда, ундан бошқа хеч ким бундай ваколатга эга эмас.
Бу тузимга қарши майдонга қуруқ қўл билан чиқиб бўлмайди, майдога қўлида етарли қуроли йўқ номзод албатта мағлуб бўлиб қолади. Менда етарли 1000 дан ортиқ қуролларим мавжуд. Бу қуролларга режим амалдорларнинг хеч бири қарши чиқа олмайди. Режимга қарши кураш майдонига чиқишни менга қўйиб беринг, мен улар билан қандай курашишни биламан ва енгишга кўзим етади.
Бундай вируслар хаддан ташқари кўп, уларни бирма бир гапириб беришим учун 3 кеча кундуз хам камлик қилади. Шунинг учун аввало биринчи навбатда қонунларимизни вируслардан тозалаб олишимиз зарур. Кейин қолган муаммолар ўз ўзидан ечимини албатта топади деб ўйлайман.
Ана шунда хақиқий демократизм нималигини англаб оласиз!
Ш. Рустамов
21.02.2014 йил
Fikr bildirish