Виртуал Сайлов Комиссияси фаолиятига доир оралиқ ҲИСОБОТ
Дунё ҳамжамияти, Оммавий Ахборот Воситалари, Ўзбекистон Фуқаролик Жамияти ташкилотлари – Сиёсий Партиялар, Халқ Ҳаракатлари, Инсон Ҳуқуқлари ташкилотлари, Давлат ва Нодавлат ташкилотлари ҳамда барча Ўзбекистонликлар диққатига!
Маълумки, Виртуал Сайлов Комиссияси (ВСК) 2015 йилнинг 22 январида бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари ташаббуси билан Европада ташкил этилди.
ВСК ташкил этилишидан асосий кўзланган мақсад, Ўзбекистон диктатори Ислом Каримовнинг яна бир бора Президентлик сайловида ўз номзодини қўйиши ноқонуний эканлигини дунё жамоатчилигига етказиш эди. ВСК бу мақсадига тўла эришди ва Каримовни ВСК номзодлар рўйхатига киритмади.
ВСК Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасини “фуқаро Каримов Ислом Абдуғаниевич” ва унинг номзодини Президентликка илгари сурган Либерал-Демократик партия устидан жиноят иши қўзғатишга чақирди. Дарҳақиқат, Ислом Каримов ва Либерал-Демократик партия Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасини бузмоқда ва бунинг учун жавобгарликка тортилиши керак.
Мундарижа:
I боб. ВСКнинг ташкил этилиши
I I боб. ВСКнинг илк расмий веб-саҳифаси ва номзодларни рўйхатга олиш жараёни
I I I боб. ВСКнинг янги сайтга ўтиши, радио-саҳифаси ва овоз ҳисоблагич дастури
IV боб. ВСК радиоси фаолияти ва натижаси
V боб. Сайлов бошланиши, сайлов натижалари
VI боб. Ҳужумлар, ҳужумлар ва яна ҳужумлар
V I I боб. ВСК ва ижтимоий тармоқлар
V I I I боб. Олқишлар ва танқид ҳамда туҳматлар
IX боб. ВСК мақсадларига эришди, ўз вазифаларини юксак даражада адо этмоқда
X боб. ВСК ва ОАВ
XI боб. Хотима
*****
I боб. ВСКнинг ташкил этишдан асосий мақсадлар:
Маълумки, Виртуал Сайлов Комиссияси (ВСК) 2015 йилнинг 22 январида бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари ташаббуси билан Европада ташкил этилди.
ВСК ташкил этилишидан асосий кўзланган мақсад, Ўзбекистон диктатори Ислом Каримовнинг яна бир бора Президентлик сайловида ўз номзодини қўйиши ноқонуний эканлигини дунё жамоатчилигига етказиш эди. ВСК бу мақсадига тўла эришди ва Каримовни ВСК номзодлар рўйхатига киритмади.
ВСК Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасини “фуқаро Каримов Ислом Абдуғаниевич” ва унинг номзодини Президентликка илгари сурган Либерал-Демократик партия устидан жиноят иши қўзғатишга чақирди. Дарҳақиқат, Ислом Каримов ва Либерал-Демократик партия Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасини бузмоқда ва бунинг учун жавобгарликка тортилиши керак.
ВСКнинг иккинчи асосий мақсади, адолатли, шаффоф, эркин, демократик сайловларни ҳаётга тадбиқ этиш ва бу борада кўникма ва тажриба ҳосил қилиш.
ВСК бу олдига қўйган мақсадига босқичма-босқич эришмоқда. ВСКнинг яна бир асосий мақсади, тарқоқ ҳолда 25 йилдан буён нормал ҳолда фаолият олиб боролмаётган ўзбек мухолифати вакилларини иложи борича бир сиёсий нуқтага жалб қилиш. Ёшлар ва янги кучларни сиёсий майдонга олиб чиқиш ҳамда Ўзбекистондаги мавжуд муаммоларни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш натижасида амалий ишларни йўлга қўйиш. Бу йўналишда ҳам ВСК етарлича ҳаракатлар олиб бормоқда.
II боб. ВСКнинг илк расмий веб-саҳифаси ва номзодларни рўйхатга олиш жараёни
ВСК ташкил этилганидан сўнг, 25 январда интернетда ўзининг илк www.saylov2015.wordpress.com веб-саҳифасига асос солди.
2015 йилнинг 28 январидан 10 февралигача ВСК, Ўзбекистон Республикаси Президентлик виртуал сайловида иштирок этадиган номзодларни рўйхатга олди. Жами ўн икки нафар шахс Президентликка номзод сифатида ВСКдан рўйхатга ўтди. Улардан уч нафари Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов Комиссияси (МСК) томонидан расмий рўйхатга олинган номзодлар бўлиб, ВСК уларни автоматик равишда рўйхатга олишга қарор қилди.
22 февралда мухолифатдаги тўққиз нафар номзодларга ВСК “Номзодлик Гувоҳнома”ларини топширди.
III боб. ВСКнинг янги сайтга ўтиши, радио-саҳифаси ва овоз ҳисоблагич дастури
15 февралда ВСК янги радио-саҳифасига эга бўлди. Виртуал сайловда сайловчилар овозларини ҳисоблаш учун мўлжалланган махсус дастур ҳам айнан шу куни, яъни, 15 февралда ВСК томонидан сотиб олинди (барча молиявий ҳаражатлар ВСК аъзоларининг ўз шахсий ҳисобларидан олинди).
Ушбу ҳисоблагич дастурни ВСК сайтига ўрнатиш ишлари бошланиши биланоқ, ВСК техник хизмати муаммога дуч келди. Яъни, ҳисоблагич ВСКнинг www.saylov2015.wordpress.com веб-саҳифасига айрим техник сабабларга кўра, ўрнатилмаслиги маълум бўлди. Шундан сўнг, сайлов учун ўта муҳим бўлган мазкур Ҳисоблагичдан тўлиқ равишда фойдаланиш мақсадида, ВСК янги веб-саҳифа учун жой сотиб олишга мажбур бўлди.
Шундай қилиб, 16 февралдан эътиборан, ВСК янги расмий www.saylov2015.org веб-саҳифасига кўчиб ўтди.
IV боб. ВСК радиоси фаолияти ва натижаси
ВСКнинг радио таҳририяти 15 февралдан 15 мартгача 20 сондаги ўз дастурларини сайловчилар ва тингловчилар эътиборига ҳавола этди. Умумий ҳисобда 23 соатдан зиёд радио дастурлар тайёрланди.
Шу вақт ичида ВСК “Номзодлар билан танишув” рукни остидаги эшиттиришларда тўққиз номзодларнинг ҳар бирига 60 дақиқадан радио вақт ажратиб, уларнинг сайловолди дастурларини жамоатчиликка таништирди.
Қолаверса, радио таҳририяти “Номзодлар билан дебатлар” рукни остида жами уч босқичдан иборат радио-дастурлар тайёрлаб, барча номзодлар билан баҳс-мунозара эшиттиришларини матбуотда нашр қилди. Барча радио материаллар ВСК архивида сақланмоқда.
ВСК ўзининг радио-саҳифасига эга бўлгунга қадар, Саҳвий радио-блоги хизматидан фойдаланди. ВСКнинг ҳафталик иш фаолиятига доир хабар ва суҳбатлар Саҳвий радио-саҳифасида ёритилиб борилди.
V боб. Сайлов бошланиши, сайлов натижалари
ВСКнинг 25 январда қабул қилган қарорига асосан, сайловчилар овоз бериш жараёни 1 мартдан ВСК раиси Мўътабар Тожибоеванинг расмий нутқи билан бошланди. Сайлов 29 мартдан 30 мартга ўтар кечаси Париж вақти билан тунги соат 12:00 гача давом этиши кўзда тутилган.
ВСКнинг шу қарорига биноан, 1 мартдан 29 мартгача ҳафтанинг ҳар якшанба кунлари сайлов натижалари матбуотда эълон қилиниб келинмоқда. Шу давр (26.03.2015 й.)гача 8, 15, 22 март кунлари уч марта сайлов натижалари матбуотда нашр қилинди. Сайловнинг сўнгги, якуний натижалари 2015 йил 30 март, душанба куни матбуотда эълон қилиниши режалаштирилган.
VI боб. Ҳужумлар, ҳужумлар ва яна ҳужумлар
Сайловнинг 2-ҳафта натижалари 15 март, якшанба куни матбуотда эълон қилинганидан кейин ВСК расмий сайтига хакерлик ҳужумлари бошланди. Аниқроғи, 15 мартдаги сайлов натижаларида сайловчиларнинг сохта овозларининг бир қисми матбуотда эълон қилинган бўлиб, улар орасида МСК-ВСК томонидан рўйхатга олинган ҳукуматнинг “қўғирчоқ номзодлар”и – Ҳотамжон Кетмонов, Акмал Саидов ва Наримон Умаровларнинг сохта овозлари ҳақида ҳам маълумотлар ўрин олган эди. Айнан шундан сўнг, 17 мартда ВСКнинг расмий www.saylov2015.org веб-саҳифаси оғир ҳужумга учради. Сайтдаги барча материаллар нафақат веб-саҳифадан, балки хостинг сотиб олинган сервердан ҳам номаълум қароқчи(лар) томонидан ўчириб юборилган. Лекин, сайт манзили йўқотилмаган.
17-18 март кунлари ВСК саҳифадаги материалларни автоматик тарзда қайта тиклаш учун олиб борган уринишлари самара бермагач, 18 март тунидан 19 март тонггигача ВСК архивида (бошқа манбаларда) сақланиб қолган материалларни бирма-бир қайтадан сайтга жойлаштириб чиқди.
Қайта тиклангандан кейин бир кунгина фаолиятини давом эттирган ВСК сайти 20 мартда иккинчи марта яна аввалгидек хакерлик ҳужумига учради. Шу куни кечга бориб, ВСК техник хизмати бу сафар автоматик тарзда сайтни тиклашга эришди.
Бундай кетма-кет содир бўлаётган ҳужумлардан сақланиш мақсадида, ВСК ўз иҳтиёрида бўлган барча электрон унсурларининг кириш калитлари ва бошқа қурилмаларини эҳтиёт чораси сифатида ўзгартириб юборди. Гарчи шундай бўлишига қарамай, 21 март куни ВСКнинг радио-саҳифаси ҳам ҳужумга учради.
Натижада, радио-саҳифадаги барча аудио-материаллар қароқчи(лар) томонидан бутунлай ўчирилиб ташланган, ҳамда мазкур саҳифага кириш йўллари буткул тўсилган. Ушбу муаммони ечиш мақсадида радио-саҳифа сотиб олинган расмий манзилга ВСК хат ёзиб, ҳозирда жавоб кутмоқда. ВСК ўз радио-саҳифаси қайтадан тикланишига умид билдирмоқда.
Радиодан кейинги ҳужум навбати сайловчилар овоз бериши учун мўлжалланган махсус Ҳисоблагич дастурга келди.
22 мартда Ҳисоблагич дастурга ҳам ҳужум бўлди. Натижада, ушбу дастурга кириш йўллари ҳам издан чиқди. Бу бўйича Ҳисоблагич дастури олинган расмий манзилга ВСК хат ёзиб, ҳозирда жавоб кутмоқда. Эҳтиёт чораси сифатида ВСК техник хизмати қўллаган барча ҳимоя воситалари яна зарбага учради.
25 мартдан эътиборан, овоз бериш жараёни www.siyosat.wordpress.com веб-саҳифада давом этмоқда. Овоз бериш жараёнига оид қўшимча маълумотлар матбуотда эълон қилинади.
ВСК навбатчилик хизматининг 23 март, Париж вақти билан тонгги соат 08:00 гача ВСК расмий сайтига қилинган навбатдаги ҳужумлар тўғрисидаги маълумотига кўра, 22 мартдан 23 мартга ўтар кечаси Париж вақти билан тунги соат 04:26 лар чамасида ВСК веб-саҳифасига навбатдаги хакерлик ҳужуми бўлган ва натижада сайтдаги барча материаллар ўчирилиб, ўрнига ваҳшийликни акс эттирувчи бемаъни видео-ролик қўйилган.
Шу куни тонгги соат 07:54 даги маълумотга кўра, ВСК расмий сайтида беҳаё, “порно” сурат ва видео-роликлар хакер(лар) томонидан жойлаштирилган.
23 мартдан буён ВСКнинг расмий www.saylov2015.org саҳифаси қайтадан таъмирланишга эришганича йўқ. Бу борадаги ВСК техник хизматининг урунишлари самарасиз қолмоқда.
26 март, Париж вақти билан тонгги соат 07:00 гача ҳам мазкур саҳифада фаҳшни акс эттирувчи тасвирлар олиб ташланишига ВСК техник хизмати эришолганича йўқ. Бу бўйича қўшимча маълумотлар матбуотда эълон қилинади.
25 мартда ВСК архив материаллари билан яна бир янги веб-сайт www.alteruz.info га кўчиб ўтди. Янги саҳифага кўчиб ўтиш ишларида ВСКга яқиндан ёрдам берган Канадалик Халқаро ташкилот вакилларига ВСК миннатдорчилик билдиради. ВСК фаолияти мазкур янги саҳифада давом этмоқда. Бу бўйича қўшимча маълумотлар матбуотда эълон қилинади.
23 март, соат 09:36 да ВСК аъзолари ВСКнинг saylov2015@gmail.com эл.манзилига кирмоқчи бўлганларида, бу почтанинг кириш калити ўн соат аввал ўзгартирилганлиги ҳақидаги муждага дуч келдилар. Почтага кириш учун қилинган барча ҳаракатлар самарасизлигича қолмоқда. Бу бўйича қўшимча маълумотлар матбуотда эълон қилинади.
VII боб. ВСК ва ижтимоий тармоқлар
ВСК ташкил этилган кундан эътиборан, “Facebook”, “Одноклассники” каби ижтимоий тармоқларда фаол иш олиб бормоқда. Айниқса, ВСКнинг Facebook даги саҳифаси қизғин баҳс-мунозара майдонига айланди. ВСКнинг фаолиятига оид барча материаллар бу саҳифада ҳам мунтазам нашр қилиниб борилмоқда. Саҳифа иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари, танқидлари ва ўзаро баҳслари ВСК фаолиятига яқиндан ёрдам бермоқда.
VШ боб. Олқишлар ва танқид ҳамда туҳматлар
ВСКнинг фаолиятига олқишлар, ташаккурлар, қўлловлардан ташқари, конструктив танқидлар билан бирга ўзбек мухолифатининг айрим шахсларига тегишли бўлган веб-саҳифаларда ва ижтимоий тармоқларда ВСКга қарши турли туҳматлар, ҳақорат қилувчи материаллар чоп этиб борилди.
IX боб. ВСК мақсадларига эришди, ўз вазифаларини юксак даражада адо этмоқда
Тинмай изланишлар, катта зўриқишлар билан куну тун ишлаш натижасида, Виртуал Сайлов Комиссияси ўз олдига қўйган асосий мақсадларига қисқа давр ичида эришди ва ўз вазифаларини юксак даражада шараф ила адо этмоқда.
Яъни:
1. Виртуал Сайлов Комиссияси демократик принципларга содиқ қолган ҳолда, Ислом Абдуғаниевич Каримовни мамлакат Асосий Қонуни — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бир қанча моддаларини фундаментал равишда сурункали бузишини кескин қоралаб, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан номзоди қўйилган И.Каримовни Виртуал Президентлик Сайловида номзодлар рўйхатига киритмаслик тўғрисида алоҳида қарор қабул қилди. Бу билан, 26 йилдан буён Ўзбекистон раҳбарлигида қолиб келаётган диктатор Каримовнинг ноқонуний ҳаракатларини айнан ВСК, дунё ҳамжамиятига яна бир бора расмий тарзда кўрсата олди;
2. Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси (МСК) томонидан рўйхатга олинган сиёсатчилар: Акмал Саидов, Ҳотамжон Кетмонов ва Наримон Умаровларнинг Виртуал Президентлик Сайловида номзодлари қўйилишини ВСК мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаб, уларни ВСКда рўйхатга олди. Бу билан ВСК яна бир бора ўзининг демократик принципларга содиқ эканлигини, демократиянинг асосий бағрикенглик тамойилига тўла амал қилганлигини жамотчиликка намойиш қилди;
3. Ўзбекистон мухолифати сафларига янги, ёш, соғлом кучлар, турли янги ғоялар келишига эришди;
4. Ўзбек мухолифати майдонида йиллардан буён демократ-мусулмонлар ва диндор-мусулмонлар орасида давом этиб келаётган мажороларга маълум йўналишда барҳам берилди. Бу икки тоифа мухолифатчилар ягона Ватан – Ўзбекистон равнақи йўлида бирга ишлашлари мумкинлигини, ВСК амалда исбот қилди ва бу бўйича ижобий натижаларни қўлга киритди;
5. Ўзбекистон Республикасида давлат мустақиллиги йилларида адолатли, шаффоф, эркин демократик сайловлар бўлмаганлигини инобатга олиб, ташкил этилган ВСК, Ўзбекистонда ҳам адолатли, шаффоф, эркин демократик сайловлар ўтказиш мумкин эканлигини амалда исбот қилди. Бу бўйича етарли кўникма ва катта тажрибага эришди;
6. ВСКнинг жуда қисқа вақт ичидаги (икки ой) фаолиятига ғаламислик билан турли хакерлик ҳужумларини уюштирган, демократия ва Ўзбекистон тараққиётига қарши бўлган ёвуз кучларнинг ҳаракатлари ҳам аслида ВСКнинг катта ютуғидир. Демак, ВСК шундай разил кучларнинг қабиҳ йўлларига тўсиқ бўла олди. Бу билан ВСК ўзбек халқининг буюк тараққийпарвари Абдулла Авлонийнинг “Ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан курашмоқ керак”, дейилган шиорига содиқ ҳолда фаолият олиб бораётганлигининг ёрқин далилидир;
7. ВСК ўз фаолияти давомида тўплаган барча ҳужжат ва барча зарур материалларни архив учун сақлаб қолди. Бу билан келажакда шу йўналишда қилинадиган ишларга замин ва ресурс-база тайёрлашга ҳам улгурди.
X боб. ВСК ва ОАВ
ВСК ташкил этилган дастлабки кунлардан бошлаб, дунё жамоатчилиги эътиборини Ўзбекистондаги ғайриқонуний Президентлик сайловига ҳамда ўз фаолиятининг барча йўналишларига қарата олди. ВСК ташкил этилганлиги тўғрисида ва унинг фаолияти ҳақида бир қатор нуфузли халқаро Оммавий Ахборот Воситалари (ОАВ) хабарлар тарқатди, мақолалар нашр қилди.
Озодлик радиосининг ўзбек хизмати ва ўзбек хизматининг рус, инглиз тиллардаги бўлимлари, Озодлик радиоси қирғиз хизматининг қирғиз тилидаги бўлими, Озодлик радиосининг тожик хизматининг рус тилидаги бўлими тарқатган хабар ва лавҳалари шулар жумласидандир.
Қолаверса, Озодлик радиоси ўзбек хизматининг “OzodlikOnline”,“BahsOnline”, “OzodNazar” каби бир қатор жонли эфирдаги эшиттиришлари ҳам ВСК фаолияти тўлиқ тарзда ёритилишида катта аҳамият касб этди.
Би-би-си, “Америка овози” радиоларининг ўзбек хизматлари томонидан тарқатилган хабар ва лавҳалар, нашр қилинган мақолалар ҳам ВСК фаолиятига бўлган кенг жамотчилик қизиқишининг яққол далилидир.
“Фарғона” Ахборот Агентлигининг ўзбек ва рус тилидаги хизматлари ҳам ВСК фаолияти тўғрисида батафсил ёзилган матераилларни чоп этиб келди.
Булардан ташқари, қардош Туркия ва Россиянинг нуфузли матбуотларида ҳам ВСК ишлари кенг ёритилди.
Бир сўз билан айтганда, ВСК ҳақида ёзмаган нашр, сўзламаган овоз қолмади. Бу эса, яна бир бора ВСК ўз олдига қўйган мақсади нақадар тўғри ва холис эканлигини кўрсатади.
ВСК ўз фаолияти ёритилишида яқиндан ҳамкорлик қилган барча ОАВга, фуқаролик жамияти фаолларига чексиз миннатдорчилик билдиради!
XI боб. Хотима
ВСКга ғаламислик билан қилинаётган пасткашлик ҳужумлари ВСКнинг ўз олдига қўйган эзгу мақсадларига асло тўсиқ бўлолмайди!
Халқимиз Озодлиги йўлида қилинаётган ҳайрли ишларимизда Яратганнинг Ўзи мададкор бўлсин!
ОЗОДЛИК САРИ ОЛҒА, АЗИЗ ВАТАНДОШЛАР!!!
Виртуал Сайлов Комиссияси
26.03.2015 йил
Франция, Париж
Fikr bildirish