Виртуал сайловларда Республика Президентлигига номзод Моҳира Ортиқованинг ўзбек ҳалқига Мурожаати

АССАЛОМУ АЛАЙКУМ, ҚАДРЛИ ЮРТДОШЛАР!

Мен мурожаатимни давлатимиз мустақиллиги ҳали эълон қилинмаган 90-йилдаги Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш доирасида бўлиб ўтган баҳслардан бирини ёдга олишдан бошламоқчиман.

Тилшунос олим ва сиёсатчи Жаҳонгир Муҳаммаднинг ёзишича,Ўзбекистон халқ депутати, фалсафа фанлари номзоди раҳматлиТойиба Тўлаганова (илоҳим,жойлари жаннатда бўлсин) ўзининг жасоратлилиги билан бошқалардан ажралиб турган.

“У Ўзбекистоннинг бугунги шароитида президентлик бошқаруви яккаҳокимликка олиб келишини ва демократия истаб диктатурага йўлиқишимизни, коммунистик партия тарбиясини олган раҳбарлардан чиқадиган президентнинг “таши” бошқа бўлгани билан ичи айни тарзда қолишини айтди.

Бу билан чекланмасдан чиқиш йўлини ҳам кўрсатди. У мамлакатда демократия ўрнатилиши учун парламент бошқаруви заруратидан сўз этди.

Каримовнинг жаҳли шунчалик чиққан эдики, у қаерда эканлигини ҳам унутиб қўйди:

-Бундай фикр аёл кишидан чиқмайди, аёлларнинг ақли калта бўлади, бу таклифнинг ортида қандайдир кучлар бор,- деган Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби, КПСС Марказий Комитети Сиёсий Бюросининг аъзоси Ислом Каримов Тойиба Тўлагановани очиқчасига камситди.Танаффусда эса маҳаллий мухбирларга суҳбат берар экан, “Аёллар товуқ мия бўлади” дейишгача бориб етди”.

Аслида эса Каримов ўша вақтнинг ўзидаёқ унинг келажагини кўра олган зиёли аёлнинг ақли ва билимини тан олишни хохламаганидан бутун аёл зотини ҳақорат қилган эди. Кейинчалик ҳам ҳаққоний сўзлари учун қаттиқ босим остида қолган Тойиба Тўлаганованинг ҳаёти мавҳум сабабларга кўра барҳам топди.

Шу ўринда Ислом Каримовнинг асл қиёфаси тўлалигича намоён бўлди, чунки фақат маънан қашшоқ одамгина аёл кишини ҳақорат қила олади, руҳан кучсиз одамгина зўравонлик йўлини танлайди. Унга қарши гапирганлардан Мурод Жўраев ва Самандар Қўқоновлар 90-йиллардан буён қамоқда ўтиришибди, Жаҳонгир Муҳаммад мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди, Шовруқ Рўзимуродов бу дунёни тарк этди.Бу рўйхат давомийлиги ҳалигача тўхтагани йўқ.Бир сўз билан айтганда 25 йилдан бери ноқонуний фаолият юритиб келаётган МХХ ва милиция халқни қўрқув ва зулм остида ушлаб турувчи Каримовнинг темир қўлларига айланди.

Ислом Каримов ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун биринчи навбатда матбуотни йўқотди ва атрофига буйруқларини сўзсиз бажарадиган лаганбардорлар ва маддоҳларни йиғди. Ўзининг шахсий манфаатларидан бошқа нарсани ўйламайдиган бу текинхўрлар халқнинг маънавий ва моддий бойликларини талон-тарож қилишдан бўшамаяпти. Жамият ҳаётидаги барча соҳалар амалдорларнинг моддий бойлик орттириш тегирмонига айланди.

Бунинг натижасида маънавий қашшоқлик юзага келди. Ҳаддан ошган адолатсизлик ва зулм туфайли Ўзбекистон фуқаролари чет эллардаги жангари гуруҳларга қўшилиб кетаяпти. Чунки бугунги кунга келиб Ўзбекистонда халқнинг дардини эшитадиган на бирон бир масъул шахс, на бирон бир ташкилот бор!

Гулнора Каримова аввалги мавқеини йўқотган бўлсада, ўғли Европанинг энг ривожланган шаҳарларидан бири -Лондонда қўриқчилар қуршовида ўқиб,яшаяпти. Оддий халқнинг боласи эса мактабга темир-терсак, ҳаттоки гўнг ташишдан бўшамаяпти. Амалдорлар дунёнинг таниқли шаҳарларидан фарзандлари учун кўчмас мулк сотиб олишдан чарчамаяпти, оддий халқ эса пахта ҳосилини йиғиш учун бор-будига қўшиб кипригида авайлаб катта қилган гулдек фарзандини қурбон қилаяпти.

Лола Каримова ҳаттоки америкаликлар фақат орзу қила оладиган 58 миллион долларлик қасрда яшаяпти, оддий ўзбек эса совуқда тезак ёқиб, ишлатмаган гази ва чироғи учун пул тўлаяпти. Ҳақиқий жиноятчилар ҳокимият тепасида турибди, оддий халқ эса турмаларда қилмаган айбига иқрор бўлиши учун инсон зоти чидаб бўлмайдиган қийноқлар қўлланилиши натижасида жон таслим қилаяпти.

АЗИЗ ВАТАНДОШЛАР!

Биз бутун дунёга танилган Амир Темур, Ал Хоразмий, Ал Фаробий, Ал Бухорий, Ибн Сино каби кўплаб буюк зотларнинг авлодларимиз. Ўзбекистон замини, ер ости ва ер усти, маънавий бойликлари, шунингдек Ўзбек Ҳокимияти ҳам бизнинг мулкимиз. Бу мулк бизга аждодларимиздан мерос бўлиб қолган, ўз навбатида биздан ҳам авлодларимизга мерос бўлиб қолиши шарт. Фақат бу меросни қай тарзда асраб қолиш ва келажакка етказиш масъулиятини чин қалбдан ҳис қилишимиз ва бунга интилишимиз зарур. Бизнинг халқимиз энг фаровон, энг адолатли жамиятда яшашга, энг халқпарвар Ҳокимиятга эга бўлишга арзийдиган халқ.

Мен Ҳокимият учун эмас, халқ хизмати учун, унинг топталган ҳуқуқлари тикланиши ва айбдорларнинг халқ олдида жавоб бериши учун даъвогарман. Шу мақсадим йўлида албатта, халқимнинг ишончи ва қўлловига суянаман.

Сўзимнинг сўнгида Ўзбек халқи манфаатлари йўлида қурбон бўлганларнинг охиратлари обод бўлишини Оллоҳдан сўраб қоламан.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.