Мамлакатдаги Президентлик сайловига доир ва Ўзбекистон ФЖнинг «Муқобил Ўзбекистон» Мувофиқлаштириш Кенгашини тузиш ҳақидаги Баёнот
Ўзбекистон Фуқаролик Жамияти «Муқобил Ўзбекистон» Мувофиқлаштириш Кенгаши
Б А Ё Н О Т И
Бугун, 2015 йил 29 март, Ўзбекистон Республикасида Президентлик сайлови ўтказилаётган кунда, Ўзбекистон Фуқаролик жамиятининг “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгашини ташкил этилгани ва фаолият бошлаганини эълон қиламиз.
Мувофиқлаштириш Кенгашининг ташаббускорлари ва аъзолари Ўзбекистонлик таниқли фуқаролик жамияти фаоллари, ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил журналистлар, сиёсий демократик мухолифат вакиллари, мустақил диний фаоллар, қийноқлар ва сиёсий қатағон қурбонлари ҳамда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга бефарқ бўлмаган хорижликлардир.
Мувофиқлаштириш Кенгаши ташкил қилиш ғояси Виртуал сайлов комиссиясининг иш фаолияти давомида юзага келди. Ўзбекистонда Президентлик сайловлар куни белгиланиши билан, бу гал ҳам амалдаги президент, диктатор Ислом Каримов ўз номзодини қўйиб, сайлов натижаларини қалбакилаштириб, ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолиш ниятида эканлиги маълум бўлгач, хорижда яшовчи бир қатор Фуқаролик Жамияти фаоллари муқобил тарзда, онлайн овоз бериш орқали Президентлик сайловлари ўтказиш ташаббуси билан чиқди.
Виртуал сайлов комиссиясининг мақсади — ҳалол, демократик, эркин ва ҳаққоний рақобат тарзида сайлов ўтказиш, ва бу сайловларда иштирок этишни истаган барча Ўзбекистон фуқароларига тенг шароитлар яратиш эди. Ислом Каримов назорати остидаги Марказий сайлов комиссиясидан фарқли ўлароқ Виртуал сайлов комиссияси Президентликка даъвогарлар қаршисида ҳеч қандай сиёсий ва ҳуқуқий тўсиқ қўймади.
Виртуал сайлов комисияси томонидан рўйхатга олинган 12 номзоддан уч нафари Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳам рўйхатга олинган, бошқа 9 номзод эса расмий Тошкент сиёсатига мухолифлар – ҳам Ўзбекистондаги, ҳам хориждаги номзодлардир.
Виртуал сайлов комиссияси 29 мартдаги Президентлик сайловида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган амалдаги Президент диктатор Ислом Каримовни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасини қўпол равишда бузганлигига асосланиб, муқобил сайловларда унинг номзодини рўйхатга олишни рад этди. Конституциянинг ушбу моддасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмаслиги кўрсатилган.
Бундан ташқари, Виртуал сайлов комиссияси Ўзбекистон Бош прокуратурасига фуқаро Ислом Каримов ва унинг номзодини илгари сурган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раҳбарияти устидан Конституция талабларини қўпол равишда бузганлиги учун жиноий иш очиш талаби билан расмий баёнот берди.
Виртуал сайлов комиссиясининг ташаббуси қисқа вақт ичида интернет тармоғида кенг оммалашди. Сайтнинг кўплаб зиёратчилари онлайн овоз беришда иштирок эта бошлади ва бу овозлар ҳар бир номзод учун автоматик тарзда ҳисобланиб, сайтда эълон қилиб борилди.
Виртуал сайлов комиссиясининг иши Ўзбекистон сиёсий раҳбариятини қаттиқ ташвишга солди. 2015 йилнинг 15 мартидан 24 мартигача Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан уюштирилган давомли хакерлик ҳужумлари оқибатида бундай ҳужумларни қайтариш учун қилган уринишларга қарамасдан Виртуал сайлов комиссиясининг вебсайти бир неча кун муддатга ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлди.
Виртуал сайлов комиссиясининг вебсайти, электрон почтаси, онлайн радиоси ва овозларни ҳисоблаш электрон тизими хакерларнинг ҳужуми туфайли ишдан чиқди. Хакерлар вебсайтдаги барча маълумотларни ўчириб, ўрнига фахш видео ва суратларни жойлаштирганди.
“Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгашининг ўз олдига қўйган мақсади — Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг имзолагани халқаро ҳужжатларга риоя қилиши, жорий қонунларни ҳурмат қилиши ва уларга амал қилишига эришиш борасида Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаолларининг сайъ-ҳаракатларини бирлаштириш ва мувофиқлаштириш учун умумий майдон вазифасини ўташдир.
Мувофиқлаштириш Кенгашининг мақсад ва вазифалари, режалари ва уларнинг бажарилиши, шунингдек, таркиби ҳақида Ўзбекистондаги Президентлик сайловларидан кейин қуйидаги веб-сайт орқали жамоатчиликка маълум қилиб борилади: http://alteruz.info
Бугунги кунда Ғарб сиёсатчилари Каримовга эътибор беришмаётир, улар Ўзбекистондаги Президентлик сайловларида сайлов қонунчилигининг қўпол равишда бузилишига кўз юмаётир. Бундай ёндошув Каримовнинг диктаторлик ҳокимиятини кучайишига, Марказий Осиёдаги вазиятнинг янада кескинлашиши, аҳолининг норозилиги ошишига, инсон ҳақлари билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашишига олиб келиши аниқ.
Мисол тариқасида АҚШ Давлат Котиби ўринбосарининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Ричард Хоугланд тарафидан Ўзбекистонда ўтказиладиган Президентлик сайловларини “мамлакатнинг ички иши” дея баҳоланишини эслаш мумкин. Хоугландга кўра, Ўзбекистондаги сайловлар Ғарб ва Америка стандартларига жавоб бермаслиги мумкин, аммо Вашингтон Ўзбекистон ҳокимияти билан ўз муносабатларини давом эттиражак. Юқори мартабали Америка дипломати яқинда Лондондаги АҚШ элчихонасида берган интервьюсида Американинг Ўзбекистон билан хавфсизлик борасидаги, хусусан истиҳборот алмашиш борасидаги ҳамкорлиги ҳақида гапираётиб, бу жараён икки мамлакатнинг миллий манфаатларига мос келишини таъкидлади.
Ўзбекистондаги Президентлик сайловида иштирок этаётган бошқа номзодлар – Акмал Саидов, Ҳотамжон Кетмонов ва Наримон Умаровлар – ўзларининг сайловолди дастурлари билан чиқишларида амалдаги Президент сиёсатини тўлиқ қўллашини билдиришаётгани ҳақида етарлича маълумотларимиз ҳам бор.
Ўзбекистондаги вазият яхши томонга ўзгармаётир. Ҳокимият вакиллари фуқароларнинг барча тамал эркинлик ва ҳақларини поймол этишда давом этмоқдалар.
Мамлакатдаги жазони ўташ муассасаларида қийноқлар ва бошқа ноинсоний муносабат турлари каби инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилиши, фуқаролик жамияти вакилларига қарши таҳдид, босим, таъқиб кенг тарқалган. Аҳолининг маълум бир катта ёшдаги қисми ва болаларни мажбурий меҳнатга, асосан қишлоқ хўжалиги ишларига ва бошқа мажбурий ишларга жалб қилиш, террор ва экстремизмга қарши кураш баҳонасида виждон ва эътиқод эркинлигини чеклаш, фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқларининг бузилиши кенг тарқалган.
Конституциянинг сиёсий ҳақлар ҳақидаги моддалари, биринчи галда, сайлаш ва сайланиш ҳаққи қўпол тарзда бузилаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Зеро Ўзбекистонда эркин ва демократик сайловлар мавжуд эмас. Мамлакатнинг амалдаги Президенти 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида бир неча бор Президент ва мамлакат парламенти ва сайловларга тааллуқли қонунларни ва Конституция моддаларини ўзига мослаштирган тарзда ўзгартириб, олий ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб келаяпти. Таъқиб, тазйиқ ва таҳдидлар туфайли мамлакатни тарк этаётган ва хориждан сиёсий бошпана олаётган Ўзбекистон фуқаролари сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда.
Агар 2000 йилларнинг ўрталаригача бу тоифага асосан ўзбек фуқаролик жамияти ва сиёсий мухолифат вакиллари ва диндорлар кирган бўлса, сўнгги йилларда кучишлатар тизимларга нишон бўлган оилалар, масалан, бизнесменлар ҳам ўз ҳаёти ва тинчлигига нисбатан таҳдидлар туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишмоқда.
Шу билан биргаликда ўзбек махсус хизматларининг хориждаги фаолияти ҳам кучайтирилмоқда. Бунга хорижда сиёсий бошпана излаётган ўзбек фуқароларини қамоққа олиш ва Ўзбекистонга қайтариш бўйича Европа давлатларининг баъзиларини, Америка, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Украинани киритиш мумкин. Хориждаги ўзбек қочқинларини муҳтамалан ўзбек махсус хизматлари томонидан жисмонан йўқ қилиш ҳолатлари кўпайди.
Фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳам қўпол ва оммавий тарзда бузиб келинмоқда. Мамлакатда энг кам иш ҳақи қашшоқлик даражасида қолмоқда ва мутлақо бозор нархларидан ҳам паст. Асосан ёшлар ўртасида ва қишлоқ аҳолиси орасида (Ўзбекистоннинг 70% аҳолиси қишлоқ жойларида яшайди) ишсизлик ривожланган. Хориждаги меҳнат муҳожирлари орасида ўзбеклар 6-7 миллионни ташкил қилади (расмий маълумотларга кўра Ўзбекистон аҳолиси 31 миллионга яқин).
Мамлакат ичкарисида иш излаб, яшаш жойларини ўзгартираёган ички меҳнат муҳожирларидан иборат миллионлар армияси пайдо бўлди. Ўзбекистонда табиий газ, электр, ичимлик суви ва иситиш тизимларидаги кескин етишмовчилик мамлакат пойтахти – Тошкент шаҳридан ташқари бошқа ҳудудларда 10 йилдан бери давом этмоқда. Тараққиётнинг мана шундай энг оддий қулайликларидан бебаҳра ўсган бир авлод вояга етди. Ўзбекистон халқи табиий газ, олтин, ипак, пахта, уран ва бошқа табиий бойликлар экспортидан олинаётган маблағлар нима учун ва қандай сарфланаётганидан бехабар қолмоқда.
Инсон ҳақлари бўйича расмий риторика ҳам ўзгарди. Агар 2005 йилларгача Ўзбекистон ҳокимияти инсон ҳуқуқларини очиқчасига бузишга уялмаган бўлса ва хорижий ҳамкорлар билан музокараларда инсон ҳуқуқларининг бузилишини бутунлай инкор этган бўлса, 2005 йил Андижондаги тинч намойишларни қонли бостирилиши сабабли бир неча йилга халқаро ҳамжамиятдан иҳоталаб қўйилгач, хорижий ҳамкорлар билан демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича музокараларда айёрона усул ўйлаб топган бўлдилар.
Ўзбекистон ҳокимияти ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳурмат қилаётган ва уларга ғамхўрлик кўрсатаётган давлат сифатида кўриниш учун Ўзбекистонда демократлаштириш ва инсон ҳақлари бўйича расмий тарғибот кўламини (маҳаллий ОАВда расмий дастур ва мақолалар, семинарлар ва б.) кескин оширди.
Инсон ҳуқуқлари бузилишини тамоман рад этолмагач, ҳукумат “инсон ҳуқуқлари бузилишининг алоҳида ва саноқли далиллари”, “баъзи бир давлат амалдорларининг инсон ҳуқуқларини бузиш мумкин эмаслигини тушунмаслиги”, “БМТ ва ЕХҲТ, бошқа халқаро ҳамкорлар билан Ўзбек халқининг миллий манфаатларига, анъана ва удумларига зид бўлмаган тақдирдагина тўлиқ ҳамкорлик қилишга тайёр эканликлари” ҳақида гапира бошладилар.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Ғарбдаги ҳамкорларининг риторикаси ҳам сезиларли даражада ўзгарди. Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича масалалар йиллик музокара ва мунозаралар ўзбек ҳокимияти ва ғарблик ҳамкорлари билан кўпроқ ёпиқ эшиклар ортида ўтказиладиган бўлди. Мамлакатдаги саноқли ва хориждаги фуқаролик жамияти фаоллари ёпиқ эшиклар ортида қандай масалалар муҳокама қилинаётгани ҳақида бехабар қолишмоқда.
Сўнгги пайтларда Ўзбекистондаги вазият янада оғирлашаётир. Мажбурий меҳнат (мактаб ўқувчилари, талабалар, давлат ходимларини оммавий равишда пахта теримига жалб қилиш), сохта айбловлар, қийноқлар, ноқонуний суд қарорлари, порахўрлик ва қонунбузарликнинг бошқа кўринишлари тўхтамаётир. Ҳокимият бу каби ғайриинсоний сиёсатидан воз кечиш у ёқда турсин, уларга оммавий тус бераётир. Бундай қонунбузарликларнинг ягона маъноси шуки, яъни сиёсий режим кескин ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва геополитик муаммолар исканжасида жон сақлаб, куч топишга ҳаракат қилаётир.
Аҳолини электр, табиий газ ва ичимлик суви билан таъминлаш муаммолари борган сари чуқурлашиб, миллий фожеа моҳияти касб этмоқда. Сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида (Тошкент шаҳридан бошқа) табиий газ ва электр билан таъминлашда доимий узилишлар кузатилмоқда. Аммо юқорида айтиб ўтилганидек, ҳокимият табиий газ экспортидан тушадиган молиявий маблағларни йиғишга ва айнан шу сабабли ички истеъмолни сезиларли камайтириб, экспортни оширишга қарор қилди. Бу барча жойларда ижтимоий норозилик омили бўлиб қолди.
2015 йилги маълумотларига кўра Ўзбекистон аҳолисининг умумий сони 30.686,531, кишини ташкил қилади, таққосласак қўшни Қирғизистонда 5.869,119 одам, Қозоғистонда — 17.009,202, Тожикистонда — 8.494,558 киши истиқомат қилади. Ўзбекистон аҳолисининг умумий сони юқорида кўрсатилган уч давлатнинг аҳолиси йиғиндисига тенг.
Шунингдек, Ўзбекистон сиёсий маҳбуслар сони бўйича ҳам етакчи ўринда. Шунга қарамай, кўп йиллардан бери Ўзбекистонда маҳаллий фуқаролик жамияти ривожини қўллаб-қувватловчи халқаро дастур ва ташкилотлар фаолият юритмаётир. Ўзбекистон учун ажратилаётган халқаро ёрдам ва грантлар Ўрта Осиё давлатларига ажратилаётган шу ёрдам туридан бир неча бор камлиги билан ажралиб туради.
Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг мустақил вакиллари учун бериладиган молиявий ёрдам ва грантлар ГОНГО (ҳокимият томонидан ташкил қилинган ва давлат назорати остидаги Нодавлат, нотижорат ташкилотлар) ташкилотларига бериладиган шу турдаги ёрдам миқдори оширилганлиги сабабли кескин камайди.
2011 йилда диктатор президент Ислом Каримовнинг кичик қизи, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси, “Сен ёлғиз эмассан” Ўзбек хайрия жамғармасининг бошлиғи — Лола Каримова-Тиллаева «Rue89″ номл француз нашрини мақолаларидан бирида Ислом Каримовни «Диктатор» дея зикр этгани учун судга берди. Ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари Мўътабар Тожибоева ва Надежда Атаевалар судда нашр ҳимояси томонидан гувоҳ сифатида иштирок этишди.
Суд жараёнида Лола Каримова-Тиллаеванинг адвокати Антуан Жермен (Antoine Germain) Ўзбекистонда Лола Каримова-Тиллаева томонидан таъсис этилган нодавлат ташкилот – “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси Европа Иттифоқидан 3,7 миллион евро грант сифатида ажратилганлигини билдирган.
Француз суди газета фойдасига ҳукм чиқарди. Бу дунёдаги ўзига хос суд ҳукми бўлиб, унда суд ҳар бир нарсани ўз номи билан атаган ва Ислом Каримовни диктатор деб топган.
Бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролик жамияти халқаро ёрдамларсиз, қийинчилик билан фаолият юритмоқда. Ўзбекистон фуқаролик жамиятига ёрдам кўрсатиш масаласи муҳокама қилинганида, кўпчилик халқаро донорлик вакиллари фақат ноилож елка қисишади, баъзан халқаро донорлар муносабатларида Ўзбекистондаги вазиятни яхшилашга нисбатан ишончсизликка яқин цинизм ҳам сезилиб турибди.
Энг фаол инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бири – “Ўтюраклар клуби” Инсон ҳуқуқларини Ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти ҳам халқаро донорларнинг бунақа муносабатига дуч келганлиги сабабли бугун деярли банкротлик даражасига тушиб қолди ва ташкилотнинг вебсайти ҳамда бир нечта муҳим дастурларини тўхтатишга мажбур бўлди. Биз халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ва ҳамкорларимизнинг катта қўлловини ҳис қилиб турибмиз. Бироқ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш йўлда курашни давом эттириш учун халқаро донорлик ҳамжамиятининг доимий ва давомли молиявий ёрдамисиз, фақатгина маънавий ёрдамнинг ўзи етарли эмас.
Ўзбекистон ҳукумати хориждаги фуқаролик жамияти вакилларини таъқиб қилишни, жисмонан зарар етказиш, ҳаттоки суиқасдларни давом эттираётир. Туҳмат ва ҳақорат орқали уларни обрўсизлантириш учун узлуксиз кампаниялар олиб бораётир.
Бу йил Анджон қонли воқеаларига 10 йил тўлади. 2005 йилнинг май ойида Андижон шаҳридаги тинч норозилик чиқишларининг юзлаб иштирокчилари ҳукумат кучлари томонидан ваҳшийларча бостирилган эди. Ўзбекистон Ҳокимияти ҳали ҳам бу жинояти учун жавоб бергани йўқ.
Таниқли ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси, виртуал сайлов комиссиясининг раиси, янги ташкил қилинган Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгашининг асосий ташаббускорларидан бири Мўътабар Тожибоеванинг сўзларига кўра, “Ғарб давлатларининг Ўзбекистондаги ноқонуний ва нодемократик президентлик сайловларига нисбатан тутган “сукут сақлаш” сиёсати расмий Тошкентнинг ўз халқига нисбатан олиб бораётган диктаторлик жиноятларини қўллаш билан баробардир”.
Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Конституциявий суди ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларининг мамлакатда ўтказиладиган президентлик сайловини ташкил қилишда конституция талаблари қўпол равишда бузилганлиги ҳақидаги ариза ва чақириқларини жавобсиз қолдирди.
“Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши БМТни, ЕХҲТни ва Ғарб демократик давлатлари раҳбарларини Ўзбекистонда ўтказилаётган Президентлик сайлови натижаларини тан олмасликка, амалдаги Президент диктатор Ислом Каримов томонидан қонун бузилганини, сайловни ташкил қилиш ва ўтказишда халқаро ва конституциявий талаблар қўпол равишда бузилганини жамоатчилик билан муҳокама қилишга чақиради.
“Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши Ўзбекистонда ўтказилаётган Президентлик сайловини ғайриқонуний ва ноҳалол деб ҳисоблайди. Шунингдек Ислом Каримовни Ўзбекистон Республикасининг янги Президенти сифатида тан олмайди.
Ҳурмат билан
Ўзбекистон Фуқаролик Жамиятининг
“Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши
Имзо чекканлар:
Ташкилотлар:
1. “Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш ташкилоти
(Рахбари Мўътабар Тожибоева)
тел: +33679233927
mutabartadjibaeva@gmail.com
2. “Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳи
(Етакчиси Моҳира Ортикова)
3. Минтақалараро Ўзбекларнинг “Ватандош” жамоат Бирлашмаси
(Президенти Усмон Баратов)
4. “Қўрқмаймиз!” Флешмоб гуруҳи
Шахслар:
1. Камолиддин Раббимов
Мустақил сиёсатшунос
2. Дилором Исхокова
Мустақил ҳуқуқ фаоли
3. Улугбек Бакиров
Мустақил журналист
4. Сухроб Исмоилов
Мустақил ҳуқуқ фаоли
5. Мухаммадсолих Абутов
Диний фаол
6. Хазраткул Худойберди
Ўзбекистон “Озодлик” Харакати
7. Фарходхон Мухтаров
Мустақил ҳуқуқ фаоли
8. Ташпулат Юлдашев
Мустақил сиёсатшунос
9. Бахадыр Намазов
Мустақил журналист — ҳуқуқ фаоли
10. Дилшод Усманов
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига виртуал номзод
11. Тўйчиев Бахтиёр Хасан ўғли
Мустақил мухолиф фаоали
12. Евгений Дьяконов
Мустақил журналист
13. Руслан Майтанов
Мустақил журналист – «Муҳожирлар
ҳуқуқини ҳимоя қилиш Кўмитаси”фаоли
14. Канат Ибрагимов
Қозоғистонлик рассом
15. Қаюм Ортиқов
Қийноқ ва сиёсий қатағон қурбони
16. Хусан Рўзиев
Қийноқ ва сиёсий қатағон қурбони
2015 йил 29 март
Париж, Франция
Fikr bildirish