Ўзбек мухолифатчилари веб саҳифаси хакерларнинг «порно» ҳужумига учради

сайт

Ўзбекистон Виртуал Сайлов Комиссияси (ВСК) сайти хакерлар ҳужумига учраши натижасида, Интернетда бораётган виртуал президент сайлови ҳисоблагичи ишдан чиқди. Ташкилот матбуот котиби Улуғбек Бакировнинг Озодликка айтишича, комиссия веб саҳифаси «ёвуз кучлар» томонидан навбатдаги хакерлик ҳужумига учраган.

Унинг айтишича, «афтидан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан уюштирилган хакерлик ҳужуми» натижасида ВСК веб саҳифасига «порно видеолар» қўйиб ташланган.

ВСК веб саҳифаси – saylov2015.org Ўзбекистонда 29 мартга белгиланган президент сайловига параллел равишда муҳожиратдаги бир гуруҳ ўзбекистонлик фаоллар томонидан таъсис этилган.

ВСК масъулларига кўра, веб саҳифа билан бир қаторда ВСК имейл манзили ҳам якшанба кунидан буён очилмаётир.

Ўзбекистон президент сайловига параллел равишда глобал тармоқда ўтказилаётган сайловда иштирок этиш учун Виртуал сайлов комиссияси томонидан 12 номзод рўйхатга олинган эди.

Номзодларнинг уч нафари Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси томонидан расман рўйхатга олинган номзодлар, қолган тўққиз нафари эса, Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида расмий Тошкентга мухолифатда бўлган номзодлардир.

ВСКга кўра, рўйхатга олинган номзодлар учун овоз бериш 1 мартдан бошланган ва 29 мартгача давом этиши кутилаётганди.

Аммо, ВСК масъулларига кўра, йўлга қўйилган виртуал овоз бериш дастури қайтадан тикланмаса, якшанба кунига қадар тўпланган овозлар якуний ҳисобланишини мумкин.

– Агарда, ушбу Ҳисоблагич дастури қайта тикланмаса, овоз бериш жараёни ўз-ўзидан якунланади ва 22 мартдаги сайлов натижалари ВСКнинг сўнгги сайлов натижаси бўлиши эҳтимоли бор,- дейди ВСК матбуот котиби.

Аммо, Улуғбек Бакировнинг айтишича, давомли хакерлик ҳужумларига қарамасдан, ВСК ўз олдига қўйган энг асосий мақсадга эришди – дунё жамоатчилги эътиборини ўзига қарата олди.

– ВСК ташкил этилган дастлабки кунлардан бошлаб, дунё жамоатчилиги эътиборини ўзига қарата олди. ВСК ташкил этилганлиги тўғрисида ва унинг фаолияти ҳақида бир қатор нуфузли дунё оммавий ахборот воситалари хабарлар тарқатди, мақолалар нашр қилди,– деди Улуғбек Бакиров.

Навбатдаги нишон

ВСК веб саҳифаси хакерлар ҳужумига учраётган илк мухолифат веб саҳифаси эмас.

Бир ой муқаддам Ислом Каримов режимига мухолифатда бўлган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) расмий нашри – uzxalqharakati.com сайти ҳам беркилиб қолганди.

Бир кун ичида Ўзбекистондаги кўплаб IP адресларидан миллионлаб спамлар юборилди, дейди ЎХҲ матбуот котиби Озодлик билан суҳбатда.

ЎХҲ раиси Муҳаммад Солиҳ эса ҳаракат веб саҳифаси Ўзбекистон хавфсизлик кучлари томонидан нишонга олинганига “шубҳа йўқ”, дейди.

ЎХҲ раисига кўра, uzxalqharakati.com cаҳифасининг хакерлик ҳужумига учрашига саҳифанинг сўнгги пайтларда оммавийлашиб бораётгани сабаб бўлган.

– Чунки саҳифамизга кунига 45 мингдан 55 мингга қадар одам кира бошлаганди,- деди Муҳаммад Солиҳ.

Ўтган йил охирида мухолиф қарашда бўлган яна бир оммавий ахборот хизмати – Uznews.net саҳифаси ҳам давомли хакерлик ҳужумлари туфайли ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлаётганини маълум қилганди.

Сўнгги йилларда расмий Тошкентга мухолиф қарашда бўлган қатор веб нашрлар хакерлик ҳужумлари натижасида беркитилди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳеч қачон хакерлик ҳужуми ҳақидаги даъволарга муносабат билдирмаган.

http://www.ozodlik.org/content/article/26915622.html

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.