Виртуал Сайлов Комиссиясининг якуний Ҳисоботи
Виртуал Сайлов Комиссияси (ВСК) 2015 йилнинг 22 январида бир гуруҳ Европа мамлакатларида яшовчи Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари ташаббуси билан ташкил этилди.
ВСКнинг таркибига “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева (ВСК раиси), ЎИҲЖ Президенти Абдужалил Бойматов (ВСК раис ўринбосари), мустақил сиёсатшунос Камолиддин Раббимов (ВСК раис ўринбосари), мухолифат фаоли Муҳаммадсолиҳ Абутов (ВСК мувофиқлаштирувчиси), мустақил журналист Улуғбек Бакиров (матбуот котиби), фаоллар – Акмал Набиев (Умид Муродов) (аъзо) ва Севинч Парфи (котиба)лар кирди.
ВСК ўз олдига қўйган мақсадларига эришди, вазифаларини юксак даражада адо этди:
Тинмай изланишлар, катта зўриқишлар билан куну тун ишлаш натижасида, Виртуал Сайлов Комиссияси ўз олдига қўйган асосий мақсадларига қисқа давр ичида эришди ва ўз вазифаларини юксак даражада шараф ила адо этди.
Яъни,
1. Виртуал Сайлов Комиссияси демократик принципларга содиқ қолган ҳолда, Ислом Абдуғаниевич Каримовни мамлакат Асосий Қонуни — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бир қанча моддаларини фундаментал равишда сурункали бузишини кескин қоралаб, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан номзоди қўйилган И.Каримовни Виртуал Президентлик Сайловида номзодлар рўйхатига киритмаслик тўғрисида алоҳида қарор қабул қилди.
Бу билан, 26 йилдан буён Ўзбекистон раҳбарлигида қолиб келаётган диктатор Каримовнинг ноқонуний ҳаракатларини айнан ВСК, дунё ҳамжамиятига яна бир бора расмий тарзда кўрсата олди.
Виртуал сайлов комиссияси 29 мартдаги Президентлик сайловида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган амалдаги Президент диктатор Ислом Каримовни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасини қўпол равишда бузганлигига асосланиб, муқобил сайловларда унинг номзодини рўйхатга олишни рад этди. Конституциянинг ушбу моддасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмаслиги кўрсатилган.
2. ВСК Ўзбекистон Бош прокуратурасига фуқаро Ислом Каримов ва унинг номзодини илгари сурган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раҳбарияти устидан Конституция талабларини қўпол равишда бузганлиги учун жиноий иш очиш талаби билан расмий баёнот берди.
3. Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси (МСК) томонидан рўйхатга олинган сиёсатчилар: Акмал Саидов, Ҳотамжон Кетмонов ва Наримон Умаровларнинг Виртуал Президентлик Сайловида номзодлари қўйилишини ВСК мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаб, уларни ВСКда рўйхатга олди. Бу билан ВСК яна бир бора ўзининг демократик принципларга содиқ эканлигини, демократиянинг асосий бағрикенглик тамойилига тўла амал қилганлигини жамотчиликка намойиш қилди;
4. Ўзбекистон мухолифати сафларига янги, ёш, соғлом кучлар, турли янги ғоялар келишига эришди;
5. Ўзбек мухолифати майдонида йиллардан буён демократ-мусулмонлар ва диндор-мусулмонлар орасида давом этиб келаётган мажороларга маълум йўналишда барҳам берилди. Бу икки тоифа мухолифатчилар ягона Ватан – Ўзбекистон равнақи йўлида бирга ишлашлари мумкинлигини, ВСК амалда исбот қилди ва бу бўйича ижобий натижаларни қўлга киритди;
6. Ўзбекистон Республикасида давлат мустақиллиги йилларида адолатли, шаффоф, эркин демократик сайловлар бўлмаганлигини инобатга олиб, ташкил этилган ВСК, Ўзбекистонда ҳам адолатли, шаффоф, эркин демократик сайловлар ўтказиш мумкин эканлигини амалда исбот қилди. Бу бўйича етарли кўникма ва катта тажрибага эришди;
7. ВСКнинг жуда қисқа вақт ичидаги (икки ой) фаолиятига ғаламислик билан турли хакерлик ҳужумларини уюштирган, демократия ва Ўзбекистон тараққиётига қарши бўлган ёвуз кучларнинг ҳаракатлари ҳам аслида ВСКнинг катта ютуғидир.
Демак, ВСК шундай разил кучларнинг қабиҳ йўлларига тўсиқ бўла олди. Бу билан ВСК ўзбек халқининг буюк тараққийпарвари Абдулла Авлонийнинг “Ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан курашмоқ керак”, дейилган шиорига содиқ ҳолда фаолият олиб бораётганлигининг ёрқин далилидир;
8. ВСК ўз фаолияти давомида тўплаган барча ҳужжат ва барча зарур материалларни архив учун сақлаб қолди. Бу билан келажакда шу йўналишда қилинадиган ишларга замин ва ресурс-база тайёрлашга ҳам улгурди.
ВСКнинг фаолиятига доир Ҳисобот билан қуйидаги манзилда танишишингиз мумкин: http://alteruz.info/2015/03/559
ВСК ТАҚВИМИ
2015 ЙИЛ
• 22 январь — ВСК ташкил топди;
• 25 январь — www.saylov2015.wordpress.com веб-саҳифага асос солинди ва иш бошлади;
• 28 январдан 10 февралгача – Президентликка номзодлар рўйхатга олинди;
• 22 февраль — тўққиз нафар мухолифат номзодларига ВСКнинг “Номзодлик Гувоҳнома”лари тақдим этилди;
• 15 февраль- ВСК ўз радио-саҳифасига эга бўлди;
• 15 февраль – сайловчилар овоз бериши учун мўлжалланган махсус Ҳисоблагичга эга бўлди;
• 16 февраль — ВСК янги расмий www.saylov2015.org веб-саҳифасига кўчиб ўтди;
• 15 февралдан 15 мартгача — 20 сондаги дастурларни ВСК радио таҳририяти сайловчилар ва тингловчилар эътиборига ҳавола этди. 23 соатдан зиёд радио эшиттиришлар нашр қилинди;
• 1 март – овоз бериш жараёни расман бошланди;
• 8, 15, 22 мартларда – ҳар якшанба, сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинди;
• 17 март – ВСК расмий веб-сайтига 1-хакерлик ҳужуми бўлди;
• 18 март – сайт тикланди;
• 20 март — 2-марта сайт ҳужумга учради;
• 20 март кечаси – сайт яна қайта тикланди;
• 21 март — ВСКнинг радио-саҳифаси ҳам ҳужумга учради;
• 22 март — Ҳисоблагич дастурга ҳам ҳужум бўлди;
• 23 март – 3-марта сайт ҳужумга учраб, хакерлар томонидан беҳаё тасвирлар қўйилди;
• 23 март — ВСК расмий эл.почтаси saylov2015@gmail.com ҳам ҳужумга учради;
• 26 март – янги www.alteruz.info веб-саҳифа ишга тушди, барча архив материаллар кўчирилиб ўтилди;
• 26 март – эл.почта тикланди;
• 26 март – ВСКнинг илк Оралиқ Ҳисоботи эълон қилинди;
• 27 март – овоз бериш жараёни расман тўхтатилди;
• 30 март — “Сайлов – 2015” нинг якуний, сўнгги натижаси эълон қилинди. Унга кўра, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг раҳбари Баҳодир Чориев виртуал сайловда иштирок этган ҳақиқий 2.173 (икки минг бир юз етмиш уч) овозларнинг 396 (уч юз тўқсон олти) таси, 18,22 % билан 2015 йилги Ўзбекистон Республикаси Президентлик виртуал сайловининг ғолиби деб топилди;
• 6 апрель — ВСК расман иш фаолиятини тўхтатди.
Ҳужумлар ва сохта овозлар
ВСК фаолиятига Ўзбекистон ҳукуматининг махсус хизматлари томонидан бир неча марта хакерлик ҳужумлари бўлди. Жумладан, виртуал сайловнинг 2-ҳафта натижалари 15 март, якшанба куни матбуотда эълон қилинганидан кейин ВСК расмий сайтига хакерлик ҳужумлари бошланди.
Аниқроғи, 15 мартдаги сайлов натижаларида сайловчиларнинг сохта овозларининг бир қисми матбуотда эълон қилинган бўлиб, улар орасида МСК-ВСК томонидан рўйхатга олинган ҳукуматнинг “қўғирчоқ номзодлар”и – Ҳотамжон Кетмонов, Акмал Саидов ва Наримон Умаровларнинг сохта овозлари ҳақида ҳам маълумотлар ўрин олган эди.
Айнан шундан сўнг, 17 мартда ВСКнинг расмий www.saylov2015.org веб-саҳифаси оғир ҳужумга учради. Сайтдаги барча материаллар нафақат веб-саҳифадан, балки хостинг сотиб олинган сервердан ҳам номаълум қароқчи(лар) томонидан ўчириб юборилган. http://alteruz.info/2015/03/559
Овоз бериш жараёнида МСК-ВСК томонидан рўйхатга олинган номзодлар билан бирга бир қатор мухолифат номзодларида ҳам сохта овозлар борлиги аниқланди:
Олқишлар ва танқид ҳамда туҳматлар
ВСКнинг фаолиятига олқишлар, ташаккурлар, қўлловлардан ташқари, конструктив танқидлар билан бирга ўзбек мухолифатининг айрим шахсларига тегишли бўлган веб-саҳифаларда ва ижтимоий тармоқларда ВСКга қарши турли туҳматлар, ҳақорат қилувчи материаллар чоп этиб борилди.
ВСК ва ДУНЁ
ВСК ташкил этилган дастлабки кунлардан бошлаб, дунё жамоатчилиги эътиборини Ўзбекистондаги ғайриқонуний Президентлик сайловига ҳамда ўз фаолиятининг барча йўналишларига қарата олди. ВСК ташкил этилганлиги тўғрисида ва унинг фаолияти ҳақида бир қатор нуфузли халқаро Оммавий Ахборот Воситалари (ОАВ) хабарлар тарқатди, мақолалар нашр қилди.
ВСК икки ойдан зиёд фаолияти давомида яқиндан ёрдам кўрсатган қуйидаги ОАВ ва халқаро ташкилотларга миннатдорчилик билдиради:
Озодлик радиосининг ўзбек хизмати ва ўзбек хизматининг рус, инглиз тиллардаги бўлимлари, Озодлик радиоси қирғиз хизматининг қирғиз тилидаги бўлими, Озодлик радиосининг тожик хизматининг рус тилидаги бўлимига;
Би-би-си, “Америка овози” радиоларининг ўзбек хизматларига;
“Фарғона” Ахборот Агентлигининг ўзбек ва рус тилидаги хизматларига;
ВСК ишлари кенг ёритилган Туркия ва Россиянинг бир қатор нуфузли матбуотларига;
Саҳвий радио-блогига;
“Зиё Нур” видео-студиясига;
FIDH, ACAT, Human Rights Watch, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотларига ҳамда eQualit.ie ташкилоти асосчиси ва раҳбари Дмитрий Витальевга.
Президентликка номзодлар
Президентлик виртуал сайловида ўз номзодлари билан фаол иштирок этган шахслар: Усмонжон Баратов, Мирраҳмат Мўминов, Намоз Нормўмин, Моҳира Ортиқова, Шуҳрат Рустамов, Дилшод Усмонов, Салоҳиддин Усмонов, Ҳазратқул Худойберди ва Баҳодир Чориевларга ВСК чексиз миннатдорчилик билдиради!
ВСК номзодларнинг диктатура режимига қарши собитқадамлик ва матонат билан қўлни қўлга берган ҳолда курашларида улкан омадлар тилайди!
Сайлов ғолиби
Виртуал Сайлов Комиссияси 2015 йилги Ўзбекистон Республикаси Президентлик виртуал сайловининг ғолиби, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг раҳбари Баҳодир Чориевни сайловда эришган ғалабаси билан чин дилдан табриклайди!
ВСК Баҳодир Чориевнинг ҳамда барча номзодларнинг сиёсий ишларида улкан муваффақиятлар, келгусидаги ишларида омадлар тилайди!
Шунинг билан ВСК расман ўз иш фаолиятини тўхтатганлигини билдиради.
Барчага ташаккур!
Виртуал Сайлов Комиссияси
06.04.2015 йил
Париж, Франция
Fikr bildirish