Абдулла Орипов сиз шоир сифатида ҳалқнинг хурматига муносибсиз, лекин сиёсатчи сифатида ўзбек ҳалқига ҳиёнат қилган хоинсиз!
Абдулла ака сиз Озодлик радиосига берган интервьюнгизда «Машрабни осган элдан мен қадр тилармидим?» дея хитоб қилибсиз. Ўзингизчи сиз ўзингизни Машрабни осган элган умуман фарқингиз йўқлигини хис қила оласизми?
Паркентда, Бўкада бўлган фожеалар қурбонлари, талабалар шахарчасидаги ўлдирилган ёшлар, Андижон қирғини пайтида қони тўкилган балким юзлаб, балким минглаб бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган Ислом Каримовни туғилган куни билан табриклаб маддоҳлик қилаётган паллангизда Машрабни осган элнинг бир бўлаги эканлигингизни хис қилганмисиз?
Ўзингизни шунча йиллар давомида диктатура режимини мустахкамланишига қўшган хиссангиз учун ўзбек халқидан кечирим сўрашингиз кераклигини тушуниб етмадингизми хали?
Мен сизни интервьюнгизни эшитиб, шахсан ўзингизни ва сизнинг шогирдларини кўпчигини яхши таниган инсон сифатида пиво ва спиртлик ичимликларни узлуксиз равишда етказиб турган шогирдларингиз энди сизни ароғу, пиво билан таъминламай қўйганларига қарши исённи сездим холос сизни баёнотингиздан.
Лекин унинг Озодликка берган интервьюнгизда диктатор Ислом Каримовга маддоҳлик қилиб ўтган умрингиздан, ўзбек ҳалқининг бошига тушган кулфатларга қанчалар даражада ўзинингизни айбдор хисоблашингизни сезмадим. Аксинча «Машрабни осган элдан мен қадр тилармидим?» дея ёзғирдингиз.
Биласизми, ўзбек қамоқхоналаридаги махкумлар ҳар куни бир маҳал уларга мажбурий тарзда сиз ёзган гимнни куйлашга мажбур қилинаётган пайтларида сизни эслайдилар, эслайдилару сизни қарғай бошлайдилар. Чунки бу гимн қамоқхоналарда қийноқ усулининг бири сифатида қўлланилади.
Бир бригада махкумалари «Серқуёш хур ўлкам, элга бахт нажот…» дея куйлаб турганларида очликдан силласи қуриган бошқа отряд махкумасини кўтариб медсанчастга олиб кетишади.
1999 йил 16 февраль кунги портлашлар юзасидан ўтказилаётган анжуманда Ички ишлар вазири Зокир Алматовга қарата “Зокир ака, уларни ушлаб отиш керак” дея хайқирган сиз бўласиз Абдулла ака.
Эмишки, сиз Ўзбекистон Олий мажлиси парламентига сайланиб, Ўзбекистон Қаҳрамони даражасига кўтарилиб, бир умр ўзбек ҳалқини, ўзбек миллатини пешонасини ярқирашини, бахти очилишини орзу қилиб ўтганмишсиз. Сиз ўзбек ҳалқи, ўзбек миллатининг ёдидан умрбод ўчмайдиган Алишер Навоий даражасидаги ўринга муносибмишсиз.
Вахоланки Алишер Навоий шохнинг саройида эди, лекин сарой шоири эмасди, ўз жонини хавф остига қўйиб бўлсада мамлакат аҳолисининг дарди ташвиши билан куйиб ёниб яшаган. Айнан шунинг учун ҳам Астрободга сургун қилинган. Сиз шоир сифатида ҳалқнинг хурматига муносибсиз, лекин сиёсатчи сифатида ўзбек ҳалқига ҳиёнат қилган хоинсиз!
“Озодлик” радиосида “Ўзбек зиëлилари тазарру қилишга тайëрми?” номли қурултойда Абдулла Ориповнинг Озодлик радиосига берган интервьюси ва интернетда эълон қилаётган сўнгги шеърларида тавба тазарру ҳамда афсус надоматни кўриш мумкинлигини айтилди.
“… Қурултой қатнашчиларига кўра¸ ўз вақтида зулмга ҳизмат қилган зиëлиларнинг тавба қилгани Ўзбекистоннинг янги тарихида ноëб ходиса.
Ўзбек ойдинлари Чўлпон¸ Фитрат¸ Қодирийлар устидан чақув ëзган ëзувчилар тавба қилмасдан оламдан ўтиб кетишди.
Чўлпонни «чуқур назарий асослар»да қаттиқ қоралаб¸ қамалишига сабаб бўлган Миёнбузрук Солиҳов Туйғун¸ Иззат Султон¸ Уйғун ва Ғафур Ғулом каби шоирлар тазарру қилмасдан ўтиб кетганига тарих гувоҳ.
Ëзувчи Набижон Боқийнинг Ўзбекистон МХХ архивларида сақланаëтган Абдулла Қодирийнинг жиноят ишига таяниб ëзишича, Абдулла Қодирийнинг отиб ўлдирилишида ëзувчи Ғафур Ғулом чақувлари ҳам сабаб бўлган…”
1999 йил 16 февраль кунги портлашлар бўйича ўтказилаётган йиғинда Ички ишлар вазири Зокир Алматовга қарата “Зокир ака, уларни ушлаб отиш керак” дея хайқирган, бир пайтлар ўзбек миллатининг фахри хисобланган, сарой шоирига айланган Абдулла Ориповнинг бунингдек хитобидан нафратланган “Ўтюраклар Клуби” фаоли Исмоил Маллабоев бир неча марта телеграммалар орқали Абдулла Ориповга мурожаат қилиб, ушбу қилган хитоби учун ўзбек ҳалқидан кечирим сўрашини талаб қилганди.
Исмоил Маллабоев 2003 йил 23 июнь кунги ўзбек зиёлиларига ёзган очиқ хатида (http://mutabar.org/2003/06/5347) Ўзбекистон Қаҳрамони Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Абдулла Орипов ҳақида қуйидаги фикрларни баён қилганди.
“… Юртимизнинг, замонамизнинг энг кўзга кўринган файласуф–донишмандларидан бири, қаҳрамон–депутат–шоир Мадхиямизнинг муаллифи А.Орипов, юртимиз мустақиллигини энг қора кунларидан бири, 1999 йил 16–февраль куни, машъум воқеалар сабаб ўтказилаётган катта йиғинда, бутун Ўрта Осиё ҳалқлари бу воқеалар сабаб, Тошкент оинаи жахонига диққат–эътиборини қаратган бир паллада, минбардан туриб Ички Ишлар Вазири Алматовга қараб, ҳаммага эшиттириб мурожаат қилди: «Зокиржон ака, уларни ушлаб отиш керак» дея…! Террористларни назарда тутиб.
Ривожланган давлатларда, бир ёқдан инсонпарварликни кўзлаб, бир ёқдан судяларни хатосини йўққа чиқариш учун, ўлим хукмига Мораторийлар эълон қилиниётган бир даврда ўзбек файласуфи Вазирни, хозирда Америка ҳалқи юракларида бир изтироб билан эслайдиган Линч судига ундади.
Кейинроқ эса, 2000 йилнинг ёзини ўрталарида «Би-Би-Си» радиостанцияси бутун дунёга эълон қилди: «1999 йилда Ўзбекистонда 55 та ўлим хукми чиқарилди, 15 таси ижро этилди» дея…!
Ўлим хукмини эса ўрта мактабнинггина тугаллаган оддий ишчини судлашишга чорлаб қилган чақирикларидан қочиб «Арзингизни қаноатлантиришга асос йўқ» дея, хатбозлик–қоғозбозлик қилган судьялар чиқаришган. Абдулла Ориповни ундашларидан рухланганмикин улар??…”
Абдулла Орипов амал отида бўлган, Ислом Каримовга тавозе қилиб айшу ишратда яшаган пайтларида ўзбек халқининг тақдирига, миллатнинг бошига тушаётган кулфатларга енг орасидан қараган сарой шоири бўлган. Ўзбекистон Қахрамони ва сенатори эканлиги сабаб ундан кўмак сўраб мурожаат қилган инсонларнинг тақдирлари билан умуман қизиқмаган.
Абдулла Ориповнинг қизи Юлдузнинг жиноий қилмишларидан жабр тортган жабрдийдалар унга қизини тартибга солиш, ўзларининг бузилаётган ҳуқуқларини тиклашда ёрдам беришни сўраб қилган илтижоларини эшитиб-эшитмай жабрдийдаларни остонасидан хайдаб чиқаргани ҳақида эшитганмиз.
Бир пайтлар Ислом Каримовнинг қанотида гуркураб яшнаган, бугунги кунда чиқитга чиққан Ўзбекистон ҳалқ шоири Абдулла Ориповнинг таваллуд топган кунини хукумат доирасида вилоятларда нишонлашга мажбурланган, Абдулла Орипов бошчилигидаги шоирлар, ёзувчилар гуруҳининг худудларга ташриф буюришини соатлаб кутган мактаб ўқувчиларининг хушларидан кетиб йиқилганларини хали кўпчилик унутмаган бўлса керак.
Озодликдаги қурултой иштирокчиларидан бири Исмат Хушев Абдулла Ориповни Пушкин даражасига кўтарди, Чўлпонга ва халқнинг ҳақиқий шоирларига – Машрабга, Есенинга тенглашга харакатлар қилди. Машраб сарой шоири эмасди. У халқнинг дардини золим шохга очиқ ошкора айтишдан чўчимаган, айнан халқнинг шиори экани боис ҳам шохнинг топшириғи билан дорга осилганди.
Абдулла Орипов Ўзбекистон олий кенгашининг сессияси пайтида бесўроқ қўл кўтариб гуркураб келаётган ўзбек диктаторини туғилган кунига бағишлаб, маддоҳларча мақтаб ўқиган шеърини эслатилди Қурултой эшиттиришида. Агар Абдулла Орипов бесўроқ қўл кўтариб ўзбек миллатининг бирор бир кулфатини баён қилиб, йиғин иштирокчиларидан, Ислом Каримовдан шу муаммо ечимини сўраганида эди бошқа масала эди, мана шу қаҳрамонлик деб аташга муносиб харакат хисобланар эди.
Абдулла Орипов 2001 йилнинг 11 февраль кунида “диний экстремизм” жиноятларини содир этганликда айбланиб, ғайриқонуний равишда хибсга олиниб, орадан 17 кун ўтгач, 28 февраль 2001 йилда Республика Ички Ишлар Вазирли ертўласида қийнаб ўлдирилган таниқли уйғур– ўзбек ёзувчиси Эмин Усмоннинг ўлими юзасидан бонг урган ва ёзувчининг ўлимига сабаб бўлган мансабдорларни қонун олдида жавоб беришларини талаб қилиб баралла хайқириши керак эмасмиди?
Умрининг 14 йилдан ортиғини ўзбекистон қамоқхоналарида ўтказган ва бугунги кунда 50 доллар миқдорида қариялик нафақаси олиб, ўта ночорликда яшаётган дунё таниган ва тан олган машхур ёзувчи Мамадали Махмудовнинг озодлиги учун кураш олиб бормасмиди?
Сарой шоири Абдулла Ориповнинг тушган холати бугунги кунларда Ислом Каримовга тавозе қилаётган, жиноятлар содир этиб ўзбек халқи миллатига ҳиёнат қилаётган амалдорларга, сарой шоирларига, вазирлару, вилоятлар амалдорларига ўрнак бўлиши керак.
Бугунги кунда амалда ўтирган ва ҳалқ вакилларининг ҳаққи ҳуқуқларини оёқ ости қилиб келаётган амалдорлар билсинларки, вақти келадики, бугунги кунда улар хизматини қилаётган диктатура режими истаган пайтида бу амалдорларни супуриб чиқитга чиқаради. Ана ўшанда халқнинг қўллови, қувватлашига мухтож бўласизлар. Афсуски ёнингизга ҳеч бир инсон яқинлашмайди, чунки сиз нафратга муносибсизлар.
Мен ҳам хибсдалик пайтимда, Фарғона тергов изоляторида сақланиб турган пайтимда 11 январь 2003 йил куни Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси Раиси Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповга Очиқ хат ёзиб, бир маҳаллар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фарғона вилоят бўлимида фаолият юритганимни баён қилиб, Абдулла Ориповдан менинг масаламда қонуний текширувлар ўтказишга ташаббус кўрсатишини сўраб қилган мурожаатларим оқибатсиз қолиб кетган. Шахсан мени таниган ва Ёзувчилар уюшмасига катта ёрдамлар уюштирган “ҳалқ дарди билан ёнаётган” Абдулла Орипов Мўътабар Тожибоевага жавоб беришни ҳам лозим топмади.
Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси Раиси Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповга Очиқ хат қуйидагича бошланганди: http://mutabar.org/2006/01/3599).
“Мухтарам Абдулла ака!
Мен бир пайтлар Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси Фарғона Вилоят бўлимида тарғибот ташвиқот бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб, «Наврўз оҳанглари», «Ёднома» номли китобчаларни чоп этилишида ташаббускорлик кўрсатган ва Ёзувчилар Уюшмасининг бинолари, боғлари, маблағларини қалбаки хужжатлар билан ўзлаштириб юборган Фарғона вилояти хокимияти амалдорларини фош этиб, Ёзувчилар Уюшмасининг бутун мол–мулки ва миллион–миллион маблағларини суд орқали ундириб берган Мўътабар Таджибаеваман.
Шунингдек, «Ёзувчи» газетасининг Фарғона водийси бўйича мухбири сифатида газетани Фарғона водийсида тарғибот қилган, натижада айни ўша пайтда Фарғонада «Ёзувчи» газетаси муштарийлари сони қисқа муддатларда кескин кўпайишига ҳисса қўшган тарғиботчисидирман.
Бундан ташқари Республикадаги нуфузли матбуотлар билан биргаликда «Ёзувчи» газетасида ҳам ижод намуналарим, шеърларим чоп этилган.
Республика Ёзувчилар Уюшмаси қошидаги «Ёзувчи» нашриёти орқали 2001 йилда мен бошқараётган «Ўтюраклар» Клубининг «Огоҳ бўлайлик» номли рисоласи мени муаллифлигимда чоп этилган…
Ўтган йиллар давомида амал курсисини эгаллаган ҳамшаҳарларимни ҳалолликдан умуман юз ўгирганларига жуда кўп марта дуч келдим. Уларнинг ориятсизлиги, фитнакорликлари туфайли мен 7–октябрь 2005 аил кунидан буён қонунга зид равишда хибсга олиниб, узлуксиз қийноққа солинмоқдаман.
Мен бугун Сизга менга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 17–моддаси билан қўйилган сохта айбловлар ҳақида ҳеч нарса демоқчи эмасман.
Чунки мени хибсга олинишим Республика бош прокуратурасининг буюртмаси бўлган. Ўзбекистонда эса прокуратура тизимидаги амалдорларнинг ғайриқонуний ҳатти –харакатларига ҳали ҳеч бир жонзот қарши чиқиб соғ қолмаган…”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фарғона вилоят бўлими собиқ матбуот маркази бошлиғи Мўътабар Тожибоева
Fikr bildirish