Дилдора Боймуродова: Қадрли инсоним Мўътабар Тожибоеванинг таваллуд айёмига табрик ўрнида!

Бугун мен учун қадрли бўлган инсонлардан бирининг таваллуд куни. Бугун мен эъзозлайдиган ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева ўзининг 55 ёшлик айёмини Франциянинг Парижида ўз фарзандлари, набиралари ва яқин дўстлари даврасида нишонламоқда!

Мана шу қутлуғ айём билан табриклаш мақсадида бир вақтлар у инсон ҳақида ёзганим ва уни сиз ўқувчиларимга ҳам ҳавола этганим мақоламни қайта-қайта ўқидим. Бу пайтларда соғлигим у қадар яхши эмас бир ҳолатда оргтехникасиз бадиий безаш ёки тўқималардан фойдаланмай, дилимда неки бўлса борини шундай оққа кўчириб қўя қолган эдим.

Аслида мен инсонларни биргина фазилатини ўта қадрлайман, у ҳам бўлса йиқилганни суяши, ўрнидан турғазиб қўйишини! Бу фазилат биз ўқиган жамики ҳикматли китоблар ва дунёдаги жамики динларда қадр топган қадрият ҳисобланади.

Тасаввур қилинг, кўчада кетаётиб йўлда йиқилиб ётган замондошингизга кўзингиз тушсин. Бу ҳолатга мен жуда кўп бора дуч келганман. Бир қарашда атрофдагилар назарида сармаст бўлиб йиқилган кўрингани билан балки ҳуши ўзида бемор бўлиши ёхуд тоби қочиб қолиб йиқилган бўлиши мумкин-ку! Бунга кўпчилигимиз аниқлик киритиб ўтирмай, лоқайдларча ўтиб кетамиз баъзан. Бу лоқайдлик эса бизнинг феълимиз торлигидан далолат!

Ваҳоланки, у ҳақиқий бетоб бўлиб қолган бўлганида диний ақидаларимизга айтилган “Бемор кишининг ёнида Оллоҳнинг ўзи туради!”, ёхуд “Бемордан ҳол сўраш вожиб амаллардан” ҳикматомуз амалларимизни бажармаганлигимиз учун қанчалик савобдан қуруқ қолиб, гуноҳимизни орттирган бўлар эдик. Шу боис ҳам ҳамма ҳикматларда ЙИҚИЛГАННИ СУЯШ! Фазилати улуғланади. Шу боис ҳам мен инсонлардаги ана шу фазилатни ўта қадрлайман.

Жумладан ана шундай фазилат соҳибаларидан бири Мўътабар опа Тожибаевани ҳам! Чунки қаердаки йиқилган, зулм ва ҳақсизликдан эзилганми, у беморми ё бирор кўмакка муҳтожми у барчаси ОПАга мурожаат этади! Қаердаки ана шундай мазлумлар бор ўша ерда ОПА бор! У ҳеч кимдан ёрдамини аямайди, имкон қадар замондошларининг ҳимоясига отланади. Ҳаттоки ўзининг тинчлигидан кечиб бўлса-да уларни ҳимоя қилади. Бу эса унинг чин инсон эканлигидан далолат! Олижаноб инсоний фазилатлар эгаси эканлигидан далолат! ЎТЮРАКЛИК фақат ОПАгагина хос!

Очиғи, бундай инсонларга бирор тилак билдиришга ожиз бўлиб сўз бойлигинг етмай таъриф топа олмай қоласан киши. Чунки улар барча тилаклардан-да устун инсонлар. Жамики яхши тилакларнинг ўзи мужассам уларда. Бехосдан лабларим пичирлаб биргина тилак айтаман: «ҲЕЧ ҚАЧОН СИЗНИ ЎТЮРАКЛИГИНГИЗ ТАРК ЭТМАСИН! Чунки ЎТЮРАКЛИК фақат СИЗгагина хос!

Чунки фақат кучи ожизларгагина етадиган ўзини эркак санаб юрган номардларни кўп бора кузатиб бир пайтлар опага шу номани битгандим:

Наҳот шунча мардлик нозик қалбда бўлса,
Шаҳдингиздан мингта номард ҳиссиз ўлса,
Эркакман, деб кўкрак керган ялмоғизлар,
Қани энди ХУДДИ СИЗДЕК АЁЛ БЎЛСА… 

Ҳурматли опажон, ҳамиша яқинларингиз ва барча замондошларингиз, дўстларингиз бахтига соғ-омон бўлинг!

Шуни унутмангки, СИЗ МИНГЛАБ, БАЛКИ МИЛЛИОНЛАБ ЗАМОНДОШЛАРИНГИЗГА КЕРАКСИЗ! ШУ УЧУН ҲАМ ЎЗИНГИЗНИ АСРАНГ! ОЛЛОҲНИ ЎЗИ АСРАСИН ВА ЯРЛАҚАСИН СИЗНИ!

Эзгулик эзгу инсонлар билан тирик!

(Аслида бу мавзуда ва бундай инсонлар ҳақида мукаммалроқ ижод мухтасар бўлар эди. Оёғим гипсда –ўрнимдан тура олмаган бир ҳолатда ва оргтехника қуролисиз ёзганлигимни инобатга олган ҳолда, жузъий камчиликлари учун ўқувчилардан олдиндан узр сўрайман. )

Эзгулик билан ёвузлик ўртасида мунтазам кураш давом этар экан “Ёвузликка қарши курашиб яшашнинг ўзи ҳаёт демакдир” деган файласуфнинг фикрларини нақадар ҳақиқатга таяниб айтилганига очиғи талабалик даврларимда у қадар ақлим етмас эди.

Тўғри ҳар даврнинг эзгулик йўлида ўз умрини бахшида этиб, бу йўлда ўзини-да унутиб курашадиган ўз фидоий инсонлари борлиги хусусида тарихдан кўплаб ўқиганмиз, аммо замондошларимиз орасида сизу биз билан елкама-елка яшаётган бундай инсонлар хусусида мутлақо ўқимадим. Ҳар ҳолда ҳукумат ОАВ ва матбуотидаги сохтакорликларни назарда тутмаяпман. Яъниким ёвузликнинг асл хизматчи қулларию эзгуликнинг асл душманларини “фидоий” ниқобида мақташларини эмас.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Фидоий сўзининг асл маъноси нимадан иборат? Қандай инсонлар бу номга муносиб?

Дарҳақиқат, фидоий ким ўзи – у аввало ўзидан кеча оладиган, халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўя оладиган инсон! Ҳақиқат учун курашга бутун ҳаётини бахшида қиладиган инсонлар. Бу курашлар давомида улар узлуксиз тайзиққа олиниб, мунтазам таъқибда бўлишлари шунчаки одатий ҳолдир. Бундан-да оғири улар ўз замондошларидек яшай олмайдилар. Яъниким уларнинг ҳар томондан Оллоҳ йўллаган ризқ эшикларини бекитадилар, ноҳақ талайдилар, ноҳақ жазолайдилар ва ҳаттоки бадарға қилинадилар.

Улар умр бўйи оддий кулбаларда қорақозонларида ёвғон шўрва пишириб кун кечиришлари мумкин аммо бундай турмуш улар учун одатий турмуш! Уларнинг оддийгина турмушлари, ОДДИЙЛИК деган гўзал дунёлари бор! Аслида ОДДИЙЛИКНИНГ ДУНЁСИ ГЎЗАЛ! Шу боис ҳеч қандай қийинчиликлар уларни таслим бўлишга мажбурлай олмайди! Шуниси билан улар фидоий, шуниси билан улар енгилмас, тўғрироғи енгиб бўлмас куч!

Бугун ана шундай замондошимиз аниқроғи ватандошимиз хусусида фикр юритмоқчиман. Бу менга илгари мутлақо нотаниш бўлган асли водийнинг забардаст журналистларидан бўлмиш ҳамкасбимиз Мўътабар Тожибоевадир. Ҳа, ўша барча мухолифатчи ҳамкасбларимиз яхши танийдиган “Ўтюраклар клуби” раҳбари.

Бу инсон ҳақида илгари ўқиган ва эшитганларим ортидан сиртдан таниш тасаввуримгина бор эди. Шунчаки барча мухолифатчи журналистлар сингари яшаб ижод этаётган оддий ижодкор сифатида танирдим холос. Чунки улар билан мутлақо ҳамкорлигим бўлмаган. Яқин йил ичида очиғи маҳаллий ҳокимиятнинг ноҳақ тайзиқу таъқибларидан ногиронлик аҳволим янада оғирлашиб, маънавий-моддий кўмакка ўта муҳтож бир ҳолимда мени ўз манфаатлари йўлида ҳамкорликка чорлаб, мамлакатдаги қонунсизлик, инсон ҳуқуқларини поймол қилиниш ҳолатларига қарши курашларимдан ўзларининг жирканч манфаатлари йўлида фойдаланиб, вақтида ҳеч бир қийматга эга бўлмаган ташкилотларини рекламасини кучайтириш учунгина мени жалб қилиб тағин ўзларини уялмай-нетмай “мухолифатчи, ҳуқуқбон” дея атаётганлар “Жангда яраланган қуролдош дўстларини” осонгина ташлаб қочган бир пайтларида ҳамкасбларимдан бири “Кўмак маркази” раҳбари Дилором Исоқованинг тавсиясига кўра Мўътабар Тожибоевадан бор шароитни тушунтириб, кўмак сўраб мурожаат қилдим.

Ажабланарлиси, мени мутлақо танимайдиган фаолиятимдан бехабар инсоннинг менга кўмак кўрсатишга шайлиги бўлди. Бу пайтлар азбароий танамдаги дарднинг зўрлигидан қалам тебратишга ҳам ожиз эдим. Буни қарангки, мен учун илгари мени ишлатган ва мен билан бирга ишлаган барча чет элдаги бизга ватандош сафдошларимдан (бор-йўғи қўлларидан кела оладиган кундалик юмушлари бўлмиш ёзув-чизувнигина) мен ҳақимда ўзлари билган маълумотларни ёзиб беришлари учун кўмак сўраб мурожаат қилди ҳаттоки. Минг афсус тошдан садо чиқди ҳамки улардан садо чиқмади. (Ўша мен юқорида айтиб ўтганим ҳукумат ОАВ ва матбуотидаги сохта фидоийлардан.) Аслида фидоийликка даъво қилиб кўкракларига уриб юрганлардан эди улар. Шундан сўнг барча масъулиятни ўз зиммасига олиб, ўз клуби номига мос ўтюраклигини исботлаб менга кўмак кўрсатди.

Бу жараён 2 ёки уч ойга чўзилди чамамда улар билан шу вақтлар оралиғидагина мулоқотда бўлдим. Улардаги менга нисбатан талабчанлик ва қаттиққўлликлар очиғи, мени устозларимни мени тарбиялашдаги “сиёсати” каби эди. Дастлаб бундан бироз оғриндим ҳам (чунки 25 йилга яқин меҳнат тажрибасидаги 40 ёшдан ошаётган аёл эдим-да) аммо уларнинг ҳар бир сўзи рад этиб бўлмас ҳақиқат ва бу бунинг кўзимни очишга қаратилаётганлигини англаб сергак тортдим.

Бу танбеҳлар орасида янада аччиқроғи ва ҳайратланарлиси бор эди у ҳам бўлса: “Дилдора, сизни ҳолингизни эшитиб, азбароий ачинганимдан кўмакка шошилдим. Шундан сўнг ўртамиздаги алоқага якун ясалади. У ёғига сиз ўз йўлингиздан мен ўз йўлимдан кетаман” дегани эди. “Унда бу ёрдамингизни қандай қайтараман?” деган саволим жавобсиз ҳам қолиб кетган эди.

“Ё раб, мен билан ҳамкорлик қилиб юрган бошқа чет эллик ватандошларимиз каби арзимас кўмаклари учун елкамизга қўядиган юклама ва талаблар нега бу инсондан чиқмади?” дея ўзимга берган саволимга ҳам ҳамон жавоб топа олмайман. Ана шунда менинг кўзларим шақ этиб очилиб, дунёни қайта танигандек бўлдим. Ана шундай инсонлар борлигига шукур қилдим. Шу каби аёлларни яратганга шукрона айтдим. Унинг бағрикенглиги ҳақиқий инсонпарварлиги олдида бош эгдим. Инсонийлиги олдида таъзимдаман.

Дарвоқе, у инсон қўлидан келган кўмагини амалга ошириб бўлгач, ўзлари айтганидек анчагача алоқамиз узилди. Шунга қарамай, ИИБ ва СНБчиларнинг фитна ва турли иғволарни уюштиришлари эса АНЪАНАВИЙ ТАРЗДА давом этиб турди. Ҳар галгидек менга ва навбатдаги яқинларимнинг бири (акам Худойназаров Зайниддин)га нисбатан ҳуқуқларимизни ноҳақ топташ содир этилганида, улар билан ўртамиздаги алоқани узиш тўғрисидаги сўзимизни ҳам унутиб, дарҳол ҳуқуқий кўмак сўраб мурожаат қилдим. Яна биз учун биринчилардан кўмакка шошилган инсон Мўътабар Тожибоева бўлди.

Акам мажбурий тартибда уйидан ИИБга олиб кетилиб, ИИБ ва СНБчиларнинг “кушандаси, хотини” дея халқ тилида кенг тарқалган “Чомпа” исмли аёл (аслида ундақалар на исмга на жинсга нолойиқ)ни гўёки маҳкаманинг ичида ҳақоратлаган эмишу 15 сутка маъмурий жазога тортилган эмиш. “Эҳ, ақлсиз нодонлар ҳеч бир фитна иғволаринг асл ҳолатдек бўлмаслигини қачон англайсанлар? Ҳақиқатга тенг кела олмасликларингничи?” дегинг келади.

Хуллас, шу пайтда опа ўзи раҳбарлик қилаётган “Ўтюраклар клуби”ни оёққа турғазиб бўлса-да, ҳуқуқий кўмакка шошилди. У ўшанда “бир-биримизни безовта қилмаймиз, алоқамиз узилади” каби келишувларни ҳам эслаб ўтирмади.

Азиз замондошим мен ижодкордирман аммо буёғини ортиқча ифодалай олмайман, сўз ожиз, қалам ожиз. Фақат бир ҳақиқатни биламанки бундай инсонлар олдида фақатгина бош эгиш керак холос. Гўёки эзгулик олдида бош экканинг каби.

Чунки шундай инсонлар бор экан, ҳамиша эзгулик яшайверади. Эзгулик эзгу инсонлар билан тирик!

Мустақил журналист Дилдора Боймуродова

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.