«Ўғирлаб йўқ қилинганларни хотирлаш тадбири» бир ойлик якуний ҳисоботи
Қадрли ватандошлар ва саҳифамиз мухлислари!
Бугун 29 август 2015 йил. Бугун Андижон Жомеъ масжиди имоми Абдували қори Мирзаев ва унинг ҳамроҳи Рамазон Маткаримовлар Тошкент Аэропортидан ўғирлаб йўқ қилинганига роппа роса 20 йил тўлди.
ИАК бошлиқ режимнинг бу улкан жиноятига 20 йил тўлиши муносабати билан, Хориждаги мухолифатчи ва ҳуқуқбонлардан иборат «Муқобил Ўзбекистон» Мувофиқлаштириш Кенгаши томонидан 29 июл 2015 йилда эълон қилинган, «Ўзбек режими томонидан ўғирлаб йўқ қилинганларни хотирлаш бир ойлик тадбири» расман тугади.
Бу бир ой ичида аввал 19 киши номи эълон қилинган рўйхат, охир оқибат жами 25 та кишининг ўғирланганига оид маълумотлар билан тўлдирилди ва бу рўйхат эътиборингизга ҳавола қилинди.
Бу рўйхатдаги номи зикр қилинган кишилар ҳақида имкон қадар маълумотлар тўплаб, тўлдиришга уриндик. Лекин, афсуски, маълумот олиш имконимиз чегаралангани учун бунга етарли даражада муваффақ бўлолмадик.
Умуман олганда, бу рўйхатдаги кишилардан 7 таси ҳақида радиосуҳбат қилинди. Шу ўғирланганлар рўйхатидан 7 кишининг суратлари топилди ва эълон қилинди.
Бошқаларининг маълумотлари қисман тўлдирилди ва ўғирланиш тафсилотлари кенгроқ ёритилди.
— Рўйхатдаги шахсларни учта категорияга ажратиш мумкин.
Биринчи тоифа, Абдували қори Мирзаев ёки Абдулла Ўтаев, ёки бўлмасам, Ҳусниддин Назаров — у балки бу рўйхатга кирар, балки кирмас — шунақа шахслар. Улар президент буйруғи асосида ўғирланган бўлиши мумкин.
Кейинги тоифа, Рамазон Маткаримов каби шахслар, ўғирликка гувоҳ бўлиб қолганлар. Шунинг учун йўқ қилинган бўлиши мумкин.
Учинчиси, бевосита Каримов даражасида бўлмаган, қуйидаги амалдорлар даражасида ўғирлаб-йўқ қилинганлар. Ҳозир биз маълумотларни йиғишда давом этаяпмиз, — дейди Муҳаммадсолиҳ Обутов.
Тўлиқ маълумотлари тўпланганлар
1. Абдулла Ўтаев
2. Абдували Мирзаев
3. Рамазон Маткаримов
4. Маматқул Холмуродов (Муҳаммадқул)
5. Баходир Хасанов
6. Алишер
7. Содиқжон Рахмонов (Содиққори)
8. Хусниддин Назаров
9. Оқилжон Юнусов
10. Фаррух Хайдаров
11. Абдурасул Рахимов
12. Равшан Исматходжаев
13. Дилмурод Саъдуллаев
Маълумотлари етарли бўлмаганлар
1. Абдулло Ахмедов
2. Неъматулло Парпиев
3. Камелетдин Касимбеков
4. Хасан Ўтаев
5. Шамсуддин Тўхтаев
6. Хусан Сухбатуллаев
7. Луқмонхон Юсупов
Маълумоти жуда камлар
1. Сайфиддин Мўминов
2. Шерзод Маликов
3. Хикмат
4. Махмуджон
5. Алишер
Қуйидаги файлда ўғирлаб йўқ қилинганларнинг янги якуний рўйхати бор
Zurlik ostida va gayriihtiyoriy goyib bulganlar ruyhati.
Бу маълумотлар Фаесбокдаги «Муқобил Ўзбекистон Мувофиқлаштириш Кенгаши» саҳифасида ва бошқа сайтларда жумладан, Озодлик радиоси ва Америка овози радиоларида ҳам ёритилди.
Бу маълумотлар тўпланиб, рус ва инглиз тилига таржималар қилиниб, турли халқаро инсон ҳуқуқи ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотларга жўнатилади.
Бу ўғирлаб кетилган маълумотлари тўпланиб кичкина китобча шаклида чоп қилиниб, Полшада ўтадиган ОБСЕнинг навбатдаги йиғилишига тақдим қилинади. Ва Ҳусниддин Назаров иши бўйича, унинг яқинлари иштирокида, БМТга ариза топширилади.
Булар бу йўналишда келажакда қилиниши режаланган ишлардир.
30 август БМТ томонидан бутун дунёда ўғирлаб йўқ қилинганларни ҳимоялаш куни деб эълон қилинган кундир. Бу кун Халқаро ташкилотлар фуқаролари ўғирлаб йўқ қилинган давлатларга шуларни ҳимоя қилишга чақириб хатлар жўнатишади.
Биз тайёрлаган рўйхат ҳам уларга етказилади. Улар ўзбек режимига мана шу рўйхат асосида мурожжатлар ва талабномалар қилиши мумкин бўлади.
Бу бир ойлик тадбирда бизга ёрдамлашган ва ўзи билган маълумотлари билан ўртоқлашган барча ватандошларга ва бу маълумотларни кенг жамоатчиликка етказишда биз билан ҳамкорлик қилган, Озодлик радиоси мухбирлари Барно Анвар ва Сирожиддин Исломга ва Америка овози мухбири Малик Мансурга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Ва бундан кейин ҳам шу кишилар ҳақида янги маълумотлар пайдо бўлиб қолса, бизга хабар беришлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Бу рўйхат чорак асрлик истибдод даврида ИАК режими қилган жиноятлардан бир саҳифани тўлдиришга ёрдам беради халос. Бу жиноятларни сон саноғи йўқ. Ўғирлаб йўқ қилинганлар ана шулардан бир қисмидир халос. Буларнинг оила аъзолари ҳам оғир аҳволда қолишган.
Ўз яқинлари дом дараксиз кетишини қанчалик руҳий қийноқлигини ана ўшалар яхши билишади. Биз уларга сабр тоқат ва бу чеккан машаққатлри учун Аллоҳдан ажрлар сўраб қоламиз.
Биз албатта, эртами кечми, бу ўғирланган инсонлар ҳақидаги барча ҳақиқат рўёбга чиқишини ва жиноятчилар ўз қилмишларига яраша жазоланишларини умид қиламиз.
Улар бу дунёда жазо олмасдан ўтиб кетсалар ҳам, охиратдаги жазодан қочиб қутулолмайдилар. Зеро бу ҳақида Аллоҳу таъоло қуръони каримда буни очиқ ойдин баён этган. “Сен ҳаргиз, Аллоҳни золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ўйлама. Фақат, уларни кўзлар қотиб қоладиган кунга қолдиради, холос” (Иброҳим сураси 42-оят)
………
«Муқобил Ўзбекистон» Мувофиқлаштириш Кенгаши
Fikr bildirish