«Ўзбекистонда қийноқларни тўхтатиш учун муайян ҳаракатлар бор ва баъзида қийноқ қўллаган милиция ходимлари жазоланиб туради» – дейди Тошкентдан ҳуқуқбон Сурат Икромов.
«Аммо ҳали йирик қадамлар қўйилмади, аксар қийноқлар ошкор бўлмай қолиб кетади ва милицияга оид қонун янги йилда қабул қилиниши ҳам номаълум».
Калтаклаш ва зўрлаш
Ўзбекистон МХХ ва милицияси қўлга олинган одамларни ақл бовар қилмас қийноқларга тутиши халқаро ташкилотлар ҳисоботларига бот-бот такрорланади.
Айрим ҳолатлар эса БМТ тарафидан ҳам тан олинган. Лекин Ўзбекистон қийноқ иддаоларини рад этиб келади.
Масалан, бир неча йил олдин Фарғонада ҳибсга олинган Муҳайё Одилованинг тергов изоляторида зўрлагани ёки Тошкентда уч опа-сингилнинг бир неча нафар милиция ходими тарафидан жинсий таҳқирлангани ҳақидаги даъволар, халқаро миқёсда қаттиқ қораланган.
Баъзи ҳолатларда маҳкумалар ҳомиладор бўлиб қолганига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати ўз текширувлари бундай ҳолатлар бўлмаганини аниқлаганини айтиб келади.
Қийноқ ва номусга тажовуз ҳолларини ўрганиш истагидаги БМТ олий мутахассисларининг мамлакатга бориб, вазиятни ўрганишига эса Ўзбекистон рухсат бермаган.
Бир неча йил Ўзбекистон қамоқхонасида қолиб, саломатлигини йўқотган ва озодликка чиқиши ортидан Францияга кетган фаол Мўътабар Тожибоева ҳам қамоқхонада ўзининг қийноқларга тутилганини айтган.
Ўз вақтида бу борада Би-би-сига гапирган фаолга кўра, уни камерада уч киши номусига теккан.
Сўнгги ҳолатлардан бирида эса хорижий давлат ҳисобига жосуслик қилиш ҳамда дам савдоси билан шуғулланишга оид айблар билан қўлга олинган ҳарбий Каюм Ортиқов ўзининг ўта шафқатсиз қийноқларга солинганини айтганди.
Ўзбекистонда шу пайтгача милиция ҳақида қонун бўлмасдан, ҳукумат энди янги қонун қабул қилмоқчи.
«Келаётган йил мабодо бу қонун қабул қилинса, жуда кўп нарса яхши тарафга ўзгаради» – дейди Сурат Икромов умидворлик билан – «Аммо нафақат милиция, балки МХХ, суд ва прокуратурани ҳам ислоҳ қилиш керак».
Суҳбатдошимизга кўра, анча йиллар олдин хорижий мутахассислар кузатув камералари келтириб, уларни қаерда ўрнатиш борасида қизиқишган.
«Ўшанда илк бора тергов ҳибсхоналари ҳамда маҳкама заллари учун камералар кераклигини айтганман» – дейди ҳуқуқбон.
«Бироқ Ўзбекистон ҳукумати бунга рухсат бермаган».
«Ҳукумат мухолифат вакиллари, журналист ва диндорларни махсус буюртма билан қаматиб туради, кузатув камералари эса бундайин буюртма ишларга тўғаноқ бўлади».
Фаолларга кўра, Қаршидаги қийноқ ва гумонланувчи эркакни жинсий таҳқирлаш ҳолати тезда ошкор бўлиб қолган. Шу боис ҳам айбдорлар жазоланган.
Кўздан панада
Лекин Ўзбекистоннинг ташқи дунёдан узилган ва ёпиқ тергов ҳибсхоналарида гумонланувчилар ҳафталаб ва ҳатто ойлаб бирон яқинлари ёки ҳимоячилари билан кўриша олишмайди.
Улар қийноққа тутилган ҳолатда ҳам токи бу маҳбус бошидан ўтганини бировга айтиб бериш имконига эга бўлгунича, вақт ўтади ва қийноқни исботлаш имкони йўққа чиқади.
«Агар ҳибсдаги одам қийноққа тутилгани ҳақида ўшв ердаги бирон милиция вакили ёки шифокор ташқарига хабар бермаса, уни аниқлаб бўлмайди» – дейди Сурат Икромов.
«Шу боис ҳам қатор қийноқ ҳолатлари бизга ёки халқаро матбуотга етиб боргунича вақт ўтади, уни исботлаб бўлмайди. Биз фақатгина у ҳақида гапиришимиз мумкин».
«Аммо Ўзбекистон халқаро майдонда шафқатсиз қийноқларни қўллайди, деган танқидларга тутилмоқда ва ҳукумат ҳам ўзининг жуда хунук ҳолатда қолаётганини билади» – дейди Сурат Икромов.
«Шу учун ҳам нимадир қилмаса бўлмаслигини, қийноқларни тўхтатиш учун саъй-ҳаракат зарурлигини тушунишмоқда».
Аммо Ўзбекистон ҳали бу соҳада кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмади.
Шу боис дунёда қачон қийноқлар ҳақида гап кетса, Ўзбекистон ҳамон энг шафқатсиз ва золим тузумлардан бири сифатида тилга олинади.
Fikr bildirish