Қийноқлар ороли асираси. Қамоқхонага этап ( 6 )

5176

2006 йилнинг 7 июль – жума куни Тоштурмадан аёллар қамоқхонасига этап қилишди.

Фарғона тергов изоляторидан Тоштурмага жўнатилган чоғимда қўлимда юкларим кўп эди. Бироқ биров ёрдам қилай демаганди. Оғир юкларимни ортмоқлаб Тоштурманинг қабул бўлимидан аёллар корпусига етгунимга қадар ўпкам ўпирилиб, юрагим тавонимга тушиб бўлганди…

Тўғри, юким жуда зил-замбил эди, аммо айтишади-ку, керакли тошнинг оғирлиги йўқ, деб… Савил шу нарсаларсиз ҳам бўлмас эди-да бу ерда… Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак, деганларидек, кунлик ҳаёт кечириш учун керак бўлмайдиган нарсанинг ўзи йўқ, ахир. Барчаси асқотади. Олмасангиз, ўзингизга қийин, олсангиз… олсангиз ҳам ўзингизга қийин: мана шундай ортмоқлаш азоблари бор, ахир…

Эҳ, Тошкентнинг Отчопар бозорида тонги соат 4.00 дан турволиб зилу- замбил мол тўла қопларини Намангану Фарғонага, Самарқанду Бухорога ва яна то Хоразмнинг Хонқасигача ортмоқлаб борадиган аёлларнинг, бозорнинг орқасидан болаларини боқаётган муштипар аёлларнинг жонига тўзим берсин экан-ей, деб юбораркансан киши мана шундай пайтларда…

Энди ўйлаб қарасам, эрининг ишсизлиги боис бола – чақасини боқиш учун туну кун бозорда оғир-оғир юкларни елкасига юклашга мажбур бўлаётган шу жонлар ҳам менинг қисматдошларим, уларнинг тақдири ҳам, аслида, қай бир жиҳатлари билан меникига ўхшаб кетади, агар билсангиз. Мен қамоққа маҳкум этилган бўлсам, улар машаққатли турмуш тарзига, адолатсиз мамлакатнинг залворли юмушларини уддалашга маҳкум этилган озодликдаги асира улар…

Бундан ярим йил аввал Фарғонадан Тоштурмага этап қилиниш чоғдаги азобларим ҳали-ҳали эсимда… Шунинг учун ҳам аёллар қамоқхонасига олиб кетишларидан олдин мени кўришга келган Муҳаррам опамга катта сумкада кузги ва қишки қалин кийим кечакларимни бериб юборгандим. Тоштурманинг маҳкумларни адвокатлари билан учрашувларини ҳал киладиган бўлим бошлиғи: «Бугун кийим кечакларни олиб кетаверинг, қолган нарсаларини, ҳужжатларни ҳам эртага келганингизда олиб кетарсиз, учрашувга рухсат бераман» – деб ваъда берганлигини айтганди опам.

Бироқ, афсуски, эртаси куни мен билан учрашиб, ҳужжатларни олиб кетиш учун Тоштурмага келган опамга: “Синглингиз билан учрашишга рухсат бермаслик ҳақида юқоридан топшириқ олдик” – дея гапнинг пўсткалласини айтишган – қўйишган. Буларнинг барчасидан бехабар бўлган мен эса эртаси куни опамнинг келишини узоқ кутган эдим…

– Мен маҳкума Тожибоевани ўзида сақланаётган ҳужжатларини олиб кетишим керак. Кеча келганимда эртага албатта рухсат берамиз, дегандингиз-ку? Айниб қолишингизни билганимда кечанинг ўзида олиб кетишга ҳаракат қилган бўлардим… Афсуски, ҳужжатларни синглим сақланаётган камерадан олиб чиқишига рухсат беришмаганди,- деди ялинчоқ овозда опам.

– Опажон, мен топшириқни бажарадиган одамман. Кеча учрашувга ҳеч қандай таъқиқ йўқ эди, бугун эса бор,- “кўрмайсизми буни, қаердан билибман шундай бўлишини?” дегандек қўлларини ёзган бўлим бошлиғи елкасини қисди.

– Сиз қонунга эмас, юқоридан бўлган қўнғироққа итоат қиласизми? – сўради опам. Аммо унинг овозида сўроқдан кўра норозиликка йўғрилган зарда устивор эди.

– Опажон, сиз қайси планетадан тушгансиз ўзи? Ерлик эмассиз шекилли? – киноя қилди бўлим бошлиғи.

– Ҳеч нарсани билмайман, билишни ҳам истамайман. Сиз ҳам тушунинг, мен синглим билан учрашиб, уни қўлидаги ҳужжатларни олиб кетишимни айтганман унга. У мени кутяпти.

– Нима учун? – айёрона қараш қилди бошлиқ.

– Нима, нима учун? Қамоқхонада у ҳужжатлари йўқ бўлиб кетиши мумкин. Синглимни ҳимоя қилиш учун юқорига шикоят аризалар ёзишим учун ҳам жуда зарур у ҳужжатлар, нега тушунмайсиз? – йиғлагудек бўлиб тушунтиришга тиришди опам.
– Нима, ўзингизда нусхалари йўқми? Сизни хавотирга солаётган нарса нима ўзи? – тешиб юборгудек тикилди у.

– Менда бу ҳужжатларнинг нусхаси йўқ эмас, бор. Ҳатто бир нечта халқаро ташкилотларга ҳам синглимни айбсизлигини исботловчи бу муҳим ҳужжатларни тақдим қилганмиз. Гап унда эмас.

– УНда эмас, дейсизми? Гап нимада? БУҒДОЙдами бўлмаса? – ҳазил қилган бўлди бўлим бошлиғи. Ўринсиз мутойибаси ўзига ёқиб тушди чамаси, селитра еган тарвуздек шишган қорнини селкиллатиб кулди. Бирам беўхшов кулдики…

– Синглим бу ҳужжатларни кўтариб юришга қийналмасин дейман-да, – деди опам жиддий оҳангда, гуё суҳбатдошининг бачкана мутойибаси-ю, беўхшов кулгусини эшитмагандек, – У қамоқхонага кетса, оғир сумкаларни кўтаришга кучи етмайди…

– Бир марта қийналса, осмон узилиб ерга тушармиди? Ўлмайди!- мутойибасининг беэътибор қолганидан мулзам бўлган бўлим бошлиғининг овози дағал тус олди, – Кечириб қўясиз, сизга ажратилган вақтим тугади!

* * *

Қишки кийимларимни бериб юборганимга қарамасдан ҳужжатлар жойланган энг оғир сумка барибир ўзимга колганди. Қонунлар мажмуаси ва бошқа ҳуқуқий китоблар, шунингдек, жиноий ишни инкор қилувчи – яъни менга қўйилган барча айбловларни рад этувчи ва мутлоқ айбсизлигимни тасдиқловчи, бир сўз билан айтганда, жиноятчи эмаслигимни исботловчи ягона нусхада бўлган ўта муҳим ҳужжатларниг ҳаммаси мана шу сумкада эди. Мен бир нарсадан, айбсиз айбдорлигимни исботловчи бу далилларни йўқ қилиб юборишларидан ниҳоятда чўчирдим…

Қамоқхонага 5 нафар маҳкума этап қилингандик. Бу менинг биринчи маротаба бошқа маҳкумалар билан бирга қўйилишим эди.

Тоштурмага этап килинаётган маҳкумалардан бири: “Биринчи марта қамалишингизми?” – дея гап қотди менга.

Тоштурмадалик пайтимда рўпарамдаги камерада ўтирган тошкентлик Наргиза суҳбатга қўшилди:

– Ҳеч кимга кўрсатмасдан “ваҳобий” деб сақланган ҳалиги журналист опамиз шу киши бўладилар, – деди қайрилма қошларини учириб.

– Ростданми? -қамоқхонанинг “обезянка” машинасида рўпарамдаги темир скамейкада ўтириб кетаётган маҳкумалардан бири ҳайратини яшира олмасдан ёнимга ўтиб ўтирди.

У шунчалар озғин эдики, рангу-рўйидан хасталиги шундоққина “мана-ман” деб турарди. У қопдек сумкаларимга разм соларкан, ўзини таништиришни ҳам унутиб қулоғим остида шивирлади: “Тамакидан борми? Кўпми?”. “Ҳа, бор,- дедим унга секингина, – “ 80 пачка “пайн” ва 70 пачка “карвон”им бор, нимайди?”. «Эҳ, аттанг, сизда ваҳобийлар статьяси бор экан. Шунча сигарет билан сизни зонага қўйишмайди-ку?” – деди у ташвишлангандек бўлиб. Унинг шундоқ ҳам йирик кўзлари янада катталашди. Унинг бу хавотирида жон бор эди, албатта.

Ростдан ҳам қамоқхонанинг ўз ёзилмаган қонунлари мавжуд. Унга кўра бу ерда ёлғиз диний эътиқоди учун қамалган маҳкумаларгагина қариндош уруғлари топширадиган йўқловда сигарет олишлари қатъий таъқиқланган. “Ваҳобий” маҳкумалар қамоқхонада қанча муддат ўтирмасин, ҳеч қачон қўллари пул кўрмайди, яъни сигарет ололмайди, сақлай хам олмайди, улар учун барча имкониятлар эшиги ёпиқ, деган гап бу.

Мен суҳбатдошимнинг ваҳимали гапига жавоб қилмадим. Шусиз ҳам қамоқхона деганларида сигаретнинг қадр қиммати катта эканлигини, тамакиси бор маҳбус қийинчилик кўрмаслигини ҳали тергов изоляторида ўтирганимдаёқ билиб олгандим. Зулфия Минзулина ва Марина Бандаренко каби менга қарши ишлашга қамоқхонадан Фарғона турмасига “хизмат сафари”га жўнатилган маҳкумалар бу борада менга етарлича маълумот бериб бўлишган эди…

– Опа, келинг, сизга бир яхшилик килай, сигаретларингизни ярмини менинг кишеримга солиб қўйинг. Қамоқхонадаги контролкадан ўтгандан кейин сигаретларингизни ўзингизга қайтариб бераман. Агар ҳозир ярмини менга бериб қўймасангиз, ҳамма сигаретингиздан айрилиб қолишингиз мумкин, – деди у “меҳрибончилик” қилиб. Кишер дегани бу бозорчиларникидек мисоли катта бир қоп – сумка. Уни қамоқдагилар “кишер” дейилади.

Шу пайт қаршимда ўтирган Наргизанинг маъноли тикилиб турганига кўзим тушди. У мени ўзига қараганимни кўриб, “берманг” дегандек оҳистагина бош чайқади.

Мен ёнимдаги “ҳожатбарор” маҳкума томон ўгирилдим: -Эссиз, олдинроқ билганимда биратўла Тоштурмада сигаретларимни иккига бўлиб чиқардим-а, -дедим афсус оҳангида суҳбатдошимнинг раъйини қайтарарканман, – Энди уларни ажрата олмайман. Битта қилиб ўраб ташлаганман. Майли, худо хоҳласа, сигаретларимга тегишмас. Олиб қўйишса, худонинг ўзи бир йўлга бошлар.

– Келинг кишерингизни очинг мени ўзим қарашиб юбораман сизга сигаретларингизни ажратишга; – деди умидворлик билан мени кўндиришга ҳаракат қилаётган маҳкума сумкаларимга қўл чўзиб.
Мен хали унга рад жавоби бериб улгурмасимдан “Ўзи машинани ичи тор бўлса, зўрға нафас олиб кетаётган бўлсак. Энди бир ками сумкаларни очиб, нарса титкилашларингиз етмай турганди, – жеркиб берди Наргиза.

Аёллар қамоқхонасига етиб борганимизда вақт алламаҳал бўлган, тушлик ҳам қила олмаганлигимиз сабабли очлик қийнарди. Бирма-бир махсус машинадан тушарканмиз, темир панжаралар билан ўралган ва тепасига токли симлар ўрнатилган манзара кўз олдимда намоён бўлди. Худди кинолардагидек қуролланган ва бўйнига дурбинлар осиб олиб, чегарачилардек тепадан туриб, атрофни синчковлик билан кузатаётган ҳарбийлар маҳкумалар руҳиятига янада салбий таъсир кўрсатар, кўнгилга ваҳима соларди…

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.