Қийноқлар ороли асираси. Аёллар қамоқхонаси – Руҳий касалликлар бўлимида!!! ( 7 )

5176

Бул на гумбаздир эшиги, туйнугидан йўқ нишон.
Неча гулгун, пок қизлар манзил айлабдир макон.
Туйнугин очиб алар холидан олсам хабар,
Юзларига парда тортиғлиқ, турарлар бағри қон.

Биз Тошкент шаҳар Миробод тумани (Индекс № 100005) Фарғона йўли кўчаси 222-уйда жойлашган УЯ 64/7-Жазони ижро этиш муассасасига етиб келгандик. Бизни бир нечта темир тўсиқлардан олиб ўтиб, охири бир хонага олиб киришди.

Унинг биқинида эса дўкон омборхонасини эслатувчи ниҳоятда катта ва кенг яна бир хона бор экан. Бу ерда минглаб катта-катта клёнка сумкалар тахтадан ясалган кўпқаватли расталарга тахлаб ташланганди. Хонанинг исми жисмига монанд “марказий юк омбори” экан ва маҳкумалар бу жойни рус тилидаги номи билан «центральная каптёрка» деб атарканлар.

Маҳкумаларнинг ўзлари билан олиб келган, лекин қамоқхонада кийиши мумкин бўлмаган кийим-кечаклари ва бошқа нарсалари, шунингдек қамоқхонада кийиш мумкин бўлган, лекин мавсумга мос келмайдиган пойафзаллари – бир сўз билан айтганда, кераксиз деб ҳисобланган барча буюмлари айнан мана шу “омбор”да олиб қолинар ва сақланаркан…

Айримларнинг айтишича, аёллар қамоқхонаси “оқ пошшо” – Николай замонида қурилган бўлиб, армиянинг гарнизони бўлган экан. Баъзилар эса бошқача тахминларни гапиришади.

Октябрь инқилобидан олдин қурилган ўша эски бинонинг баъзи бирларигина сақланиб қолган. Булар – кутубхона, 2- туркум ва 1-6, 4-8, 5-10 туркумлар бинолари, клуб, поликлиника, ҳаммом, ошхона, ҳамда “тиббиёт санитария қисми”, “психотделение” билан венерология бўлимлардир. Бундан ташқари, “прачка” деб аталувчи кир ювиш ва “комната гигиены” деб аталувчи ювиниш хоналари ҳам ўша эски замонда қурилган бинолар эди. Ишлаб чиқариш зонаси ва Штаб эса янги барпо этилган биноларга жойлаштирилганди.

– Аёллар қамоқхонасида тахминан 1200-1400 нафар маҳкумалар сақланарди. Маҳкумаларнинг 10 -15 фоизини диний эътиқоди учун қамалган аёллар ташкил этарди. 30-40 фоизи эса асосан наркотик моддалар савдоси билан шуғулланганликда айбланган маҳкумалардир. Иқтисодий жиноятларда айбланганлиги учун ўтирган маҳкумалар миқдори 25-30 фоиз атрофида бўлса, қолганлари ўғрилик, қотиллик, босқинчилик каби жиноятларда айбланган маҳкумалардир.
* * *
Бу янги маконда биз маҳкумаларни сариқ сочлари калта қирқилган 52-55 ёшлардаги рус аёли қабул қилиб олди. Эгнида милиция формаси. Елкасига қўндирилган белгилардан билдимки, у подполковник. Юзининг ярмини чандиқ қоплаган ҳарбий кийимдаги тахминан 30 ёшлардаги аёл эса подполковникка ҳамроҳлик қиларди.

Бу даргоҳнинг илгари ҳам тузини татиб кўрган ёнимдаги шерикларимдан бири биз – янги маҳкумаларга формадаги бу аёлларни пичирлаганча тиништира кетди: Милиция подполковниги – Жазони Ижро Этиш Муассасаси навбатчилик қисми бошлиғининг ўринбосари Олга Пшеничникова экан. Айтишларича, бошқа ҳамкасбларига қараганда у анча инсофлироқ эмиш… Лакаби ПШЁНКА .

Иккинчи аёл эса харбий наряд назоратчиси Наргиза. Аммо унинг исмини айтсангиз, кўпчилик маҳкумалар танимас эканлар. ШРАМ дейишсагина дарҳол билишаркан.

Бу ернинг тартиб-қоидаларига асосан улар бизни битта-биттадан синчиклаб қабул қилишар, шунинг учун навбат кутиб ўтирганларга буларга боғлиқ бўлган ҳикояларни тинглаш, уларнинг тақдирини “тафтиш” қилиш учун вақт бемалол эди…

* * *

…Айтишларича қайсидир вилоятдан ўқишга кириш илинжида пойтахтга келган Наргиза авваллари жуда ҳам гўзал бўлган. Бундай соҳибжамолга Жазони Ижро Этиш Муассасалари Бош Бошқармасида ишлайдиган бир амалдорнинг ишқи тушиб қолади-да, унга Тошкентнинг қоқ марказидан уй ҳам олиб беради. Шаҳарнинг қоқ киндигида уйи, қўйнида шундоққина навқирон жазмани бўлган амалдор оиласидан узоқлашиб кетади.

Эрининг оёқ олишидан шубҳаланиб юрган хотинига кутилмаганда нотаниш аёл қўнғироқ қилади-да: «Эрингизни қаерда, ким билан эканлигини билмоқчи бўлсангиз мен айтган манзилга боринг. У ерда тўй бўляпти. Эрингиз кундошингиздан кўрган фарзандига бешик тўйи қилиб беряпти. Бундай хурсанчиликни сиздан бекитишган бўлишса керак? Ҳа айтганча тўйга тўёна билан бориш эсингиздан чиқмасин» – дейди ва гўшакни қўяди. Ғазаб отини эгаллаган амалдорнинг хотини қўлга киритилган манзилни қидириб топиш учун остона ҳатларкан, ошхонада турган уксуснинг шишасини ҳам олишни унутмайди ва: “Албатта совғасиз бормайман” – деб ғўлдирайди.

Айтилган манзилга етиб борганида эшик очган аёлни кўриб қотиб қолади. Кундош бўлмиши гўзалликда танҳо, ақлдан оздирадиган даражада хушбичим… Унинг ҳусну-жамоли қаршисида бир оз каловланиб қолган хотиннинг кўнглидан: “Бу нозанин эримнинг қизи қатори-ку. Бундан ташқари ортидан сон мингта алпомишдек йигитлар ўлдим куйдим қиладиган даражада гўзал экан. Адашдим, шекилли” – деган таскин берувчи ўй ўтади хаёлидан… Ичкаридан эса қийқир қийқир қилиб кулаётган аёлларнинг овози эшитилади. Узр сўраб остонадан ортига қайтмоқчи бўлиб турганида ичкаридан чақалоқ кўтарган уй либосидаги эри чиқиб қолади. “Эр бермоқ-жон бермоқ” деганлари рост экан-да. Шунда азбройи рашк ўтида ёниб, кўкси қоврулиб кетган аёл алам ўтида қўлидаги уксусни қаршисида турган ҳурилиқонинг юзига сепиб юборади… Хиёнаткор эр эса юраги ёрилганидан жазманига кўмак беришни ҳам унутиб, қўлидаги бола билан ўзини ичкарига уради…

Наргизани қўрқинчли кимсадек қилиб кўрсатувчи чап юзидаги чандиқ ана шу тахлит пайдо бўлган дейишади. Кейинчалик бундай фожеали воқеанинг оқибатидан ҳайиққан амалдор жазманининг оғзини ёпиш, барчасини бости-бости қилиш илинжида Наргизани катта ойлик маошли жойга – мана шу аёллар қамоқхонасига ишга жойлаб қўйган экан…

Қамоқхонада илк эшитганим бу ҳикоя жуда ҳам таъсир қилди менга. Ахир бу ерда ҳар бир муассаса ҳодимлари маҳкумаларнинг тарбиясига масъул. Наҳотки ана шундай масъулиятли юмуш ўзи тарбияга муҳтож бўлган кимсаларнинг қўлига қолган бўлса?..

* * *

Маҳкумалар бири олиб, бири қўйиб қамоқхона ходимларига алоқадор воқеаларни ҳикоя қилишаётган бир пайтда, “Пшёнка” ва “Шрам” уларни бирма-бир чорлашар, бунга жавобан маҳкумалар ўзларига қўйилган Жиноят Кодексининг моддаларини ва суд ҳукмига асосан берилган муддат ҳақида хабар беришарди.

Қамоқхона маъмурлари сумкалардаги барча нарсаларни рўйхатга олишар, мумкин эмас деб ҳисобланган озиқ-овқатларни бепарволик билан ахлат челакка ташлашарди. Маҳкумаларни қабул қилиб олиш жараёни пайтида текширувдан ўтаётган маҳкумаларнинг кийим-бошларини ечтириб олиб, унинг ўрнига қизил гулли чит куйлак ва учбурчак кичкинагина оқ рўмолча бера бошлашди. Бир зумда барчамиз инкубатордан чиққан жўжалардек бир хил кўриниш олдик. Бизга биттадан алюмин коса ва кружка, биттадан қошиқ ҳам беришди.

Улар берган коса шунчалик сирлари кўчган ва қинғир қийшиқки, бу идишда хонадонингиз қўриқчиси бўлган итингизга ҳам овқат бергингиз келмайди кишини. Кружка ҳам сирлари кўчган, қоп-корайиб кетган эски кружка. Қошиқнинг аҳволи ҳам бир аҳвол. Менга берилган идишларни қўлга олишга ҳам ижирғаниб: “Раҳмат менга булар керак эмас, ўзимнинг идишларим бор” – дедим қўлим учида нарсаларни нарига сурарканман.

– Тожибоева, жон деб бу нарсаларни олиб қўйинг, кун ўтмасдан чиройли идишларингизни ўғирлатиб қўйганингизда корингизга ярайди, – деди Наргиза маъноли қараб.

* * *

Ўшанда мени чақириб, сумкамни кўрикдан ўтказганлари ҳали ҳам кўз ўнгимда: ундаги тўп-тўп ҳужжатлар, бир талай қонун китобларини кўриб қамоқхона ходимлари анграйиб қолишганди:

– Ҳужжат ва китобларинингиз намунча кўп бўлмаса, маҳкума Тожибоева?- ҳайратланиб сўради Наргиза.

– Булар менинг айбсизлигимни исботловчи далиллар,- жавоб қайтардим.

– Сиз қандай жиноят содир қилгансиз ўзи?

– Ҳеч қандай жиноят содир қилмаганман!

– Ҳеч қандай жиноятга қўл урмаганингиз учун ҳам шунча қоғозларни кўтариб юрган экансиз-да-а? Моддаларингизни ўзи бир бетдан ортиқ экан-ку? – қоғозлардан бирини олиб тумшуғим тагига ниқтади Наргиза, – Қаранг! Ҳеч нарса қилмаганингизми шу?

– Агар одам жиноятга қўл урган бўлса, тақдирга тан бериб, белгиланган қисматига кўнишдан бошқа иложи йўқ. Аммо айбсиз айбдорлик тамғаси тақалган бўлса, айбсизлигини исботловчи далиллару ҳужжатларни ҳали бир сумка экан-ку, ҳатто бир тонна бўлса ҳам то умрининг охиригача, ё оқлангунига қадар кўтариб юришга қодир инсон зоти! Мана шу ҳужжатларга, қонун китобларига таяниб айбсизлигим ҳақида юқори идораларга, Олий судга шикоятлар ёзишим керак. Шунинг учун булар менга жуда ҳам зарур,- дедим кўнглимдаги гапларни тўкиб солишга имконият туғилганидан севиниб.

– Маҳкума Тожибоева, ҳаммаси тугади, – у гўё ёш болага уқтираётгандек кейинги сўзларини бўғинлаб таъкидлади, – Та-мом. Бу ерда энди китобу ҳужжатларингиз керак бўлмайди сизга. Арзу дод қилишнинг ҳам нафи йўқ. Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ. Бундан буён сизнинг энг асосий юмушингиз жазо муддатини ўташ. Тушунарлими? – уқтирмоқчи бўлди Пшёнка.

– Ўзингни ҳимоя қилишга ҳаққинг йўқ, демоқчимисиз?

– Ҳаққингиз бор эди. Аммо энди ана ўша ҳуқуқингиз анави темир панжаралар ортида қолиб кетди,- деди Наргиза бош бармоғи билан елкаси оша ишора қиларкан,- Бу ерда тинчгина жазо муддатини ўташни истасангиз, энг аввало, ҳуқуқ деган сўзни эсингиздан чиқаринг. Ходимларимизнинг ана шу сўзга аллергияси бор, нима билмасмидингиз? Мана, энди билиб олдингиз. Мана бу қимматбаҳо “мулкингиз” эса “центральная каптёрка”да сақланади, тушунарлими? Қачонлардир, агар озодликка чиқсангиз ўшанда олиб кетасиз буларни, – деди у ҳужжатларим тўла сумкага ишора қиларкан.

– Лоақал айблов ҳукми билан аппеляция ажримини беринглар? -дедим ўтиниб.

– Бу гулзорга эндигина кириб келдингиз. Бир икки кун яшаб кўринг-чи, ана шундан кейин ҳам «қоғозларимни беринглар, менинг ҳуқуқим бор» деб хархаша қилармикинсиз? Бўлди, Тожибоева, гапни калта қилинг, – деди Наргиза буйруқ оҳангида.

Назоратчиларнинг айтишларича, аёллар қамоқхона тарихида илк бор сал кам бир қоп қонун китоблари-ю, ҳужжатлар билан кириб келган ягона маҳкума эканман…

…Ҳужжату китобларимни рўйхат қилишмади-да, сумкага қайта жойлаб, олиб кетишди. Мен бу қамоқхонага илк қадам қўйган кунимдан то озодликка чиққунимга қадар гуё игна устида ўтиргандек ҳис қилгандим ўзимни. Ҳаётим қил устида бўлганлиги сабабли ҳам аёллар қамоқхонасида мендан олиб қўйилган – айбсизлигимни исботловчи бу ҳужжатларни йўқ қилиб юборишларидан жуда ҳам хавотирда эдим…

Ҳукмда берилган жазо муддатини ўташ, ҳақиқий ЖАЗОга маҳкум қилинарканман бир ўй менга тинчлик бермасди: қўлимда сақланаётган мен учун ўта қимматли бўлган бу ҳужжатларни йўқ қилиш учун нималар қилишмаган эди дейсиз, эҳ-ҳе…

Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармасининг ертўласида ётганимда ҳам, Фарғона тергов изоляторида ўтирганимда ҳам, кейинчалик Қўйи Чирчиқ туман Ички Ишлар бўлимининг вақтинчалик сақлаш бўлими – ертўласида ҳам, ҳатто Тоштурманинг қабул қилиш камерасида ҳам тинтув қилиш каби турли баҳоналар билан ҳаётимни ўзгартириб юборишга қодир бўлган бу ҳужжатларни ўғирлишга кўп уринишган. Айримларини ўмаришга ҳам улгуришган. Бундай ўғирликларнинг тафсилоти ҳақида ўша пайтларда интернет нашрларида бир қанча мақолалар ҳам эълон қилинганди…

Хўш, бугун-чи, мана мен азоблар, қийноқлар оролининг асирасига айландим. Қани ўша қимматли қоғозларим? Улар энди йўқ. Ҳа, қўлимда эмас, олиб қўйишган. Мен иложсиз бир асира бўла туриб… шу ҳолатимда ҳужжатларимни қандай қилиб асраб қолишим мумкин? Ахир исташса, шу бугуноқ уйимдан олиб чиқиб кетилган ва суд ҳукми билан йўқ қилинган ҳужжатларим сингари буларни ҳам йўқ қилиб, ўтга ташлаб, кулини кўкка совурмайдиларми? Қилишади. Қўлларидан келади, албатта. Аммо ана шундай фалокатнинг олдини олиш учун нима қилишим керак энди? Нима? Ҳужжатларимга ҳужум қилмасликлари ва сақлаб қолиш учун ёвузликка қарши маккорлик қилишга, ҳийла ишлатишимга тўғри келади.

Жиноят содир этганимни тан олиб, Президент Ислом Каримов номига кечирим хати ёзиб беришимни талаб қилиб тез-тез ўтказиб туриладиган “тарбиявий суҳбат”ларда қамоқхона раҳбарларини ва юқоридан келган “меҳмонлар”ни чалғитишга уринар ва уларга руҳий таъсир кўрсатишга тиришардим. Улар билан бўлган суҳбатларда: “Центральная каптёрка”да менинг бир сумка ҳужжатларим ётибди.

Марҳамат килиб, кўринглар. Мен ўша ҳужжатлар асосида сизларга айбсизлигимни исботлаб бераман. Бу ҳужжатларнинг нусхалари бир нечта халқаро ташкилотларга жўнатилган. Уларнинг назоратида турибди, яъни улар мени мутлоқ айбсизлигимни билишади. Мен ўша ҳужжатларнинг бир нусхасини атайин олиб келганман бу ерга. Олиб қўйишларингизни ва йўқ қилиб юборишларингизни ҳам билардим. Мана, ўйлаганимдек, олиб қўйдинглар ҳам. Ана энди кузатамиз: қани, бу қоғозларнинг қай бирини гумдон қиларкансизлар?

Халқаро ташкилотлар худди ана шундай ноқонуний ҳаракатларингизни кутиб, кузатиб турибди. Озодликка чиққач, Халқаро ташкилотларда сақланаётган ҳужжатлар рўйхати билан сизларнинг менинг қўлимдан олиб қўйган ва марказий омборда сақланаётган ҳужжатларни олиб албатта, таққослаб кўрамиз. Ана шунда муҳим ҳужжатларнинг қай бири йўқолиб қолганлигига дарҳол ойдинлик киритилади” – деган ёлғонларимнинг ҳақиқатлигига гоҳо ўзим ҳам ишониб қолардим… Бу каби уринишларим бесамар кетмаган. Ишончли тарздаги чўпчакларимга чув тушган ҳукумат вакиллари қимматли қоғозларимга тегишмади, аниқроғи, журъатлари етмади.

Ҳа, айбсизлигимни исботловчи барча ҳужжатлар 23 ой давомида ҳукумат вакилларининг қўлида турган. Худо кўрсатмасин, мабодо уларни йўқ қилиб юборишганларида эди, икки дунёда ўзимни оқлашга имкон топмаган бўлардим. Баъзан мана шундай ҳукумат ҳоқонларининг ҳуқуқий саводсизлиги, савияси пастлиги учун Яратганга шукроналар айтаман. Баъзан ахборот қамалида яшаётган бундай чаласавод кимсаларни осонгина чалғитиш, руҳий таъсир ўтказиш қанчалар оддий ва осонлиги ҳақида ўйлаб қоламан гоҳо…

Қачонки қамоқдан озод бўлиб қамоқхонанинг тез тиббий ёрдам машинасида муассаса вакили кузатувида кетар пайтимда ҳужжатларимни бирма-бир кўздан кечириб, айбсизлигим акс этган бу ҳужжатларни жойида эканлигини кўргандан кейингина кўнглим хотиржам бўлганди.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.