Қийноқлар ороли асираси. Аёллар қамоқхонаси – Руҳий касалликлар бўлимида!!! ( 8 )

5176

Аёллар қамоқхонасига келишимиз биланоқ тамакиларимни асраб қолишда ўзининг “беминнат” кўмагини таклиф қилган маҳкумани биринчи бўлиб чақиришди ва шу қароргоҳ шифохонасининг ўпка касалликлар бўлимига олиб кетишди.

«Опажон, агар у афиристнинг гапига кўнганингизда, сигаретларингизнинг ярмини қайтиб кўрмасдингиз. Энди у касалхонадан ярим йилсиз чиқмайди. Аҳволини билганлиги учун ҳам тамакингизга кўз олайтирган эди-да» деди Наргиза.

Орадан ярим соат ўтар-ўтмас қолган маҳкумаларни барчасини бирма-бир чақириб карантинга, яъни мослашув хонасига жўнатишди. Мослашув хонасида қамоқхонага янги келтирилган маҳкумалар 10-15 кун давомида сақланади.

Марказий юк омборида ёлғиз ўзим қолдим. Мен ўтирган хонага оқ-сариқдан келган бир рус аёли кириб келди. Унинг чўкиб кетган кўзлари ойнаклари катта-катта кўзойнак ортидан билиниб турган, эгнида эса милиция формаси. Бош кийимининг остидан ўрмалаб чиқиб, пешонасини қоплаган бир тутам сариқ сочлари ҳам ўзига ярашиб турган бу аёл аёллар қамоқхонасининг бош шифокори Юлья Юрьевна Кумарина экан.

– Маҳкума Тожибоева, ҳужжатларингиздан маълум бўлишича, суд жараёнларида Сизга бир неча маротаба тиббий ёрдам кўрсатилган экан, шундайми? – мақсадга кўчди шифокор.

– Ҳа, шундай бўлганди, тобим қочиб қолганда икки-уч бор тез ёрдам чақиришганди, – дедим қисқа қилиб.

У ортиқ саволга тутмади. Мени яна ёлғиз қолдирганча, омборхонадан чиқиб кетди. Шу пайт худди фабрикалардагидек узун-узун гудок чалинди. Кейинчалик билсам худди ана шу гудокни номи «тревога» дейилар экан. Фавқулодда ҳолатларда қамоқхонада ана шу гудок чалиниб, «тревога» эълон қилинар экан. «Тревога» эълон қилинган пайтда бирорта маҳкуманинг зона худудида юриши таъқиқланар экан. “Тервога” пайтида маҳкумалар берилган буйруққа қараб, баъзан ётоқ жойида, баъзан полда, баъзан эса битта шконканинг тагига иккитадан маҳкумалар тиқилиб кириб, қўлларини бошларига қўйиб, ерга юзтубан ётганича то «отбой» сигнали чалинмагунча қимирламай ётишга мажбур…

«Тревога» гудоги чалинганидан кейин бир назоратчи олдимга келди-да, нарсаларимни олиб ортидан юришимни талаб қилди. Бир қўлим билан матрац ва зонадан берилган буюмларни опичларканман, иккинчи қўлимдаги иккита оғир сумкани зўрға кўтариб, назоратчининг ортидан эргашдим. Биз энг биринчи ДПНК (ДПНК – дежурный помощник начальника колонии). текширувидан ўтиб, яшаш худудига ўтдик.

Кенг майдондан кетарканмиз, олазарак бўлиб атрофни кузатардим. Бироқ катта-катта биноларда гўёки ҳеч бир зоғ йўқдек, чор-атрофда сокинлик ва сукунат ҳукмрон. Ҳовлидаги осмонга бўй чўзган баҳайбат кекса чинорлар маҳобати кўнгилларда янада хижиллик уйғотарди… Мен бу қамоқхонада мингдан ортиқ маҳкумалар сақланиши ҳақида эшитгандим. Бироқ ҳувиллаб ётган биноларга кўз югуртирар эканман: «Маҳкумалар бу ерда бўлмаса, қаерда сақланаркан?» – деган саволга жавоб топиш истаги кучайиб борарди.

Ҳудуднинг чекка қисмидаги темир панжаралар билан ўраб ташланган бинонинг темир эшигига яқинлашгач, назоратчи қўлидаги бир шода калитларнинг бири билан дарвозани очди. Кейин темир панжара қулфига навбатдаги калитни солди… У ҳам очилгач, тор йўлакдан яна анчагина юрдик. Назоратчи йўлда учраган барча эшиклар ва темир панжараларни калитлар шодаси билан бирма-бир очганча ичкарилаб борар, мен ҳам унинг ортидан сассиз илдамлардим. Ниҳоят у навбатдаги панжара ва темир эшикни ҳам забт этаркан, мени ичкарига бошлади.

Жиноят Ижроия Кодекснинг 56-чи маҳкумларнинг жазони ижро этиш муассасаларига қабул қилиш тартиби моддасида “Муассасага етиб келган маҳкумлар уларнинг шахсини ўрганиш ва шароитга мослашиб олишлари учун ўн беш суткагача муддатга, одатда, қабул бўлимига жойлаштирилади… Муассасага етиб келганларидан сўнг маҳкумларга жазони ўташ тартиби ва шартлари тўғрисида керакли ахборот берилади, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тушунтирилади» -дейилган бўлишига қарамасдан, Тоштурмадан УЯ 64/7-сонли жазони ижро этиш муассасасига келтирилганимда, шароитга мослашиб олишим учун менга мутлоқ имконият яратмадилар.

Аксинча, дарҳол қамоқхонанинг ўта оғир жиноятлар содир этган маҳкумалар даволанадиган руҳий касалликлар бўлимига қамадилар.. Жазони ўташ тартиби ва шартлари тўғрисида ҳам, менинг маҳкума сифатида қандай ҳуқуқ, мажбуриятларим борлиги ҳақида ҳам ҳеч ким тушунтириш берай демади. Тушунтириш берганликлари ҳақидаги биронта ҳужжатга имзо чектирмадилар ҳам. Нафақат менга, балки, бутун бошли аёллар қамоқхонасидаги бирорта ҳам маҳкумага унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида лом-мим дейилмайди. Чунки муассаса вакилларининг тез-тез таъкидлашларича, озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг ҳеч қандай ҳуқуқи бўлмас эмиш…

* * *

Биз кирган бино бир нечта хоналардан иборат бўлиб, бу жойлар яқин ўртада таъмирланмаганлиги шундоққина кўриниб турарди. Биз ўнг томонига иккита шкаф қўйилган кичик бир хонага кирдик. Шкафларда ошхона анжомлари – идиш товоқлар ҳафсала билан териб қўйилган. Иккита стол ва саккиз-ўнта стул хона ўртасидан жой олган. Бу манзара маҳкумаларнинг ошхонаси эканлигидан далолат берарди.

Бу ерда рўпарама-рўпара ўтирган икки маҳкума оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан бир-бирларини ҳақоратлар, қўлларини пахса қилиб ўшқиришарди. Назоратчи уларни тартибга солиш учун оғиз очган эди, бўлмади. Тунги кўйлак каби тўрт томони очиқ алламбалони эгнига илиб олган калта иштонли маҳкума назоратчига қараб чақчайди. Тўқ жигар рангга бўялган сочлари узун, ранг берилган қошлари туташ, беаёв бўялган кўзлари катта-катта эди унинг. Киприклари ҳам уста рассом чизгандек: қайрилма… Фақат шу қирра бурнигина, ойдаги доғ каби ҳусну-жамолини кўз-кўз қилишга тўсқинлик қилиб тургандек…

Қорачадан келган бу маҳкума қопағонликда олапарни ҳам уялтирадиганлар тоифасидан экан шекилли: «Тошингни терсанг-чи қанжиқ, бизни гапимизга бурнингни тиқмасдан!» – деб ўшқирди-да, худди эркаклардек четга қараб тупуриб қўйди. Уларнинг бири эса шеригининг мутлақо акси: одам анотамияси дарсида ундан бемалол кўргазма қурол сифатида, аниқроғи, скелет сифатида фойдаланиш мумкин. Эт деган нарсанинг ўзи йўқ унда. Гўё ўттиз икки тишини қоқиб олишгандек, оғзи ўпирилган ўрага ўхшайди-я!

Эҳтимол шу бадфеъли, урушқоқлиги сабабдир, бечоранинг бошида туки ҳам қолмаган экан… олишувлар чоғида сочини ҳам битта қўймай юлиб олишгандек… У ўзидаги бор нуқсонларига гўё назоратчи гуноҳқордек унга ёвқараш қилди-да, тарсаки тортишга шайлангандек ингичка арқонни эслатувчи бўйнини чўзиб, у томон икки қадам босди. Бундай ҳамлаларни кўравериб кўзи пишиб кетган чамаси, назоратчи гап талашиб ўтирмади, лом-мим демай, улардан узоқлашди.

Ёнимга келгач: «Бу исқиртларга тенг бўлиб, обрў топармидим» – деди ҳижолатдан ғудраниб.

Мен эса ҳамон қаерга олиб келганларини англолмай, лол эдим. Хона жиҳозларини бирма-бир кўздан кечирарканман, шкафнинг пастида турган темир челакларга кўзим тушди. Не кўз билан кўрайки, уларда «ПСИХ.ОТД» деган ёзув бор эди. Юрагим шувуллаб кетди. Наҳотки мени ақли заифга чиқаришган бўлса, деган ўй қалбимни ўйиб юборди. Шундагина мени қамоқхонанинг руҳий касалликлар бўлимига келтиришганларини англаб етдим. Бир зумда атрофимни озғин ва ранглари зафарон маҳкумалар ўраб олишди. Уларга ҳайратланиб разм солдим: барчасининг эгнида касалхонаникига ўхшаш, аммо азборойи эскилигидан ранги учиб, идраб кетган йиртиқ-ямоқ халатлар…

Гўё маҳкумаларнинг афтодаҳол рангу рўйи энг-бошига уриб кетгандек, ёки аксинчамикин, эҳтимол, минг йиллик халатларнинг кўримсиз ранги аёлларнинг юзига соя солаётгандир… Бу ҳолатдан бошим айланиб, кўзларим тиниб кетди. Улар эса бири олиб, бири қўйиб мени саволга тутишарди…

Кимлигим, қандай жиноятни содир этишда айбланиб қамалганим, олган муддатим… Ҳаммаси ҳақида билиш қизиқ эди уларга. Шунда кимдир: «Манимча бу “қулоқ”лардан бўлса керак, хушёр бўлинглар» – дея луқма ташлади. Бунга жавобан: «Ҳа, эҳтиёт бўлинг, “қулоқ”дирман, эҳтимол» – дея мийиғимда кулиб қўйдим..

Мени олиб келган назоратчи маҳкумалардан орасидан кўм – кўк халатли аёлни имлаб чақирди-да, мени қабул қилиб олишни тайинлади. Унинг қулоғига нимадир деб шивирлаб ҳам қўйди. Кўк халатли менга бош оёқ ошкора назар ташлади-да, назоратчига боши билан “бўлди” дегандек тасдиқ ишорасини қилди. Кўринишидан 55 ёшларга бориб қолган паст бўйли бу маҳкумага қирқилган сочлари ўзига умуман ярашмасди.

Назоратчи бизни тарк этгач, у ёнимга яқинлашди:

– Исмим Таня, мен психиатрик бўлимнинг навбатчисиман. Сиз менинг ёнимдаги каравотда ётасиз, – деди рус тилида.

– Нима учун мени бу ерга қамашди? Ахир мен руҳий касал эмасман-ку? – дедим беихтиёр.

– Мен ҳам ҳайронман, – елка қисди у,- Аслида қайси маҳкумани психиатрик бўлимга ётқизишлари керак бўлса, бир кун олдин ҳал қилинарди. Эртаси куни эса уни кечки текширувдан ўтказишгандан кейин бу ерга қабул қилинарди. Янги келтирилган маҳкумалар ҳеч қачон тўғридан тўғри психиатрик бўлимга ётқизилмасди. Аввало карантинга ётқизишарди. У ерда керакли ҳужжатлар расмийлаштирилгач, агар бизни бўлимга қарашли касали бўлса, бўлимимиз шифокори ўша маҳкума билан суҳбат ўтказарди. Қизиқ, нега сизни ана шу усулда қабул қилишмади экан?.. Энди иш пайти тугади. Бўлим шифокори Бахтиёр Тошхўжаев эса фақат душанба кунигина ишга келади. Душанбагача касаллар рўйхати аллақачон тасдиқланиб, ошхонага бериб қўйилган. Энди сизга душанбагача на овқат берилади, на нон… – у эссиз дегандек бошини чайқаб қўйди.

Шу пайт ҳали биз келганимизда бир-бирларига ўшқириб турган маҳкумалар муштлашиб кетишди. Лекин уларни ажратиб қўйишга ҳеч ким шошилмади.

– Сиз қўрқманг. Булар ҳам сизга ўхшаган аёллар,- олазарак бўлаётганимни кўриб, менга далда берган бўлди Таня, – Матрасингизни олиб кириб, ётоғингизга жойлайверинг. Мен ҳозир сизга халат олиб келаман. Бу ерда халат кийиб юришга мажбурсиз. Тўғри, халатлар эски, йиртиқ, ювилавериб идраб кетган, лекин на илож. Тўрт йиллик халатларни маҳкумалар ҳали ҳам кийиб юришади…

Таня халатга кетгач, “қулоқ” бўлса керак” деган маҳкума ёнидаги шеригига қараб:

– Гончарга дубачка «Сенга топширилди» деди. Демак, Таня уни кузатиши ва хатти- ҳаракатлари ҳақида Штабга хабар бериб туриши керак. Эркин яшашимизга кўз тегибди, қизлар. Бу “қулоқ” эмас, контролда турганлардан экан, энди буни касрига текширувчилар бу ерга тинимсиз киравериб қонимизга ташна қилишади энди,- деди зарда билан.

– Йўғ-э, қанақа контроль. Қара, ўзимизга ўхшаган оддий аёл-ку. Ваҳобийларга ҳам ўхшамаяпти-ку,- суҳбатдошининг сўзини инкор қилди иккинчиси.

– Кел, гаров боғлашамиз.

Эшитишим учун атай баланд овозда тортишаётганлардан бири қорачадан келган паст бўйли лўли, иккинчиси рус миллатига мансуб эди. Улар ёнимга келиб, менинг қаердан эканлигим, қамалиш тарихим, статьяларим ва муддатим билан қизиқишди.

– 8 йил срок беришган. Фарғоналикман. Лекин тарихимни айтаман десам жуда ҳам узун тарих, – жавоб бердим қисқа қилиб.

– Ие-я, бу ҳалиги Фарғоналик журналист эмасми? – дея бақирди орқа томонимда турган маҳкумалардан бири.

– Ҳа, мен ўша,- дедим «Ўтган кунлар»дагидек ва ҳазин кулиб қўйдим. Аслида кулишим эмас, бу ҳолимга дод солишим керак эди. Лекин йиғимдан нима фойда? Ваҳшийлашиб кетган бундай кимсалар ичида кўз ёш тўккудек бўлсам, ожизлигимни сездириб қўяман-ку. Бу ҳолатим уларга қўл келиши мумкин. Йўқ, аксинча, бу оломон орасидан омон чиқишим учун ҳам иродали бўлишим, чидашим, хўрлик ва аламларни енгишим керак. Шарт бу.

– Заварка борми? – деди сочлари чиройли турмакланган маҳкумалардан бири кеширимга имо қиларкан. Маҳкума жавобимни кутмасдан, каттагина бўш идишини узатди менга. Мен уни оларканман, чап қўлининг тепа қисмидаги даҳшатли илон акс этган татуировкасига кўзим тушди. Идишига тўлдириб қуруқ чой солиб, қайтардим. Учта-тўртта маҳкума бирин кетин ошхонага кириб сув қайнаётган чойнак атрофида куймалана бошлашди.

Мен билан суҳбатлашаётган маҳкумалардан бири у ёқ, бу ёққа олазарак бўлди-да, «Гончардан эҳтиёт бўлинг. У қулоқларнинг энаси» дея шипшитди. Сўзларини англай олмаганимни фаҳлагач, «Гончар бу

– Таня, Таняни фамилияси Гончарова, шунинг учун унинг кличкаси Гончар» деганча мендан узоқлашди.

Палата деб аталувчи хонага кирдим. Бу ерда ўндан ортиқ кроватлар иккитадан қилиб жуфт-жуфт қилиб, қатор қўйилган. Улар ўртасидаги бир одим келадиган очиқ йўлакчаларга худди шифохоналардагидек ёғоч шкафчалар қўйиб чиқишни ҳам унутишмаган. Тўрдан ичкари хонага эшик бўлиб, у ерда ҳам айнан мана шу манзара намоён эди… Мен кирган хонада икки киши ухлаб ётар, уч-тўртта маҳкума ўз кроватларида ўтирганча суҳбатлашарди.

– Сумкангизни мана, менинг ётоғимнинг тагига қўйинг, – деди шунда суҳбатлашиб ўтирган маҳкумалардан бири ва розилигимни олмасданоқ, қўлимдаги юкимни олди-да, бориб, ўз кроватининг тагига тиқди. Кейин хатти-ҳаракатларига изоҳ бергандек қўшиб қўйди, – Опажон, хавотирланманг, сизни нарсаларингизга тегмайман. Лекин ҳозир мана бу ерга бекитиб қўймасангиз, ҳеч нарсангиз қолмайди, талон-тарож қилиб юборишади. Ҳеч вақонгиз қолмаса, қандай кун кечирасиз бу ерда, ахир? Сизга раҳмим қилиб, сумкаларингизни олиб бекитдим. Ҳалироқ нарсаларингизни жойлашга ўзим ёрдам бераман, хўпми?

Шу орада палатага кирган Таня қўлидаги идраб, азбройи униқиб кетганлигидан асл ранги қанақа эканлигини ҳам англаб бўлмайдиган йиртиқ халатни қраватим устига ташлади ва сумкамни кровати тагига тиқаётган маҳкумага хўмрайиб қаради. Кейин менга қараб: “Сумкангни уни кроватининг тагидан дарҳол қайтариб ол”, – дегандек ҳеч кимга сездирмасдан имо қила бошлади. Мен гарчи имони тушунган бўлсам-да, шошилмадим. Аввал жойлашиб олишга қарор қилдим. Таня кўрсатган бўш жойга матрацни ташлаб, жойимни тўғрилай бошладим.

Шу пайт мен жойлашган кроватга ёпиштириб қўйилган кроватда ухлаётган маҳкума уйғонди. Мен у билан саломлашарканман, тезроқ жойимни тўғрилаб, тамадди қилишни ўйлардим. Азбаройи очлигимдан бошим айланиб, кўзим тиниб, силлам қуриб борарди. Уйқудан турган маҳкума менга бир муддат тикилиб турди-да: «Мўътабар опа» – деб қичқириб юборди. Мен эса уни таний олмасдан, ҳам ҳайрон, ҳам ҳижолат бўлиб турардим.

– Мани танимаяпсизми, опа? Ман Гуллоламан.

Исмини эшитгачгина, озиб-тўзиб кетган бу аёлни эсладим. У Фарғона қамоқхонасида мен билан бир камерада ўтирган эди. Гуллола билан декабрь ойининг охирида мени Тоштурмага жўнатишган пайтида хайрлашгандик. «Наҳотки олти ой ичида одам шунчалар озиб-тўзиб кетиши мумкин бўлса?» – деган ўйда кўзларимга ишона олмай турганимда, Гуллола югургилаб ёнимга келди-да, чаққонлик билан жойларимни тўғрилашга ёрдам бера бошлади.

– Нарсаларингиз қани?

– Анави наркоман Муқаддас ўзини кровати тагига жойлаб қўйди. Буни огоҳлантиришга ҳам улгурмай қолдим. Энди бермаса ҳам керак нарсаларини, – секингина пичирлади Таня.

– Нимага бермас экан? Кўрсатиб қўяман унга, қани, бермай кўрсин-чи, – важоҳат билан қичқирди Гуллола, – Вой, опажон, бу ерда нарсаларингизга жудаям хушёр бўлинг. Бир зумда шип-шийдам бўлишингиз ҳеч гап эмас! Ҳеч вақосиз қолиш эса, очлик ва яна очлик дегани!

У шундай деганча шахт билан ўрнидан туриб нарсаларимни кровати тагига беркитган маҳкумага лом-мим демасдан кроват тагидан сумкаларимни суғуриб ола бошлади. Шу дамда сумкамни ётоғи тагига қўйган маҳкума хонага югуриб кириб келди-да сумкаларни жойига кўйишни талаб қилди. Амрига бўйсунмаган Гуллолани сочларига ёпишиб, ёввойи мушукдек юз-кўзини тимдалай бошлади.

– Бу менинг опам. Нимага опамни нарсаларига хўжайинчилик қиласан,- томоғи йиртилгудек бақириб ўзини ҳимоя қила бошлади Гуллола.

– Алдама! Қанақасига сени опанг бўларкан? Қани, сумкаларни яхшиликча жойига қўй. Бўлмаса кунингни кўрсатаман сени!

– Вой-вой-ей, қўрқиб кетдим-ку,- аввалига мазах оҳангида гапирган Гуллола, бирдан хужумга ўтди, – Мана сенга, мана сенга. Бировни нарсасига кўз олайтириш мана шунақа бўлади,- Муқаддаснинг дуч келган жойига беаёв тепаётган Гуллола ҳар тепганда “Мана сенга!” деб қўярди.

– Қани, сумкаларни жойига қайтариб қўй. Билиб қўй, мен ўлжамни бировга бериб қўядиган ахмоқ эмасман,- овозининг борича ўкирарди Муқаддас.

– Ҳали мени опам сенга ўлжа бўп қолдими? Мана бўлмаса сенга ўлжа, мана, – Гуллола бу сафар Муқаддасни юзига чанг солди.

– Тварь, яхшиликча қўйиб қўй жойига сумкаларни, бўлмаса ўлдираман сени, – таҳдид қилди яна Муқаддас.

– Сен ўлжа деяётганинг мени опам бўлади, бу бир. Иккинчидан, бу опа Рустам акага қарашли. Қўлингни торт яхшиликча, – чирилларди Гуллола.

– Рустамга қарашли бўлса, нимага ўзининг одамларини кутиб олганидек қарши олмади буни,- овозининг борича ўшқирарди Муқаддас.

– Буни Рустам акани ўзидан сўрайсан, билдингми?

Рустамнинг “одами” эканлигимни эшитган Муқаддас сўкина-сўкина нари кетди. Муштлашувлардан толиққан Гуллола сумкамни келтириб ёнимга қўяркан: “Оч қолгандирсиз-а, опа?” – деди гўё ҳеч нарса бўлмагандек. Югургилаб чой қўйиб келди. Кейин сумкамдан ул-бул егулик олди-да, ёғоч шкафчанинг устига “дастурхон” тузай бошлади.

– Қуруқ чойингиз борми?

– Ҳа, бор. Ҳозиргина анави аёл сўраганди. Катта идишини тўлдириб бергандим. Ўша идишдан олиб, дамлай қолинг. Жудаям оч қолиб кетдим, – дедим.

Сўзларим ёқмаган Гуллола менга норози тикилди:

– Опажон, бу ер биз ўтирган тергов изолятори эмас. Бу ерда ким нимаки сўрамасин, ҳеч кимга ҳеч нарса бера кўрманг. Агар бир марта бергудек бўлсангиз, кейин талаб қиладиганлар яна кўпаяверади. Агар бермасангиз, қўл кўтаришгача боришади. Сиз берган қуруқ чойнинг ҳаммасини чефир қилиб ичиб ўтиришибди, – деди у ошхона томон имо қиларкан.

Чефир деган сўз айрим китобхонларга нотанишдир, эҳтимол. Чефир – бу бир пачка қуруқ чойга бор йўғи бир-икки пиёла қайноқ сув солиб, ниҳоятда аччиқ, қоп- қора, айтиш мумкин бўлса, заҳар-заққум қилиб тайёрланган чой. Одатда, қамоқдаги гиёҳвандлар ана шу тайёрланмани ичиб, нафсларини қондиришади.

Таня, Гуллола, мен ва эти суяк-суягига ёпишиб, кўзлари ичига чўкиб кетган ўзини Муҳаббат деб таништирган маҳкума аёл – тўрталамиз биргаликда сумкамдан олинган егуликларни баҳам кўриб, чой ичдик.

Гап орасида Таня Гуллолага: -Опангга бу ердаги тартиб қоидаларни ўргатиб қўй, жудаям содда экан. Агар хушёрроқ бўлмаса, бу феъли билан қийналиб қолади бу ерда. Ўзига пишиқ бўлсин. Кўрмайсанми, қуруқ чой сўрашса, идишини тўлдириб солиб берди. Анави наркоман эса дарров қўлидан сумкасини олиб, ётоғи тагига тикиб олди. Бир нарса деёлмай тургандим. «Энди ҳеч нарсасини қайтиб кўрмайди, ололмайди» – деб, хавотирдайдим. Яхшиям вақтида сен уйғониб қолдинг ва таниш чиқиб қолдиларинг. Анави Самара Гулшан билан гаплашаётганини эшитдим. “Янгилигида алдаб, бирор нарса олволмасак бир икки кунда ҳеч вақосиз қолади” – деб пичирлашаётганларини эшитиб колувдим. Ҳозир улар опангдан сигарет сўрамоқчи. Унга шипшитиб қўй, бермасин,- деди.

– Ким, анави ВИЧ, казёл-а? Кўрсатиб қўяман унга сигарет сўрашни, – Танянинг гапига жавобан асабийлашиб ўшқирди Гуллола.

Яна муштлашув бошланишидан чўчиб: “Гуллола, қўйинг, бақирманг, бу ерга кирганимга бир соат ҳам бўлмади-ю, лекин ғала-ғовур, ур-йиқитни кўравериб чарчаб кетдим”,- дедим бошимни чангаллаб.

– Эҳ опажоним, бу ерни қамоқхона, деб қўйибдилар. Бу ердаги ҳаёт мана шунақанги ур-йиқитлардан, кучлилар кучсизнинг нарсасига кўз олайтириш, тортиб олиш билан ўтади. Бу ердагиларнинг ҳаммаси оч қолган бўрига ўхшайди. Шунинг учун нарсаларингизга эҳтиёт бўлинг, дейман-да,- яна шанғиллай кетди у, – Айниқса, сигаретларингизни эҳтиёт қилинг. Ҳали кўрасиз, бу ерда турли хил оғир ишларни бажаришга мажбур қилишади. Агар қўлингизда сигаретингиз бўлса, қийналиб ўтирмайсиз, обмень қилиб, ўрнингизга бирортасини ишлатишингиз ҳам мумкин. Эҳ-ҳе, ҳаттоки ҳожатхоналарни тозалашга ҳам мажбур қилишади. Сигаретларингиз ана шундай пайтларда асқотади. Сигарет деганига бу ерда ҳатто анқонинг уруғини ҳам топса, сотиб олса бўлади, билиб қўйинг! Бу ерда сигарет соққа ролини бажаради, билдингизми?..

Гуллоланинг тамаки тўғрисидаги тафсилотлари тугар-тугамас, эти суягига ёпишган, бурда ранг, эркак башара маҳбус рўпарамда пайдо бўлди:

– Сигаретдан чиқар! – буюрди у важоҳат билан.

– Сизни тушунмадим… мендан нима керак сизга? – дедим унинг бақаникидек бўртиб чиққан кўзларига тикилиб.

– Сендан-ми? – тумшуғини хиёл мен томон чўзди у,- менга 10 пачка PINE керак. Сумкангни оч-да, сигаретдан чиқар!

Ҳалигина шер бўлаётган Гуллола лом-мим демай, ер шохлаб ўтирарди. Таня эса қўрқа- писа нарига кетди.

– Менда сигарет йўқ десам ёлғон бўлади. Бор. Лекин ўзимга ҳам зарур у. Узр, беролмайман, – дедим оҳиста, аммо қатъий оҳангда. Бундай жавобни кутмаган Самара тутақиб кетди. Ўтирган кроватимнинг бир томонини куч билан кўтарди-да, ерга ташлади ва жангари хўроздек мен томон ташланди; – Мен сенга кеккайиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман! Яхшиликча бер деяпман сенга!

Бу пайтда мен саломга яраша алик қайтарсамгина қамоқхона қаъридан омон чиқишим мумкинлигини аллақачонлар англаб етгандим.

– Нима, менинг сендан қарзим борми? Нега менга ўшқирасан? Бор, бор сигаретим. Аммо кўп чиранма, барибир сенга бермайман? Билдинг? Сен ўзи кимсанки, мендан талаб қиласан? Ё эртага зонага чиққанимда оғиримни енгил қиласанми?- овозим борича бақирдим мен ҳам.

– Зонага чиққанингда сигаретинг билан тирикчилик қилмоқчимисан? Кўрсатиб қўяман сенга. Агар менга сигарет бермасанг, билиб қўй, ҳолингга вой бўлади! Ичак-чавоғингни чиқариб, қўлингга тутқазаман, мана кўрасан!- чиранишда давом этди Самара.

– Қўрқитиб оламан десанг, овора бўласан! Бунақа номерларинг менга ўтмайди! Яхшиси, чиранма! Бу қилмишларинг ўзингга қимматга тушмасин яна! Тушундингми?! – ундан-да устунроқ келишга уринардим мен.

Шу пайт бизни ёнимизда сумкамга эгалик қилмоқчи бўлган Муқаддас пайдо бўлди. У Самарага яқинлашиб, қулоғига: “Бу аёл Рустамга тегишли экан, шунинг учун мен ҳам сумкаларини қайтариб беришга мажбур бўлдим” – дея шипшиди.

Кутилмаган янгилик Самарани шошириб қўйди шекилли: “Мен сендан сигарет сўраган бўлсам қарзга сўрадим. Дачкамни олишим билан қайтариб берардим. Шунга шунча шанғилламасдан, беролмаслигингни айт-да, қўй, етади, гап талашиб-тортишмасдан, – дея ғўнғиллаганча ошхонага қайтиб кетди.

Шу алфозда қамоқхонаги ва психиатрик бўлимидаги биринчи куним ниҳоясига етди. Таня айтганидек, душанба кунига қадар психиатор Бахтиёр Тошхўжаевдан ҳам дарак бўлмади. У мени бўлимга қабул қилиб олганлиги ҳақидаги қоғозга имзо чекиб, то ошхонага топширмагунича менга овқат ҳам, нон ҳам берилмади. Яхшиямки, сумкамда бир неча кунга етгулик озиқ-овқатим ва анчагина сигаретларим бор. Нон ва овқат олиш учун менга рухсат теккунга қадар, ўзимда бор егулик билан кун кечириб турдим.

Биргина менинг сумкамдаги озиқ-овқатларни тўрт киши баҳам кўряпмиз. Таня, Гуллола ва Муҳаббат ҳам негадир менинг доимий шеригимга, яъни однохлебкамга айланишди.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.