Қийноқлар ороли асираси: Cўзбоши ( 1 )

5176

Мен бу китобимни Мустақил Ўзбекистон дея аталмиш қийноқлар мамлакатида ҳақ-ҳуқуқсиз азоб чекаётган муштипар халқимга, минг бир қийноқлар қурбони бўлган қисматдошларимга, азоблар исканжасида дунёдан бевақт кўз юмган шаҳидларга ва уларнинг яқинларига бағишлайман.

Азоблар оролига маҳкума бу кўнгил бир нарсани хоҳлар, ҳа, фақат бир нарсанигина жуда-жуда орзу қиларди… Шу кўраётган, кўриб қийналаётган ҳадсиз ҳақсизликлар, чексиз азоблар ҳақида ҳаммага ҳайқирса, бу янглиғ бедодликлар хусусида оламга овоза қилса, Ўзбекистон аталмиш шу мўжаз мамлакатни таназзулдан асраб қолса… ана шунларни истарди бу дил. Бир асар битса, ҳаётий бир асар битсаки, унда “Келажаги буюк давлат” отлиғ ажал оғушида рўй бераётган жамики бедодликлар, адолатсизликлар акс этса, шундай бир китоб бўлса-ки, унинг асносида яратилган фильмда киндик қонимимиз тўкилган мана шу заминдаги мушкул вазият, айбсиз айбдор бўлаётган саноқсиз қисматдошларимизнинг оҳу-ноласи ўз ифодасини топса… Худди ана шу истак исканжасида беҳаловат бўларди кўнгил… Агар шундай асар дунё юзини кўргудек бўлса, уни албатта «Қийноқлар ороли асираси» деб номлаган бўлардим…

– Ҳа, маҳкума Тожибоева, на мунча хаёл дарёсига шўнғимасангиз? Эҳтиёт бўлинг, ғарқ бўлиб кетманг яна, – телба кўнглимнинг ҳеч қачон ушалмасдек туюлган қўл етмас орзуларига бўй чўзиб турган хаёлларимни эркак кишининг дағал овози тўзғитиб юборди. Во дариғ, кўнглимнинг иссиққина оғушидан яна мен шу адолатсиз масканга, разолат ва қабоҳат ботқоғига қайтишга мажбур қилишди булар… Шундай ўй билан атрофимга бефарққина кўз югуртирдим. Қаршимда Манзура Ашурбоева ўнг қўлини иягига тираганча кинояли қараб турарди. Хаёлларимга чанг солган Жаҳонгир Мадумаров эса бошини сарак-сарак қилиб, қув кўзларини мендан узмасди… Булар – аёллар қамоқхонасининг зўравон вакиллари. Манзура деганлари ҳарбий назоратчилар бошлиғи, уни ўрисча кисқартириб НВН деб қўя қолишади. Жаҳонгир – тезкор бўлим инспекторидир. У ҳозир ана шу “тезкорлик” вазифасини ўтамоқда: мени зудлик билан кўздан пана қилишга улгурган. Бунинг боиси бор, албатта.

2008 йилнинг 6-май куни мен камоқхонага ташриф буюрган Халқаро Қизил Хоч жамиятининг вакиллари билан учрашиш бахтига мушарраф бўлган эдим. Мазкур жамият вакиллари 9-май куни мен билан такрорий учрашиш истагини билдиришган эди. Халқаро Қизил Хоч жамиятининг вакиллари билан қайта рўбару келишимдан ҳайиққан қамоқхона маъмурияти мени мана шу Тошкент шаҳар онкология шифохонасига яширишган. Шу иккала жаллод менга ҳамроҳлик қилишга мажбур…

Бир зум кўзларимни юмдим-да, юзимни четга ўгирдим… Э, воҳ, не қилайки, бу қиёфаларни, истасам-истамасам, ҳар куни кўришга тақдирнинг ҳақсиз ҳукми маҳкум этган мени…

– Кўрган кечирганларим ҳақида бир китоб ёзсам, фильмлар ишласам дея ширин хаёллар суриб ўтирган эдим, – дедим ўйчан. Минг пора бўлган қалбимнинг қат-қатида ётган бу армонларимни сўзлаётганимда, орадан ҳафта ўтмай, жаҳондаги энг нуфузли Мартин Энналс мукофотининг совриндори бўлишимни билмас, орадан 24 кун ўтиб эса қабоҳат қасридан батамом қутилиб озодликка чиқишимдан бехабар эдим… Мен бу гапни, адолатсизлик оролида қанчалар қийнашмасин, не куйларга солишмасин, иродамни букиб, руҳимни синдириб, орзуларимни ўғирлаб бўлмаслигини ошкора қилиш, исботлаб қўйиш учунгина айтгандим, холос…

– Эҳ-ҳе, орзулар – осмон, денг?! – заҳарханда қилди Жаҳонгир. – Туя ҳаммомни орзу қилган экан-а, Тожибоева? Хаёлда ҳам чегара бўлиши керак, нима дедингиз-а? Китоб ёзиб, фильм ишлармишлар! Ўтирган жойингиз қамоғ-у яна китоб билан кинони орзу қиласиз-а? Уни ўрнига айтилган ҳужжатларга табаррук имзойингизни қўйиб, озодликка чиқмайсизми, ана ундан кейин қандингизни урмайсизми?! Сизни қаранг-у?

– Ундай деманг, Жаҳонгир, – луқма ташлади Манзура. – Тожибоева фильм яратадиган бўлса, бош қаҳрамон бўлмасак-да, бирорта персонаж сифатида иштирок этиб, тарихда қоламиз. Шундай имкониятни қўлдан бой бергим йўқ. Тожибоева мўмайгина маош тўлашни ваъда берса, ўз ролимни ўзим ижро этган бўлардим… Бу ҳақда Тожибоева билан келишиб қўйишим керак. Бу фильмда менинг кучли эпизодим фақатгина битта бўлади. Эсингиздами, Тожибоева, ўтган йилнинг ноябрида тонг саҳар колготкангизни ечиб олиб, сизни яна изоляторга қамашлари учун барча керакли ҳужжатларни ўзим расмийлаштирганман. Ўша вокеани, албатта, ёзсангиз керак? Аммо айтиб қўяй, бўрттириб юборманг-а? Ана шунда фильмингизда хотиржамгина рол ўйнаб бераман. Кексарган чоғимда набираларимга кинода суратга тушганман, деб мақтаниб юраман, нима дедингиз? – ўз гапларидан ўзи ҳузур қилган Ашурбоева қаҳ-қаҳа отди.

– Ҳа-а-а, шунақами, Тожибоева, ҳали яратажак асарингизу фильмингиз иштирокчилари бўламизми биз ҳам? – саволомуз термулди Мадумаров.
Мен, бундай нописанд кесатиқ ва заҳархандали киноялар суяк-суягимдан ўтиб кетса-да, тишимни-тишимга қўйиб, хотиржам эшитишга, ҳақоратомуз луқмаларга муносиб жавоб қайтаришга маҳкум эдим:

– Албатта шундай бўлади, аммо ўпкалаш йўқ, Манзура Усмоновна айтганларидек, бош қахрамон роли сизларга насиб этмайди… – ўзимни мажбурлаб жилмайишга уриндим.

– Биз ҳақимизда умуман ёзмай қўяқолсангиз-чи? Қандай бўларди, ҳеч нарса йўқотмайсиз-ку, бизни четлаб ўта қолинг… – деди Жаҳонгир ярми ҳазил, ярми чин ялинганнамо оҳангда .

– Нега энди? Китобда ҳам, фильмда ҳам бор ҳақиқат ҳақида ҳикоя қилинади. Сизларнинг иштирокингизсиз асар мукаммал чиқмай қолади-да. Тарихда қолсангиз, бунинг нимаси ёмон? – бу гал овозимдаги умид ўрнини ишонч эгаллаганди.

– Эҳ-ҳе, ҳали озодликка чиқдингиз-у, китоб ёздингиз-у… Китоб чоп қилиш, кино ишлаш учун миллион-миллион маблағ топиб, ишни бошладингиз-у… Биласизми, бу орзуингизни амалга ошишига 30-40та қовун пишиғи бор ҳали, – овозимдаги ишонч оҳангини сезган Мадумаров ҳафсаламни пир қилишга тиришди.

– Сиз айтаётган ўша 30-40 қовун пишиғидан кейин набираларимиз сизу бизнинг қилмишимиз, кечмишимизга тарих саҳифаларида гувоҳ бўлишса ажаб эмас… Сиз ризқ топиб болаларингизни боқаётган шу қамоқхоналардаги қийноқлар, айбсиз айбдор маҳкумларнинг аянчли тақдири, аччиқ қисмати, фожиали ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи китоб битилгудек бўлса, уни чоп этишга иштиёқманд ҳомий топилмайдими? Топилиб қолар… мана, кўрасиз, мен орзу қилган, кутган кунлар яқин! – сўзларим қандай таъсир қилганлигини кузатиш илинжида Мадумаровнинг юзларига синчков назар ташладим.

– Бошқасини билмаду, аммо бир нарсани аниқ биламан, – Мадумаров кўрсатгич бармоқларини чап кўксига икки-уч бор уриб қўйди, – ҳарқалай, мен кексалик нафақасига чиқмагунимча, на сиз озодликка чиқасиз, на китоб ёзиб, фильм яратасиз.

– Нафақага чиқишингизга ҳали анча борми?- ўсмоқчилаб сўрадим.

– Кўп эмас, 3-4 йил бор, холос…

– Хулоса чиқаришга шошилманг. Мана, мени айтди, дерсиз, Сиз нафақага кетаётганингизда мен сизга ўша китобим ва фильм дискини туҳфа қиламан, бу асарлар «Қийноқлар ороли асираси» деб номланган бўлади…

Сўзларимдан энсаси қотганини яширмаган ҳамроҳларимдан бирининг қошлари чимирилса, бири қизил бўёқ сурилган лабларини беписанд буриб қўйди.

Жон Кехони ўқиган бўлсангиз керак… Ниманики ният қилсанг, ниятинг ижобат бўлиши учун ана шу орзуларнинг амалга ошишига энг аввало ўзинг ишонишинг керак, деган ғояни илгари суради у… Аммо шуни аниқ биламанки, бу ғоя минг асрлар олдин энг аввало бизнинг халқимиздан чиққан: “Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар “омин” дейди”, “Яхши ният – ярим давлат”, “Тиласанг, бутун тила” деган пурмаъно ҳикматлар, тўқмағиз мақоллар кўп йиллик ҳаёт тажрибасига таянган бизнинг аждодларимиздан, ота-боболаримиздан мерос, ахир.

Ким билсин, шу сабаб ҳам аждодларим ўгитига таяниб, яхши ният қилганим, ярим давлат бўлгандир, эҳтимол. Ким билсин, балки Буюк боболар руҳи ёр, мададкор бўлгани чиндир, ҳақиқатдир, эҳтимол… Мана шу суҳбатдан кейин, кўп ўтмай, Мартин Энналс мукофотига муносиб топилганим, қийноқлар оролидан батамом қутилганим, озодликка чиққаним яхши ният қилганим учун тақдирнинг, йўқ, адашдим, Яратганнинг менга қилган туҳфаси, бир инояти бўлгандир…

…Тепамда тақдир қуёши кулиб боқди… Бошимда озодлик офтоби балқиди… Энди… энди эса, муродим ҳосил, ниятларим ижобат бўлганлигининг шукронаси учун ҳам бир асар яратишим керак, бир асарки… У наинки менинг қисматим, қисматдошларимнинг орзу армонлари, фожиавий тақдирлари билан йўғрилган бўлсин… Бироқ… Бироқ жаҳолат ботқоғида кўрган кечирганларим – ҳадсиз азобларни яна такрор юракдан ўтказиш, қаро кунларни кўз ўнгимда қайта гавдалантириш, жаҳаннам қаърида қолган қисматдошларим ҳақида бор ҳақиқатни битиш учун қўлимга қалам олиш мен учун оғир, жуда ҳам оғир…. шу сабаб ҳам руҳим азобланар, таскин топиш учун тўрт томонга ташланар, ҳаловат истаб тинимсиз талпинарди…

Аммо Ўзбекистондаги аянчли аҳвол, тобора илдиз отиб бораётган коррупция, қамоқхоналардаги ваҳшиёна қийноқлару, адолатсиз судлар ҳақида гапирмаслик увол, диктатурага хизмат қилаётган корчалонлару, маддоҳ матбуот ва матбуотчилар, арбобларнинг жирканч қиёфасини кўрсатмаслик, кирдикорларини фош этмаслик гумроҳлик эканлигини яхши биламан… Ана шундай тузумнинг гувоҳи ва бевосита, ҳам билвосита иштирокчиси сифатида барча бедодликлардан кўз юмишга, бефарқ бўлишга ҳаққим йўқ. Шу сабаб ҳам ўтмишим саҳифасини такрор варақлаш нечоғлик қийин ва мушкул бўлмасин, ҲАҚ ином этган ҳақиқатни рўёби учун ҳам қўлимга қалам олишга мажбурман…

Ушбу асар менинг ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида олиб борган фаолиятим давомида дуч келган ҳақсизликлар, қадри ва шаъни топталган шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнидага таъқиб ва таҳдидлар, қамоқхона ҳаётидаги азобли ҳаёт ва ваҳшиёна қийноқлар ҳақида ҳикоя қилади.

Китобхон! Бу асарда баён қилинган воқеалар бўрттирма асосига қурилмаган, барчаси бор ҳақиқат. Фақат қамоқхонада менга ёрдам қўлини чўзган баъзи инсонларнинг исм-шарифларигина уларнинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан ўзгартириб берилади, холос. Лекин қийноқ қўллашга алоқадор бўлган амалдорларнинг исми шарифини ўзгартирмаган ҳолда (албатта, хотирамда қолганларини) ёзишга қарор қилдим.

кийнолклар ороли-page-001

Изоҳ: Ушбу асарнинг дунёга келишига яқиндан кўмак берган инсонларга чин дилдан миннатдорчилик билдираман.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.