Қийноқлар ороли асираси. «Олтин бошли қасоскор аёл» детектив қиссамни жиноят қуроли сифати йўқ қилдилар ( 2 )
Аслида мен асар ёзишга илк бор қўл ураётганим йўқ. Ҳаётимда рўй берган ҳадсиз ҳақсизлаклар мени илгари ҳам қўлимга қалам олишга мажбур қилган… Бир пайтлар «Олтин бошли қасоскор аёл» номли детектив қисса яратган эдим… 2001 йилда минг бир азоб билан ташкил этганим «Чеҳра» номли газетада худди ана шу асарим илк бор чоп этила бошлаган эди ўшанда… Эҳ-ҳе, бу бошим мустақил журналист, инсон ҳуқуқлари фаоли сифатида неларни кўрмади, неларга чидамади дейсиз… Бу жамият деб аталмиш жаҳаннамда ҳақсизликлар, нуқсону камчиликлар… ва уларга қарши туриш жараёнидаги таҳдиду таҳқирлар озмунча дейсизми?…
Аёвсиз таъқиблар ва таҳқирларга қарши туриш учун эса нима керак кишига? Ўт, ҳа, ҳа, ўт. Ҳақсизликларга қарши курашиш учун ўт бўлиши керак киши кўнглида. Ҳар қадамда учрайдиган иллатларни илдизи билан қўпориш учун эса энг аввало довюрак кишиларнинг бошини бириктириш лозим. Биз ўзбекларда “ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас”, “Бўлинганни бўри ер, айрилганни айиқ ер” деган ҳикматлар бежизга, бекорга айтилган эмас… Бундай бўрилар тўдасига ем, айиқлар ошёнида озуқа бўлмаслик учун ҳам бирлашиш, шоир айтганидек, оломон ХАЛҚқа айланиши лозим, йуқ, шарт! Худди ана шу мақсадни ўйлаб юрардим.
Худди ана шу мақсад ҳақида бош қотириб юрган кезларимда, адашмасам, янги Президентлик сайловидан кейин 1999 йилнинг охирларида, ёки 2000 йилнинг бошларида мамлакат президенти Ислом Каримов Фарғонага ташриф буюрди.. Фарғонада бўлиб ўтган мазкур ташкилий сессияда Каримов, одатдагидек, мансабдорларнинг пўстагини қоқиб, жумладан, мана шундай мазмундаги гапларни қистириб ўтганди. Бу иборалар ҳатто матбуотда ҳам намойиш қилинганди: “Фарғона вилоятида кўплаб мансабдорлар мансаб лавозимини суистеъмол қилиб, бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйиб келганлар. Жамоатчилик назоратини шакллантиришга интилган инсонларга нисбатан тўсқинликлар қилишган. Қанийди, шундай мансабдорларнинг танобини тортиб қўядиган, уларнинг содир этаётган жиноятларига қарши қонуний курашадиган ўтюракли фуқаролар халқимиз орасидан отилиб чиқса эди”.
Президентнинг айнан мана шу мазмундаги маърузасидан тўлқинланиб, илҳом олиб, Халқ Демократик партияси қошида “Ўтюраклар” Клубини ташкил этдик… Кичкинагина бир маҳаллада ташкил этилган бу Клуб йиллар ўтиб, дунёга танилган ва обрўли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига айланди. Бу йиллар ичида Клубнинг фаолиятини бошқариш жараёнида, эса эҳ-ҳе, оз мунча хавф-хатарга дуч келмадим, азоб-изтироб чекмадим, не кўргуликларга дош бермадим…
* * *
Айнан, ҳа, айнан маҳаллий ҳокимият вакиллари ва амалдорларнинг нафақат тўсқинликлари, балки кўз кўриб, қулоқ эшитмаган фитналари мени нафақат ҳуқуқ ҳимоячиси, балки шахс сифатида шаклланишим, тобланишим ва жаҳолат ботқоғига ботган амалдорлардан ҳамиша устун бўлишимга асос, мисоли бир пойдевор бўлган бўлса, эҳтимол… Ҳаётнинг ана шундай синовларида тобланиш, чиниқиш ва чархланишларим пировардида қабиҳ мансабдорларнинг асл қиёфасини кўрсатиш, фитналарини фош этишга, уларни шарманда-ю шармисор қилишга жуда-жуда қўл келарди. «Олтин бошли қасоскор аёл» детектив асаримда ана шуларнинг бари, аниқроғи, кундалик ҳаётим, кўрган-кечирганларим, ҳақсизликларга қарши ҳайқиришларим ўз ифодасини топган эди.
Мазкур қиссам газетанинг 3-сонида чоп этилганидан сўнг Фарғона вилоят Матбуот бошқармаси раҳбарларидан бири мени суҳбатга чақиртирганди. Муддао битта: детектив асаримнинг давомини газетада чоп этишни тўхтатишимни талаб қилиш экан… Ўша тўқнашувдаги тортишув кечагидек эсимда:
– Яхши, асаримни қайта газетада чоп этмайман, бироқ, – деган эдим мен, титроғимни яширишга уринарканман, – бироқ фақат биттагина шартим бор. Ушбу талабингиз ва унинг сабабларини менга ёзма тарзда тушунтириб берсангиз?
– Нима?! Тушунмадим сизни, Мўътабархон? – икки қошларининг ўртаси тугилган ходим менга укку қараш қилди, – Кечириб қўясиз, мен сизга ҳисобот беришга мажбур эмасман. Мен тепанинг буйруғини бажараман. Сиз эса бўйсунишга мажбурсиз, тушунарлими?
– Ёзма равишда бермасангиз, тушунмасам-чи? – дедим бамайлихотир, йўқ, очиғи, ўзимни хотиржам тутишга тиришиб.
– Нима, газетангизни ёпиб қўйишимизни истайсизми?
– Нега ёпиларкан? Мен бу “Чеҳра”ни очгунимча оз мунча чопмадимми, елиб югурмадимми? Энди уни йўқ қилишларингизга жимгина қараб турадиган ахмоқ бор эканми?- дедим ғазабимни яшира олмай ва ўзим истамаган ҳолда ўрнимдан туриб кетдим.
– Ўтиринг жойингизга, ўтиринг, Тожибоева, ўти-ри-нг!- кейинги сўзларини атай урғу бериш учун бўғинлаб-бўғинлаб айтди у, – Ўзингизни босиб олинг! Бу замин катта холангиздан қолган эмас. Бу бир мамлакат. Унинг ўз эгалари бор. Ана шу хўжайинлар истасагина газета чиқарасиз, исташмаса йўқ. Гапларим ёқмадими? Боринг, кетишингиз, бориб би-и-и-р танангизга ўйлаб кўришингиз мумкин. Боринг!- амр қилди у.
– Сиз қандай ўйлайсиз, нима деб сўйлайсиз, билмадиму, токи талабингиз ва сабабларини ёзма тарзда баён қилиб бермас экансиз, мени бу ноқонуний буйруғингизга буйсундира олмайсиз,- дедим қатъий оҳангда.
Матбуот бошқармаси раҳбари билан бўлган бу кўнгилсиз тортишувнинг оқибати нима билан тугашини гарчи кўнглим сезган бўлса-да, газетамизнинг кейинги сонида ҳам «Олтин бошли касоскор аёл» детектив асарнинг давомини нашр этишга журъат этдим. Аммо можоро шу билан тугамади, аксинча янада жиддий тус олди. Қиссанинг давоми чоп этилгач, Фарғона вилоят ҳокимлигининг матбуотни назорат қилувчи бўлими вакиллари детектив асаримнинг нусхасини тақдим этишимни талаб қилишди.
Асар нусхасини тақдим этмасликдан ўзга чорам бормиди?! Албатта, йўқ. Шу сабаб, асар нусхасини уларнинг эътиборига ҳавола қилдим. Орадан 3-4 кун ўтгач, менимча, қисса билан танишиб чиққач, қиссадан ҳисса чиқаришди чамаси, Фарғона вилоят хокимининг матбуотни назорат қилгувчи ўринбосари мени ҳузурига чорлади ва асарни чоп этишни зудлик билан тўхтатиш лозимлигини таъкидлади. Мен бу истакка осонгина эгилиб кетадиганлардан эмас эдим, албатта:
– Савияси паст эканми? Сабаби нима, айтинг?- сўрадим жиғибийрон бўлиб.
– Гап савияда эмас, ўзингиз тушунган аёлсиз, – суҳбатдошим тилёғламаликка ўтди,- Ўзингиздан қолар гап йўқ-ку, мана, масалан мен асарингиз нусхасини ўқиб кўрдим. Тўғри, тан оламан, бу асарда танишларнинг исм-шарифи учрамайди… Аммо, – у оҳиста дераза олдига борди-да ҳаво етишмаётгандек, уни ланг очиб қўйди. Кейин қўлидаги тамакисини тутатишга уринди. Биринчи, ҳатто иккинчи уриниши ҳам бесамар кетди. Бу хатти-ҳаракатлари, қанчалар яширишга уринмасин, унинг ўта асабийлашаётганлигидан далолат берарди… Мана, ниҳоят-такрор уринишлари самара берди. Тамаки “ўт олди”. У ашаддий кашандалардек тамаки тутунини “сипқораркан”, сўзида давом этди, – Аммо биласизми, синглим, гарчи исм-шарифларида, лавозимлари-ю, иш жойларида мутаносиблик бўлмаса-да, мен қиссангиздаги салбий образларни таниб қўйдим. Ҳа, ҳа, таниб қўйдим. Нафақат мен, газетхонлар ҳам айнан ана шу ҳақида гапиришмоқда айни дамда. Сиз нима деб ўйлаган эдингиз, сиз қалам тиғига олган ўша амалдорлар ахмоғу, фақат сизгина оқилмисиз? Шу қиссангизда акс этган кишиларнинг исм-шарифи ёхуд касб-кори-ю, лавозимини ўзгартириб қўйсам, ўз образларини танимайди, ҳеч нарсани билмайди, деб ўйлаганмидингиз? Ҳомтама бўлманг, ўша КУЧЛАР барибир бу асарингизни дунё юзини кўришига қўйишмайди, қаршилик қилишади. Шундай экан, ўзингизга душман орттириб, хавф туғдириб, ҳаётингизни ортиқча хатарга қўйиб нима қиласиз-а? Ундан кўра шу қиссангиздан воз кечинг, вассалом, олам гулистон, келишдикми?- суҳбатдошимнинг юзи буруқсиётган тамаки тутуни ичида қолди.
-Тўғри гап туғишганингга ҳам ёқмайди, деганлари шу эканда-а? Қиссамда исм-шарифларини аниқ қилиб ёзмаганимга ҳам шукур қилиб, раҳмат айтишса бўларди ўша сиз айтаётган зўравонлар. Мен тайёр асаримдан воз кечолмайман, асло бундай қилолмайман… Асар ёзишнинг ўзи бўларканми? Уйқусиз ўтказган тунларим, меҳнатларимни, топган ҳақиқатимни сувга оқизолмайман-ку? Ҳеч нарсадан чўчимайман… Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди, дейишади…
– Сиз, сиз, – тутоқиб сўзимни бўлди суҳбатдошим, – Сиз муомалани, яхши гапни билмас, тушунмас экансиз. У ҳолда билганингизни қилинг, аммо эртага биздан гина қилмасангиз бўлгани… Бу билан сиз ўз газетангизга ўзингиз гўр қазияпсиз, шуни тушунасизми ўзи? Сиз қўрқишингиз керак бўлганлар чумчуқ эмас! Улар калхат… Ҳа, ҳа, улар калхатдек қудратли ва…
У айтгандек бўлди. Ростдан ҳам “Чеҳра” газетасининг навбатдаги 6-сони дунё юзини кўришга улгурмади. Сабаб, вилоят Матбуот бошқармаси «Чеҳра» номли газета ёпилиши муносабати билан уни босмадан чиқаришни таъқиқлаганлиги хусусида Фарғона шаҳар Босмахонасига расмий хат жўнатган эди. Аммо мазкур номада газетанинг ёпилиш сабаблари хусусида лом-мим дейилмаган эди. Ва кейинчалик ёзма равишда қилган саноқсиз мурожаатларимга ҳам “Чеҳра” фаолиятининг ёпилишининг сабабларига оид ҳеч бир изоҳ ололмадим… “Чеҳра”мнинг тақдири худди ана шу тахлитда якун топган эди… “Олтин бошли қасоскор аёл” детектив қиссасининг тақдим этилган нусхаси Ҳокимият томонидан қайтариб берилмади.
2005 йил 7 октябрь куни мени қонунга зид равишда ҳибсга олишиб, уйимда менинг иштирокимсиз тинтув ўтказганларида «Ўтюраклар» Клубининг олти йиллик фаолиятига оид архив ҳужжатларимни, ташкилотга тегишли бўлган компьютерни жамики дисклари билан, ҳаттоки шахсий фотоальбомларимни, “Олтин бошли қасоскор аёл” асарининг асл нусхасини ҳам жиноят қуроли сифатида 18та катта қоғоз қутиларга жойлаб, 3 та Дамас автомашиналарига юклаб олиб кетишган… Энг ачинарлиси, улар кўлга киритган компьютеримда “Олтин бошли қасоскор аёл”нинг ёзма варианти мавжуд эди. Қолаверса, тинтувчилар томонидан битта кўймай тергилаб кетилган компьюер дискларининг бирига ҳам мазкур қиссамнинг нусхаси кўчириб кўйилган эди… Минг афсуски, кейинчалик ноқонуний тарзда олиб кетилган барча ҳужжатлар, компьютер ва дисклар, жумладан, детектив қиссамнинг асл нусхаси ҳам суднинг адолатсиз ҳукмига асосан “жиноят қуроли” сифатида йўқ қилинди…
Ушбу «Қийноқлар ороли асираси» асаримнинг «Олтин бошли қасоскор аёл» детектив қиссамга умуман алоқаси йўқ. Бироқ, ушбу ҳужжатли асардаги воқеаларни асос қилиб олган ҳолда келажакда детектив асар ёзиш ниятим ҳам йўқ эмас…
Муаллиф
Давоми бор
Fikr bildirish