Қийноқлар ороли асираси: Огоҳлантирувчи қўнғироқ ( 3 )
Биринчи марта халқаро анжуманларда иштирок этиш мақсадида чет эл сафарига чиқиш арафасидаман. Илк марта. Тўғри, илгарилари ҳам хорижий мамлакатларда бўлиб ўтадиган Халқаро миқёсдаги йиғинларда иштирок этиш илинжида кўп уринганман. Бироқ барчаси бесамар кетган… Эҳ-ҳе, озмунча тўсқинликлар, кўнгилсизликлар бўлган дейсизми?… Шу боис ҳам бугун бошимдан кечирганларимнинг барчасидан бохабар бўлган сафдошларимнинг кўнгилларидаги ҳадик олам қадар…
2005 йилнинг 7 октябрь куни “Ўтюраклар” Клуби деб номланган ташкилотимиз фаоллари билан хайрлашиш мақсадида учрашарканман, ана шу ҳадигу хавотир уларнинг юз-кўзларида шундоққина акс этиб турганлигига гувоҳ бўлдим…
– Мўътабар опа, нима деб ўйлайсиз бу сафар тегишмасмикин? – хавотирини яширмай гап бошлади Маъмуржон.
Унинг хавотирга йўғрилган саволини эшитар эканман, бу ерда тўпланган издошларимга бирма-бир разм солдим. Салимахон, Патила опа, Бобур, Нодир, Фарҳод… булар менга шунчаки йўлда йўлиққан йўлдошлар эмас. Бизни битта дард, бир хил азоб бирлаштирган аслида. Кечагина амалдорларнинг иддаоларидан зорланиб, давлат идораларидаги карчолонларнинг ноҳақликларидан нолиб, таҳқирларидан ҳақ-ҳуқуқи топталиб, ҲУКУМАТ деб аталмиш золимнинг ҳақсизликларидан қўлини ювиб, кўлтиғига суриб, “Ўтюраклар” Клубининг остонасига нажот истаб, бош уриб келган жабрдийлалар аслида булар ҳам.
Аммо афсуски, адолатсизлик ҳукм сурган бу мамлакатнинг ҳар бир кўчаси, ҳар бир муюлишида биттадан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилот фаолият юритган тақдирда ҳам, ҳаммаси бефойда. Чунки бу ҲУКУМАТ амалдорларининг оғзида кўп такрорланадиган “адолат”, “ҳақиқат” деган сўзлар аслида бу юртнинг имло луғатига киритилмаган. Бу сўзларга жой ҳам етмаган. Шунинг учун бу сўзлар аллақачонлар истеъмолдан ҳам чиқиб, эскириб кетган….
Аммо УЛАРга бу каби сўзлариннг қудрати-ю кучини кўрсатиб қўйиш учун шундай бир йўл бор, бир йўлки, бунда ҳақ учун, ҳуқуқ учун ҳар бир шахс, ҳар битта инсон курашиши лозим. Бунинг учун эса энг аввало ким ва қандай касб эгаси бўлишидан қатъий назар ҳамма ўз ҳақ – ҳуқуқини талаб қилишни билиши, ўз ҳуқуқини ҳимоя этишни ўрганмоғи шарт. Адолатни тиклаш ва ҳақиқатни қарор топтиришнинг бундан-да афзалроқ йўли йўқ. Шу маънода “Ўтюраклар Клуби”нинг мақсади ва иш услуби жуда оддий: Энг аввало кўмак сўраб келган кишиларга оддий бир ҳақиқатни сингдиришга интилардик: Бизнинг ташкилотимиз сизларга балиқ пишириб бериб, қорнингизни тўйғазмайди, ё уни қандай қилиб қовуришни ҳам ўргатмайди. Аксинча, сизни тўқ тутадиган ўша балиқни қандай қилиб тутиб олиш сирларидан сабоқ беради. Жамоатчилик асосида фаолият юритаётган ташкилотимиз фаолларининг асосини кечагина худди сиздек ҳуқуқлари топталиб адолат истаб келган инсонлар ташкил қилади.
Демоқчи бўлганимиз, бу жамиятда жабрдийдалар оқими шунчалар кўпки, бир вақтнинг ўзида барчангизни ҳимоя қилишга улгура олмаслигимиздан эмас, бизга кўмакчи бўлиш, сафдошимизга айланишингиз учун ҳам энг аввало ўз ҳуқуқингизни тиклашда ўзингиз жонбозлик кўрсатишингиз, ҳуқуқ илмини эгаллашингиз даркор.
Биз эса ўрни-ўрни билан маслаҳатлар бериб, йўл-йўриқлар кўрсатамиз, ҳужжатларингизни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга келтиришда кўмакдош бўламиз.
Оғир вазиятларда ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймаймиз; – дер эдим мен ҳақ-ҳуқуқи оёқ-ости бўлиб, кўмак сўраб келган фуқароларга.
Шу нарсани аниқ билардимки, кишининг қалбига энг аввало ўз ўзига бўлган ишонч уруғини қадай билиш лозим. Кўнглида ўзига нисбатан ишонч уйғонган инсон учун эса ҳуқуқшуноснинг ҳам, ҳуқуқ ҳимоячиси-ю, олимнинг ҳам кўмаги керак бўлмайди…
Ҳаёт тажрибамдан келиб чиқиб, яна шуни комил ишонч билан айтишим мумкинки, ҳуқуқ илми билан қуролланган киши ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун ҳайиқмай курашга киришаркан. Мана бунга оддий бир мисол: жамоатчилик асосида ишлайдиган ташкилотимиз сафи арзу ҳол қилиб келаётган фуқароларнинг ҳуқуқ илмини пухта эгаллашлари ҳисобига кун сайин кенгайиб борарди….
Бугун даврасида ўтирганим – мана шу издошларим ҳам аввалига нажот сўраб келиб, ташкилотимиз кўмагида кейинчалик ўзлари ҳам нажоткорга айланган шахслар: бири хайдовчи, бири дурадгор, бирлари фаррош, яна бири деҳқон… Бугун улар нафақат ўз муаммолари, балки туғишганлари, қариндош-уруғлари, қўни-қўшнилари, маҳалладошлари, қишлоқдошларининг ҳам муаммоларини ҳал этиш учун кўмаклашишга қодир ҳуқуқ ҳимоячилари…
– Опа, нега жимсиз? Жавоб берсингиз-чи? Намунча ўйга ботмасангиз? Ё бу сафар қаттиқ тегишади деган ҳадикдамисиз? – дея хаёлларимни тўзғитди Фарҳод.
– Билмадим. Лекин Ирландияга борадиган бўлсам, Андижон фожеалари бўйича қўлимдаги мавжуд барча ҳужжатларни конференция иштирокчиларига ҳавола қилишимни билишади. Шунинг учун, худо сақласин-у, Абдували қори самолётга чиққанича изсиз йўқолгани каби менга қарши ҳам бирор бир фитна уюштиришларидан хавотирдаман, – жавоб қайтардим ташвишланиб.
– Тошкентга боришда довондан ўтишда ҳам эҳтиёт бўлишингиз керак,- огоҳлантирди Салимахон.
– Шу Ирландия сафарига боришдан воз кечиб қўя қолсангиз бўлмайдими? – дея саволомуз тикилди Фарход.
– Қачонгача қўрқиб, ҳадиксираб яшаймиз? Оллоҳга таваккал. Бошга тушганни кўз кўради, дейишади-ку, – дедим, бу сўзларим билан нафақат сафдошларимга, балки ўзимга ҳам далда бермоқ илинжида.
Ўша куни Марғилоннинг машҳур «Ўрам» чойхонасида маслакдошларим билан узоқ суҳбатлашдик. Орадан бирор ҳафта ўтгандан кейин яна дийдорлашишни келишиб олгач, гўёки видолашаётган кишилардек бир-биримизга қараб, оғир “уф” тортдик-да, хайрлашдик. Инсониятда еттинчи сезги ҳам мавжуд дейишади. Бу бор гап. Ким билади дейсиз, ўша лаҳзалардаёқ бошимизга тушадиган кулфатларни ич-ичимиздан ҳис қилган бўлсак, ажаб эмас. Бу дўстларим билан кўришиш қачон насиб қилади ва мен то бу дийдорга қадар қанчадан-қанча азоблар аламини тортаману, ўлим билан неча бор юзма-юз бўламан, буни ҳали билмас, тасаввур ҳам қилолмасдим…
Тарқалишгач, уйимгача ҳамроҳлик қилган Фарҳод: – Мўътабар опа, нимагадир кўнглим ғаш. “Ўша анжуманга бормайман”, деб қўя қолинг,- деди фикримдан қайтаришга уриниб.
– Хавотир олманг, худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади. Биласизми, УВДда ишлайдиган бир амалдорга ҳукумат вакилларини чалғитиш мақсадида, гўёки анжуманда қиладиган маърузамни таржима қилиб беринг, деб топширдим. Уларга берилган вариантида Андижон фожеалари ҳақида ҳаттоки бирорта сўз ҳам йўқ, – дедим Фарҳоднинг кўнглини тинчлантириш мақсадида сиримни ошкор қилишга мажбур бўлиб.
– Улар сизни бу ҳийлангизга ишонишади, деб ўйлайсизми? У ерда илоннинг ёғини ялаган одамлар ўтиришади, ахир! – унинг овозидан хавотири ҳамон босилмаганлиги шундоққина кўриниб турарди.
– Биламан, онасининг сутини ангишвонада пишириб ичган пухта одамлар улар, аммо барибир, зора чалғиб қолишса, деган умиддаман. Уларга тақдим қилган маърузам ҳамма идораларга етказилган бўлса керак. Маъруза матнига ишонишса: “Хавфли томони йўқ, экан-ку” – деган ўйда менга тегишмайди.
– Сентябрь охирида Андижон фожеаларини содир этишда айбланган 15 нафар фуқаронинг Олий суддаги судлов жараёнлари эсингиздан чиқдими? Ўшанда қўлингизда Андижон воқеаларда ҳукумат мансабдорларининг айби борлигини исботловчи далиллар борлигини айтиб, Олий судда гувоҳ сифатида иштирок этишни талаб қилгансиз-ку?
– Ха гапирганман. Лекин Ирландияда қиладиган маърузам деб уларга тақдим қилган ҳужжатда бу ҳақда умуман оғиз очмаганман. Аксинса, гўёки Ўзбекистон ҳукумати ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотимиз фаолиятини ривожлантиришда бош-қош эканлиги, биз кўтараётган муаммоларга жиддий ёндашиб, уларнинг ижобий ҳал бўлишида давлат муҳим роль ўйнаётганлиги таъкидланган у ерда.
– Охири бахайр бўлсин-да ишқилиб, опа. Мен қайтдим бўлмаса. Эртага эрталаб ўзимиз келиб, кузатиб қўямиз. Хайр, яхши дам олинг,- хайрлашиш учун қўл чўзди у.
– Хўп Фарход, эртагача унда. Омонликда кўришайлик, хайр… – унинг меҳнатдан қаварган қўлини сиқиб қўйдим.
Фарҳодни кузатгач, сафарга ҳозирлик кўришга киришдим. Юмушлар, ташвишларнинг кўплигидан, охирги пайтларда ўзимнинг аёл эканлигимни ҳам унутиб қўяёзгандим. Ўзимни аёл эмас, энг аввало, ҳуқуқ ҳимоячиси деб билардим.
Шунинг учун хориж сафарига кетаётган мендек аёл ўзимга қараш, оро-таро беришга эмас, Халқаро анжуманда тақдим этишим керак бўлган ҳужжатларни яна бир бор кўздан кечиришга тушдим. Бунга ҳам анчагина вақт сарфладим, ҳужжатлардан кўнглим тўлгач, жомадонга жойладим. Шундан сўнггина, аёл сифатида тараддуд кўриш юракка сиғди. Кўзгуга ўзимни солиб кўрсам, б-и-ир ўзимга қараб олмасмам бўлмас экан.. Шундай сафар олдидан ўзимга оро бермасам, қачон бераман? Хорижга отланаяпман, ахир!
Шундай сафар олдида турган одам бир галгина бўлса ҳам замонавий қиёфага киришни истамайди, дейсизми? Албатта истайди-да. Мана, кейинги пайтда ўзини сағал эплайдиган аёллар орасида қўнғир соч деганлари урф бўлган. Мен ҳам анчадан бўён сочимни қўнғир тусга киритишга орзуманд бўлиб юрган эдим.
Бунинг учун махсус тайёргарлик ҳам кўриб кўйганман ҳатто: шу рангдаги соч буёғини ҳам келтирилганди дўкондан. Энди фақат ана шу орзуни амалга ошириш илинжида уриниш қолган эди, холос… Қўлимга махсус қўлқопчаларни кийдиму, сочимни бўяй бошладим. Ҳали ишимни тугатиб улгурмай, телефон жиринглаб қолди.
Очиғи, телефонимнинг ярим тунлари ҳам “жиринг-жиринг” қилишларига кўникиб қолганман. Шунинг учун телефоннинг чорлову мени у қадар таажжубга солмаган бўлса-да, “ким бўлиши мумкин?” деган қизиқиш билан гўшакни кўтардим:
– Эшитаман.
– Ассалому алайкум опа, яхшимисиз? – гўшакдан Фарғона вилоятининг маъмурий органларидан бирида яхшигина лавозимни эгаллаган танишимнинг ширакайф овози эшитилди. Рамазон ойида ўзини ҳурмат қиладиган одам спиртли ичимликни оғзига олмаслигини биламан. Аммо унинг шундай дамда мастлигидан ҳайрон булдим. “Тинчликмикин ишқилиб?” деган хавотирли ўй ўрмалади кўнглимдан.
– Яхшимисиз, Қудратжон? Нима гап? Овозингиз ғалати… – дедим, “ичиб олганмисиз нима бало?” дейишга тилим бормади.
– Эҳ, опа, мен бугун жудаям сиқилганман. Шунинг учун Рамазонлигига қарамасдан ичдим. Бу ҳаёт шунчалар жирканч нарса экан-ки, ундан нафратланиб кетдим. Менга жуда алам қиляпти, шунинг учунам ароқ ичишга мажбур бўлдим-да… – ҳасрат қилди у.
– Нима бўлди ўзи, очиқроқ гапирсангиз-чи? – сўрадим бетоқат бўлиб.
– Опа, сизни Ирландияга жўнатмаслик учун қўлларидан келадиган барча ҳаракатларни қилишмоқчи… Мен бугун бу ҳақда тасодифан эшитиб қолдим. Бироқ бу гапни сиз эшитмадингиз, мен айтмадим, хўпми, опажон? Агар билиб қолишгудек бўлса, бола-чақам билан йўқ қилиб юборишади, биласиз-ку…
– Хавотирланманг, сизга панд бериб қўймайман. Биласиз-ку мени, шунинг учун очиқроқ гапираверинг,- дедим суҳбатдошимни тинчлантириш истагида. Нималарни режалаштиришмоқда менга қарши? Айтинг?
– Опа, сиз зудлик билан бир йўлини қилиб вилоятдан чиқиб кетишингиз керак. Аммо йўлга чиққанингизни ҳеч ким билмасин, агар хабар топишса, автоҳалокат ҳам уюштиришлари мумкин. Шунинг учун довонда ҳам эҳтиёт бўлинг. Ҳатто машинада бирга кетаётган одамлар ҳам сизни Мўътабар Тожибоева эканлигингизни билмасин, танимасин. Тошкентга эсон-омон етиб олсангиз, у ёғига худо подшо. Янаям ким билади дейсиз… Ўзингизни эҳтиёт қилинг, – мен бу сўзлар соҳибини яхши танирдим.
Оғир-босиқ, ҳар бир сўзини ўйлаб гапирадиган мулоҳазали киши эди. Ана шундай одамнинг овозидаги хавотирдан вазият ниҳоятда кескин эканлигини тушуниб етдим. Мен то фикрларимни жамлаб улгурмасимдан, – Оллоҳ насиб қилса, кўришармиз. Дийдор қиёматга қолмасин илоҳим, – деб хайрлашди-да гўшакни қўйди. Суҳбатдошимнинг ҳайриҳоҳ овози ўрнини “ду-ду-ду-ду”лаган юракларни уюштирувчи совуқ оҳанг эгаллади.
Бу дамда қўнғироқ эгасининг овозидаги хавотир менинг қўнглимга кўчиб бўлган эди.
“Наҳотки халқаро анжуманга бора олмасам?” – деган ҳадикда телефон гўшагини жойига қўймасдан туриб ўша заҳотиёқ Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти рахбари Толиб Ёқубовга – Тошкентга сим қоқдим.
Ирландияда бўлиб ўтадиган Халқаро Фронт Лайн ташкилотининг Дублин конференциясига Ўзбекистондан икки нафар ҳуқуқ ҳимоячилари таклиф этилганди. Ана шу иккитанинг бири мен бўлсам, иккинчиси ҳозир кўнғироқ қилаётганим Толиб Ёқубов эди…
– Ассалому алайкум, Толиб ака, яхшимисиз?
– Раҳмат Мўътабар, ўзингиз-чи? – Толиб ака овозимдаги хавотирни сезди шекилли, сўради, – Тинчмисиз?
– Раҳмат, яхшиман, аммо тинчликмас-да. Шунинг учун безовта қилаётгандим.
Биласизми, ҳозиргина бир танишим қўнғироқ қилиб мени Ирландия сафаридан олиб қолиш учун барча ҳаракатлар бошлаб юборилганлигини айтди. Оқибати ёмон бўлишини истамасам, зудлик билан уйдангина эмас, Фарғонадан чиқиб кетишим шартлигини тайинлади. – дедим шоша-пиша.
– Бундай хабарни етказган шахс ишончлими ўзи? – хавотиримнинг нечоғлик асосли эканлигига аниқлик киритишга уринди Толиб ака.
– Ҳа, ишончли… Ишончлику-я…
– Я деганингиз нимаси яна?- бетоқат бўлди гўшак ортидан Толиб ака.
– Бироқ бир лекини бор-да. Биласизми, менинг уйимгина эмас, ҳатто телефон қўнғироқларим ҳам доимий кузатувда. Буни ҳуқуқ идорасида ишлайдиган давлат одами яхши билиши керак. Аммо шунга қарамасдан танишимнинг иккиланмасдан менга сим қоқиши кўнглимда шубҳам ҳам уйғотмоқда.
– Қандай қарорга келдингиз?
– Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳозироқ йўлга чиқмасам бўлмайди. Эҳтимол ярим тунда етиб борарман. Агар йўлда бирор кор-ҳол содир бўлмаса, эсон-омон Тошкентга етиб олсам, Сизникида тунасам, бўладими? – сўрадим ҳижолат бўлиб.
– Албатта, бемалол ўз уйингиздек келаверинг, сўрашингиз нимаси?
– Ярим тунда безовта қиларканман-да..
-Ҳечқиси йўқ. Ҳижолат бўлманг. Тезда йўлга чиқа қолинг бўлмаса. Аммо жуда эҳтиёт бўлинг-а? – тайинлади Толиб ака.
– Хўп, раҳмат. Тахминан бир соатларда йўлга чиқаман, насиб этса…
Толиб ака билан суҳбатни тугатгач, яна шошилиб навбатдаги рақамларни тера бошладим:
– Ало, ким бу? – телефон гўшагидан Тошкентда истиқомат қилувчи, Нобел комитети қошида ташкил этилган “Тинчлик учун 1000 аёл” Ҳалқаро ташкилотининг собиқ совет иттифоқи мамлакатлари бўйича куратори Марина Пикулинанинг овози эшитилди.
– Марина салом. Бу мен Мўътабарман. Яхшимисиз?
– Ҳа, раҳмат. Ўзингиз-чи? Қачон йўлга чиқадиган бўлдингиз?
– Ҳозиргина ваҳимали бир хабар олдим. Халқаро анжуманда иштирок этмаслигим, Ирландияга боролмаслигим учун барча чораларни кўришаётган эмиш…
– Вой худо, энди нима қиласиз?
– Нима қилардим. Ўша эски усулимни қўллаб, кампирча кийиниб, қочиб қолмасам бўлмайди энди. Бошқа чораси йўқ. Тинчлик-хотиржамликда Тошкентга етиб олганимдан кейин ўзим қўнғироқ қиламан сизга. Насиб этса, эртага кўришармиз.
– Агар бугун йўлга чиқсангиз, бизникига кела қолинг. Барибир ярим тунгача компьютердан бошимни кўтармайман. Ухламай ўтираман, бизникига кела қолинг, хўпми?
– Қандай бўларкин… Толиб Ёқубовга сизларникига бораман, деб қўйгандим. У ҳолда йўлга чиққач у кишига қўнғироқ қилиб кутмасликларини айтиб қўйишим керак…
– Яхши, шундай қилинг. Кейин мобил телефонингиз доим ёниқ бўлсин. Қўнғироқлашиб турамиз. Ўзингизга эҳтиёт бўлинг. Тўғри келган машинага эмас, ўзингиз танийдиган, ишончли одамнинг машинасига ўтиринг. Иложи бўлса, яқинларингиздан бирортаси олиб келиб қўйса, янаям яхши бўларди…
– Мен ҳам шу ҳақда ўйлаб тургандим. Ҳозир ўзимизникиларга қўнғироқ қиламан. Раҳмат маслаҳатингиз учун.
Шоша-пиша сафарга чиқиш учун ҳозирлик кўра бошладим. Аввало телефонда ташкилотимиз фаоллари билан боғландим. Ҳайдовчимиз Маъмуржонга катта трасса йўл бўйида жойлашган касалхона ёнига зудлик билан етиб келишини тайинладим.
Шу касалхона яқинида истиқомат қиладиган Салимахон билан ҳам боғланиб уйининг эшигини очиб туришни ҳам тайинлашни унутганим йўқ. Чунки ҳозирги шароитда ўз уйимдан юкларимни кўтариб бемалол чиқиб кетишнинг умуман иложи йўқлигини биламан. Шу сабабли ҳозироқ сафарга керакли юкларимни куёвим Муроджон уларникига олиб бориб қўймоғи керак. Айнан шу борада Салимахон билан келишиб олгач, унинг адаши журналист Салима опага сим қоқдим ва унга Тошкентга кетиш учун шай бўлиб туриши шартлигини уқтирдим.
Яқингинада турмушга чиққан қизим Маҳлиё ҳам ўзим яшайдиган шу уйнинг 3- қаватида яшарди. Куёвим Муроджон билан Маҳлиёни ҳам тезда чақиртирдим. Бир зумда кириб келган қизимга тезлик билан йўлга тушишим кераклигини айтарканман, вазиятни нақадар хавфли эканлиги ҳақида хабар олганимни унга айтгим келмади. Чунки айнан шу бугун Маҳлиё бугун тест синовидан ўтганлигини ва хомиладорлигини билганлигини айтганди.
Унинг бугунги қувончли кунида хавотирга солгим келмади. Фақат “Куёв қани, сен билан чиқмадими? Бор, унга айт, тезроқ тушиб, сафар сумкаларимни Салимахонларникига элтиб кўйсин” – дея шошилтирарканман: “Қайтаётганингда йўл-йўлакай қўшниларимиз – Мунаввархон билан Наргизани ҳам чақириб чиққин!” дея тайинладим бетоқат бўлиб.
– Ҳа, қўшнилар кўчада ўтиришган экан, – деди қизим дераза ойнасидан ташқарини кузатаркан.
– Унда тезда чақир, аямни жуда ҳам зарур гаплари бор экан, дегин.
Шамолдай шошиб ташқарига чиққан қизим, ҳаял ўтмай уйга қайтди.
– Ая, Мурод акам ҳозир чиқарканлар, қўшниларга ҳам тайинладим, ҳозир келишаркан…,- деди-да телефон турган хона томонга ўгирилди, – жиринглаяпти-ку, олмайсизми?
– Гўшакни сен кўтара қол. Мен нарсаларни жойлай, -деб ишга тутиндим.
-Ая, «Опамни пулларини олиб кетяпмиз ҳозир» деб, Ҳусан ака телефон қилди. «Аям кетяптилар» десам, «Бироз кутиб турсинлар, ҳозир етиб борамиз» деди.
– Кетаётганимни бекор айтибсан-да. Бошқа куни келинглар, бугун ишлари кўп, вақтлари йўқ, демабсан. ”Уйда йўқ эдилар, иш билан қаергадир кетгандилар”, десанг бўларди,- дедим афсус билан бош чайқаб.
* * *
Fikr bildirish