Қийноқлар ороли асираси ( 4 )

5176

Айнан ўша куни бўлиб ўтган мана шу воқеаларни негадир кейинчалик тез-тез эслайдиган бўлиб қолдим. Гоҳо ўйлаб қоламан: Агар Ҳусан қўнғироқ қилган чоғда қизим «Аям уйда йўқ, бугун келиб овора бўлманглар” деганида нима бўлар эди? Мени ҳибсга олишолмаган бўлармиди… Биргина муштипар бошим шунча аёвсиз азоб-уқубатларни кўрмасмиди… Хўп, омад кулиб уларнинг тузоғидан қутилиб кетганимда-чи, кейин, кейин нима бўларди?

Мени тўхтатиш ва аҳдимдан қайтариш илинжида оғироёқ қизим билан куёвимни қийнашмасмиди, ҳибсга олишмасмиди? Мен дилбандимга қўлланилган қийноқларга дош бера олармидим? Фарзандим орқали қилинган таҳдидларни кўтаришга-чи? Қурбим етармиди? Ана шулар ҳақида ўйларканман, яхшиямки, ўша кун мен қочмадим, қочолмадим дея оллоҳга қайта қайта шукроналар айтардим. Ҳа, ҳа, минг шукурки, мени, ўша куни айнан мени ҳибсга олишди…

Йўқса… Мени эмас, зурриёдимни зиндонбанд этсалар, минг бир қийноқларга гирифтор қилиб, қилмаган жиноятларни тан олишга мажбур қилсалар нима қилган, қай аҳволга тушган бўлардим? Қизгинамни ҳақсизлик ботқоғидан қутқариш учун ҳамма нарсага тайёр бўлмасмидим? Мени жиноятчи дейишларига ҳам кўнмасмидим? Сўзсиз шундай бўларди. Бир сўз билан айтганда нафақат ўзимни, балки бошқаларни ҳам ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлардим…

* * *

Қўшниларим Мунаввархон ва Наргиза кириб келишганларида мен нарсаларимни жомадонга жойлаб бўлгандим.

– Ҳа, Мўътабар опа, йўл бўлсин. Қаёққа кетяпсиз?- гап қотди Мунаввархон.

– Тезда Тошкентга кетишим керак бўлиб қолди, – дея жавоб қайтардим улар билан кўришарканман, жилмайишга уриниб.

– Йўлга эртага чиқмоқчийдингиз-ку? – ажабланди Наргиза.

– Тўғри, аммо ҳозир бир ташвишли хабар олдим. Бир танишим қўнғироқ қилиб, мени Ирландияга боришдан тўхтатиб қолиш учун турли ҳаракатлар бошланганлигини хавотир билан маълум қилди. Зудлик билан чиқиб кетинг, деб огоҳлантирди ҳам. Айтганидек қилмасам бўлмайди назаримда. Шунга ҳаракатимни қилиб ётибман-да..

– Сиз ҳозироқ чиқиб кетасизу, уйингиз атрофини қўриқлаётганлар қўғирчоқ ўйна -а-а-б ўтиришади, деб ўйлайсизми? – деди Мунаввархон нигоҳлари билан дераза оша кўчага имо қиларкан.

– Сизни, уйингизни пойлайдиган қўриқчилару машиналар сони бугун негадир ҳар доимгидан кўпайиб қолибди, десам, гап ҳали бу ёқда денг? – қошларини чимирди Наргиза, – Хўжайним ҳам эътибор берган экан бугун. “Булар негадир уяси бузилган аридек нотинч бўлиб қолишибди, тинчлик бўлсин-да ишқилиб” деганди-я!

– Бу қўриқчиларни Матлубани қочирган пайтимиздагидек лаққиллатамиз. Ёрдамларингиз керак. Шунга чақиртиргандим сизларни Наргизахон, Мунаввархон, – вақт тиғизлиги боис муддаога кўчдим, – Бизга бувиларимиз бошига ташлайдиган иккита катта рўмол керак бўлади. Сизлар шу рўмолларни ўраб олиб, гуё мени қидириб, қаердандир келаётган жабрдийда аёллардек уйимга кирасизлар. Бир оздан кейин хайрлашамиз, меҳмонлар қайтиб кетишади.

Икки аёл ортига қайтишади. Аммо уларнинг бири мен бўламан. Ўрин алмашамиз. Мен чиқиб кетаман, сиз эса Наргизахон икки соатлар мусиқани баланд қўйиб, чироқларни ёқиб ўтирасиз, шунда ана у соқчилар “Мўътабар опа уйида ўтирибди” деб ўйлаб, чалғиб қолишади.

– Мен Матлуба опани қочирган пайтларингда уйда эмасдим. Нима бўлганди ўзи ўшанда? – қизиқсиниб сўради Наргиза.

– Олий суд жараёнида Руспублика бош прокурорининг ўринбосари яқингинада чет эл сафаридан келган Матлуба билан мени Андижон фожиаларига алоқадорликда айблади. Устига устак Республика прокуратурасидан келган терговчилар куну-тун сўроқ қилиб, эзворишди Матлуба бечорани. Аслида у чет элда юрганида ватанга қайтишни унга мен маслаҳат берганман. Худо кўрсатмасин, уни айбсиз айбдор қилишса, ўзимни ҳеч қачон кечира олмасдим. У қайтиб келганидан кейин ҳаётимиз хавф остида қолганини тушуниб етгандик.

Мен-ку яқинларимни, ташкилотимиз фаолларининг ҳаётини хавф остига қўйиб, ўз тинчимни ўйлаб хавфсиз жойга кетолмасдим. Лекин Матлуба бу борада кўмакка муҳтож эди. Шунинг учун пойлоқчиларни чалғитиш учун Матлубани уйда қолдирдим-да, ўзим машинага ўтириб, кузатувчиларни ортимдан обкетдим. Соқчилар кетганига ишонч ҳосил қилган Матлуба кекса кампирларнинг кийимини кийиб, рўмолини ўраб кўча чироқларининг ўчишини кутиб ўтирган. Кўча чироқларини қўшнилар ўчиришгач, кампир қиёфасидаги Матлуба қоронғуликда уйдан чикиб кетган.

Нариги кўча бошида кутиб турган машинада ўзимизникилар уни Қирғизистон чегарасига олиб боришганди ўшанда. Бу пайтда биз қўриқчиларни чалғитиб, “дум”сиз у ерга аллақачон етиб олгандик. Йигитларимиз биздан олдин бу ерга етиб келиб Матлубани чегарадан ўтказиб қўйишга ёрдам бера оладиган одамни топиб, гапни пишитиб ҳам бўлган эканлар, ўша одам билан яна бир бора маслахатлашиб, бугун Матлубани, эртаси куни эса унинг вояга етмаган фарзандларини ҳам Қирғизистонга ўтказишни келишиб бўлгандикки, Матлубанинг ўзи ҳам етиб келди. Жон жигарлардек йиғлаб, кўзда ёш билан хайрлашганимиз ҳамон эсимда. Кейинчалик болаларини ҳам худди ана шу йўл билан чегарадан ўтказиб берган эдик.

Матлубани кузатиб, уйга қайтарканман бизни йўқотиб, еру кўкни остин-устун қилаётган қўриқчиларнинг сўроқ-саволи ҳақида ўйлардим. Қаерга бориб-келганимга қизиқишади ва бу ҳақда албатта ўзимдан сўраб билишга уринишади. Ҳа, ҳали сизми, шошмай туринг пойлоқчилар, бир боплайки сизни, дедим-да, – ҳайдовчига йўлдаги дўконлардан бирига тўхтаб, икки шиша пиво сотиб олишини сўрадим.

Менинг ғалати талабимдан ажабланган ҳайдовчи саволомуз тикилди. Сиз айтганимдек қилаверинг, гап бор, кейин билиб оласиз, дедим унга шивирлаб. “Хўп, ҳозир” – дея машинадан тушиб дўкон томон кетган ҳайдовчи ҳаял ўтмай қайтиб, машинага ўтирди. Унинг қўлидаги шиша идишларини оларканман, бирини очдим-да, ярмидан кўпроғини ерга сепдим. Бу нарса эшигим тагидаги айғоқчиларнинг мени отиб олган деб ўйлашлари учун ҳам жуда керак эди…

Кутганимдек бўлиб чиқди. Мен ўтирган машина уйим ёнига келиб тўхташи биланоқ бир нотаниш йигит югуриб келди-да:

– Келдингизми опа, бошимга бир оғир иш тушиб қолганди, кўпчилик Мўътабар опа билан маслаҳатлашинг, дегани учун кеч бўлса ҳам сизни йўқлаб келгандим. Келсам, уйингизда йўқсиз, опажон. Узоқ кутишимга тўғри келди. Хайрият-э, келдингиз… – деди лаби-лабига тегмай. Кейин мендан гап олиш учун муддаога кўчди, – Жуда узоқ қолиб кетдингиз. Бирор муаммо бормиди, опа?

– Муаммоми? Қанақа муаммо, ука, – маст одамдек кўзларимни хиёл юмдим-да, жилмайиб йигитга юзландим, – Фарғонадаги «Парвина» ресторанига бориб б-и-и-р мазза қилиб, буюртма кабоб еб келяпман. Янги пиво келган экан роса-а-а ҳузур қилдик-да ўзиям. Ичасизми? – дея қўлимдаги шишаларни унга узатдим. У очиқ шишани қўлимдан оларкан, пивони тотиб кўрди. Шишанинг ичидаги яримлаб қолган суюқлик ҳақиқий пиво эканлигига ишонч ҳосил қилди чамаси: “Опажон, жуда чарчаган кўринасиз. Ҳозир ҳордиқ чиқаринг, Аммо эртага ҳузурингизга маслаҳатлашгани келсам бўладими? – деганча жавобимни ҳам кутмасдан яна қоронғулик қаърига ғойиб бўлган эди йигит. Ҳа-а-а, худди шундай бўлган, оддийгина усул билан чув туширгандик уларни.

Қўшниларимга Матлубани чегарадан ўтказиб қўйиш билан боғлиқ воқеаларни гоҳ кулиб, гоҳ ташвишланиб сўзлаб берарканман, ўша кун, ўша тун кўз олдимда қайта жонланди гўё.

– Роса усталик килган экансизлар-да ўзиям, қойил! -деди Наргиза ҳайратланганини яширмасдан.

– Ўшанда Матлуба опани охирги марта сизнинг уйингизга келгандан кейин йўқотиб қўйишган. Эсимда, фуқаро кийимидаги кишилар унинг суратини қўни-қўшниларга кўрсатиб “Мана бу аёлни шу ерга келганида қўрганмисиз? Қачон кўргансиз? Кўрганлар бўлса, айтсин!” деб узоқ суриштиришган эди ўшанда, – деди Мунаввархон кулиб.

– Мўътабар опа, нарсаларингизни олиб чиқиб кетаётганимизда сезиб қолишмасмикин? – сўради Наргиза.

– Сездирмасликнинг ҳаракатини қилишимиз керак. Ҳозир бирингиз ўша эски усулимизга асосан кўчанинг чироқларини ўчиринг. Ана шундан кейингина Муроджон қоронғуликдан фойдалиб жомадон ва мана бу юкларни олиб чиқиб кетади-да, Салимахонларникига элтади, – дедим қисқача режани баён қилиб.

– Қани, кексаларга хос қанақа кийимларингиз бор? Рўмолингиз борми? Калиш-махси-чи? – сўради Наргиза.

– Иккита плаш топдим. Лекин битта рўмол тополдим холос. Ҳозир шуларни олинг-да, чиқиб, яна битта рўмол топинг, – дедим уларни қўшниларимнинг қўлига тутқазарканман.

– Рўмолларим сандиқда эди. Очиб, қидириб топиб олиш учун анча вақт кетади, -деди Мунаввархон.

– Унда Мавлуда опадан рўмолини сўраб турамиз, – қўшимча қилди Наргиза..

– Яхши, унда вақт кетмасин, – дедим қўшниларимни кузатарканман, – Муроджон пастга тушганидан кейин сизларга қўнғироқ қилиб: “Сўраган кассетангизни топиб қўйдим, олиб кетишингиз мумкин”, – дейман. Ана шундай кейин кўча чироғини ўчирасизлар, келишдикми?

– Келишдик.

– Мўътабар опа, сизга нима зарур-а шулар билан олишиб? Ўзи сизни ҳаётингизни детектив китоб қилиб ёзиш керак., – шундай дея эшикни очган Наргиза билан Мунаввархон остонада турган Ҳусан ва Отабекка тўқнаш келдилар.

Ҳусан деганлари асли Фарғонанинг Тошлоғидан. Марғилонда ичкуёв, хотинининг уйида истиқомат қилади. Отабек эса Андижон вилоятининг Улуғнор туманидан. Бу икковлон балиқчилик хўжалигига алоқадор машмашалар туфайли бошига кулфат тушиб, бир ярим йил олдин мендан кўмак сўраб келишганди. Қўлимдан келган ёрдамни аямаганман. Кейин билсам, Ҳусан қаллоблик билан кун кўраркан. Уни маҳаллий ҳуқуқ идораси вакиллари билан тил бириктириб, турли амалдорларни чув туширадиган қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, товламачилик қилишидан хабар топдим.

Шундай кейин унга: “Бундай қилмишларинг жиноят. Агар бунингдек кирдикорларингни тўхтатмасанг йўлларимиз айро тушиши тайин”- дея кўп таъкидладим. Бироқ Ҳусан ўз билганидан қолмади, қинғир ишларидан қайтмади. Натижада, унга ғайриқонуний ҳаракат қилаётганлар ташкилотимиз билан алоқа қилишга ҳақсиз эканлиги тушунтириб, ҳайдаб солишга мажбур бўлдик…

Бу орада Ҳусан Андижон вилояти Улуғнор туман прокуратурасидаги муттаҳамлар билан ош-қатиқ бўлиб, балиқчилик хўжалигининг раҳбарлари устидан жиноий иш қўзғатишга ҳам эришди. Буни мендан ёрдам сўраб келган Балиқчилик хўжалиги бошлиғи Аҳмадулло Абдуллаев ва бош ҳисобчи Ҳафизиддин Қорабоевлардан эшитгач, уларнинг ҳуқуқларини терговда ҳимоя қилишга рухсат беришларини сўраб, Улуғнор туман прокуратурасига телеграмма юбордим. Бироқ мени тергов ҳаракатларига умуман яқинлаштиришмади.

Бундан қутуриб кетган Ҳусан прокуратура терговчиси Умаров Хабибулло билан биргалашиб, хўжаликнинг бош ҳисобчиси Қорабоев Ҳафзиддинни ваҳшийларча калтаклашган ва Хусандан 6.5 миллион сўм қарздорликлари ва ушбу қарзни қайтариш ҳақидаги қалбаки баённомага имзо чектириб олганлар ҳам.

Қўлланилган қийноқлар оқибатида у шифохонанинг жонлантириш бўлимига келтирилган. Ана шундан кейин ҳуқуқий кўмак истаб келган Ҳафзиддиннинг хотини ва укаси қўлларидаги мавжуд ҳужжатларни – Хафизиддинни касалхонага тушганлиги ҳақидаги медицина қоғозларидан тортиб Улуғнор туман прокуратураси терговчиси Хабибулло Умаров ташаббуси билан расмийлаштирилган қарздорлик ҳақидаги баённомагача қўлимга тутқазишди.

Мазкур ҳужжатлардан маълум бўлишича, Қорабоев Ҳусан Рўзматовдан 6.5 миллион сўм қарздорлиги ва унга ўша қарзларини тўлашга ваъда бериш ҳақидаги прокуратура терговчиси томонидан баённома расмийлаштирилган ҳамда Ҳафзиддиндан ана шу баённомага имзо чекишни талаб қилганлар.

Бундай бўлмағур баённомага қўл қўйишдан бош тортган Қорабоевга ваҳшиёна қийноқлар қўллашган, ўласи қилиб калтаклашган ва ниятларига етганлар, яъни ушбу баённомага имзо чектириб олишга эришганлар. Шунда мен дарҳол Қорабоевлар оиласи номидан Президент номига телеграмма ёздим. Унинг нусхаси барча ҳукумат идоралари ва ҳукумат миқёсидаги маъмурий органларга юборилди.

Чидаб бўлмас ҳақсизликларга жим қараб тура олмасдим. Шунинг учун Балиқчилик хўжалигига қарши қўзғатилган жиноят ишини кўраётган Жиноят ишлари бўйича Улуғнор туман судига Ҳусан Рўзматовларнинг сохта ҳужжатлари асосида жиноят иши қўзғатилганлиги ва Ҳафизиддин Қорабоевни калтаклаб, мажбурлаш натижасида қонунга зид равишда тузилган қарзни қайтариш ҳақидаги баённомага имзо чектириб олганликларини, шунингдек, бир қатор қонун бузилиш ҳолатларини баён қилиб, телеграмма жўнатарканман, мени гувоҳ сифатида сўроқ қилишларини талаб қилдим суддан. Тўғри, мени судга гувоҳ сифатида чақиришмади, аммо мен келтирган важларни синчиклаб ўрганиб чиққан суд жиноят ишини қайта терговга юборди…

…Ҳали Ҳусаннинг кирдикорлари фош бўлмасидан олдин, яъни унинг жабрдийдалигига ишониб юрган пайтларимда менинг ҳуқуқий кўмагимда ижара кўлини қайтариб олган Отабек бир кун ошнаси Ҳусан билан ҳузуримга келишди. Шунда Отабек менга: “Ниятлар катта, опа, аммо, ўзингиздан қолар гап йўқ, бўлиб ўтган можоролар сабаб кўл калта бўлиб қолди. Балиқчилигимни ривожлантиришга маблағ зарур, ҳомий кўмагига муҳтожман. Қўллаб юборсангиз, фойда кўргач, маблағингизни, албатта, ортиғи билан қайтараман.

Ёлғиз умидим сиздан” – деганди ялиниб… Қаршилик қилмадим. Чунки балиқчилик хўжалигини ташкил қилиш ҳақидаги бир пайтлардаги орзуларим армон бўлиб қолганди. Ана шунинг учун ҳам Отабекка моддий кўмак бергандим. Оқибати ёмон бўлмади. Отабекнинг балиқчилик хўжалигидан ижарага олган кўлида етиштирилган балиқлар белгиланганидан кўра кўплиги ва балиқларнинг катта-катталигини кўриб, унинг ютуқлари махсус кўрсатувларга мавзу бўлди, Андижон телевидениесида махсус кўрсатув намойиш қилинди. Лекин балиқлардан тушган даромад ҳисобидан ҳомийлик учун сарфлаган маблағимни қайтариш масаласига келганда, Отабек оқсаб қолди. Ўзини мендан олиб қочадиган одат чиқарди.

Шундай кунларнинг бирида унинг онаси Малика опа уйимга келиб: «Кўлда пайдо бўлган ўра балиқларимизни оқизиб кетибди, Мўътабархон, фойда кўролмадик, турган битгани кони зарар бўлди, сиз берган пулларни бу йил қайтариб беролмаймиз. Қачон қўлимизга пул тушганда берамиз энди» – дея зорланди. Малика опанинг ёлғон гапираётганлигини ҳис қилиб турардим.

Алданганлигинлигини билган одам нима қилиши мумкин билмадиму, бироқ мен Отабекнинг боқилган балиқларини мўмайгина пуллаб, яхшигина даромад олганлиги ҳақида маълумотга эга эканлигим боисдан шу маълумотларни исботловчи ҳужжатларни тўпладим. Мен ана шу ҳужжатлар асосида балиқчилик хўжалигининг ривожига тиккан пулимни, сарфлаган харажатларимни ундириш учун фуқаролик судига мурожаат этишим ҳам мумкин эди… Бироқ, “бўзчи белбоққа ёлчимас” деганларидек, ҳомийлик ёрдами сифатида сарфлаган маблағларимни ундириб беришларини сўраб, судга мурожаат қилиш учун ўзгаларнинг ташвишидан ортиб, вақт тополмас, ҳатто ўзим учун вақт ажратишга кўзим қиймасди…

… Ирландияга хизмат сафарига боришим маълум бўлган кезларда Ҳусан яна бизнинг ташкилотимиз атрофида ўралашиб қолди. У ташкилотимиз фаолларини ва қизимни ўртага қўйиб, беш дақиқагагина қабул қилишимни ялиниб ўтиниб сўрарди. Шунда ҳам ман уни хонадонимга киритишга кўнмаган эдим. Кейин у остонамга: “Сизга қарши фитналар уюштирилаяпти, бу ўйинларнинг ортида сизнинг моддий кўмагингизда балиқчилик хўжалигидаги бизнесини оёққа қўйиб, катта даромад олаётган Отабек турибди” – деган мазмундаги маълум қилувчи мактублар ташлаб кетадиган одат чиқарди. Бу хатларда аниқ факт ва далиллар баён қилинардики: “Нимага Мўътабархон тушунмайдилар, мен унга ачинганимдан, азбаройи кўмаклашиш мақсадида учрашмоқчиман, холос. Мақсадим, уни фитналардан огоҳлантириш, холос.

Тўғри, охирги дамда менга қарши турган бўлсалар-да, бир пайтлар менга ёрдам қўлини чўзганлар. Бугун мен хатоимни тушуниб етганман. Қилган қилмишларимдан пушаймонман, 5 дақиқагина қабул қилсинлар,” – дея ҳол-жонимга қўймасди. Охирги сафар Ҳусаннинг синфдоши, ташкилотимизнинг кўмаги туфайли ҳуқуқлари тикланган Абдуғоффорни ҳам ўртага қўйиб тавба-тазарру қилаверганидан кейин Ҳусан билан учрашув белгиладим.

– Отабек пулингизни қайтармаслик мақсадида сизнинг устингиздан турли бўҳтонлар ёзиб, тегишли идораларга арзбозлик қилиб юрибди. Устингиздан жиноят иши қўзғатишга тайёргарлик кўриб юришибди, – деди Ҳусан ўзини менга меҳрибон қилиб кўрсатишга мақсадида.

– Отабекка айтинг, истаган жойига мурожаат қилиши мумкин. Қўрқмайман. Қўлимда етарли ҳужжатларим бор. Менинг пулим эвазига сотиб олинган, боқилган балиқларини қаерда сотиб, қанчага пуллаганини ҳам биламан, ҳатто. Яхшиликка ёмонлик экан-да. Хизматга туҳмат қилиб, ғалаба қозонаман деб ўйласа, ҳомтама бўлади. Ундан кўра етказиб қўйинг, эсини йиғиштириб олсин, – дедим дона-дона қилиб.

Шу қисқа суҳбатимиздан кейин шошилинч чиқиб кетган Ҳусан орадан икки кун ўтгач қайтиб келди: “Опа, Отабекнинг виждони қийналибди, ўша кўмак учун берган пулларингизни қайтарармиш” деган хабар келтирди. Бу гапни эшитиб “Инсоф бергани чин бўлсин” дея қувонгандим… Ҳатто улар кўп куттиришмай, 6 октябрь куни: “Сарфлаган сармоянгизнинг маълум қисми – “хамир учидан патир” – дея 350 минг сўм ҳам келтириб беришга улгуришганди…

Бироқ мен энг муҳим нарсани – Андижон фожеаларидан кейин фуқаролик жамияти фаолларини турли туҳматлар билан ҳибсга олиш жараёнларида маъмурий органларга хизмат қилувчи “қулоқ”лар кўмак беришаётганлигини унутиб, хушёрликни қўлдан бой берган эканман ўшанда… Бугун уйга бирин – кетин кириб келган Ҳусан билан Отабек худди ана шу кўмак сифатида берган пулларимнинг яна бир қисмини олиб келишган эди…

– Ассалому алайкум опа, кеча келишганимиз 250 минг сўмни ҳам олиб келдик, мана, – дея Отабек кулимсираганча қўлимга бир даста пул тутқазди. Улар билан у ёқ, бу ёқдан бир оз гаплашган бўлдик.

– Жуда шошиб тургандим. Жуда вақтида келдингизлар. Саҳал кеч қолганингизда мени уйдан тополмас эдингиз. Зудлик билан бир жойга бориб келмасам, бўлмайди, узр-а? -дедим меҳмонларимни кузатиб қўйишга ошиқиб, – Ҳозир мен ҳам сизлар билан чиқаман, ярим йўлгача,- дея қўшиб қўйдим.

– Биз пиёда келгандик, – деди Ҳусан.

– Ҳечқиси йўқ. Яёв бўлсангиз ҳам майли, бирга-бирга пиёда кетаверамиз,- дедим улар билан тезроқ хайрлашиб, йўлга чиқиб кетиш мақсадида.

– Сен ташқарига чиқиб тур, Отабек, мен ҳозир…, – деди Ҳусан шеригига қараб. Бу гап уларнинг олдиндан келишиб олган “пароли” эканлигини кейин билдим…

Отабек “хўп” дегандек бошини ирғаганча ташқарига чиқди. Бироқ икки дақиқа ҳам ўтмасдан эшик таққиллади. Отабек қайтиб келди шекилли деган хаёлда эшикни очсам, подъездимиз видеокамера кўтарган йигитларга, турфа одамларга лиқ тўла. Аксарияти зирҳли кийим кийган, ниқобли қуролланган кимсалар… Йигитлардан бири менга хизмат гувоҳномасини кўрсатаркан:

-Мен, Фарғона вилоят прокуратураси Иқтисодий жиноятчилик ва Коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Бахтиёр Маматовман,- деб ўзини таништирди-да, -СИЗ ҲИБСГА ОЛИНДИНГИЗ! – деди амирона овозда…

Шундагина мен ўзимнинг кўмак сифатида берган пулларим, дориланган ҳолда қайтарилганлигини англаб кетдим… Не ажабки, ўз пулларимни ўзларининг таклифи билан келтирган кимсаларнинг уюштирилган фитнасига кўра жиноятчига чиқарилдим…

Бир пайтлар ташландиқ чўлда Балиқчилик хўжалиги ташкил қилиш мақсадида қилган саъи ҳаракатларим кескин қаршиликларга учраган эдим. Ана шунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси шоира Матлуба Деҳқон қизи шундай деб нола қилган эди:

Кунлар келар “олтин балиқчам”
Сен бўларсан кўллар париси
Балиқчилар сафин тўлдирар
Фарғонамнинг ой, малак қизи…

Афсус, ҳам минг афсуски, шоира айтганидек, кўллар париси бўла олмадим. Насиб этмади. Аксинча, балиқчиликни ривожлантиришга бўлган иштиёқларим жиноятчилар сафини тўлдиришга хизмат қилди, холос… Ўша куни эшигимдан кириб келган икки эркак – Отабек ва Ҳусан ана шундай аянчли тақдиримга сабаб бўлишган эди…

…Кейин билсам, айнан ўша 6 октябрь куни Отабек билан Ҳусан қўлимга тутқазишган 350 минг сўм ҳам дориланган, прокуратура ўша куниёқ тергов ҳаракатларини бошлаган экан. Аммо мени ҳайрон қолдирган нарса шуки: прокуратуранинг асосий иш функцияси жиноятни олдини олиш ҳисобланса-да, пул берилган 6 октябрь куни мени ҳибсга олмасдан, «жиноят»ни давом эттиришим учун имконият яратиб беришган. Демак, улар 6 октябрда бўлган суҳбатимизни эшитиб турган ва жиноий ишни фабрикация қилиш учун суҳбатларимизда ҳеч қандай факт, далил бўлмаганлиги учун ҳибсга олишолмаган. Аммо эртаси куни Ирландияга кетишимни тўхтатиш учун далиллар етарли бўлмаса-да, ҳибсга олишга мажбур бўлишган.

Балким, Ҳусан ва Тоҳирларга аудиоплёнкага ёзиб олинаётганда қандай гапларни гапириш ва нималар дейиш кераклигини ўргатиш учун ҳам мени ҳибсга олишни яна бир кунга қолдиришгандир эҳтимол… Бироқ энг муҳими бу эмас… “товламачилик”да айблаш мени ҳибсга олишлари учун шунчаки бир баҳона эди, холос…

Аслида мени жамиятдан изоляция қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 18 та моддаси билан айблаганлар. Тарихни титкиласангиз, дунёнинг ҳеч бир бурчагида Жиноят Кодексининг 18 та моддаси билан қораланиб, ҳибсга олинган ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИСИ – МУСТАҚИЛ ЖУРНАЛИСТ – АЁЛ кишига нисбатан Жиноят Кодексининг 13 та моддаси билан айбдор деб суд ҳукми чиқарилмаган бўлса керак…

Азиз ўқувчим! Мен нима учун ҳибсга олиндим, қандай жиноят қилган эдимки, мени шунчалар ваҳима билан қамоққа тиқдилар. Нима айбим бор эдики, қийноқлар оролига асир этдилар…. Бу ҳақда батафсил тўхталиб, воқеалар жараёнини бир бошидан ёзиб бориш ҳақида ўйлагандим…

Лекин тергов ва суд жараёнларидаги ноҳақликлар, Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармаси ертўласидаги қийноқлар, Фарғона шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлигига қарашли 10-сонли тергов изоляторида, 1-сонли тергов изолятори ҳисобланмиш Тоштурмадаги изтироблар, 2 ойлик суд жараёни пайтида сақланганим Қуйи Чирчиқ тумани Ички Ишлар Бўлимининг ертўласида кўрган – кечирганларим, чексиз азобларимнинг ўзи ҳам, ўйлаб қарасам, бутун бир бошли китобга сиғмай кетаркан…

Қамоққа олинишимнинг сабаби ва тафсилотлари хусусида алоҳида бир асар яратишни кўнглимга тукканлигим боис, ҳозирда Ўзбекистон қамохқоналаридаги қийноқларни камайтиришга оз бўлса-да ҳисса қўшармикин деган умидда қўлимга қалам оларканман, аввало “қийноқлар ороли” ҳақидаги ҳақиқатларни биринчи бўлиб ёритишни олдимга мақсад қилиб қўйдим…

Демак, «Қийноқлар ороли асираси» дея аталмиш ушбу китобимнинг номидан келиб чиққан ҳолда, унда Ўзбекистон Республикасидаги ўнлаб қамоқхоналарнинг бири бўлган Тошкент шаҳар Миробод тумани (Индекс № 100005) Фарғона йўли кўчаси 222-уйда жойлашган УЯ 64/7-Жазони ижро этиш муассасаси – Аёллар қамоқхонасида кечган ҳаётимнинг оғир ва аянчли дамлари ҳақида ҳикоя қилинади…

* * *

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.