VOA: «Туғён» радиоси – ўзбек мухолифатининг янги овози
Ўзбек тилида яна бир муқобил ахборот воситаси “Туғён” онлайн радиоси иш бошлади. Бу хориждаги ўзбек мухолифатига қарашли навбатдаги ташаббус. Асосий мақсад – демократия ва сўз эркинлигини тарғиб қилиш, мухолиф қарашдагилар ва ислоҳот тарафдорилари учун мунозара майдони яратиш. Радио мухолифат ўртасидаги ихтилофга барҳам бермоқчи.
Январ ойининг ўрталаридан фаолият бошлаган радио, “Муқобил Ўзбекистон” ташкилоти лойиҳасидир.
Уни мустақил журналист Улуғбек Бакиров олиб боради:
“Туғён” онлайн радиоси Ўзбекистонда демократик жамият барпо этилишига хизмат қилиш, фуқаролик жамияти ривожланишига ҳисса қўшиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинлари таъминланишига кўмаклашиш, жамиятда сўз ва матбуот эркинлиги ўрнатилиши йўлида изланиш, турфа фикрли инсонларга очиқ ва эркин минбар яратиш каби бир қатор соҳаларда туркум эшиттиришлар тайёрларшни мақсад қилган”.
“Туғён” хориждаги ўзбек мухолифатини тамсил этувчи ягона нашр эмас. Интернетда ўзбек ҳукуматига муқобил ва мухолиф қарашда бўлган кўплаб мустақил ахборот манбалари мавжуд. Ўзбек мухолиф жамоатчилигига қарашли бу нашрларнинг айримлари фаолиятда, айримлари фаолиятдан тўхтаган.
“Муқобил Ўзбекистон” ташкилоти фаоли, лойиҳа муаллифи Мўтабар Тожибоевага кўра, радио мухолифатни бир майдонга жамлаш умидида:
“Хоҳ мамлакат ташқарисида, хоҳ ичкарисида бўлсин, диктатура режимига қарши курашган ва курашаётган мухолиф фикрдаги инсонларни жамлайдиган бир майдонга айлантирмоқчимиз. Биз 16 январда ўз фаолиятимизни бошлаган бўлсак, ҳозиргача мухолифанинг кўплаб фаоллари радио орқали ўз фикрларини билдирдилар. Улар билан суҳбатлар уюштирилди. Умид қиламизки, булар ижобий натижа беради”, – дейди М.Тожибоева.
Илк дастур 1992 йилнинг 16 январида Тошкентда кузатилган талабалар қўзғолонига бағишланди. Кейинги сонларида эса мухолифатчилар қатнашди.
“Муқобил Ўзбекистон” 2015 йилда Ўзбекистон президент сайловларида муқобил номзодларни тақдим этиб, “Виртуал сайлов комиссияси” асосида ташкил топган эди.
Виртуал номзодларнинг аксарияти бирор мухолиф партия аъзоси эмас эди. Айни пайтда хориждаги ўзбек жамоатчилиги орасида ўзаро ихтилофлар боис яхлит мухолифат ҳақида гапириш қийин.
“Ҳақиқатдан ҳам мухолифатга тегишли турли нашрлар бор. Ва уларда биз мухолиф партияларнинг ўзаро зиддияти, бир-бирларига қарши тарғиботини кузатамиз. “Муқобил Ўзбекистон” аввал ҳам турли фикр ва позициядаги одамлар учун минбар бўлган эди. Биз шу позицияни давом эттириб, холислик билан турмоқчимиз”, – дейди Мўтабар Тожибоева.
Ўзбекистонда айни пайтда расман тўрт сиёсий партия мавжуд. Ҳаммаси амалдаги сиёсатни қувватлайди. Тузумни танқид қилувчи, ўзгача сиёсат олиб боришни тарғиб қилувчи гуруҳлар, мухолиф доиралар, қувғинда, хорижда фаолият юритишга мажбур.
http://www.amerikaovozi.com/content/uzbek-activist-radio-europe/3173196.html
Fikr bildirish