Қийноқлар ороли асираси. Аёллар қамоқхонаси – Руҳий касалликлар бўлимида!!! ( 10 )
Хайриятки, мен кутган душанба ҳам келди.
Бу – психиатор Бахтиёр Тошхўжаев ишга ташриф буюрди, деган сўз.
Мен дарҳол унинг қабулига кирдим:
– Мумкинми, дўхтир?- дедим эшикни қия очиб, киришга изн сўрарканман, – Ассалому алайкум.
– Ва алайкум,- қоғоз қоралаётган хомсемиз ўрта ёшлардаги шифокор бошини кўтарди-да, бурнининг устига қўндирилган кўзойнаги устидан менга разм солди, – Албатта мумкин. Қани, келинг, ўтиринг бундоқ.
Унинг мулозаматидан бироз дадиллашдим:
– Биласизми, мен руҳий хаста эмасман. психиатрик бўлимда даволанишга ҳам муҳтожлигим йўқ. Шунинг учун мени имкон қадар тезроқ жавоб берсангиз, бу ердан зудлик билан чиқариб юборсангиз,- дедим-да, мени мутлоқ соғлом эканлигимни, психиатрик муолажага мухтожлигим йўқлигини баён қилиб ёзганим аризани унинг олдига қўйдим.
Сўзларимни диққат билан тинглаган Тошхўжаев менга бир оз термулиб турди-да: “Сиз қамалишингиздан олдин руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатда турармидингиз? Руҳий касалликлар шифохонасида даволанганмисиз?” – деб сўради.
– Йўқ, мен қачон психиатр шифокорларига мурожаат ҳам қилмаганман, бундай шифохонада ётмаганман ҳам, – дедим мен қатъият билан.
– Бу бўлимга ётқизилишингиз сабаби менга ҳам номаълум. Англашилмовчилик бўлгандир. Юля Юрьевна билан гаплашай, сизни бугундан қолдирмай чиқарамиз бу ердан. Албатта чиқариб юборамиз, – деди ишонч билан, – Шусиз ҳам бўлимимизда жой етишмайди. Даволанишга муҳтож маҳкумаларимиз эса бисёр. Шундай экан, ҳеч бир сабабсиз бир маҳкуманинг битта кроватни банд қилиб ётиши инсофдан эмас. Сиз бораверинг, кўнглингиз тўқ бўлсин.
Унинг жавобидан кўнглим анча таскин топди. Тушликка қадар уни интиқлик билан кутиб ўтирдим. Келиб, хонасини очиш учун чўнтагидан калит қидираётганида секингина олдига бордим.
– Мени қабул қиласизми? – сўрадим умидвор.
– Ҳозир обед-ку, – деди у “Шуни ҳам билмайсизми?” дегандек норози қараб, – олдин тушлик қилиб олай. Кейин ўзим чақиртираман сизни.
– Ишқилиб бугун чиқиб кетаманми бу ердан?
– Тушликдан кейин гаплашамиз дедим-ку бу ҳақда,- у шундай деди-да, шаҳд билан хонасига кириб кетди.
Тушликдан кейинги суҳбатимиз эса мени ниҳоятда таажжублантирди:
– Хўш, Тожибоева, келинг, қани, ўтирингчи, сизни нималар безовта қилади?
– Меними? Ҳеч нарса безовта қилмайди мени.
– Наҳотки ҳеч нарса безовта қилмаса? Шу замонда-я?
– Ҳа, ҳеч нарса безовта қилмайди;- дедим хотиржамлик билан.
– Наҳотки шунчалик оғир терговлардан, суд жараёнларидан кейин ҳам ҳеч қаерингиз оғримаса? Оғир ўй хаёллар қийнамаётган бўлса? Сизни бундай оғир ҳолатдан чиқиб кетишингиз учун ёрдам қўлини чўзишимиз керак биз.
– Йўқ, ҳеч қаерим оғримайди. Эрталаб сиз билан гаплашганимда айтдим-ку, мени бу ердан чиқариб юборинг, мен мутлақо соғломман, деб. Ана, мендан ташқари ҳам терговда-ю, судларда асаблари қақшаган маҳкумалар истаганча топилади. Менга кўрсатилаётган илтифот нега уларга кўрсатилмайди? Бундай меҳрибончилик нега айнан менга қилинмоқда? Сабаби не? – саволлар ёмғирини ёғдирдим унга.
– Эрталаб сиз билан нималарни гаплашдик, эсимда йўғу, аммо сизга шуни айтишим мумкинки, назаримда асабларингиз ёмонлашиб кетган бўлса керак. Бундан ташқари, ана, қаранг, пешонангизда бироз шиш ҳам пайдо бўлган экан, – деди у руҳиятга ёмон таъсир қилар даражада беўхшов илжайиб.
– Кечириб қўясиз, – дедим кесатиқ оҳангида, – аслида ўзлари даволанишга муҳтож кўринади. Эрталабки суҳбатимиз ёдингиздан кўтарилган бўлса, сиздай паришонхотир одам қандай қилиб айнан асаб касаллигига чалинган беморларни даволаши мумкин?
– Мени тушунмадингиз, – деди шифокор бошимга ишора қилиб, – пешонангизнинг мана бу чап томонидаги шиш ҳам сизнинг асабингиз чатоқлигидан далолат беради. Сиз айнан бизнинг беморсиз. Билдингизми?
– Пешонамдаги сиз ишора қилаётган мана шу шиш сизга мени руҳий касалликлар бўлимига ётқизиб, турли психотроп уколлар қилишга кўрсатма берган ана ўша амалдорлар томонидан уюштирилган автоҳалокатда пайдо бўлган, агар билсангиз, – дедим жаҳлимни босишга уриниб.
– Ҳа-а-а, ана! – деди Тошхўжаев хазина топган тентакдек қувониб, – Ана шу аварияда сиз бошингиздан қаттиқ жароҳат олиб, асаб толаларингиз дарз кетган бўлса керак?!
– Ташвишланманг, гарчи қўлим синиб, қаттиқ жароҳат олган бўлсам-да, автоҳалокатни ўзлари уюштирганликлари учун ҳам “Тожибоева енгил жароҳат олган” дея суд тиббий экспертизиясининг хулосасини тайёрлаб беришган.
– Ҳа, яна, мана, сизнинг ўнг кўзингиз чапдагисига қараганда кичикроқ кўриняпти кўзимга. Бу ҳам асаб касаллигидан белги беради.
– Ахборотингиз учун бу ҳолат бизга ота мерос. Аслида бобомнинг – онамни отасининг бир кўзи иккинчисига қараганда қисиқроқ бўлган. Агар эринмасангиз, ака-укаларимни чақиртиринг-да синчиклаб текшириб кўринг. Уларда ҳам айнан мана шу ҳолатни, бир кўзи иккинчисидан қисиқлигини гувоҳи бўласиз. Биз – ака-ука, опа-сингилар – барчамизнинг бир кўзимизни ҳажми иккинчисиникидан фарқ қилади, – дедим ўзимни босишга уриниб.
Бу ерда, айнан шу шифокор қаршисида жаҳлни жиловлай олмаслик дегани бу – асаб касали деган ташҳисга ўз ихтиёри билан имзо қўйиш демакдир. Шу сабаб ҳам жаҳлимни яширишга тиришардим.
– Мана, мана, – деди шифокор қулочини ёзиб, – мана, сизга?! Асаб касали билан оғримаганман, деяпсиз-у, асабийлашиб кетаяпсиз. Шунинг учун ҳам албатта бизнинг бўлимда даволанишингиз шарт, – деди у “гап тамом” дегандек қатъий оҳангда.
– Қанча вақт ётишим керак психиатрик бўлимда? Билиб турибман, соғлом одамни хастага чиқаришдан ҳам тоймайсиз. Оқ халат кияётган чоғингизда ичган қасамингизни ҳам унутгансиз. Қасам уради, деб қўрқмайсиз ҳам. Азоб чекадиган виждоннинг ўзи йўқ, адашмасам, сизда. Сиз фақат бир нарсани, тепадан: “Соғломми, йўқми, фарқи йўқ, руҳий хаста деб бўлимингга жойланган бу маҳкумани ҳақиқий беморингга айлантир!” – дейилган ғанимларимнинг кўрсатмасини бекаму кўст адо этишни ўйлайсиз, холос…
– Ана, энди ўзингизга келдингиз, – гуё мен “виждон, қасам” ҳақида ҳеч бир кесатиқли гап гапирмадиму, гўёки у ҳеч нарсани эшитмагандек ўта бамайлихотирлик билан, – Бўларкан-ку. Яхши, яхши…
Ҳозирча бир ой шу ерда даволанасиз. Ундан кейин раҳбарият нима деса, шу бўлади. Агар улар исташса, бўлимимизда уч ойгача қолиб кетишингиз ҳам мумкин.
– Лекин ҳозирданоқ айтиб қўяй, мен ҳеч қандай муолажа олмайман. Укол ҳам, дори-дармон ҳам қабул қилмайман. Мени мажбурлаб даволашга ҳаракат қилмасликка сўз беришингизни талаб қиламан, – дедим шартта.
– Тожибоева, ўзингиз айтиб ўтирибсиз, душманларим кўп, деб. Нима, отрядга чиқсангиз, ўйнаб юрасизми? Бундан ҳам баттар вазиятга дуч келасиз. Ундан кўра мана шу ерда истаганингизча дам олиб, хоҳлаганингизча китоб ўқиб ётмайсизми? Ҳали отрядга ҳам чиқарсиз, у ердаги томошаларни ҳам кўрарсиз, безиб ҳам кетарсиз, шошилманг, – деди шифокор ҳам муддаога ўтиб.
– Талабимни жавобсиз қолдирдингиз. Қайтараман, мен ҳеч қанақанги муолажа қабул қилмайман бу ерда, ётишим мумкин холос, – дедим қайта таъкидлаб.
– Оласиз. Қайсарлик қилманг,- деди у босиқлик билан, – Мана, асабларингизни тинчлантирувчи иккита укол ва иккита таблетка ёздим, холос. Булар нафақат асабларингизни тинчлантиради, балки уни мустаҳкамлайди ҳам.
– Барибир олмайман ёзган муолажаларингизни,- дедим яна такрорлаб.
– Олмасангиз, назоратчилар ёрдамида мажбурлаб укол қиламиз, ўз аҳволингизни ўзингиз оғирлаштирмасликни маслаҳат берардим. Агар айтилган дори-дармонларни вақтида олиб турсангиз, олам гулистон. Бир ой кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Такрорлайман, хавотирланишингизга ҳожат йўқ, сизга ёзган муолажаларим фақат қувватлантирувчи дори-дармонлар, тушунарлими?
– Асабларимни даволовчими ёки қувватлантирувчими? Қайси бири?- илмоқли савол ташладим.
– Қувватлантирувчи витаминлар ҳам асабларни тинчлантиришга кўмак беради, билмайсизми шуни хам? – кесатиқ билан жавоб қилди шифокор.
– Қандай дорилар ёздингиз, номини билсам бўладими?
– Айтдим-ку витаминлар деб,- бетоқат бўлди у. Энди шифокорнинг ўзи асабийлашаётганлигини сездириб кўяётган эди…
* * *
Ҳафсалам пир бўлиб палатага қайтарканман, Таняни излаб топдим:
– Таня опа, мен сиздан бир нарсада ёрдам сўрамоқчи эдим. Ёрдамингизга жудаям муҳтожман, – дедим унга умидвор термулиб
– Нима гап, тинчликми?
– Йўқ, тинчлик эмас. Бугун эрталаб Бахтиёр акани олдига кириб, мени отрядга чиқариб юборишини сўрагандим. Эрталаб “Мен ҳам сизни бу ерга ётқизилишингиздан таажжубдаман. Ҳақиқий хасталарга жой етишмаётган бир пайтда, психиатрик ёрдамга муҳтож бўлмасангиз, олдин руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатда турмаган бўлсангиз сизни бу ерда ушлаб туришнинг нима кераги бор, сизни бу ерда битта кроватни банд қилиб ушлаб ўтирмайман”,- деган одам тушликдан кейин бирдан фикридан қайтиб, айниб қолибди. “Сиз билан эрталаб бу ҳақда гаплашганимни ҳеч эслолмайман” деб қолди.
Унинг айтишича, шу ерда бир ой даволанишга, белгиланган укол-дориларни олишга мажбур эканман. Бир ойдан кейин ҳам бу ердан чиқаманми, йўқми, раҳбарлар ҳал қилишармиш, – дедим ҳасрат қилиб.
– Йўғ-е? Эрталаб менга ҳам “Жой етишмаётган бир пайтда нега соғлом одамни бу ерга ётқизишади-а? Руҳий касалликлар бўлимида даволаниши керак бўлган маҳкумалар сон мингта бўлса!” – деб роса жавраганди дўхтир. Ҳа, эрталаб у: “Бу ҳам камлик қилгандек дам олиш кунлари ётқизишганига куясанми? Сал кам уч кун касалхонани ҳисобида бўлмаган бу маҳкумага ошхонадан бирор бир егулик ҳам берилмаган! Яхшиямки запас озиқ-овқати бор экан, ҳеч вақоси бўлмаганида нима бўларди? Очидан ўлдирмоқчими булар?!” – деганди жаҳл билан, – деди сўзларини биров эшитиб қолишидан ҳадиксираган Таня атрофга олазарак бўлиб.
– Кўрмайсизми, энди эса бир ой ётасиз шу ерда, деяпти. Устига устак яна қанақадир дорилар, уколлар ёздими-ей… “Олишга мажбурсиз. Бош тортсангиз, назоратчилар ёрдамида муолажа қилишга тўғри келади” – дейди.
– Қизиқ-ку. Хўш, мендан нима истайсан? Бахтиёр ака билан гаплашиб берайми? – деди у сирли қараш қилиб.
– Йўқ. Ҳолат сиз гаплашиб, кўмак берадиган даражада эмас.
– Унда нима қил дейсан?
– Сиз Бахтиёр аканинг дневолнойисиз, тўғрими? – дедим дневолной сўзига урғу бериб.
– Ҳа, шундай.
– Уни хонасини тозалашга ва ҳужжат ишларига ёрдам беришга ҳуқуқингиз ҳам бор-а? Беморларнинг касаллик тарихини Бахтиёр ака сиздан сир сақламаса керак?- сўрадим шивирлаб.
– Ҳа, тўғри.
– Унда сиздан илтимос, касаллик тарихимни кўздан кечириб, менга қанақа таҳшис кўйилганлигини ва қанақа дорилар, укол дориларга ёзганлигини аниқлаб берсангиз, илтимос, – Таняга ялинчоқ нигоҳларимни қадаб.
– Эвазига нима бўлади?- деди у айёрона қараш қиларкан Таня.
– Агар шуни билиб берсангиз, икки пачка плиточный шоколадим бор. Шуларни сизга бераман,- дедим шошилиб.
– Бўлмайди,- деди у бепарво қўл силтаб, – Агарда ёнига яна 4 пачка PINE ҳам қўшсанг, касаллик тарихингни қўлингга ҳам беришим мумкин. Ўзинг ўқиб, бемалол танишиб чиқасан шунда, – “маъқулми?” дегандек қош қоқди Танья.
“Келишдик” ишорасини қилдим кўзларимни оҳиста юмиб очарканман.
– Унда бундай қиламиз, – Таня шошилинч тузган режаси билан таништиришга киришди, – Бахтиёр ака ташқарига чиқиб кетганида, хонасини тозалашга кираман. Шунда “сув олиб келиб бер”, деб сени чақираман. Сен эса челакни кўтариб тезда хонага кирасан. Қалай? – деди у ўзининг “билағонлиги”дан терисига сиғмай севиниб.
– Зўр! – дедим мен ҳам унинг ақлига қойил қолган кишидек. Аслида ҳақиқатдан ҳам ниҳоятда хурсанд эдим.
– Унда атаганларингни ҳозироқ келтириб бер, -деди Таня, – Кўнглим хотиржам бўлиши учун.
– Майли, юринг,- деганча Таньяни палатага бошладим.
– Ҳа, айтмоқчи, шу нарсаларнинг ёнига 4 та маркали конверт ҳам қўшиб берасан, – деди Таня ғолибона оҳангда. Орқасидан қўшиб қўйди, – Уйимдагиларга хат ёзишга конвертим ҳам, маркам ҳам қолмаганди.
– Майли, албатта бераман. Фақат сиз ҳам сўзингизда туриб, ваъдангизни бажарсангиз бўлгани, – дедим, – Дарвоқе, уколларни қилишга ҳамшира қачон келади?
– Албатта бажараман-да ваъда берганимдан кейин, – норози тўнғиллади у, – Нима, гумонинг борми? Ҳамшира уч соатлардан кейин келади. Қўрқма, унгача улгурамиз.
* * *
– Мўътабар, ужас! – ваҳимали хитоб қилди Таня.
– Нима гап, тинчликми, Таня опа? –сўрадим хавотирланиб.
– Докторнинг хонасида барча беморларни касаллик тарихи турибди, фақат сеники йўқ, – деди ҳайратдан кўзлари катта-катта очилган Таня, – Бахтиёр акага психиатрик бўлимдаги беморларни касаллик тарихлари ичида битта камлик қилаётганлигини, сенинг касаллик варақанг бошқаларники орасида йўқлигини, у “Тожибоевани касаллик тарихи очиқликда турмайди, сейфда сақланади” деди. Ҳамшира нимага қараб укол қилади десам, ҳамширага ўзим айтаман деб жавоб берди. Менга шубҳали туюляпти бу ишлар.
– Ҳа-а-а, шунақа денг, кўнглим ниманидир сезгандек бўлувди, – дедим ўйчан, – Энди қандай билсак бўларкин: менга қанақа таҳшис қўйишган? Қанақа муолажалар ёзишган?
– Хавотирланма, бир амаллаймиз. Сенинг ҳужжатларинг сир сақланиши кераклигини ҳали ҳамширалар билишмайди-ку? Бугунги келадиган ҳамширадан аниқлаб оламиз.
– Унга ҳам “тилингни тий” деб тайинлашгандир, – дедим умидсизланиб.
– Умидсизланма, бугун иш тугаб, ҳамма шифокорлар уйларига кетганидан кейин келади Зилола. Бирор бир муҳим гап айтишга имкони ҳам бўлмайди Бахтиёр аканинг унга. Чунки кўрмайди. Ҳарқалай, секрет бўлса, уни ёзиб кетмаса керак? – далда берди Таня.
– У ҳолда касаллик варақамни қўлга киритишни шу бугундан кечиктирмаслигимиз керак. Тезроқ ҳаракат қилишимиз керак,- дедим жонланиб.
Fikr bildirish