Қийноқлар ороли асираси. Рустам! ( 14 )

5176

Эртаси куни навбатчи постовийлар камераниг темир эшигини очиб, мени бошлиқнинг хонасига олиб боришларини айтишди. Бироқ негадир мени бошлиқни эмас, ўринбосари Боқибоевнинг хонасига олиб киришди. Курси соҳиби постовойга “чиқиб кетавер” ишорасини қилгач, менга ўгирилиб сохта табассум қилди. «Опа, сиз билан учраштиришимни сўраб бир акахонимиз келганди. Бироқ қўришишларингизга рухсат беролмайман. Сабаби, сиз тепанинг назоратидасиз. Билиб қолишса, каллам кетади.

Лекин акахонимиз ҳам ўта ҳурматга сазовор инсонлар, улар жуда ҳам муҳим гапим бор деб, ҳоли жонимга қўймаяптилар. Шунинг учун акахон билан бир нарсага келишдик. Ҳозир улар менинг қўл телефонимга қўнгироқ қилишади. Сиз уни олиб эшитасиз, умуман овоз чиқрмайсиз, фақат у гапиради, келишдикми? Кейин бу ерда бўлиб ўтган суҳбатни бутунлай унутасиз, ҳеч қаерда, ҳеч кимга гапирмайсиз. Айниқса ёнингиздаги шерикларингизга”, – деди сирли қилиб.

Қизиқ! Мен билан учрашиш истагидаги одам ким бўлдийкин? Қанақа гапи бўлиши мумкин менга? Шу телефон орқали гаплашишга рухсат олиш учун ҳам балки отнинг калласидек тавон тўлагандир? Унинг кимлигини билиш мен учун ҳақиқатан ҳам қизиқ эди… Шу пайт телефоннинг жарангдор овози хаёлларимни тумандай тарқатиб юборди. Гугурт қутисидек телефонини қулоғига тутган бошлиқ ўринбосари ҳиёл эгилиб, чап қўлини кўксига қўйганча гапира кетди:

– Ҳа акахон, олиб чиқишди. Айтдим-ку сизга, беш минутда шу ерда бўладилар деб. Фақат илтимос, исмларини тилга олманг, майлими? Опанинг ўзларига ҳам тушинтириб қўйдим. Мана, ҳозир, уларга бераяпман, гапиринг, – деганча у “гугурт қутиси”ни менга узатди.

– Опажон, яхшимисиз? Бу мен – Авазбекман. Эсладингизми? «БЕК», – деган таниш овоз эшитилди қулоғимга, – Овозимдан танигандирсиз? Кечаги куни радиода сизга қилинган ҳужум ҳақида эшитиб қолдим. Опажон, ҳали бу ҳолваси, зонага борганингизда аҳвол бундан-да баттар бўлиши аниқ. Ёнингиздагилар ҳам ўша ердан олиб келинган бўлиши керак, асли. Оғзингизга эҳтиёт бўлинг, панд бериб қўйишлари мумкин. Мен сиз билан учраштиришларини сўрагандим, кўнишмади. Демак, махсус назоратдасиз. Ҳаракатларига қараганда, сизни зонага юборишади, чамаси. Худди ана шунинг ташвишида сиз билан кўришмоқчийдим.

Унутманг, қамоқда ҳақорат ва камситишлар кўп бўлади. Жойинг пойгада эканлигини кўрсатиб қўйишга интилишади. Қамоқхонада ўз сўзинг ва ўз ўрнингга эга бўлиш учун ўз кучингни кўрсатишга, яшаш учун курашишга мажбур бўлади одам. Бунинг учун эса поддержка бўлиши шарт. Йўқса, титиб ташлашади. Эсингизда бўлсин,   қамоқхонада Рустам бор. Рус-там, – хотирамда қолиши учун исмни қайта такрорлади Авазбек, – Ўзи аёл киши-ю, лекин паспортидаги исми Рустам. Ана шу Рустамнинг битта укаси Бахтиш зонада мен билан бирга ўтирган. Братанимиз. Зонага борган заҳоти   Рустамни топинг. Унга «Уканг Бахтишдан салом» деб айтинг. Ўзим ҳам эртагаёқ эркаклар зонасига прогон бериб юбораман. Бахтиш ҳам бир иложини қилиб Рустамга хабар етказади.

Опажон, жуда ҳам эҳтиёт бўлинг ўзингизга. Биз албатта, яна учрашамиз. Ишонинг. Доим дуода бўламан, шуни унутманг. Хайр, опажон, – Бек гарчи сездирмасликка уринган бўлса-да, учрашувга рухсат ололмаганлиги учун тажанг бўлаётганлиги овозидан шундоққина сезилиб турарди. Бекнинг хайр-ҳушини эшитгач, телефонни эгасига қайтардим.

Боқибоев “гугурт қути”сининг ичига кириб кетгудек бўлиб яна ялтоқлана бошлади: “Бир кун албатта кўришамиз, дўппидекгина чойхона паловхонтўрани ҳам заказ қиламиз. Сиз учрашув жойини айтсангиз бўлди, акажон, елдек учаман, бир зумда етаман. Ээ, бор бўлинг, омон бўлинг, ака, хўп, хўп,хўп…”

Аваз – бу вилоятдаги таниқли тадбиркорлардан бири. Бир пайтлар уни буюртма асосида ҳибсга олишган. Тўрт маротаба қамалиб чиққан. Шунинг учун бўлса керак, зоналарга гапи ўтадиган “ПОЛОЖЕНЕЦ”га айланган. Охирги марта 5 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Кўп ўтмай суднинг ҳукмига асосан деган баҳона билан машинасини мусодара қилиш учун ижрочилар уйига эшик қоқиб келишган. Ана шундай оғир кунларида ҳимоячига муҳтожлик сезган хотини Роҳилахон мендан кўмак сўраганди. Уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга киришдим. Натижаси чакки бўлмади. Ниҳоят суд ижрочиларига чиқарилган қарорни бекор қилишга эришдик. Шу-шу Авазнинг оиласи билан борди-келдимиз бошланиб кетганди…

Камерага кирганимда Марина ухлаб ётарди. Зуля эса кеча опам киритган газетадаги Кроссворднинг русча вариантини тўлдириш билан банд. Кечки овқатланиш пайтидагина шерикларимдан Рустам ҳақида сўрашга фурсат топдим. Улар Рустам ҳамон қамоқхонада эканлигини айтишди-ю, уни қаердан танишим ҳақида сўроқ-саволларга кўмиб ташлашди. “Танийман-да”дея секингина жавоб қиларканман, гапни ўзанини дарров бошқа тамонга бурдим.

Бироқ бўлмади. Барибир Рустамни қаердан танишимни сўраб, ҳол-жонимга қўйишмасди. Ҳатто Рустам билан фамилиядош эканлигимни ҳам улардан эшитдим. Шерикларим мендан сир олиш мақсадида унинг қамоқхонадаги ҳаёти ҳақида бири олиб бири қўйиб ҳикоя қилар, мен мум тишлаб ўтирардим. Жимгина тингларканман, ўзим учун керакли маълумотни аллақачон олиб бўлгандим: демак, Рустам зонада ўз обрўсига эга. Қамоқ муддати ҳали бери тугамайди. Бир неча маротаба судланганлиги сабабли бирор-бир имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи йўқ.

Марина ва Зулфиялар ўзларига топширилган вазифаларни бажариб бўлишди чамаси, уларни аёллар қамоқхонасига қайтариб олиб кетишди. Уларнинг ўрнига камерага келтирилган маҳкумалар орасида ҳам қамоқхонанинг тузини татиб кўрганлари бор экан. Рустам ҳақида янада кўпроқ маълумот олишга имконият туғилди. Қамоқхонага жўнатилаётган маҳкумалар орқали Рустамга салом ҳам йўлладим. Шу сабаб Рустам билан олдиндан таниш эканлигимизга ишонган Гуллола тергов изоляторидан камокхонага ўтгач, менинг номимни айтиб Рустам билан анчагина дўстлашиб олган экан…

       * * *

… 12-июль – чоршанба куни ошхонадан тушлик олиб қайтган   Гончар билан Гуллола ёнимга келишга ошиқишди. Уларнинг хабар беришича, мени қамоққа олиб келишган куниёқ дубачкалардан суриштириб билган экан Рустам. Шундан буён у олдимга кириш ҳаракатида юрганмиш. Ниҳоят бугун менинг олдимга кириш учун имкон топганмиш. Сездирмайгина қўлимга клёнкага ўралган ва кейин ип билан чирмаштириб ташланган қандайдир қоғоз тутган Гуллола “Ҳоли жойда гаплашиб олайлик” дегандек ташқарига имо қилди. Мен бу қоғоздаги ёзувларни хавотирсиз ўқиб олиш учун ҳожатхонага шошилдим. Бу қоғозда Рустам бугун албатта мен билан учрашишга келишини айтибди. У психиатрик бўлимга кирганида маҳкумалар олдида бир-биримизни азалдан танийдиган қадрдонлардек қучоқ очиб кўришишимиз шартлигини тайинлабди. Унинг ёзишича, навбатчи Таня Штабга ишлайдиган қулоқ эмиш. Рустам ундан хушёр бўлишим кераклигини огоҳлантирибди.

Рустамнинг хатини ўқирканман, бошқа маҳкумалар ҳам менга Танядан эҳтиёт бўлишни уқтирганлари эсимга тушди… Мактубга кўз югуртириб бўлгач, Гуллоланинг имосига кўра ташқарига чиқдим. У атрофга хавотирли аланг-жаланг қилди. Шубҳали нарса сезмади шекилли, қулоғимга яқин келиб шивирлай кетди: «Биласизми Мўътабар опа, бугун овқат олишга чиққанимизда Гончардан сиз ҳақингизда сўраб суриштиришди. Нима қиляпсиз, ким билан гаплашяпсиз, ўзингизни қандай тутяпсиз – ана шуларга қизиқишди. Суриштирганларнинг кимлигини билмадим. ДПНКдан чиққан биттаси қўлидаги калитини айлантириб ўйнаганча роса сўроқ-савол қилди Таняни. Бечора мани олдимда сиз ҳақингизда маълумот бераётгани учун роса ҳижолат чекди. Эҳтиёт бўлинг, сизга қарши ниманидир режалаштирмоқдалар чоғи. Гончар чап қўлингиз шишиб, оғриқнинг зўридан ухлолмай чиқаётганингизни айтганида, у – “Йўғе?” – дея роса роҳатланиб кулди”, – деди Гуллола.

Палатаги қайтганимизда бутун руҳий касалликлар бўлимига Рустам келармиш деган хабар тарқалиб бўлганди. Маҳкумалар Рустамнинг менинг қариндошимми-йўқмилигини аниқлайдиган вақт яқинлашгани учун қизиқиб кутардилар Рустамни бу ерга киришини. Кутилмаганда шарақлаб темир эшик очилди. Уч-тўртта маҳкума: “Нима гап экан?” – деб каридорга югуришди. Уларнинг орасида Гуллола ҳам бор эди. “Мўътабар опа келинг, Рустам ака кирдилар сизни кўришга!” – ҳаяжондан қичқирди у. Ўрнимдан туриб, у томонга қараб юрдим. Бир маҳал эшикда қиёфаси эркакларни эслатувчи маҳкума кўринди. У тез-тез юриб келди-да мени бағрига босди:

– Ҳолажон, узр, сизни кутиб ололмадим. Қачон келишингизни билмай қолдим. Сиз келган куни аввал негадир тревога эълон қилишиб, кейин ётқизишган экан сизни бу ерга. Яхшимисиз? Мана, кўринишингиз ёмон эмас, Орадан қанча йиллар ўтиб кетган бўлсаям, сиз ўша-ўша ўзим билган Мўътабар опамсиз,- ҳатто унинг овози ҳам эркакларникидек йўғон эди.

– Ўзингиз яхшимисиз, Рустам? Уйдагилардан хат-хабар келиб турибдими?- Унинг хатти-ҳаракатлари бироз довдиратиб қўйганди мени. Аммо мен ўзимни ўнглашга уринардим. Ўртамизда “қадрдонлардек кўришиш” ҳақидаги келишув бор, ахир.

– Холажон, биласиз-ку, ўша ўзингиз билган оила-да бизники. Ҳаммаси ҳар хил зоналарни гуллатиб юришибди, – елкамга қоқиб беўхшов кулди у.

– Рустам, юринг, тезда чиқиб кетишимиз керак. Агар бирортаси билиб қолса, уйим куяди, юра қолинг, кетдик, – деди Рустамни етаклаб келган Ирода исмли дубачка (ҳарбий назоратчилар қўлларида дубинка билан юришлари сабабли “дубачка” дейдилар маҳкумалар) жонсарак бўлиб.

– Ҳозир, Ирода бир минут тўхтанг, – ҳамроҳининг сўзини бўлган Рустам ўзи билан кўришиш учун атрофимизни қуршаб олган, суҳбатимдаги ҳар бир сўзни эшитмай қолишдан хавотирлангандек қулоғини динг қилиб суҳбатимизни тинглаётган, аммо гапимизни бўлишга ҳадди сиғмаётган   маҳкумалар билан ҳам тез-тез саломлашаркан: “Бу киши мени холажоним бўладилар. Агар кимда ким уларни хафа килса, билиб қўйинг, бу мени ранжитгани билан тенг. Унутманглар-а шуни”, – деди уларга қарата. Кейин мен томон ўгриларкан:

– Сиз тезда бу ердан чиқишнинг ҳаракатини қилинг. Бу ер сизга тўғри келмайди. Агар бирортаси хафа қилса, дарҳол менга маълум қилинг. Ўзим ҳам   Гуллола билан Гончардан сиз ҳақингизда ҳар куни суриштириб тураман. Яна гаплашамиз. Имкон топишим билан хабар олиб тураман – Рустам шундай деди-да, Ироданинг олдига тушиб, шошилганча чиқиб кетди. У кетгач, «Кечаги гаплар хазил эди-а? Сизга раҳмим келганидан гапиргандим у гапларни, кўнглингизга олиб юрманг тағин» – дея елкамга қоқди биринчилардан бўлиб олдимга келган Лола.

Рустам билан бўлган учрашувдан кейин вазият бир оз бўлса-да юмшагандек бўлди. Маҳкумалар мен билан қўпол муносабатда бўлишни тўхтатишди. Ҳатто айримлари “онажон-онажон” деб айтадиган ҳам бўлишди.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.